Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


23.07.2025 | 09:35

img282

БОЛАЛАР КОНТЕНТИНИ ЯРАТИШ – ДАВР ТАЛАБИ

Ёш ижодкор Қобилжон ШЕРМАТОВ билан суҳбат

– Қобилжон, аввало, “Мард ўғлон” давлат мукофоти муборак бўлсин! Тақдирлаш маросимида Президентимиз “Ёш авлодни турли зарарли асраш, уларга ахборот маконида фойдали, мазмунли маълумотларни етказиш ва тарғиб қилиш доим эътиборимиз марказида бўлиши зарур”, деган фикрни таъкидлаб ўтди. Шу мақсадда Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилингани қайд этилди. Миллий контент яратишда эса болалар адабиёти вакилларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, болаларга ёзиш учун ижодкорда қандай сифатлар бўлиши керак? Ёки истеъдоднинг ўзи етарлими?

– Истеъдод ва хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Ҳамма гап кўнгилни қаритмасдан сақлаб қолишда. Баъзилар 20–30 ёшга киради-да, қалбига эътибор бермасдан, болалар учун ижод қилишни истайди. Аммо унда кеч бўлади. Болаларга ёзиш учун қаламкашнинг ўзи ҳам болага айланмаса кўнгилдагидек асар кутишнинг фойдаси йўқ. Кичкинтойларнинг кўзига қараб дилидагини англаб олиш керак. Бунинг учун болаликдан узоқлашиб кетмаслик лозим. Акс ҳолда ёзавергандан бир иш чиқмайди.

Болалар учун китоб ёзаётганда ичингизга 7 ёшли қувгина болани қамаб, унга 70 ёшли мўйсафидни соқчи қилиб қўйинг. Бусиз ижод маҳсули болани қизиқтирмайди, тарбияламайди, ёши катталар тан олмайди, давр қабул қилмайди. Шунақа нозик жараён бу: ҳам болалар эътиборини тортиш, ҳам катталарга тенг ёқиш керак.

Устозларимиз таъкидлаганидек, кузатувчи ва яхши тингловчи бўлиш ҳам асосий шартлардан бири.

Масалан, ҳар бир янги шеър ё эртагимни маҳалладаги ёш болаларни чақириб ўқиб бераман-да, кўзига қараб тураман. Агар ёзганим уларга ёқмаса, ўйланмасдан воз кечаман ўша қораламадан. Маъқул бўлса, янаям бойитишга ҳаракат қиламан.

Болалар ижодкорининг қозиси болаларнинг ўзи.

– Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев, Абдураҳмон Акбар каби устозларимиз ўтиб кетишди. Уларнинг йўлини ўрта авлод вакиллари баҳоли қудрат давом эттирмоқда. Лекин умид, доимгидек, ёшлардан. Сиз янги китобларни ўқиб борасизми? Қайси муаллифларни тавсия қиласиз?

– Албатта, ўқиб бораман. Замондошлар ижодини кузатмаслик бизни худбинлик, маҳдудлик ва манманликка олиб келади.

Сўнгги йилларда Чарос Раҳимқулованинг “Мен иккига киргунча” қиссаси ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Динара Мўминованинг китоблари жозибаси билан ажралиб туради. “Галактикада бир кун” қиссаси билан ёш ўқувчилар орасида шуҳрат қозонган Саъдулло Қуроновни асарнинг иккинчи қисмини ёзмагунча мухлислари ҳол-жонига қўйишмади. Бу мисоллар болалар адабиёти намуналарига халқимиз нечоғли чанқоқ эканини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда болалар ва ўсмирлар нашрларининг ўрнини ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки мурғак қалбга китобдан олдин етиб борадиган, уни мутолаанинг сеҳрли оламига олиб кирадиган восита айнан газета-журналлардир. Бу йил “Гулхан” журнали таҳририятига “Олтин қалам” халқаро танловининг Бош соврини топширилиши ҳам бежиз эмас. Бу ҳам болалар адабиётини қўллаб-қувватлаш йўлидаги тизимли ислоҳотларнинг ёрқин намунаси.

– Замонавий дунё болалар адабиётида қандай тенденциялар кетмоқда? Бугун Буратино, Гарри Поттерлар даври ўтди дейишяпти…

– Қайси бир мутараққий давлатга эътибор қаратсангиз, болалар адабиёти кучли бўлади. Чунки ихтирочилик, кашфиётчилик болаликдан шаклланиб боради. Боланинг хаёлларига эса адабиёт куч-қувват беради. Масалан, Хитойда фантастик адабиёт жуда кучли даражада. Туркияда эса болалар учун шунақанги кўп китоблар чиқадики, ўқиб улгурмайсиз.

Бугунги ўқувчини Буратино ёки Чипполино билан ҳайратлантира олмайсиз. Замонавий авлодга замонавий қаҳрамонлар керак.

Бизнинг болалар адабиёти ёпиқ қозон ичида қайнаётганга ўхшайди. Қандайдир чегаралар белгилаб олинган. Тамом. Ўшандан бош чиқариб, оламга боқиш кам кузатилади.

Мисол учун, эртакларимиздаги деярли 90 фоиз воқеалар чўлларда, далаларда, тоғларда кечади. Нега? Чунки кўрганимизни тасвирлашга ўрганиб қолганмиз. Бирон машҳур ўзбек бадиий қаҳрамони денгизда, оролда, ғорда қолиб кетганини ўқиганмисиз? Бу фақат бизда эмас. Шарл Перро эртакларида ўрмон, Жюл Верн романларида денгиз асосий объект. Чунки уларнинг атрофини ўша муҳит эгаллаб турибди. Қачондир бу қобиқдан чиқиш керак-ку!

Нега ўзбек боласи қўлидаги китоб орқали осмонларга чиқиб, уммонлар тубига тушиб саргузаштларни бошидан кечирмаслиги керак? Одамнинг хаёлига келмайдиган нарсалар ёза олсаккина болалар ёзувчиси деган номга лойиқ бўламиз.

– Жаҳон адабиётига тўхталдингиз. Бугун таржима учун танланаётган асарлар мазмунидан кўнглингиз тўладими?

– Ростини айтиш керак, яхши асарлар она тилимизга ўгирилмоқда. Бу борада хусусий нашриётларнинг жонбозлиги ҳам таҳсинга сазовор. Аммо сўз эркинлигини, ноширлик соҳасига берилаётган имкониятларни суиистеъмол қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Улар тақдим этаётган айрим асарлар бола онгини заҳарлайди, миллий менталитетимизга тўғри келмайди. Ҳеч бир китобнинг муқовасига “Бу зарарли!” деб ёзиб қўйилмайди. Улар ҳам чиройли ва рангли бўлиб чиқади, бир ўқиганда қизиқарлидай кўринади. Аммо коса тагидаги нимкоса боланинг онгостига зимдан таъсир ўтказади.

Катта одам бундай асарларни ўқимай қўя қолиши мумкин. Лекин боланинг иммунитети шаклланмаган бўлади ҳали. У бечора нима қилади? Биз нима қилишимиз керак? Биз савияли асарлар билан китоб бозорига кириб боришимиз керак. Ўрганишга, ёзишга, керак бўлса, асаримизни тарғиб қилишга эринмаслигимиз керак.

Мана шу нуқтада миллий контент яратиш масаласининг нақадар долзарб эканлигини англаймиз. Даврнинг ўзи талаб қилмоқда буни.

– Яқинда “Улуғбек “попкорн” сайёрасида” номли янги китобингиз чоп этилди. “Ёш китобхон” танловида бир шарт бор: ўқувчи асарнинг бугунги аҳамиятини айтиб бериши керак. Буни яхши биласиз. Чунки “Толқон Ботир” асарингиз ўша рўйхатга киритилган. Шу маънода, ёзувчи сифатида айтинг-чи, янги китобингиз ўқувчига нима беради?

– Бу саволга муаллифнинг ўзи жавоб бериши қийин. Аммо тарғибот маъносида икки оғиз тўхталмоқчиман.

Китоб қаҳрамони улуғ аждодимиз Мирзо Улуғбек бўлиб, қиссада ул зотнинг болалик даврига ижодий ёндашилган. Айтиш керакки, Улуғбек болалигида ҳам Улуғбек бўлган, яъни закийлиги, илмсеварлиги билан ажралиб турган.

Қиссани ўқиган болалар, аввало, аждодимиз билан яқиндан танишади, саргузаштлар давомида топқирлик, ҳалоллик, шижоат ва бағрикенгликни ўрганади.

Ҳозир болалар насиҳатни қабул қилмайди, энсаси қотади. Шунинг учун уларга гўзал хулқ асосларини фантазия кучи билан, қизиқарли сюжетлар фонида сингдириб бориш керак. Токи боланинг ўзи насиҳат эшитаётганини сезмай қолсин. Сўзнинг, санъатнинг кучи ҳам шунда аслида.

– Эртакдай қисқа ва мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Шаҳриёр ШАВКАТ суҳбатлашди.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855