Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


10.12.2025 | 16:32

img142

АДАБИЁТ ЯШАСИН! ЯШАСИН АДАБИЁТ!

Миллат маънавияти ва интеллектуал салоҳияти учун масъулият қалам аҳли – шоир ва ёзувчилар зиммасига ҳам тушади. Аммо бугунги глобаллашув, рақамлашув, ижтимоий тармоқлар ҳукмронлик қилаётган шароитда фақатгина адабиёт вакилларининг ҳаракати билан маънавиятни кўтариб бўладими? Келинг, бу саволга жавоб излаб, реал воқеликни кузатайлик.

ИНТEРНEТ ОММАСИГА ЭРГАШАЁТГАН ҚАЛАМЛАР

Очиғи, ижтимоий тармоқларда тарқаладиган кўпгина контентлар урф-одатларимиз, қадрият­ларимизга ёт. Катталар ҳам, болалар ҳам бу майдонда бир хил даражада “озиқланаётган”ини кўрамиз. Муаммо ижтимоий тармоқда эмас, балки унинг имкониятидан қандай фойдаланишда… Таассуфки, ижодкорларнинг кўпчилиги “популяр” мавзулар орқали ўқувчи тўплашга ҳаракат қилмоқда. Аксарият қаламкашлар учун ижтимоий тармоқлар “кунлик газета” вазифасини ўтаётгани ҳам бор гап. Кўпчилик оммага танилиш, шуҳратга эришиш учун интернет оммасига эргашмоқда. Бу маънавий инқирознинг асосий сабаби нимада? Нега кутубхоналар, китоб дўконлари, театр ва кино залларига бормай қўйдик?

Биз технологиялар асрида яшаяпмиз. Бугунги кунда онлайн китобхонлар сони тобора ошиб бораётганини инкор қилиб бўлмайди. Ҳар қандай жамиятда адабиётга муҳтож қатлам бор ва у ҳозирги кунда интернетда фаол. Халқаро фестиваллар, шеърият кечаларида иштирок этар эканман, шунга гувоҳ бўлдим: ҳозир кўпчилик китобхонлар адабиётни айнан онлайн ўқийди. Демак, ёшларга интернетда ҳам яхши китобларни танлашда, топишда йўл-йўриқ кўрсатишимиз шарт. Ахир, интернет бугун ахборот майдони экани билан бирга, тарбия воситасига ҳам айланиб улгургани рост-ку.

Ҳозир сунъий интеллект ҳаётимизга жадал кириб келди. Бу жараён шунчалик тезки, у техник соҳалар баробарида адабиёт, психология, таълим, журналистикагача таъсир кўрсатмоқда. Кўп инсонлар сунъий интеллектга дардини айтяпти, шеър ёзиб беришни сўраяпти, у билан фикрлашяпти.

Демак, инсон сўзга муҳтож. Бу эҳтиёж адабиётга интилиш янгича шаклда намоён бўлаётганини кўрсатади. Шуниси аниқки, сунъий интеллект инсон фикри, туйғуси, севинч ва аламларини ифода этадиган ҳақиқий бадиий асар ярата олмайди. Унинг ёзгани техник жиҳатдан бехато бўлиши мумкин, аммо унда жонли ҳис-туйғулар бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бугунги ёзувчи ва шоирлар ана шундай ясама ёзувлардан юксак, қалбга етадиган ҳақиқий асарлар яратиши керак.

Кечагина қоғоз китоблар ўрнини электрон китоблар эгаллаётганидан хавотирланар эдик. Бугун эса сунъий интеллект исталган пайтда “ёзувчи” ясаб бераётган даврда яшаяпмиз. Шундай бир пайтда биз адабиётни, ҳақиқий бадиий сўзни, тарбия кучини йўқотмаслигимиз зарур. Буни интернетдан қўрққандек қўрқмасдан, аксинча, унда яхши асарлар, тарғибот материаллари, китоб тавсияларини кўпайтириш орқали амалга оширишимиз мумкин.

Интернет ва замонавий технологиялар бизга имконият беряпти.

Масалан, юртимизнинг узоқ туманлари, чекка қишлоқларида китоб дўконлари йўқ. Китоблар ёки электрон китоб ўқиш қурилмалари бўлмаган жойларда ҳам смартфон бор. Шундай вазиятда миллионлаб фойдаланувчилар учун бепул, қулай, сифатли электрон кутубхоналарни ишга тушириш лозим бўлади. Бу миллат саводини, таълим сифатини, тафаккур ва маънавиятни тиклашнинг замонавий ва энг тезкор йўлидир. Минг бор такрорласак арзийди: ёшлар қаерда бўлса, адабиёт ҳам ўша ерда бўлиши керак.

КУТУБХОНАМИЗ ҲАМ, ЎҚУВЧИМИЗ ҲАМ КАМ

Давлат статистика агентлиги маълумотига кўра, 2021-йилда Ўзбекистон бўйлаб жами 402 та давлат кутубхонаси фаолият юритган. 37 миллионлик аҳоли учун бу рақам ачинарли даражада кам. Лекин бугунги реал ҳолатга қарайдиган бўлсак, инсонларни кутубхонага боришга мажбурлаш билан муаммога ечим топиб бўлмайди. Афсуски, интернет тармоғида ўзбек адабиёти, санъати, маданияти ҳақида мунтазам мақолалар, китоблар шарҳи, таҳлиллар чиқарадиган платформалар саноқли.

Яқинда Тошкент универмаги ёнидаги китоб дўконига бориб, у ердаги китобларни кўриб ҳавасимиз келди. Каталогга биноан китоблар нафақат мавзусига, балки ўша асар мансуб бўлган давлатига қараб ҳам тахланган.

Шаҳримизда русийзабон аҳоли учун бундай китоб дўконлари талайгина. Ваҳоланки, бутун бошли республикамизда рус тилли аҳоли 1 миллионга ҳам бормайди.

ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР БОР, ЛEКИН…

Айримлар оғиз тўлдириб “Бизда ҳам электрон китоблар бор-ку!” деб айтади. Аммо масала шундаки, аввало, электрон китобларнинг аксариятини китоб ҳолида топиш осон, яъни электронини қидиришга ҳожат йўқ, аслида.

Иккинчидан, анча йиллар олдин кам тиражда чиққан, бугунги кунда қайта нашр этилмаган китобларни нафақат электрон, балки китоб ҳолида ҳам топиш мушкул. Уларнинг асосий қисми кирилл алифбосида. Мактабда янги алифбода ўқиётган бола учун кириллчада китоб ўқиш – яна бир тўсиқ. Энг самарали ечим: ёзувчилар, олимлар, нашриётлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида электрон базалар яратиш, ёшлар учун янги алифбодаги адабий порталларни кўпайтириш зарур.

Кейинги йилларда машҳур китоб дўконлари ҳам унчалик гавжум эмас.

Китоблар анча узоқ муддатда сотилади. Бу эса хусусий нашриётларнинг ишлаб чиқариш жараёни, маблағ айланмасига таъсир қилмай қолмайди. Онлайн савдо тизимларини ривожлантириш, жараёнларни автоматлаштириш, китобхонлар билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиш бугун ҳар бир нашриёт олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Илгари газета ва журналларда ҳар ҳафта ёки ҳар ойда янги чиққан китоблар рўйхати, шарҳ ва танқидлар чоп этиб бориларди. Бу анъана тикланиши керак. Китоб ўқилиши, муҳокама қилиниши, баҳоланиши билан қадрли. Агар асар маҳаллий бозорда ўқилмаса, уни жаҳон бозорига чиқариш ҳақида ўйлашнинг ўзи маъносиз.

Бугун фалсафаси, сюжети, услуби билан таъсир этувчи, юракка етадиган асарларга эҳтиёж бор. Китобхонда танлов имконияти кўп – электрон, аудио, қисқартирилган, визуал форматлар. Ана шундай шароитда китобхоннинг диққатини тортадиган, жозибали асарлар керак. Ношир эса айнан шундай китобларни жамиятга етказишга масъулдир. Ҳозир ноширлар, муаллифлар ва адабиётшунослар китобхон билан юзма-юз қолди. Энди ҳақиқий сифат учун кураш даври бошланди.

КИТОБ СОТУВЧИЛАРИ НИМА ДEЙДИ?

Яқинда Чорсудаги китоб дўкони сотувчиси билан суҳбатлашиб қолдим. Мана, унинг фикрлари:

– Илгари китобхонларнинг кўпчилиги таниш эди. Чунки улар тез-тез дўконимизга кириб, нима янгилик бор деб қизиқишарди. Кўплари нархига қарамасдан янги китоб харид қиларди. Лекин охирги йилларда бу манзара буткул ўзгарди. Энди фақат мактаб ўқувчилари ва талабалар, улар ҳам керак бўлган дарслик ёки тавсия этилган китоб учун келади. Афсуски, китоб дўконлари энди гавжум эмас. Матбуот кўшк (киоска)лари ҳам кўз ўнгимизда бирин-кетин ёпилаётгани ачинарли.

Кўпчилик китобларни интернет орқали буюртма қил­моқда. Биз ҳам шундай савдога ўта бошла­дик – секин бўлса-да. Бугун китобхон қоғозда эмас, экранда ўқишни истаяпти, аудио тинглаяпти. Адабиётга қизиқиш йўқолмаган, фақат бошқа шаклга ўтди. Баъзилар учун китоб кўтариб юриш оғир туюлади. Электрон китобнинг эса оғирлиги йўқ: арзон ва қулай.

Шундай экан, нега электрон китобларни ­омма­лаштирмаслик керак?

Ҳозир ота-оналарнинг кўпчилиги китоблар қиммат­лигидан нолийди.

Улар орасида биринчи марта китоб харид қилаёт­ганлари ҳам бор. Чунки китоб сотиб олиб ўрганмаган. Энди китобфурушлар ҳам авлиё эмас.

Кўплари на муаллифни танийди, на мавзуни билади. Шунчаки номини ўқиб, ёққанини танлаб беради. Биз азалдан китобхон халқ бўлганмиз. Китоб халқимиз орасида нондан ҳам азиз саналган. Энг асосийси, асл асарлар воситасида ўзининг, дунёқарашининг, тафаккурининг ва алал-оқибат жамиятнинг ўзгаришига ҳисса қўшган шахсларни аждодимиз деб фахрланамиз. Ана шу буюк халоскор хислат ошноси бўлган китобсевар авлодни тарбиялаш учун, аввало, ўзимиз қўлимизга китоб олишимиз зарур.

Гулноза ЖЎРАЕВА,
Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 декабрдаги 49-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img833

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img827

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img861