Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


20.11.2025 | 09:49

img137

БЎРОНДАН КУЧЛИ

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ

Аҳли донишлардан бири айтади: “Ҳаёт кемаси меҳнат лангарига суянмаса, шамоллар-у довулларга дош беролмайди”. Бугунги саҳифамизда ҳаёт кемаси довул-у бўронларга йўлиққан йирик шахсият – оддий ишчиликдан тортиб ҳуқуқ-тартибот тизимларида раҳбарлик даражасигача йўлни босиб ўтган Бўтабой Дадабоев ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бўтабой Дадабоев 1887 йили Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида ишчи оиласида дунёга келди. Болалик йиллари (агар буни болалик атаб бўлса) оғир меҳнат, эҳтиёжлар, оила кам-кўстини бутлаш билан андармон ўтди. Дастлаб диний, сўнг рус-тузем мактабида хат-савод чиқараётган болакай отадан эрта етим қолди. Оиланинг тўнғичи эди. Рўзғорнинг бор юки ўн уч ёшли болакай жуссасига тушди. Бола бўлиб ҳали ўйин­га, ўқишга тўйиб улгурмаган Бўтабой чақмоқ “йилт” этиб чақарлик оний лаҳзада улғайди-қолди, укаларига ота ўрнида бўлди. Оилада ундан ташқари яна уч фарзанд, онаси ҳамда кўзи ожиз бувиси бор эди.
Бўтабой шу тариқа меҳнатга кирди. Турган гапки, бу ёшда ўспиринга кимса иш тутқазиб қўймасди. Фақат югур-югурларда қўл-оёқ бўлиши мумкин эди, холос. Олдинига Ниёзхўжа исмли пахта комиссионери хонадонида хизматкорлик қилди, кейин тери ва пахта тозалаш корхоналарида ишчи, сўнгра Намангандаги таниқли савдогар Алперов магазинида қоровул бўлиб ишлади. Кейинроқ иш излаб Тошкентга келди ва шаҳар тиббий амбулаториясида қоровул ҳамда хат ташувчи бўлди. Ҳар ой маошидан 15 сўмни Чустга – оиласига юбориб турарди.
Қисмат қаҳрамонимиз бошига тағин оғир синов йўллади. Бўтабой онасидан ҳам ажраб қолди. Ўша чоғда фельдшер оиласида яшаб, русча савод чиқаришга энди-энди кўникиб бораётган йигит ота уйга қайтишга мажбур бўлди. Чустда уни кўзи ожиз бувиси ва укалари илҳақ кутарди.
Қаҳрамонимиз Тошкентдан қай­тар­кан, Чустда тайинли иш тополмайди. 1908 йили Чодакда бўлис бошқарувчисининг девон­хонасида хизмат қила бошлайди. Бу даврда бўлис идоралари маҳаллий бошқарувнинг асосий бўғини бўлиб, уларда тартиб, буйруқ ва итоат биринчи ўринда турарди. Бўтабой бундай муҳитга на кўниб, на кўникиб кетди. Шунга қарамай, икки йилча ишлади ҳамки, бу давр мобайнида чор маъмурлари уни уч маротаба жазолаб улгурди. Жазо сабаблари уезд бошлиғи топшириқларини тўлиқ бажармагани, айрим ҳолларда раҳбарлар олдида ўзини улар кутгандек тутмагани, бўйинсунмагани учун олдинига 5 сўм жарима тўлашга мажбур бўлади. Яна бир сафар етти кун, сўнг икки ҳафта қамоқ жазосини ўтайди ва охири ишдан бўшатилади.
Аслида, бу ҳолат-манзара Бўта­бой Дадабоев табиатида қарор топган қатъият, журъатни ҳам яққол очиб беради. У тепадан тушган ҳар кўрсатма, топшириқни кўр-кўрона бажариб кетадиганлар хилидан эмасди. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқирини эрта таниган бу йигит “ҳар гапга бош эгиб” кетмаслиги табиий эди. Бу хулқ ё ғайрат ўша пайтда тобора кучайиб бораётган жадидлик ҳаракати намояндалари қарашларига-да моҳиятан уйғун, ҳамоҳанг эди.
Тошкентдаги хизмат йилларида русча саводи очилган, кейин Чодакда бўлис девонхонасида иш юритиб, расмий ёзишма ва жамоат ишлари билан шуғулланган Бўтабой Чуст шаҳар хўжалик бошқармасида иш бошлайди. У ерда уни маҳаллий масалаларни ёритиш, аҳолининг мурожаатлари ва шаҳар бошқаруви фаолиятига оид маълумотларни тўплашга жалб қилишади. Шу тариқа у матбуотга хос вазифаларга киришиб, амалда журналистлик фаолиятини бошлайди. 1914 йил январидан Февраль инқилоби­гача Бўтабой Чуст шаҳар хўжалик бошқармасида журналист, сўнгра даҳа пристави Б.Яхин томонидан дастлаб Марғилонга даҳа пристави қилиб ўтказилади, кейинроқ унинг тавсияси билан Скобелев шаҳри пристави қошидаги хатлар бўлимида ишлайди.
1916 йили Фарғонада юз берган қўзғолон кунларида Бўта­бой яна бир синовга дуч келади. Расмий хизмат пайти­да вилоят амалдорларидан бири ўтиб кетаётганида таъзим қилма­гани ортидан танбеҳ эшитади. Қаҳрамонимиз танбеҳга кескин жавоб қайтаради. Бу ҳаракат ортидан “қаҳрамонлик” изламоқ­чи эмасмиз. Аммо бор гап ҳам шу: Бўтабой Дадабоев ўзини камситишларига асло йўл қўймаган. Маъмур танбеҳ бер­ганда бош эгиб турмагани ва кескин жавоб қайтариши эса унга нисбатан тергов ишлари юриб кетишига олиб келади.
Ўша йил кузагида Бўтабой Дадабоев билан яна бир қизиқ ҳолат содир бўлади. Фарғонадаги “Военное собрание” биносида спектаклга кирмоқчи бўлганида, унга “сартлиги учун” патта сотиш­майди. Бу ҳолат ўша даврда маҳаллий аҳолининг ҳуқуқ ва шаъни қай даражада эътиборсиз эканини яққол кўрсатади. Бўта­бой Дадабоев эътироз билдир­гани ортидан “ноқонуний ҳаракат” айби билан ҳибсга олинади. Кўриб турганингиздек, оддий тадбирга киришни талаб қилишнинг ўзи ҳам жиноят сифатида баҳоланган. Февраль инқилоби туфайлигина у қамоқ жазосидан қутулиб қолади.
Февраль инқилобидан кейин у приставлик ҳузуридаги журналистлик фаолиятини тўхтатади. Марғилонда мусулмон ишчилари ва ҳунар­мандлари кенгашини ташкил этиш ҳамда “Ҳиммат” истеъмолчилар жамиятини тузиш ишларида фаол қатнашади. Жамиятнинг назорат комиссияси аъзоси қилиб сайланади. Бир фурсат милиция соҳасида хизмат қилади.
Ҳокимият тепасига келган большевиклар Бўтабойнинг саводли, серғайрат, ташкилотчи йигит эканини кўриб, ундан фойдаланишга қарор қилади. У дастлаб 1917 йилнинг кузида Фарғона вилояти Ер ишлари қўмитасига аъзо, кейин унинг бошлиғи қилиб сайланади. Аммо большевиклар Туркистоннинг миллий республика сифатида равнақ топишидан манфаатдор эмас эдики, ўлка парчаланиб, кичик республика ва мухториятларга бўлиб юборилади. “Сувнинг қаёққа оқаётгани”ни сезган миллатпарвар зиёлилар большевиклар ҳукмронлик қилса, Ватан ва миллат озод бўла олмаслигини пайқайди. Шу сабабли, турли ташкилотлар тузиб, Туркистонни совет давлати чангалидан ажратиб олишга уринади.
Ана шундай ташкилотлардан бири “Иттиҳод ва тараққий” эди. Тергов ҳужжатларида қайд этилишича, бу ташкилотга Турор Рисқулов, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Саъдулла Турсунхўжаев, Низомид­дин Хўжаев, Юсуф Алиев, Али Расулов каби инсонлар раҳбар­лик қилишган. Унга Ўзбекистон КП(б) Марказий Комитети котиби Акмал Икромов, Халқ Комиссарлари Кенгаши Раиси Файзулла Хўжаев, Ер ва сув ишлари халқ комиссари Рустам ­Исломов ва бошқа йирик раҳбарлар хайрихоҳлик кўрсатишган. Туркистон АССР Марказий Ижроия Комитети раиси Иномжон Хидиралиев мазкур ташкилотга Бўтабой Дадабоевни ҳам жалб этган.
Ташкилотнинг бош мақсади Туркистон ҳудудида ягона миллий давлатни барпо этиш эди. Бўтабой Дадабоевга оид тергов материалларида унинг бу борада “босмачилик ҳаракати”ни ҳар қандай йўл билан қўллаб-қувватлашга, ҳатто уларга қурол-яроғ етказиб беришга уринган”и қайд этилади.
1918 йилда Скобелев совети депу­­татлигига бўлиб ўтган сайлов­ларда кўпчилик қатори Дадабоев ҳам депутатликка сайланади. Депутатларнинг биринчи йиғилишида Ижроия қўмита раисининг биринчи ўринбосари қилиб тайинланади. Бу лавозимда 1919 йил февралигача ишлайди. Шундан сўнг, Фарғона вилоят совети депутатларининг хабар­­номаси бўлган “Ахбор” номли мусулмонлар газетасига муҳаррир­лик қилади.
…1921 йилнинг бошида унинг ташаббуси билан Фарғона вилояти­нинг маркази қилиб Скобелев шаҳри ўрнига Қўқон шаҳри белгиланади. У марказнинг Қў­қонга кўчирилиши билан боғлиқ ишларга бош бўлади. Кейин, Фарғона вилоят револют­сион комитетининг топшириғига кўра, Наманганга уезд-шаҳар револют­сион комитетининг раиси вазифа­сига хизматга жўнатилади. Бу ерда Ижроия комитет, озиқ-овқат кенгаши, баҳорги экин экишга тайёргарлик кўриш, солиқ­ларни йиғиш кампанияларининг раислари вазифаларида ҳам ишлайди. 1922 йилнинг баҳоридан бошлаб Фарғона вилоят революцион коми­тети раислигига тайинланади. Ўша пайтлари Совет ҳукумат органларида рус тилини биладиган ходимлар ниҳоятда кам бўлгани боис, ҳар бир одам зиммасига кўплаб вазифалар юкланар эди. Шу сабабли, Бўтабой Дадабоев бир қатор қўшимча лавозимларда ишлайди.
Тергов ҳужжатларида келтирилишича, Бўтабой Дадабоев навбатдаги йилларда Тожикистонда хизмат фаолиятини давом эттириб, у ердаги “Иттиҳоди Шарқ” ташкилоти билан алоқада бўлган. Ташкилот аъзо­лари орасида Тожикистон ССР МИҚ собиқ раҳбари Нусратулло Махсум, Тожикистон Халқ Комиссарлари Кенга­­­ши собиқ раиси Абдураҳим Ҳожибоев, ижтимоий таъминот халқ комиссари Муҳитдинов, Тожикис­тоннинг Москвадаги мухтор вакили Абдужабборов ва бошқалар бўлган.
Бўтабой Дадабоев Туркистон Республикаси Юстиция халқ комиссарлиги лавозимида ишлаган ўнинчи раҳбар ҳисобланади. У ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: “1923 йил 14 апрелда Туркистон Республикасининг Юстиция халқ комиссари ва май ойидан бошлаб Республика Бош прокурори вазифа­ларини бажаришга киришдим. Ўша пайтда бу икки лавозимни бир киши бошқарар эди. Мазкур соҳага 1924 йил 8 январга қадар раҳбарлик қилдим. Шунингдек, 1923 йил август-сентябрь ойларида Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажардим. 1922–1924 йилларда Мар­казий Ижроия Қўмитаси аъзоси бўлдим. 1924 йил февралдан Республика ер ишлари бўйича халқ комиссари биринчи ўринбосари ва ушбу комиссариат қоши­даги қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбари сифатида фаолият юритдим. 1924 йил охиридан эътиборан Тожикис­тон Республикасини ташкил этиш ва у ерда раҳбарлик тизимини шакллантириш ишларида иштирок этдим”.
Бўтабой Дадабоев Юстиция ва прокуратура тизимига раҳбарлик қилган саккиз ой давомида қатор ташкилий ишларга қўл урди. Хусусан, 1923 йил 13–18 сентябр кунлари Туркистон Республикаси прокура­тура ходимларининг биринчи қурултойи ўтказилди. Бу йиғилишда Дадабоев кадрлар етишмаслиги, мавжуд ходим­ларнинг касбий малакаси паст­лиги, прокуратура фаолиятига ижро органларининг асоссиз аралашуви ва жойларда тизим етарли даражада ишламаётгани ҳақида танқидий фикрлар билдирган.
1924–1934 йилларда у Тожикистон АССРда хизмат қилиб, Ташкилий бюро раиси, “Қўшчи” уюшмаси раиси, Марказий Ижроия Қўмита раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. Бу даврда Абдураҳим Ҳожибоев билан ҳамкорлик қилган ва Марказнинг тожик халқи манфаатларига зид сиёсатига қарши чиққан. 1931 йилда пахта етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида Фарғона водийсидан кўплаб аҳоли Тожикистонга кўчири­лар экан, бундан норозилик кучайиб, кўпчилик қамоққа олинади. Шу жараёнда Дадабоев вазифасидан озод этилиб, 1932–1934 йилларда Тошкентда Тожикистоннинг доимий вакили бўлиб ишлайди. Ўша йилларда “қурилишлар маҳаллий халқ манфаатларига мос бўлиши керак”, деган талаби учун партия сафидан чиқарилади.
1935 йилда у Файзулла Хўжаев­дан ёрдам сўрайди ва унинг кўмаги билан Туркманис­тонга ишга юборилади. 1935–1937- йилларда Туркманистон ССР Ер ишлари халқ комиссарлигида масъул лавозимларда ишлайди. 1937 йилнинг 31 августида у Ашхобод шаҳрида қўлга олинган. Ўн беш кун давомида “қийноқ усталари” унинг иродасини синдириш учун турли азобларга гирифтор қилган.
1937 йил 5 сентябрда Ўзбекис­тон ССР ИЧК Халқ комиссари Николай Загвоздин қарори билан Дадабоев “савдогарнинг ўғли”, “жадидларнинг аксилинқилобий “Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси” сифатида айбланиб, ҳибсга олинади. Унинг Тошкентдаги уйида тинтув ўтказилиб, шахсий ҳужжатлари, орденлари, хавфсизлик қоғоз­лари ва 500 дан ортиқ китоби мусодара қилинади.
1938 йил 4–16 октябр кунлари Москвадан Тошкентга СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси аъзолари келиб, сайёр сессия ўтказади. Бу жараёнга тайёргарлик сифатида 1938 йил 22 март санаси қўйил­ган махсус рўйхат тузилган бўлиб, унда Ўзбекистондан отувга маҳкум этилиши режалаштирил­ган 155 киши (биринчи тоифа) ва яна 10 киши (иккинчи тоифа) номи кўрсатилган. Ҳужжатга Сталин, Молотов, Каганович, Вороши­лов, Жданов имзо чеккан. Ҳозир­да мазкур рўйхат Россия Федерацияси Президенти архивида сақланадиган шунга ўхшаш 383 та рўйхатдан бири. Унда исми-фамилияларгина ёзилган ва рўйхатдаги 30-рақамда Бўтабой Дадабоев ҳам қайд этилган.
Қатағон тегирмонининг иш­лаш усулидан, совет “геста­почи”­ларининг қамоқхона эши­­­ги­дан киргизиб олгач, маҳ­бус­­­ларга қилган ёвузлиги ва шафқатсизлигидан бохабар тарих­чи­лар 1937-1938 йилларга оид сохта сўроқ ва иқрорномалар қан­дай қийноқлар эвазига қўлга киритил­ганини яхши билади. Зеро, жазо ташкилотлари ўз мақсадларига эришиш, ваҳшийликларини яшириш, қабиҳ ишларини ниқоблаш мақса­дида ўзлари тўқиб чиқарган уйдирма, иқрорномаларга соатлаб оёғи­дан осиб калтакланган, ухлама­ган, чалажон ва қарийб беҳуш маҳбусларга имзо чекти­риш “санъат”ини пухта эгаллабгина қолмай, уларни сафдошлари-ю авлод­лари олдида ҳам бадном этиш “йўл”ларини яхши билганлар.
Шундай шароитда Бўтабой Дадабоев ҳам “айбини тан олган”. СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессияси 1938 йил ­5 октябр­даги йиғилишида Бўтабой Дада­боевни отувга ҳукм қилади, ҳукм ўша куниёқ ижро этилади.
Ватани, халқининг ҳур ва озод кунларга эришишини орзу қилиб, бу йўлда мардона курашганларга кўмак берган, уларни қўллаб-қувватлаган чустлик арбоб, жадид­лик ҳаракатининг пешқадам курашчиларидан бири Бўтабой Дадабоев каби маърифатпарварлар тақдири ҳали очилмаган қўриқ. Уларнинг бизга берадиган сабоқлари бисёр…

“Жадид” газетасининг 2025-йил 14-ноябрдаги 46-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857