Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


20.08.2025 | 12:38

img320

БЎТАКЎЗНОМА

Кимдир билди, кимдир билмай қолди – шу йилнинг 7 август куни ўзбек халқи, миллатимиз ўзининг улкан бир зиёлисидан, қалби-ю орзу-армонлари тоғлардай юксак улуғ фарзандидан айрилди. Машҳур ватандошимиз, маърифатпарвар инсон, замонамиз жадидларидан бири Жўра қори Бўтакўз 99 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди.

Турли манбалар, хусусан, адибнинг 2013 йил Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилган “Бўтакўзнома” биографик асари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, шоир Шукур Қурбон, Абдулла Қодирийнинг фарзанди Ҳабибулла Қодирий, набиралари Хондамир ва Шеркон Қодирийларнинг эсдаликлари, ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Навоий – 30” китобидаги “Ойдин”да юрган одамлар” ҳикояси, шунингдек, “Ёутубе”да “Мистер Отабек” тахаллусли блогер билан қилган суҳбати орқали мен бу зотнинг таржимаи ҳоли, ажойиб бир асарга мавзу бўладиган саргузаштларга бой ҳаёти, қизғин ижтимоий фаолияти ҳақида озми-кўпми хабардор эдим.

1926 йили Андижон вилоятида туғилган бу заҳматкаш ва фидойи, бедор қалб эгасининг умри давомида бошидан не савдолар ўтмаган, дейсиз. Беғубор болалик чоғларидан бошланган саргардонликлар, мусофирликнинг аччиқ дамлари, ватандан айро, киндик қони томган азиз тупроқдан йироқда кечган оғир ва машаққатли, соғинч-у изтиробларга тўла йиллар… Айтишга осон, аммо ўша дардли, ғуссали кунларнинг азоб-уқубатларини шу даврда яшаб кўрганларгина ҳис этишлари мумкин.

Тақдир тақозоси билан етти ёшида она юртини тарк этган Жўра қори Бўтакўз узоқ умри давомида ўндан зиёд мамлакатда яшашга мажбур бўлган.

Бироқ у дунёнинг қайси ери, қайси давлатида яшамасин, бутун вужуди, қалби билан ҳамиша ўзбек, ўзбекпараст, чин миллатпарвар бўлиб қолди.

Мустабид тузум Жўра қори Бўтакўз сингари минглаб инсонларни туғилган диёридан жудо қилган бўлиши мумкин, аммо иймонидан, виждонидан, юрагидаги эл-юртига бўлган муҳаббат ва садоқат туйғуларидан айиролмаган эди.

Хорижда, ёт ўлкаларда Ватан соғинчи билан ўртаниб яшаб ўтганлар қанча. Лекин уларнинг барчасига ҳам умрининг сўнгги онларини она юртида ўтказиш буюрмаган.

Аллоҳнинг иноятини қарангки, ана шундай улуғ саодат Жўра қори Бўтакўзга насиб этди. Ул зотни яқиндан билган одамларнинг айтишига қараганда, Жўра қори домла сўнгги 20 йил мобайнида олис Америка диёрининг Ню-Жерси штатидаги хонадонидан ҳар йили канда қилмасдан, Ўзбекистонга келиб, бир-икки ой туғилган юртида яшаб кетар экан. Бутун умр чеккан азоблари, армон-у андуҳлари ҳаққи, Яратган эгам бу азиз бандасини ўзининг чексиз марҳамати ила сийлади – ниятини ижобат айлади: у ўзи орзу қилганидек, жонажон Ватанида омонатини топширди. Парвардигори олам бу мўътабар мўйсафидни ўз раҳматига олган бўлсин.

Донишмандлар, инсоннинг иккинчи умри – ундан қоладиган солиҳ авлодлар, қилган эзгу амалларидир, дейдилар. Марҳум ватандошимиз ана шундай улкан шарафга муяссар бўлган зот экани унинг ҳаёт йўли мисолида яққол намоён бўлиб туради.

Афсуски, бугунги ўзбек жамоатчилиги у кишининг шахсияти ва фаолияти билан етарли даражада таниш эмас. Шу маънода, ижодий ташкилотлар, ноширларимиз олдида, зиёлиларимиз олдида Жўра қори домланинг ҳозир АҚШда истиқомат қилаётган авлодлари билан боғланиб, унинг маънавий меросини ўрганиш, юртимизда тарғиб-у ташвиқ қилиш вазифаси турибди. Жумладан, фидойи маърифатпарварнинг юрак қони билан битилган умр китоби – “Бўтакўзнома” асари замонавий матбаачилик талаблари асосида, катта тиражда қайта нашр этилса, нур устига нур бўлур эди.

Қуйида ана шу ёдномадан кичик бир лавҳани эътиборингизга тақдим этар эканмиз, Жўра қори Бўтакўз домланинг ҳақларига дуо қилиб қоламиз.

Элмурод НИШОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

___

БЎТАКЎЗНОМА

Асардан парча

Мен ижтимоий кўринишга сиёсий тасаввур билан қараб, “Бўтакўз” лақабини олувдим. Бўтадан муродим – бўталоқ, кўздан мақсад – унинг маъсум кўзи эди. Туянинг устидаги ғул (кишан), бурнидаги арқон, арқоннинг учи сарбонда, сарбон мақсад-манзили сари етакламоқда. Бўталоқ эса, онанинг кетидан бу сафардан бирор нарса фаҳмламай кетмоқда.

Мустабидлар Ўрта Осиёнинг ер ости бойликларини полвон машиналарда ковлаб чиқариб, қатор-қатор вагонларда ташиб кетмоқда. Ўрта Осиё халқлари бойликларини ташиб кетмоқдалар. Ўрта Осиё улуслари қўл қовуштириб турмоқдалар. Бундан бошқа чоралари ҳам йўқ. Мана шу тасаввур “Бўтакўз” лақабини олишимга сабаб бўлувди…

Ўзбеклар турмушидан олинган “Ўткан кунлар” романини Закибей Валидийнинг “Туркистон тарихи” асари билан бирга ўқиб, кўп ҳаяжонландим. “Ўткан кунлар” китобида сўзлар халқона бўлиб, кўринишлар миллий эди. Миллий туйғу, миллий руҳда ёзилганлиги аён кўриниб турарди.

Ўша даврда Афғонистондаги ўзбеклар афғонлаша борди. Ҳиндистондаги ўзбеклар ўзаро урдуча, панжобийча гаплашадиган бўлиб кетмоқда эди. Ўшаларга ўхшаб Туркияда яшаётган ватандошлар ҳам ўзбеклигини унутиб, туркча гаплашадиган бўлиб қолишди. Қизиғи шундаки, уялмай-нетмай туркча гаплаша туриб, миллатчиликдан даъво қилишади. Ўзларини миллатчи деб билишади-ю, миллатчи деб танилишни истайдилар-у, маданий жиҳатдан йўқола бораётганларини сезмайдилар.

Ўша кунлари домла Закибейнинг “Туркистон тарихи”ни ўқиб, ватандошлар ҳеч бўлмаганда юртимиз озод бўлгунча ўз миллий тилимизни йўқотмай, ўзбек тилимизни бегона таъсирлардан сақлаб, классик адабиётимизни, мусиқамизни, айниқса, мақом йўлларини фаҳмлаб турса, яхши бўларди, деган туйғу менда кучая борди. Чунки домла Закибейнинг асари ҳам туркча эди.

Мен келажакда юртимизнинг озод бўлиши йўлидаги мужодалада ўз тусимиз билан, мавжудиятимиз билан турсак, табаррук ҳаракатларда иштирок этиш шарафига ноил бўлиб қолармиз, деган умидда эдим.

Юқоридаги орзуларимни рўёбга чиқариш учун Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини қайта чоп эттириб тарқатишни афзал кўрдим…

Боязид кутубхонасида 1958 йили Тошкентда кирилл ҳарфида чоп этилган “Ўткан кунлар” бор экан, Ғурий Махдумга ўқитиб қарасам, бу китоб билан Закибей Валидий менга берган, 1926 йили Самарқандда араб ҳарфида нашр қилинган роман орасида катта фарқ бор экан. Буни кўриб, ҳайратда қолдим.

Энди “Ўткан кунлар” асарининг асл нусхасини қайта чоп этиш зарур бўлиб қолди-ку, деб қарор қилдим. Қароримни Закибей Валидийга айтдим.

– Жуда кўп пул керак. Ватандошлар ёрдам қилмайди. Китобни пулга сотиб олишмайди ҳам. Ҳатто китобни қўлига берсанг ўқишмайди, ўқишолмайди. Натижада кўп хафа бўласан, катта пул сарф қилиб қолаверасан, маъюс бўласан, сендек содиқ дўстнинг миллий фаолиятдаги маъюслигини кўриб, биз ҳам хафа бўламиз, – деди у.

Закибей домладан ўшандай мулоҳаза олган бўлсам-да, қароримда қатъий туриб ҳаракат бошладим. У даврда Истанбулда араб тилида фаолият кўрсатадиган ҳеч қанақа чопхона йўқ экан. Усмонли давридан бери ишлатиб келинаётган араб тилидаги матбаалар йўқ қилинган.

Энди чет элга чиқиш керак эди. Чет элга чиқиб китоб чоп қилиш учун катта миқдорда пул керак. Шунинг учун отелим (меҳмонхона – таҳририят)ни сотиб, катта комиссион тўлаб, чет элга пул чиқаздим. Чунки у даврда Туркиядан расмий тарзда чет элга пул чиқариш мумкин эмасди.

Карачи шаҳрига бордим. Ёр-у дўстларим, қадрдонларим билан кўришдим. Айниқса, Ҳайбатулло Муҳит менга яқин эдилар.

– Машҳад шаҳридаги юртдошлар орасида матбаа ишларидан бохабар кишиларимиз бўлса керак. “Ўткан кунлар” романини араб ҳарфида қайта чоп эттиришингиз учун у ерда оқил одам топилса, яхши бўлар эди, – дедилар.

Менга ҳам шу маслаҳат маъқул кўриниб, Машҳадга жўнадим. Лекин у ерда ўзбек ҳарфини терадиган киши тополмадим.

Туркияда, араб юртларида, Покистон ва Ҳиндистонда ҳам ўзбекча ҳарфли чопхона топиш мумкин бўлмай, шу ниятда Эронга борган эдим. У ерда ҳам имкониятни тополмай, Карачига қайтиб келдим. Покистоннинг бу порт шаҳри аслида “Кирачи” бўлса керак, кейин “Карачи” бўлиб қолгандур.

“Анжуман” номидаги матбаага шогирд бўлиб кирдим. Матбаадан ўзимга хос бир жой ажратиб беришди. Меҳнатим учун менга ҳақ тўлашгани йўқ.

Хуллас, ҳарф теришни, терилган матнни тарқатишни, ҳарфларни ювиш, машинага қўйишни бирин-кетин ўргандим.

Энди яна бир қийинчилик чиқди. Ўзбек тилининг оҳангига керак бўладиган айрим ҳарфлар Карачида йўқ экан. Ғарбий Германиядан у ҳарфларнинг қолипини келтириб, кўпайтирдим.

Ана энди атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг машҳур романини тера бошладим. Аввалига кунда бир бет, сўнгра икки бет териб, иккинчи, учинчи куни машинага бермоқ бўлдим. Корректура ўқиш учун ёрдамчи топа олмадим. Саводхон ўзбеклар ҳам нўғай имлосини билмас эди. Айниқса, романни ўқиш учун ўрта маълумотли бўлиш керак. Нўғай имлосини ўқий оладиган бир неча ватандош топдим. Уларда мендаги ишқ йўқ эди.

“Китобга қараб туринг, мен корректурани ўқийин” десам, корректурани ўқиб, хатоларини ислоҳ қила олмайди. “Хўп, мен корректурани ўқийман, сиз китобга қараб туринг”, десам, ухлаб қолишади.

Чунки уларда миллий ҳис, миллий туйғу йўқ. Ислом номидаги араб ишқи бор. У бечоралар ўзини аввало мусулмон, сўнгра ўзбекман, дейди. Ўзбекона туйғу ювиб ташланган.

Энди ўзим бир калима китобдан, бир калима корректурадан ўқиб тузата бошладим. Корректура хатосини шундай бартараф этар эдим. Сатр ва калималар, саҳифанинг чиройли чиқишига диққат қилдим. Бир калимани, бир сатрни неча бор қисқартириб, неча бор узайтириб чиқар эдим.

Шундай қилиб, матн терилишидан то китоб ҳолини олгунча кўз нуримни тўкиб, бир йил деганда китобни чоп эттирдим.

Ўзбекистонга матбаа келганидан буён ҳам, бугунда ҳам “Ўткан кунлар” Бўтакўз нашр этган китобдек чиройли, хатосиз ҳолда чоп қилингани йўқ. Афсуски, бугунгача мен нашр этган “Ўткан кунлар” романини диққат билан, техник томонларини, қилинган машаққатларини текшириб, баҳо берган кимса чиқмади.

Сунъий чармдан муқова қилдирдим. Китобнинг муқовасида, зарҳалда “Ўткан кунлар” тамғаси бор. Муқовани очишингиз билан 1926 йили Самарқандда чоп этилган китобдаги узоқдан Марғилонга отлиқ келаётган Отабекни ой ичида кутиб ўлтирган Кумуш тасвирига кўз тушади. Мен ўша нусхани қайтадан кўпайтирдим. 1958 йилда “Ўткан кунлар”нинг шоҳ жумлаларини, миллий жавҳарларини олиб ташлаб, руслар томонидан нашр эттирилган нусхадан хабарим бўлган ҳолда, матбаа хатоларини ҳам тузатиб, чоп эттирдим…

Покистонда истиқомат қиладиган Ҳайбатулло эшон асли андижонлик, Тожихўжа эшон ипакчининг ўғлидир. Узун бўйли, барваста одам. Андижонда гимназияни битирган. Шунинг учун олий маълумотли бўлиб кўринади. Ҳалол, покиза, виждонли одам.

Мен Карачида нашр эттирган “Ўткан кунлар” романига кириш сўзи ёзиб берди. Китобнинг ўртанчи бўлимида чоп этилди. Мен у кишини кўп ҳурмат қилиб, ўз оғам ўрнида кўрар эдим. Ётган жойи жаннатда бўлсин.

Афсус билан айтайки, китобга кўрсатилган ихлосни на чет элдаги ватандошлар, на Ўзбекистондаги ватандошлар фарқига борди. Романга бўлган севгимни, ишқимни пайқамадилар.

Хуллас, 1961 йилда китоб чоп бўлиб, сунъий бўлса ҳам, чарм жилдлик этиб тайёрланди.

Матбаа ходимлари:

– Жўра ака бу китобга бу қадар меҳнат қилиб, ниҳоятда эътибор билан чиқаришидан маълум бўладики, унинг ҳар бир жилдини фалон пулга сотади шекилли, – дейишиб, ўта мароқланишгандан сўнг сўраб қолишди: – Қори соҳиб, китоб қанчадан сотилади?

– Пулсиз, бекорга тарқатаман, – десам, ҳанг-манг бўлиб қолишди.

Сабабини ўрганмоқчи бўлишди.

– Диний китобми, Худо учунми? – дейишди.

– Йўқ, эл-у улус учун, – десам, яна оғизлари очилиб, ҳайрон бўлишиб қолди ва сўзларимдан жуда таъсирланишди.

– Раҳмат сизга! – дейишди. Шарафимга катта зиёфат ташкиллаштиришди, бўйнимга гулдан гарданликлар тақишди…

Маълумки, “Ўткан кунлар” романининг ўрта бўлими 1958 йили Карачида чоп бўлиб чиқувди. Бу гал – 1961 йилда романнинг учинчи бўлими яна Карачида “Урду тили вақти”нинг “Анжуман-пресс”ида чоп қилинди.

Китобни Ҳинду Покистондаги танишларимга почта орқали юбордим. Поездда Карачидан 24 соат йўл босиб, Раволпиндига ўзим бориб, Тўқа Ҳожи, Нўмонжон, Аҳмаджонларга тарқатдим. Сингҳдаги айрим шаҳарларга, Навопшодаги Соли қори, Абдусаломларга ҳам ўзим бориб бериб келдим.

Китоб Исмоил Ғаспралининг имлосида терилгани учун ўқишда қийналганларга ўқилишини ҳам ўргатиб, китобга ҳеч қанақа баҳо ёки ўрнига ҳадъя олмасдан, ҳар қандай тамадан йироқ турган ҳолда, бировдан ёрдам олмаган ҳолда тарқатар эдим. Фалон қишлоқда ўрмон ичида кечинаётган ватандош бўлса, у ерга бориб келиш икки кунни оладиган сафар бўлса ҳам, бориб китоб улашиб келдим. Олмония, Туркия, Миср, Иордания, Саудия Арабистони каби мамлакатларга почта орқали юбордим.

Роман босилиб чиққанидан кейин домла Абдурауф Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари” номли саҳна асарини чоп қилмоқчи бўлиб, саҳифаларини териб, бир тарафдан чоп қила бошладим.

Ўшанда Туркия элчихонасининг котиби Нўмон тўра:

– Шу китобни берсангиз, ўқиб, келтириб бераман, – деди.

Кўнглим ғаш бўлди. Берсам не бўлади, нима бўлмайди? Китобни чоп қилмоқдаман. Агар унга китобни бермасам, элчихонада мени ёмонлаб қўяди-ку, деб иккиланиб қолдим. Чунки мен Туркия ватандоши (фуқароси – таҳририят) эдим.

Ниҳоят, китобни… бердим. Эртаси Нўмон тўранинг дадаси Акромжон ака:

– Қори афанди, Нўмонхон китобингизни йўқотиб қўйибдур, афу қилишингизни сўрамоқда, – деди.

Кўп хафа бўлиб, кўзимдан ёш келди. Китобни ким топиб келса муносиб ҳадъя берурмен, деб радиодан, газеталарда эълон қилдим. Натижа чиқмади. Китобнинг ярмини чоп қилиб бўлган эдим. Ҳаммаси бекор бўлди, ортиб қолган қоғозларни ярим баҳосида сотдим.

Эл-у улуспарварликдан ҳеч қанақа баҳраси бўлмаган ҳолда, олақарғадек қағиллаб юрган инсоннамо ҳайвонлар чет элларда жуда кўп…

Ўзбекистон “Ватан” жамиятининг раиси, академик Қори Ниёзийга, жамиятнинг масъул котиби Зиё Аминга хат ёзиб, улардан ўзбекча китоблар истадим…

Тошкентдан почта орқали бир қанча китоб келиб қолди. Афсуски, ўқиёлмадим. Эшон акам, бошқалар ҳам ўқиёлмадилар. Тошкентга яна мактуб юбориб, кирилл алифбосини сўрадим. Икки ой деганда почта орқали алифбо келди. Оқилхон Шарафиддинов тасниф қилган алифбо эди. Жуда мамнун бўлдим. Мана энди ҳақиқатда баҳоромад, нигоромад, қароромад бўлди.

Уч-тўрт кундаёқ ҳарфларни таниб олдим. Секин-секин, таталаб-таталаб мутолаа қила бошладим. Ўн беш кун деганда бемалол тўхталмай ўқий оладиган бўлдим. Қори Ниёзийнинг “Ҳаёт мактаби”, Миркарим Осимнинг “Ибн Сино қиссаси”, Ойбекнинг “Навоий” романи, Тўхтасин Жалоловнинг “Ўзбек шоиралари” каби табаррук асарларни кўзимга суртиб-суртиб мутолаа қилдим.

Яна бошқа китоблар ҳам келди. Ҳаммасини ўқиб чиқдим. Ана шунда ўзимга ўзим, қуёш чиқиб қолибди-ку, эй юлдуз, ўзингни панага олгин энди, дедим. Бир қанча китобларни чоп эттираман, деб мўлжаллаб қўювдим, ҳозирча бу ишларни, барча режамни тўхтатдим…

Ўзбек алифбосини ўрганиб олганларга ёнимдаги китобларни омонат ўқиб олиш шарти билан берадиган бўлдим. Биринчи бўлиб Собир Сайҳон ўрганди, сўнгра Абдураим Салим, Фаттоҳ Шайқи, Ҳайдарали, Жаъфархон Ўзгандий ўзбекча алифбода савод чиқариб, ўқийдиган бўлишди. Аслида уларнинг ҳаммаси саводхон-у, саводлари арабча эди. Лотинча, форсча, турк мактабларида ўқиган, дипломлари ҳам бор. Университетда таҳсил кўрганлари, коллежда ўқиётган талабалар ҳам бор эди.

Натан Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти” китоби қўлма-қўл бўлиб ўқилиб турди. Ҳамза Ҳакимзоданинг “Заҳарли ҳаёт” пьесаси, Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур”и, Садриддин Айнийнинг “Қори ишкамба”си, яна бошқалар…

Ҳаракатимиз мева бера бошлади.

Кириллча китобларни шу ҳарфда саводи чиққанларга улашар эдик. Айтганимдек, сийрак бўлса-да, бу ишлар, ҳайтовур, эгалланмоқда эди.

Ҳамюртларга дердимки, “Ватанни эсланг, унутманг, ватандан хабар олмоқ ҳар жиҳатдан қараганда ҳам қарз, ҳам фарз. Китоблар ўрис ҳарфида бўлса-да, уни ўқиб керагини олайлик, нокераги китобда қолаверсин”.

Карачида 1961 йили араб ҳарфида босилиб чиққан “Ўткан кунлар” романини ким яхши ўқийди?” деган танлов эълон қилдик. Абдураим Салим гўзал, равон ўқиб берди.

Тоифда менга Мираҳмад Тошкандий жуда чиройли тажвидий дўппи берувди, шу ажойиб дўппини ҳадъя қилдим. Абдураим Салимни ҳамма ўрнидан туриб олқишлади…

1966 йили, беш йиллик кутишдан сўнг, муваққат виза билан сайёҳ ўлароқ биринчи марта Тошкентга мушарраф бўлиб, табаррук тупроғини ҳам кўзим, ҳам кўнглим билан ўпдим.

Бир муддат Ватанда бўлдим. Андижон, Фарғона, Наманган, Ўш, Самарқанд шаҳарларини зиёрат этдим…

Ниҳоят, сафарим қариб, Одессага, ундан Сурия орқали Туркияга жўнаб кетдим…

Она юртимиз – гўзал Ўзбекистонга бориб келиб, социалист дунёдаги ватандошлар билан капиталист дунёсида истиқомат қилаётган ватандошларимнинг бир-бири билан алоқа қилишида воситачи бўлдим.

1969 йили Туркияда ўнг-сўл тортишуви кучайиб кетди. Бирини бири ўлдира бошладилар…

Ватанга бориб, у ернинг сиёсий томирига шарбат бериш пайти келган эди. Очиқроғи, капиталист дунёнинг ҳавосини бўлса ҳам, қулдорлик социализмига етказиш қолувди…

Бу бировнинг таълимотига кўра эмас, ўзбекона имон ва эътиқодим, миллий виждоним буйруғи эди. Мана шу тушунча мени она юртимга қайтиб кетишга ундади.

Тошкентда мени катта муҳаррир савиясида “Ватан” жамиятига ишга олдилар. Кейин “Марказ-2”дан икки хонали уй бердилар. Чет элдаги ватандошлардан келган мактубларга жавоб ёзар эдим. Бундан бошқа, “Ойдин” газетасининг корректурасини текшириб, техник хатоларини тузатардим.

Абдусодиқ Ирисов мудир эди. Журналист Нодирхон ака, доктор Ҳабибулло Қодирий ва бошқа адабий ходимлар ҳам бор эди. Зиё Эмин ҳар бир ишга масъул бош котиб эди.

Сўнгра газетага Тўлқин Рустам мудирлик қилди.

Бир куни Нодирхон ака газетанинг техник томонларини кўришим учун бериб кетди. Газета мингдан кўп имло ва босма хатоси билан босилиб чиқибди. Уни почталаш тўхтатилди. 5000 нусха газетани боғчада ёқиб юбордилар. “Ойдин” газетасининг мудири ишдан олинди.

Мели Жўра газетага янги мудир бўлиб келди. Яхши одам эди. Касал бўлиб ишдан кетди. Бу одам “Умрим дафтари” номли асарида менинг ҳақимда илиқ гаплар айтибдур.

Ундан кейин Миад Ҳаким газетанинг янги мудири бўлиб келди. Бу одам билан ҳамкорлигим 1983 йилгача сурилди.

…Тошкентда борган сари коммунизмнинг ёлғон ваъдаларини, социализмдан амалда асар йўқлигини, инсон ҳақлари оёқости бўлаётганини кўра бошладим.

Далил келтириш керак бўлса, ер ости, ер усти бойликлар таннархида Москвага жўнатиларкан. Ер – давлатники, давлат – мустабидларники. Полвон машиналарда қазиб олинган ашёга қазиб чиқариш харажатинигина ҳисоблаб, олиб кетаверарканлар.

Халқ қўрқув ичида – тили бошқа, дили бошқа. Ҳеч ким ўзининг сўзига ишонмайди. Мунофиқона ҳаёт. Ерли халқ ўзи оғир аҳволда. Бир-биридан ўзиб, улуғ миллатчилик (шовинизм – таҳририят)ни қувватлаб-қўллайдилар.

Лекин ўзбеклигига фахрланган, тегирмон тошини елкасида кўтариб, миллий мансубиятини йўқотмай, қўлидан келганича ўз халқининг миллий умрини узайтириб юрган миллионлаб қаҳрамонлар ҳам йўқ эмас эди, албатта. Аслида ўшалар эди Ўзбекистонни Ўзбекистон қилиб турган. Улар ҳақидаги қувончимни бир-икки мисра билан ифодалаб бўлмайди.

Демоқ истайманки, ерли улусда озодлик йўқ, шунинг учун бўлса керак, неча йил кузатган бўлсам, Ўзбекистон коммунистик партиясининг биринчи котиби Шароф Рашидовнинг юзида кулги у ёқда турсин, мийиғида кулимсирашни ҳам кўрмадим. Ўйлайманки, у одам ўзбек халқига бўлаётган оғир зулмни пайқаб, кўриб турган…

Шу зайлда ўн етти йил истиқомат қилдим. Очиқроғини айтсам, маънавий қамоқда эдим. 50 километрдан ташқарига ижозатсиз чиқиш мумкин эмас эди. Шунинг учун ўз юртимни айланиш учун ижозат оламан, деб, бу ўн етти йил ичида Тошкентдан ташқари чиққаним йўқ. Тангридан бошқа сирдошим йўқ эди…

Жўра қори БЎТАКЎЗ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859