15.09.2025 | 12:30
300
ЧЎЛПОННИНГ ХИТОЙЛИК САНЪАТКОРГА БАҲОСИ
Тарихдан маълумки, жадид боболаримиз жаҳон илм-фани янгиликлари қаторида дунё адабиётини ҳам ўқиб, кузатиб борган. Сара асарларни таржима қилиб, адабий мақолалар ёзган. Бундай кенг қамровли адабий ишларнинг бир қирраси бевосита хитой адабиёти ва санъатига тегишлидир. Бу жабҳада ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий етакчилик қилганини таъкидлаш жоиз. Аллома аслан хитойча бўлган “Тасодуф” ҳикоясини 1909 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да эркин таржима қилиб чоп эттиради. Бу таржима Беҳбудийнинг “Танланган асарлари”га “Оқ елпиғичли чинли хотун” номи билан киритилган.

Чўлпон эса 30-йилларда хитойлик шоирлар ижодини рус тилидан таржима қилади.
Севгили юртимни қолдириб келдим,
Йироқда… йироқда… аллақайларда.
Баъзида ўйлайман ёниб юрагим:
Оҳ, қачон бўламан ўсган жойларда?
“Ху-Ан-Нан” оқшоми…
Куз фасли…
Ёмғир…
Мунғайиб тураман болохонамда.
Тинглайман: учмакда тепамда, томда
Юртимдан келувчи ўрдаклар қур-қур…
Вей Ин-Юнинг ушбу “Ўрдак овози” шеъридаги соғинч туйғулари мутаржимнинг ўша пайтдаги руҳий кайфиятини ҳам ифодалайди. Таржима асарлар асос-негизи мутаржим дард-у аламлари, қайғу-шодликларига баъзан уйғун бўлиши табиий. Чўлпон ўз хасби ҳолини хитойлик шоирлар шеърлари воситасида ҳам сўзлаган эди.
Чўлпон адабий мақолаларни ҳам шунчаки ёзмайди. Юрагига чўғ тушса, “талвасадан денгиз каби” жўшиб, жунбишга келса, қалб ҳайратлари тинчлик бермаган маҳали қўлига қалам олади.
1935 йили у хитойлик машҳур актёр Мей Лан Фон (1894–1961) ҳақида махсус мақола ёзади. Саҳна санъаткорининг индивидуал маҳоратига бағишланган бу мақола чўлпонона пафосда битилгани билан эътиборни тортади. Мей Лан Фон ўша йили баҳорида Москвага гастролга келади. Чўлпоннинг санъаткор ва санъат қадр-қимматига оид ушбу мақоласида шоирона нуқтаи назар устуворлик қилади. Шу назмий кайфиятга мос равишда мақоласини актёр санъатига баҳо берилган тўрт қаторлик шеър билан бошлайди шоир.
Чўлпоннинг ёзишича, Мей Лан Фонни хитойликлар жуда яхши кўради, унинг саҳнада ёниб туриши, беқиёс маҳоратига нисбатан “ёруғ юлдуз” дейишади, юксак санъатини тоғнинг чўққисига ўхшатади. Чўлпон Москва театрида бу хитойлик санъаткорнинг олтита драматик асарда ўйнаган ролини эътибор билан кузатади. Актёрнинг қўл ҳаракатларидан чексиз ҳайратга тушади. “Унинг ўн бармоғи ўнта талантли актёрнинг вазифасини бажаради: хусусан, қўлини гоҳ енг ичига олиб, гоҳ чиқариб енг билан шундай ўйинлар қиладики, кўзингизни узолмайсиз!” Яна ёзади: “Бу минг йилларнинг театри, бу – анъана театри, бу – юксак санъат театри”. Чўлпон мақоласида нафақат Мей Лан Фон ижодини, балки Хитой театри генезиси – маншаини ҳам юқори баҳолайди.
Мақолада муаллиф фақат хитойлик санъаткор маҳоратига муносабат билдириш билан чекланиб қолган эмас. Унда Чўлпон ўз театримиз ҳолига таққослаб “қанча аччиғ бўлса-да, айтиш керакки, биз ҳали бу хусусда кўп олисдамиз”, деб ҳақиқатни ёзади. Чўлпон асар томошаси жараёнида хитойликларнинг саҳна безаги – “уй зийнати”га қараб биздаги шарқона уйларни эсга олади. Аммо “актёр техникаси, репертуар бойлиги ва чолғининг мукаммал жўр бўлуб боришлари бизга насиб бўлмаган юксакликлардир”.
Чўлпон ўз нуқтаи назарига, ғояи аъмолига содиқ адиб. Шу кичик бир мақолада ҳам унинг “унқатор”, “қоида”, “ибтидолик”, “шартлилик” каби атамаларни муқобили билан ёнма-ён қўллагани ўзбекона номлашларга бефарқ бўлмаганини кўрсатади.
Шоир хитойликлар санъатини холисона мақтайди. Замона нозиклиги, боши узра кезиб юрган қора булутлар беихтиёр йодига тушади чамаси, “Мей Лан Фон тиётри ўзининг нуқул феодализм жамиятини тасвир этган ва мунинг устига, феодализм дунё кўришини акс этдирган пиесалари билан биздан, бизнинг социалистик тиётримиздан жуда олисда туради. Бу жиҳатни олганда, биз Хитой тиётридан эмас, Хитой тиётри биздан ўргануви керак”, деган гапи билан бирдан замонанинг қизил байроғи ва мафкураси ортига беркингандек бўлади. Минг йиллик босиб ўтилган тарихий йўлни беш-ўн йилда босиб ўтмоқ лозимлигини ҳам уқтирадики, албатта, бундай космик ҳаракат – йилдирим тезлиги асло имконсиз эканини Чўлпоннинг ўзи ҳам яхши билар эди. Мей Лан Фон театри санъати ва санъаткорларига назар солмоқ лозим. Хўш, “унинг нимаси бизбоб, нимаси бизга бегона” – шу каби жиҳатларидан ўрнак олмоқ лозим.
Дунё театрлари тажрибасини тамизлик билан ўрганишдек Чўлпоннинг эзгу орзуси ҳамиша долзарбдир.
Баҳодир КАРИМ
___
МЕЙ ЛАН ФОН
Бу Хитой санъаткорининг СССРга келиб-кетиши муносабати билан
Қанча одам ширин куйли сўзларин тинглаб,
Ўйинини кўз олмасдан таъқиб этади.
Талвасадан денгиз каби қайнаб-қимирлаб,
Алвон рангли сарполарга кўзни тикади.
Мей Лан Фоннинг Хитой халқи ўртасидаги обрўсини кўрсатиш учун бир шоирнинг юқоридағи тўрт йўл байтини келтириш кифоя. Бу тўртгина, лекин жуда самимий ёзилган йўлларда Хитой томошабинининг ўз севимли санъаткорининг ўйинларини қандай берилиб томоша қилғани тасвир этилади. Хитойда Мей Лан Фоннинг “Ёруғ юлдуз” деб аталиши бежиз эмас. Мей Лан Фон эндигина донг чиқара бошлаган даврлардаёқ унинг ўйинлари тўғрисида бундай бир сўз юрарди: “Унинг бир кулумсираши – минг йиллик асирлар, унинг бир “оҳ”и – минг йиллик хазон”.
…Ўтган март ойининг 27-куни Масковнинг катта томоша залларидан “Музик-холл” залида унинг бир кечалик томошасини кўришга муваффақ бўлдим. Мей Лан Фоннинг гастроллари чоғида қўйилатурған пиесалар учун рус тилида алоҳида бир либретто китобчаси чиқарилған. Ўша китобча қўлимда. Унда 6 пиеса, 6 рақс (оёқ ўйини) кўрсатилган: шу 6 пиесанинг ҳаммасида Мей Лан Фон ўйнайди.
Хитойда аёл рўлини ўйнайтурған эркаклар кўп; унда аёл аралашмаган нуқул эркак тиётр тўдалари, шунингдек, ҳеч бир эркак аралашмаган аёл тиётр тўдалари бор; унда мана бу сўнг замонларда эркак ва аёллардан иборат аралаш тиётр тўдалари ҳам юзага чиқди.
…Букун тиётр-саҳна санъатида бутун дунёга ўрнак бўлуб ўлтурған Масковда санъат шинавандалари ила лиқ тўлган зал ўйин сўнгида Мей Лан Фонни чарчатар даражада кўп мартабалар олқишлаб чақирди. Санъат билимдонлари унинг санъатига ошиқ бўлганларини айтдилар ва ёздилар.
Умуман, Хитой классиқ тиётри японларнинг “Кабук”лари сингари Оврупо учун, шу қаторда биз учун ҳам жуда қизиқтирувчи санъатдир. Бу кунги хитойларнинг ўзлари ҳам тушунмайтурған бир тилда (ВИИ–VIII асрлар тилида) ёзилмиш ва феодализм тараққиётини кўрсатувчи асарлари, ҳар бир асарга мутлақ жўр бўлуб борувчи беш тонли (татар-мўғул унқаторидағи) чолғиси ва куйи саҳна безалиши, ўйиннинг қоида (прием)лари, актўрларнинг техникаси – мана шуларнинг барчаси хитойларнинг ўзларига хос ва биз қизиқатурған нарсалардир. Чолғининг ибтидолиги (примитив бўлиши) унинг татар-мўғулларда қўлланилатурған ва бизга яқин унқатори ўйин қоидаларидағи “шартлилик” (условност)лар, аёл рўлини эркак ўйнаши, айниқса, Бухоро бойларининг нақшли ва шарафли меҳмонхоналарининг айни ўзи бўлган уй зийнати, албатта, бизга таниш ва бизнинг яқин ўтмушдаги халқ ўйинларимизга боғлиқ; лекин, шу билан бирга, актёр техникаси, репертуар бойлиги ва чолғининг мукаммал жўр бўлуб боришлари бизга насиб бўлмаган юксакликлардир…
Бир билимдон Мей Лан Фоннинг қўл ўйинларидан баҳс эта туриб: “Шу ўнта бармоқ бор, бошқа аъзолар билан ҳеч нарса кўрсатмаса ҳам бўлади”, дейди. Чинакам, унинг ўн бармоғи ўнта талантли актёрнинг вазифасини бажаради, хусусан, қўлини гоҳ енг ичига олиб, гоҳ чиқариб, енг билан шундай ўйинлар қилдики, кўзингизни узолмайсиз! Мен унинг бармоқлариға кўз тикканим ҳолда ўз Академик драмамизнинг ўйин техникасини ўйладим, қанча аччиғ бўлса-да, айтиш керакки, биз ҳали бу хусусда кўп олисдамиз. Аброр, саҳнамизнинг мақтаниқлиғи бўлган Аброр “Загмук”да Жар Сивон рўлини ўйнаркан, ўн бармоғини баробар бир ўйнатган эди, мен уни сира эсимдан чиқара олмайман. Аммо Аброр ўзи аллақачон эсидан чиқарғанға ўхшайди.
Мей Лан Фон тиётрида ўйналатурған асарлардан кўпининг тилига бу кунги Хитой оммаси тушунмайди. У асарларни тушуниб томоша қилатурғанлар жуда оз, кўп томошачилар ё чолғи эшитиш учун, ё ўйин кўриш учун келадилар. Сўнгра минг йиллардан бери ўйналиб келган ва зотан, мазмуни соддагина бўлган у асарлар томошачига кўпдан йод бўлуб кетган. Томошачи ўзига таниш асарнинг ўзига маъқул бўлган бир жойини кўриш учун ҳам келади. Япон тиётрида баъзи асарларнинг ёлғиз бир пардасига билет сотилади, шунда одам лиқ тўла, бошқа пардаларида томоша зали бутунлай бўш деярлик… Япон тиётрининг бу хусусияти Хитой тиётрида ҳам йўқ эмас. Шу учун Мей Лан Фон тиётри ўзининг нуқул феодализм жамиятини тасвир этган ва мунинг устига, феодализм дунё кўришини акс этдирган пиесалари билан биздан, бизнинг социалистик тиётримиздан жуда олисда туради. Бу жиҳатни олганда, биз Хитой тиётридан эмас, Хитой тиётри биздан ўргануви керак. Фақат шакл жиҳатидан олганда (ёлғиз шакл жиҳатидан!) биз у тиётрни ўрганишимиз керак. Уни ўрганган вақтимизда унинг нимаси бизбоб, нимаси бизга бегона ва фойдасиз экани ўз-ўзидан англашилади. Шарқ оламида ўзича бир ўрун тутган япон ва хитой тиётрларини ўрганайлик. Рус тилида бор бўлган асарлар бизга бу тўғрида ёрдам этажаклар.
Ҳар қалай, Мей Лан Фоннинг тиётри жуда зиёли тиётр. Унинг директори билан директор ўрунбосари профессор даражасига эга бўлган санъат олимлари Мей Лан Фоннинг ўзини ҳам “дўқтўр” деб атайдилар. Бу – минг йилларнинг тиётри, бу – анъана тиётри, бу – юксак санъат тиётри. Биз эса ҳали шакл жиҳатидан ёшмиз, 15 йиллигимизни эндигина ўтказдик. Фақат…
Фақат биз шундай бир ўлканинг тиётримизким, бошқа соҳаларда ўлкамиз юз йиллик йўлларни беш йилда, ҳатто бир йилда босишга интилади ва муваффақ бўлуб боради. Бизнинг 15–20 яшар саҳнамиз саҳна санъати ва маданиятининг минг йиллик йўлларини беш-ўн йилда ўтиши керак ёки биз ҳам унинг ҳунарларини кўраркан, хитойлар сингари дейлик: “Мунинг бир қадами – юз йиллик йўл, мунинг бир ҳамласи – тарих бўйи давом этган ҳужумлари”.
Чўлпоннинг “Адабиёт надир” китобидан қисқартириб олинди
(1994 йил, 129-132-бетлар).
“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



