Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


29.10.2025 | 14:55

img453

“ЧЎЗМА ЛАҒМОН” ёхуд миллий сериаллар мазмунига яна бир назар

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бундан ўн-ўн беш йил аввал, хорижий мамлакатларда ўзлари учун эмас, асосан хорижда намойиш этишга мўлжалланган узундан узоқ, адоғи йўқдай туюладиган телесериалларни кўрганимизда, қани энди, бизда ҳам шундай сериаллар ишланса, мириқиб томоша қилсак, деб ният қилгандик. Буни кутиб ўтирмай, сериал деганлари дунёнинг тўрт тарафидан биз томонга  цунамидай ёпирилиб кела бошлади.

Аввалига асира Изауранинг аянчли ҳаётини кўзларимизга ёш олиб томоша қилдик, унга ачиндик. Кейин “Бойлар ҳам йиғлайди” хонадонларимизда меҳмон бўлди. “Оддий Мария”даги Мария Лопеснинг довдир ўғли Хосе Игнасиога ич-ичимиздан ачиндик.

Кейинроқ кунчиқар мамлакатларда ишланган туркум сериаллар намойиши бошланиб кетди. Фарзандларимиз саркарда Жумонг жасоратидан, уй бекалари мафтункор Ошин маҳорати-ю намунали одоб-ахлоқидан таъсирланди. Матбуотда ўзимизнинг кино ижодкорларга даъват  таклифлари айтилди. Не бахтки, кўп ўтмай бизда ҳам миллий сериаллар яратиш бошланди. Хорижникичалик бўлмаса-да, бир-икки марта томоша қилса бўладиган кўп қисмли фильмлар суратга олинди, бинойидек сериалчилар пайдо бўлди. “Ўзингники ўзингга – ой кўринар кўзингга”, деб хурсанд бўлдик.

Аммо хурсандчилигимиз узоққа бормади. Хорижий сериалларнинг янги тўлқини телевидение экранларига офатдай қайта ёпирилди. Аввал кўрганларимиз ҳолва экан, бунисига унча-мунча одамнинг асаби дош беролмайди. Бефаросат Фазилатхонимнинг хурмача қилиқларидан энди қутулганимизда, чала думбул Гунешхонимга дуч келдик.

Ана “ҳаё”, ана “одоб”. Кийинишларини кўрсангиз. Кўйлак тиктиришаётганида нозик қоматларининг баъзи жойларига мато етмай қолгандай. Ёмғирдан қутулиб, қорга тутилибмиз.

Пешонамиз тиришиб турганида, “Қора ният” сериали бошланди. Битта гапни икки-уч ойга чўзиш мумкин экан. Қаҳрамонлар ўзаро олишувда ўқ еб, юраги жиддий жароҳатланади, аммо орадан бир ош пишиғи вақт ўтмай, ўрниларидан туриб, отдай юриб кетишади. Ҳа, майли, ўзимизникидан қолмайлик, деб умидвор бўлдик.

Орадан йиллар ўтди. Маҳаллий муаллифлар томошабинлар ҳукмига кўплаб сериалларни ҳавола этишди. Уларнинг ҳаммасини ҳам ёмон деб бўлмайди, ибрат олса, хулоса чиқарса бўладиганлари бор, албатта.  Янги тележанрда мақсадга эришиш учун кўп изланиш қилиш керак, дастлабки уринишлардаги камчиликларни йўл-йўлакай тузатиб бориш зарур. Шундай қилинмаса, сериаллар хусусида жамоатчилик фикри ўрганилмаса, кўзланган мақсад қолиб, бошқа бир томонга оғиб кетиш, “қош қўяман деб, кўз чиқариш” ҳеч гап эмас. Минг афсуски, бугун худди мана шу бошқа томонга оғиш ҳолатлари сериалдан-сериалга илдиз отаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Гапни ўрамай-бурамай айтадиган бўлсак, миллат шаъни, ғурур ва орига тегиб кетадиган “асар”лар кўпайиб кетди, сериалчилик “соғин сигир”га айланиб, бу номақбул жараён кўпларни чинакам ижодкорликдан чалғитмоқда. Маънавий-маърифий йиғинларда бу хусусда танқидий мулоҳазалар билдирилади, матбуотда куюнчак таҳлиллар ёзилади, аммо улар айтилган, ёзилган жойда қолиб кетаётгани ғоят ачинарли.

Бир мисол, “Андижоннома” газетасининг шу йил 15 февраль сонида журналист Зилола Раҳмонованинг “Ботқоққа ботаётган сериаллар” сарлавҳали таҳлилий мақоласи эълон қилинди. Шу мақоладан қисқа кўчирма: “…миллий ғурур, миллий ор-номусни бешафқат булғаётган иллатлардан бири, шубҳасиз, телеэкранлар орқали намойиш этилаётган сериаллардаги маънавиятсизлик, маданиятсизликдир… Бугун биз уларда қайнонанинг разиллиги, келиннинг муғомбирлиги, эрнинг хиёнати, аканинг меҳрсизлиги, қайинсингилнинг ҳийла-найрангларидан бошқа яна нималарни кўрмоқдамиз? Пул учун имонидан кечаётганларни, ўз опасининг эри билан  никоҳдан ўтаётганларни…”

Бугунги сериалларга нисбатан билдирилаётган танқидий мулоҳазалар шулардангина иборат эмас. Отасининг овқатига заҳар қўшган қиз, ҳамкасби беморни операция қилаётганида, ёвуз ниятда электрни ўчириб қўйган хоин врач, келинни ўғри қилиш учун тилла тақинчоқларини унинг хонасига олиб кириб қўйиб, туҳмат қилган қайинсингил, севгисини рад этган қизнинг бошига не-не кулфатлар солган йигит… Шу ва бошқа кўплаб қабиҳ ниятларнинг ҳеч бири сериал давомида очилмайди, маккорларнинг қабиҳ ниятлари фош бўлмайди, аксинча, улар асар қаҳрамонлари мақомида қолаверадилар.

Савол туғилади: кун саин урчиб бораётган сохта сериаллар ўзбек томошабинлари онг-шуурига, ёшлар тарбиясига, умуман, маънавиятимизга, миллий менталитетга қандай таъсир кўрсатмоқда, телеасар ёрдамида жамиятдаги қандай муаммоларнинг ечими топилмоқда? Уларда бағрикенг, олижаноб, меҳмондўст, болажон халқимизнинг юксак маънавий фазилатлари нечоғли кўрсатилган? Наҳотки, бутун бошли мамлакатимизда эр-хотин хушмуомала, фарзандлари комил, келинлари мулойим, қудалари андишали, маҳаллада обрў-эътиборли битта ҳам оила бўлмаса?! Наҳотки, ҳамма ўгай оналар, сериалларда кўрсатилаётганидек, ёш норасидаларни етимча деб камситиб, хўрлаётган бўлсалар? 

Бу саволларга жавоб бериш осон эмас, чунки ҳар бир томошабин у ёки бу сериални шахсий дунёқараши, маънавий саводхонлиги, зиёлилиги даражасидан келиб чиқиб кўради. Чучмал ва сохталиги билан кимнингдир асабини ўйнатган бир сериал бошқа бир томошабинни чунонам йиғлатадики, қозонда қайнаётган кечки овқат куйиб, уй ичини куйинди ҳиди босиб кетса, фарзандлари ўқишдан қайтишса ҳам сезмайди. Ота-онасини ҳурмат қилган ёшлар уларни ранжитмаслик учун бошқа каналда ўзлари учун зарур бўлган ахборотни тинглаш имкониятидан маҳрум бўладилар. Қисқа айтганда, жуда кўп қимматли вақт беҳуда кетади, бу исрофдан бошқа нарса эмас. 

Хорижий сериалларда беҳаё кадрлар шу қадар кўпки, уларни оила даврасида кўриш мушкул. Бундан ҳам ачинарлиси, давлат каналларида юртимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётига оид муҳим хабарлар, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқимиз ҳаёти, турмуш тарзига таъсири ҳақидаги янгиликлар эълон қилинаётганида, мамлакатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ижросига доир таҳлилий кўрсатувлар намойиши бошланганида, хусусий каналларда пуфак сериаллар ҳужумга ўтади.

Давлатимиз раҳбари Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрда ўтказилган йиғилишида бу ҳақда тўхталиб, “Савол туғилади: халқимиз телевизорни энг кўп кўрадиган пайтларда, яъни “прайм-тайм” вақтида хорижий сериалларга катта ўрин бераётганимиз қанчалик тўғри? Бу олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда. Жумладан, миллий сериаллар ишлаб чиқариш бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш лозим”, дея таъкидлаган эди. Бу талабни эътиборга олмаслик мумкин эмас.

Бир неча йиллар аввал намойиш этилган чала-думбул сериаллар қайта-қайта экранга олиб чиқилаётганини тушуниш қийин. Чунки ёшлар улардан кўп нарсаларни ўрганишлари мумкин. Мана шу “мумкин”дан ўта жиддий ва оғир ташвиш келиб чиқади. Нега дейсизми?

Ушбу фильмларда ёвуз ниятни амалга ошириш учун овқатга заҳар қўшиш, оилаларни бузиш учун сохта суратлардан фойдаланиш, ота-она олдида ярим яланғоч юриш, жазманларини оилага бемалол таклиф этиш, уларни тез-тез алмаштириб туриш, қалбаки никоҳ маросими ўтказиш, оилавий ҳужжатларни ўғирлаш, сохталаштириш, рақиблари учун автоҳалокат уюштириш, “душман” оиласи фарзандларини ўғирлаш, тиббий таҳлил натижаларини алмаштириб қўйиш, эрталаб уйқудан уйғониб, ювиқсиз ҳолда нонушта қилиш каби ғарбона “маданият” намуналари зўр бериб тарғиб қилинади.

Холис айтганда, хорижий сериаллар намойишининг қойил қоладиган бир муҳим жиҳати бор, у ҳам бўлса, асар қаҳрамонларига овоз берувчиларнинг юксак маҳорати. Овозни аслидан ўтказиб юборишган-э. Аммо бунга қойил қолиб бўлмайди. Санъаткорнинг истеъдоди, ноёб овози унинг шахсий мулки эмас, миллатнинг ноёб, файзли бойлиги! Санъаткор ўзининг саҳна умридан оқилона фойдаланмаса, кейинчалик афсус қилиши турган гап.

Жамиятнинг маълум тоифасини сериал билан банд қилиш телеканал учун сохта рейтинг тўплашдан бошқа ҳеч бир муаммони ҳал қилмайди, аксинча, янги-янги муаммоларнинг пайдо бўлиши ва урчишига олиб келади. Буни барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Ижод саҳнасида ҳали ўзини тўла намоён этишга улгурмаган, бу йўлда энди-энди тетапоя қилаётган ёш актёр ва актрисаларга сериалларда роль ижро этиш балки қизиқарлидир, аммо суяги саҳнада қотган, эл-юртда обрў-эътибор қозонган таниқли санъаткорлар пуфак сериалларда суратга тушишни ижодларининг асосий мақсади қилиб олганлари ғоят таассуфли.

Бизни ташвишга солаётган ҳолат шуки, хорижий сериалларнинг беҳаё эпизодлари аста-секин миллий сериалларимизга сурбетларча кириб келмоқда. Ҳеч ким мушукларини “пишт” демаётган сценарий муаллифлари бу ҳолатдан илҳомланиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янги-янги эпизодларни ўйлаб топмоқдалар. Чунончи, эндиликда сериалларда келин ёки куёвнинг қариндошларини ўғирлаб кетиш, гаровга олиш, қуролли ҳужум уюштириш, ёш келиннинг эркак киши пешонасига тўппонча тираши, юқорига қараб ўқ узиши, рақиб томоннинг мол-мулкига ўт қўйиш, бу ишда сотқинлар хизматидан фойдаланиш, мурдани яшириш, жиноятни ёпишда ўғрилар олами “қонун”ларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаяётир.

Сериални бошлаб қўйиб, уни қандай якунлашни билмай гарангсираш ҳолатлари ҳам мавжуд.

Бир актриса кундузи намойиш этиладиган сериалда маҳаллада обрўли, кўпни кўрган оқила аёл ролида чиқса, кечқурун бошқа бир сериалда бунинг мутлақо аксини кўрамиз: ёвуз қайнона, ҳийлакор маъшуқа, хиёнаткор келин, тантиқ овсин, вайсақи қўшни, очкўз қуда ва ҳоказолар.

Бундай ролларни ижро этмаслик керак, демоқчи эмасмиз. Бадиий асарда ҳаётнинг барча қирралари намоён бўлиши зарур. Аммо, чинакам санъаткор битта образ устида ойлаб ишлайди, тер тўкади, изланади. Сериалда бўлса, ижарага олинган уйнинг эшиги очилиши билан ҳамма тайёр. Бунисига нима дейсиз?

Шу жойда устоз ёзувчи Шуҳратнинг бир гапи йодга тушади: “Бадиий асарда, масалан, романда, у гарчи ҳаётда, жамиятда мавжуд камчиликлар хусусида бўлса ҳам, ижобий қаҳрамонлар салбий қаҳрамонлардан кўп ва устун бўлиши керак”. Бугунги сериалларда айни шу қатъий шарт кўзга ташланаётгани йўқ.

Тасаввур қилинг. Телеэкранда навбатдаги сериал намойиш этилмоқда. Мўмай меросга эга бўлиш учун қайнонасини заҳарлаётган келинни кўриб,  турмушидан ҳаловат топмаётган, оиласи бузилиш арафасига келиб қолган бирор келинчакнинг хаёлига нималар келмайди, дейсиз? Содда йигитчалардан совғага тилла тақинчоқ олаётган муғомбир қизлар, ўзининг гулдай оиласи қолиб, бошқа жойда тунаб қолаётган куёвлардан ким қандай “ибрат” олади?  Телекўрсатувни бир вақтнинг ўзида бир неча миллион киши томоша қилади, ҳар миллион томошабиндан атиги биттасининг нияти бузилса, қанчадан қанча янги хиёнаткорлар пайдо бўлиши мумкин-ку?!

Бир неча йил аввал “Афросиёб” поездида Самарқандга борганман. Франциядан келган сайёҳлар билан бирга йўлга тушдик. Гуруҳ таржимони ёрдамида суҳбатлашиб кетдик. Ҳамманинг кайфияти чоғ, ҳадемай дунё сайқали деб ном олган Самарқандга етиб борамиз. Вагон пештоқидаги экранда “Бегона баҳор” номли фильм намойиш қилинмоқда эди. Аввал кўрганим учун унга эътибор бермай, қўлимдаги журнални варақлаб ўтиргандим.

Бир пайт меҳмонлар бир-бирларига экранни кўрсатиб, ниманидир қизғин муҳокама қилишга тушиб кетишди. Келинини қўлидан судраб, кўчага итқитиб ташлаётган қайнонани кўриб, қўрқиб кетишибди. Бу кадр менга ҳам таъсир қилди. Наҳотки, шундай бўлса? Самарқандга етгунча, бир-икки киши куйиб-пишиб, меҳмонларга фильмнинг бадиий асарлигини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Тушунгандай бўлишди, аммо юзларидаги нохуш  ҳолат тарқамади… Ижодда бўрттириш, умумлаштириш деган усул бор. Ёш оилалар учинчи кишининг аралашуви билан бузилаётгани сир эмас. Аммо бўрттирганда ҳам меъёрни унутмаслик керак. Бир сериалда ҳомиладор келин ҳовлидаги дарахт мевасидан емоқчи бўлади. Зиқна қайнона унинг қўлидан мевани тортиб олади. Ишониш қийин.

Ушбу сатрларни қоғозга тушираётиб, сериаллар сценарийсини махсус мосламада лағмон чўзишдай тез ёзиб берадиган бир-иккита ижодкор билан суҳбатлашдим. Улардан: “Диалогларда нега беҳаё сўзлардан, очиқ-сочиқ ҳолатлардан фойдаланасизлар, ўзига топширилган ролни маҳорат билан ижро этаётган катта ёшдаги аёл актриса нега энди ўзбекча қолиб, бошқа тилга (Эта – моя школа) ўтиб кетади?” деб сўрадим. Жавоб бундай бўлди: “Бир-иккита “қичиқ” жойи бўлмаса, сценарийни қабул қилишмайди. Озроқ тўқиймиз ҳам”. Мана, сизга талаб! Халқимизда гўзал бир матал бор: “Ёлғон тўқийдиган қаламдан кўча тозалагич супурги яхши”.

Кейинги тўрт-беш йил ичида намойиш этилган кўплаб сериалларнинг мавзуси ўзаро яқин, аниқроғи, бир-бирининг такрори. Бу хусусда юқорида айтиб ўтдик. Хўш, наҳотки бошқа мавзу бўлмаса? Кўзни каттароқ очиб, бугунги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги янги ўрни, ижтимоий-маънавий мавқейига, одамлар, ёшлар ҳаётига чуқурроқ назар ташлайлик. Ёшларимизнинг илм-фан, санъат, спорт, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқлари, дунёнинг ҳавасига сазовор бўлаётган натижалари қизиқарли сериал бўлиши мумкин-ку?

Давлатимиз раҳбарининг АҚШда ёш ватандошлар билан учрашувида билдирилган фикрлар, ўзга юртда, ўзгача шароитда яшаб, ўзбеклигини унутмаган, миллат фаровонлиги учун хизмат қилишни ният қилиб, ҳавас қиларли натижаларга эришаётган  ёшлар, ўзимизда замонавий завод-фабрикалар қуриб, миллион-миллион долларлик маҳсулотни хорижга экспорт қилаётган навқирон тадбиркорлар ҳақида фильм, сериал  ишлаш нега режаларимизда йўқ?

Бунинг сабаби битта, мураккаб мавзу устида бош қотиргандан кўра, ижара уйида диванга ёнбошлаб ётиб, навбатдаги пуфак сериални шитоб бошлаш ва тугаллаш осон.

Ижод – тўла маънода эркин фаолият. Бу борада ҳеч кимга тўсиқ қўйилиши мумкин эмас. Аммо истиқлол берган бу буюк имкониятдан қандай мақсадда фойдаланиш – бошқа масала. Шундай экан, сериал ишлаб чиқариш тизимини жиддий қайта кўриб чиқиш, ҳаваскор “ошпаз”ларнинг сифатсиз  “чўзма лағмон”идан қутулиш вақти етиб келганини унутмайлик.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img824

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859