17.11.2025 | 10:33
254
ДОНИШМАНД ҲУЗУРИДАГИ ТОЛИБ
Саид Абдулҳаким Шаърий ЖУЗЖОНИЙ, юридик фанлар доктори, профессор

Узоқ умрим мобайнида жаҳон сиёсатининг йирик арбоблари билан учрашиш, суҳбатлашиш насиб қилди. Улар орасида Шароф Рашидовдай донишманд, миллатпарвар ва камтар раҳбарни кам кўрдим. Менга тақдирнинг улуг‘ туҳфаларидан бири – ўзбекнинг ана шундай буюк фарзанди билан мулоқот қилиш имкони берилгани эди. Воқеа 1978 йилда Афғонистон ҳукумати топшириғини бажариш асносида юз берган. Аммо бу ном менга талабалик йилларимдан таниш эди.
Адашмасам, 1959 йили Москва радиоси тўлқинлари орқали катта бир мажлис эфирга узатилган. Унда Шароф Рашидов нутқ сўзлаб, ўша пайтда шов-шувларга сабаб бўлган ернинг биринчи сунъий йўлдошига оид муҳим янгиликни эълон қилганди. Хушхабар гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган. Бунгача Ўзбекистон раҳбарларидан фақат Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва Нуриддин Муҳиддинов ҳақида бирмунча маълумотга эга эдим. Яна бир катта лавозимда иш олиб бораётган ўзбек арбобини ўзим учун кашф этганимдан кўп қувондим. Шу нуқтадан у кишига нисбатан қалбимда чуқур ҳурмат ва ихлос пайдо бўлди. Унинг таржимаи ҳолига қизиқиб қолдим.
Маълум бўлишича, Шароф Рашидов етук раҳбар бўлиши билан бирга, яхши адиб ва шоир экан. Эзгулик ғояларини тарғиб этувчи нафис асар муаллифнинг сезгир ва латиф руҳидан далолат бериб, унинг севги куйчиси эканини англатарди.
Кейинроқ унинг яна бир дилбар асари – “Икки дил достони”нинг асл матнини ўқиш ва таржима қилиш фикри туғилди. Лекин бу орзуга эришиш учун ҳеч бир восита тополмасдим. Чунки бизда Ўзбекистон билан ҳеч қандай маданий алоқа йўқ эди. Шунда матншунослик соҳасида ўқиш учун Ўзбекистонга юборилган дўстим Ёқуб Воҳидий жонимга ора кириб, излаган китобимни жўнатди. Асарни неча марта қунт билан ўқиб чиқдим.
Хуллас, “Икки дил достони”нинг дарий таржимаси мураккаб синовлардан ўтиб, 1974 йили “Жвандун” (“Ҳаёт”) журналида тўлиқ босилди. Саҳифалаш учун Шароф Рашидовнинг таржимаи ҳоли ва суратини топишнинг ўзи бир саргузаштга айланиб кетди. Қувонарлиси, асар ўқувчилар диққатини ўзига жалб этди. Журнал варианти асосида Акрам Усмон ва Фарида Усмон Анварий ижроси билан радиоспектакль ёзилди.
Кейинги йилларда ёзувчининг “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин”, “Ғолиблар” романлари, публицистик мақолалари ва шеърий тўпламлари билан ошно бўлиб, улардан Афғонистон шароитига мувофиқ келадиганларини саралай бошладим.
* * *
1978 йил делегация раиси сифатида Москвага отландим. Ўшанда Афғонистон Адлия вазири, Бош прокурори ва Олий суд раиси вазифасини бажарувчи эдим. Расмий сафардан кейин икки ҳафта Ўзбекистонда бўлдик. Дастур асосида бизга Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Навоий шаҳарларини, илғор хўжаликларни кўрсатишди.
Ўзбекистон раҳбари билан учрашиш ниятим борлигини Москвада айтганимда, буни Тошкентнинг ўзи ҳал қилади, дейишганди. Ниҳоят, 1979 йил 24 март куни Шароф Рашидов ва делегациямизнинг учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот рус тилида, пушту таржимаси билан ўтарди. Расмий қабул охирлаганда, “Шароф ака, агар протоколга қарши бўлмаса, мен она тилим – ўзбек тилида гапирмоқчи эдим”, дедим бироз ҳадик билан. Негаки, сафимизда Марказдан қўшиб берилган вакил-у яна бошқалар ҳам бор эди. Аммо Шароф Рашидов буни табиий ҳолдек қабул қилди, ҳатто хурсанд бўлиб, “буюринг, буюринг”, деди.
Фурсатдан фойдаланиб, ўша вақтдаги Афғонистон халқ демократик партияси Бош котиби Нурмуҳаммад Тараққийнинг саломини етказдим. Сўнгра, Ўзбекистон сафари ҳайъатимизда яхши таассурот қолдирганини айтиб, ўзбек халқининг меҳмоннавозлиги учун ташаккур билдирдим.
Шундан кейин Биринчи раҳбар ва дипломат эмас, адиб ва китобхон суҳбати бошланди. Жойи келганидан фойдаланиб, у кишига нисбатан ёшликдан ихлос ва муҳаббатим борлигини билдириб, асарлари борасида фикр-мулоҳазаларимни қисқача баён этдим. Айниқса, Шароф Рашидовни Ойбекнинг “Навоий” романи ҳамда Шоислом Шомуҳаммедовнинг “Амир Хусрав” китобини таржима қилганим кўп хушнуд этди. Гап ўз-ўзидан “Икки дил достони”га уланди. Яқинда ушбу асар Афғонистонда алоҳида китоб ҳолида чиқишини эшитиб, хурсанд бўлиб кетди. “Энг яхши кўрган асаримни таржима қилган экансиз”, деб миннатдорлик билдирди. Илтимосимизга кўра, тўлиқ таржимаи ҳоли ва суратларини тайёрлаб бериш топшириғини берди. У киши “сих ҳам, кабоб ҳам куймасин” дегандай, суҳбатимиз мазмунини даврадагиларга юзланган киши бўлиб, русчага таржима қилиб турарди.
Суҳбат жараёнида мени ниҳоятда қизиқтирган бир саволни сўрашга жазм этдим: “Шароф ака, сўрамоқчи бўлганим шуки, ижод қилишга қандай қилиб вақт топасиз?” Шароф Рашидов кулимсираб жавоб берди: “Ҳаётнинг оғир тажрибалари мени интизомга ўргатган”.
Сўзининг давомида Иккинчи жаҳон урушида уларнинг ҳарбий қисмидан фақат дўсти иккиси тирик қолгани, оғир аҳвол ва чидаб бўлмайдиган шароитни бошдан кечириб, ҳарбий фаолиятни давом эттирганини эслади ва хулоса ясади: “Мен ҳар куни соат олтида туриб, саккизгача фақат ўз ижодий ишларим билан шуғулланаман. Сиз айтиб ўтган асарлар ва бошқа адабий-ижодий ишлар ҳар кунги мана шу икки соатлик ижодий меҳнат маҳсулидир. Бу тартибни ҳеч қачон бузмаганман…”
Шароф ака ўзи ҳақида гапиришни ҳам, гапиришларини ҳам хушламасди, чамамда. Суҳбатни каминанинг ижодий фаолиятига буриб юборди. Ўша йили бир шеърим “Совет Ўзбекистони” ва “Правда Востока” газеталарида босилиб чиққан эди. Афсуски, таҳрир кўнгилдагидек чиқмаган, шеърга ҳам шакл, ҳам мазмун ва ҳам бадиий жиҳатдан путур етказилган эди. Бу ҳақда баъзи ўртоқларга маълум қилганим ҳам бор гап. Шу сабабли бўлса керак, Шароф Рашидов мени кўп шеър ёзишга, ижод қилишга тарғиб қилиб, “Ўзбекистоннинг бутун матбуоти шеър ва мақолаларингизни чоп этиш учун тайёр. Сизнинг шеърларингиз таҳрирсиз нашр этилади”, деб марҳамат қилганди.
Менга кўрсатилган ушбу лутф-у эътибордан мамнун бўлганимни изҳор этиб, чин кўнгилдан ташаккур билдирдим. Бу ташвиқ келажакдаги ижодий ишларим учун илҳом манбаи бўлди. Учрашув жараёнида ва хайрлашув чоғида эсдалик суратлари олинди. Шароф Рашидов ниҳоятда улуғворлик ва камтарлик билан бизни қабулхона остонасигача кузатиб қўйди.
Бу сиймодан кўрган давомли яхшиликларимдан бирини айтиб ўтмасам бўлмас. Учрашувдан сўнг шахсан ўртоқ Рашидов буйруғи асосида “Ватан жамияти” раиси, академик Воҳид Зоҳидов Ўзбекистонда нашр бўлган китоблардан почта орқали менга юбориб турадиган бўлди.
* * *
Шароф Рашидов сиймосида ҳақиқий инсонни кўриш мумкин эди. Унинг ҳар бир сўзида, ҳаракат ва қарашларида Ўзбекистонга, ўзбекларга, бунинг тимсолида инсониятга бўлган меҳр-у муҳаббати тўлқинланиб турарди. Табиий камтарлик, ҳар қандай сунъийликдан узоқ бўлган самимийлик, фан, адабиёт ва санъатга шайдолик ҳамда бошқа фазилатлар ҳар одамда у кишига нисбатан муҳаббат ва ҳурмат туйғусини уйғотарди.
Шароф Рашидовнинг қуввайи ҳофизаси шу қадар кучли эканки, бир кўрган кишисини эсдан чиқармас экан. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Фалакнинг гардиши билан Афғонистондаги сиёсий жараёнлар орқасидан 1979 йилда қамоққа ташландим. Турмадан бир қоғоз ёзиб, ўртоқ Рашидовга ҳолимни маълум қилдим. Ўша вақтда бирон сас-садо бўлмади. Аммо озодликка чиққанимдан кейин аниқ бўлдики, Шароф ака ўша вақт Афғонистоннинг янги раҳбари билан менинг гуноҳсиз ҳолда турмага тушганим борасида сўзлашиб, озод қилишни илтимос қилган экан. Бу мурожаат рад этилибди. Албатта, дипломатик этика Шароф Рашидовдан бундан ортиғини қилишга йўл қўймасди. Шу ҳолатнинг ўзи қалбимга чексиз сурур бағишлаган, кўрган қийинчиликларимга малҳам бўлган. Ҳаёт эканман, ушбу инсоний хислат ва улуғвор жонкуярлик ифодасини унутмайман.
* * *
Шароф Рашидов Афғонистон халқининг дўсти сифатида ўлкамизга турли соҳаларда ёрдам кўрсатди. Ўша йиллари Нанграҳор вилоятида ўттиз минг гектар ердан иборат цитрус мевалар етиштирадиган фермалар вужудга келди. У ердаги кўчатларни самарали етиштириш ўзбек мутахассисларининг машаққатли меҳнати ва билимдонлиги туфайли амалга оширилди. Ям-яшил боғлар чўлни жаннатий боққа айлантириб, Жалолободнинг чидаб бўлмас экологиясини мўътадил ҳолатга келтирди.
Шароф Рашидов ташаббуси билан Кобулда ижтимоий фанлар институтининг гўзал ва улкан биноси ўзбек меъморчилиги асосида қурилиб, Афғонистон халқига совға қилинди. Бу муҳташам уч қаватли бино учта катта ётоқхона, катта дарсхоналар, замонавий аппаратлар билан жиҳозланган кенг илмий конференция зали ва турли аудиториялардан иборат бўлиб, Ўзбекистоннинг рангли мармар тошлари билан безатилган эди.
Тарихда биринчи марта Амударё қирғоқларини бир-бирига боғлаган Ҳайратон кўприги ҳам Шароф Рашидовнинг ташаббуси ва эътибори билан бунёд этилган. Дўстлик рамзи бўлган иншоотнинг очилиш маросимига ташриф буюрган Шароф акани Афғонистон халқи кўп ҳурмат ва эъзоз билан кутиб олгани ҳамон эсимда.
* * *
Мен 1991 йил август ойида расмий даъват билан Ўзбекистонга сафар қилган эдим. Жараёнда Шароф Рашидовнинг рафиқаси Хурсанд Ғафуровна, қизлари Сайёра ва Гулнора ҳамда бошқа оила аъзолари билан учрашиб, у кишининг яқинлари билан танишдим.
Сафардан сўнг катта бир мақола ёзган эдим. Унда Шароф ака ҳақида қуйидагиларни ўқиш мумкин: “…Менимча, механизациялаштирилган қишлоқ хўжалиги тараққиёти, суғориш системасининг такомиллашуви, ўлкада саройлар, юксак бинолар ва метрополитен қуриш, кўҳна Тошкентни замонавий ва гўзал шаҳарга айлантириш, янги вилоятлар ташкил этиш ва турли саноат тармоқлари тараққиётини таъминлаш унинг номи билан абадий чамбарчас боғланган”.
Шароф Рашидов иқтидорли шоир ва ёзувчи бўлгани учун маданият негизларини, ижод, илм-у фан соҳаларини кенгайтириш ва миллий кадрларни тарбиялаш йўлида катта ва унутилмас хизматлар қилди.
Мен у кишининг оламдан ўтганидан турмада хабар топиб, ниҳоятда ғамгин бўлдим. Пок руҳига дуо ўқиб, дўстларимга унинг илмий, адабий ва сиёсий шахсияти борасида гапириб бердим. У кишининг вафотидан кўп ўтмай “ўзбек иши” ва “пахта иши” баҳонасида Шароф Рашидов шахсига қарши бошланган шарафсиз ҳужумлар, айниқса, мўътабар зотнинг жасадини кўмилган жойидан чиқариб, бошқа ерга дафн қилиш ҳодисаси юрагимни қонга тўлдирди. Арбоб ҳаёти, ижоди ва фаолиятига оид бўҳтон мақолалар матбуот саҳифаларида ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардай бодраб чиқди.
Бу туҳматлар у кишига бўлган ихлос ва ҳурматимни заррача камайтиргани йўқ. Чунки мен Шароф аканинг ўзи билангина эмас, балки унинг юксак руҳи, буюк шахсияти ва инсоний меҳр-у муҳаббатга тўла қалби билан ҳам ошно бўлган эдим. Менинг бу ишончим унинг жозибали инсонийлигидан, ўз Ватанига ва халқига нисбатан чексиз севгисидан ҳосил бўлган эди. Ўша кунларда юрагим тўрида ўзбеклар қачондир ўз фарзандини оқлаши, ёқлашига ишонч яшарди.
Ўзбекистон миллий мустақиллигини қўлга киритгач, Шароф Рашидовнинг нуроний сиймосини қамраб олган бўҳтон булутлари бирин-кетин тарқаб кетди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 март куни имзолаган “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори Республикани жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юрт тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан ўзбек миллий адабиёти ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш йўлидаги муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ва концерт дастурида иштирок этишини инсон хотираси муқаддаслиги, Ватан учун хизмат қилган фидойилар номи ҳеч қачон унутилмаслигининг ҳаётий исботи ўлароқ қабул қилмоқ керак.
Орадан салкам ярим аср ўтди. Бу вақт ичида мен ҳеч қачон бу улуғвор инсонни унутган эмасман. Ундан қолган ёдгорлик тасвирлари мен учун унутилмас хотиралар бўлиб қолаверади. Камина ҳар гал Шароф Рашидов билан тушган суратимга боқар эканман, унда донишманд ҳузуридаги толиб аксини кўравераман.
2025-йил 7-ноябрдаги 45-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



