Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


21.08.2025 | 09:32

img220

ИЖОБИЙ “ЙЎҚОТИШЛАР” ДАВОМ ЭТАДИ…

Чегачи аталмиш касб эгалари бўлганини биласизми? Катта авлод вакиллари эслашар, аммо ёшлар “Бу қанақа касб?” деб елка қисишлари аниқ.

Ўтган асрнинг 60 йилларида аксар идиш-товоқлар сополдан ясалгани учун эҳтиётсизлик оқибатида синиб қолиши одатий ҳол эди. Уй бекаси синиқларни ташлаб юбормас, якшанба куни бўладиган бозорга йўли тушганида чегачига чегалатиб оларди. Чегалатиш – сопол идишни ямаш дегани. Бизнинг авлод чегаланган пиёла, чойнак, товоқ, косаларда чой ичган, овқат еган. Чунки ўша даврларда чинни идишлар ўта ноёб мол ҳисобланиб, дўконларда пештахта остида устига икки ҳисса нарх қўйиб сотиларди. Уям таниш-билишларга.

80 йилларга келиб темир чойнаклар пайдо бўлди. Аммо бу матоҳ ҳам сифатсиз эканки, гоҳ дастаси, гоҳ айланма ясалган қуяри синарди. Шундаям ташлаб юборилмай, энди чегачига эмас, пайвандчига юмуш топиларди.

Мустақилликдан кейин тадбиркорлар четдан турли чинни идишлар келтириб, бозорларимизни тўлдирди. Чинни идишларни ўзимизда ясаш ҳам йўлга қўйилди. Оқибатда “чегачи” касби касодга учради, “чегачи”, “чега” сўзлари архаик сўзларга айланиб кетди.

Қишлоғимизда ҳунарманд усталар кўп бўларди. Ҳайитбой бува ғоят ишбилармон уста бўлиб, 50 йилларда 30 тонна юк сиғадиган ёғоч кема ясаган. Бу кемада ҳали воҳага темир йўл ётқизилмаган даврда Амударё орқали колхозга кимёвий ўғитлар келтирилган. Уста Ҳайитбойнинг ўғли уста Саъдуллага гарчи кема ясаш насиб қилмаган бўлса-да, от ва эшакарава ясашнинг ҳадисини олганди. Муқаддам араваларнинг ғилдираклари тупроқ йўлларда юришга мўлжалланиб ёғочдан ясалган бўлса, йўлларга тош ташалиши, асфальт қилиниши баробарида ғилдиракларини темирдан ясаш русумга кирганди. Қишлоқдаги ҳар икки хонадоннинг бирисида, албатта, арава бўларди. Қишлоқ аҳли учун арава юк ташиш ва ҳатто узоқ жойларга бориш учун улов воситаси эди. Юртимизда енгил машиналар ишлаб чиқарила бошлагач, аравалар одам ташиш вазифасидан айрилишди ва… Уста Саъдулла бува чорак аср илгари фаолиятидаги сўнгги аравани ясаган.

Кўча-кўйда аравалар кўринмай қолганига беш йиллар бўлди. Уларнинг ўрнини турли ёқилғида юрадиган, ҳатто икки-уч тоннагача юк ташиш қувватига эга аравали мотоцикллар эгаллади.

Энди эси кира бошлаган болалар “Ўткан кунлар” фильмидаги Кумушнинг Марғилондан Тошкентга келин бўлиб отаравада келгани лавҳасини кўриб гўё булар эртаклардаги ажойиботларми, деб ҳайратланишлари аниқ.

Қишлоғимизда “дарғалар” лақабли катта қавм яшайди. Бу қавмга лақаб катта бобоси Рамат бува дарёда кема дарғаси бўлгани учун берилган. Айни шу даврдан мерос: “салодовчилар”, “гузарчи” лақаблари ҳали-ҳамон яшаб келмоқда. Дарё ўзани тортилган, кемалар сузмай қўйган, юклар ер-у осмон уловларида дунёнинг турли бурчакларига ташилаётган замонда бу атамалар ҳам ўз умрини яшаб бўлган.

Совет даврида энг машҳур сўзлардан бири “дефицит” эди. Тилимизда “камёб” мазмунини берадиган бу сўз айнан аҳоли учун зарур кенг истеъмол молларига нисбатан қўлланиларди. Тўй қилаётган одамлар райқўмга ўша вақтда хотин-қизлар орасида русум бўлган, кўрпа-тўшак тикиладиган матолар: бахмал ёки виллур сўраб бир қулоч ариза ёзиб борар ва навбатга ёзилиб, ўн-ўн беш метр мато олишарди. Енгил машина у ёқда турсин, видеомагнитофонлар ҳам райқўм бюроси қарори билан ажратилганини ҳозирги авлод эшитса, ҳайратдан оғзи очилиб қолади.

Ҳозир барча турдаги электрон матоҳларни уйингизга беминнат келтириб беришади.

“Дефицит” сўзи истеъмолдан чиққанига ўн йиллардан ошди.

Синфдошим уста Жумабой эллик йилдан ошдики, темирчилик устахонасини юритади. Авваллар жамоа хўжалиги гаражида устахонаси бўларди, колхозлар тугатилгач, уйи олдида устахона қуриб, элатга хизмат кўрсата бошлади. У олдинлари тенгқурлари тўй-томошаларида бемалол ўтира олмас, иши бошидан ошиб ётгани, одамлар кутаётгани учун узр билдириб вақтлироқ қўзғаларди. Тўрт-беш йил бўлди нафақага чиққан тенгқурлари билан, керак бўлса, эрта тонгдан қора хуфтонгача бемалол гурунглашиб ўтиради. Сабаби…

Сабабини ўзи шундай таърифлайди: “Устахонам касод бўляпти. Кунига бир-икки одам бош суқмаса, кун бўйи пашша қўриб ўтираман. Яқин-яқинларгача эшаг-у отларга тақа ясар ва қоқардим. Энди қайда? Ёз бошланиши билан пахса девордан иморат тикламоқчи бўлганлар лой отадиган капча ясатишга навбат туришарди. Энди иморатлар пишган ғишт ва яна бошқа замонавий ғиштлардан тикланяпти. Етти йил бўлди бир дона капча буюрган одам йўқ. Устахонам элат одамлари ясатадиган бел, кетмон, ўроқ билан айланиб турганди. Энди эса… бир қарич ерниям мини ускуналарда ҳайдаб, экишяпти – бел-кетмонга иш қолмади. Ўт-ўланни ўрадиган турли ускуналар чиқди – ўроқнинг даври ўтди. Бир вақтлари эрта баҳордан кеч кузгача кунларим ўроқ чархлаш билан ўтганини эсласам кулгим келади. Замон ўзгариб кетди, биродарлар”.

Жиянимнинг катта ўғли болаликдан этикчига шогирд тушиб, сўнгра уйи ёнида мўъжазгина хона тиклаб этикчилик қилаётганди. Ўша вақтлари эрта-кеч устахонасидан одам аримас, йиларо каттаяётган рўзғори қозонини этикчилиги орқасидан қайнатарди. Унинг устахонаси ёпилиб кетганига ҳам беш йиллар бўлди.

Этикчилик ҳунари нега касодга учради? Сабаби оддий – одамлар ямоқ солинган оёқ кийими киймай қўйишди. Туфли, этиги пошнаси сал қийшайса янгисини олишади. Қолаверса, ҳозирда тадбиркорлар тикаётган оёқ кийимлари анча сифатли – беш-ўн йилга чидам беради.

“Келинлар қўзғолони” комедиясида асар қаҳрамони киноя билан айтган “Ҳўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялашади” иборасида тилга олинган нимарса ҳозирги болачаларга умуман тушуниксиз. Ҳафта-ўн кунда “Шиша оламиз!” дея кўчама-кўча қичқириб юрадиган юмушбардорлар кўринмай қолганига анча бўлди. Одамлар тилида негадир “шара-бара”чи дейиладиган бу ҳожатбарор инсонлар топширилган ҳар бир бўш ароқ шишаси учун бир дона хўрозқанд беришарди. Кимлардир уйида ясаган хўрозқандлар ўша вақтларда ёймачи аёлларнинг асосий маҳсулотларидан бири эди. Бола борки, хўрозқанд яламаса куни ўтмасди-да…

Тадбиркорларимиз томонидан чиройли қоғозларга ўралган турли ширинликлар ишлаб чиқарилиши билан “хўрозқанд эраси” якунланди. Бу ёқда бўш шиша сотиб оладиганлар ҳам кўринмай қолишди. Сабаби, ҳозирда шиша идишлар турли ўлчам, сиғимларда кўплаб ишлаб чиқариляпти. Олдинги замонлардагидек бўш шишаларни ювиб, унга қайта суюқлик қуйиш истеъмолдан қолган. Тўғри, турли ўлчамдаги шишаларни бутун ҳолда эмас, синдирилган ҳолатда харид қиладиган тадбиркорлар пайдо бўлишди. Улар шиша синиқларини қайта қуйиб, турли ўлчамдаги шиша идишлар ишлаб чиқаришяпти.

Болалик вақтимизда қиш ойларида элатда кунора кигиз босиларди. Кигизчи усталар уй эгаси тўплаб қўйган қўй жунини яхшилаб ювиб, сув билан тинмасдан ҳўллаб турар, тўрт-беш билаги бақувват йигитлар уни думалоқ шаклда тинмай пишитиб боришарди. Сал бели бақувватроқ хонадон эгаси оддий қора кигиз билан кифояланмай, “таканават” аталмиш кигиз бостирарди. Таканават кигизларга турли бўёқларга бўялган жунлардан нақш тушириларди. Тун бўйи кигиз босиб, билакларимиз шилиниб кетарди.

Кигиз босилмай қўйганига чорак асрлар бўлди. Уйларни тўшашда кигиз ўрнини гилам ва палослар эгаллади. Яқиндагина таканават кигизини авайлаб-асраб, куя ейишидан сақлаган, фақат азиз меҳмонлар тагига солган кишиларнинг авлодлари бугун эшик остонасига довур гилам тўшашган.

Элатимизда ном қозонган Матёқуб кигизчи дунёдан кетганига ўн йиллардан ошди. Унинг боболаридан мерос ҳунари ўзи билан кетди.

Буларни нимага эсладик? Сабаби бор: ҳозирда айрим ношукур бандалар “Мустақиллик нима берди?” деб пичинг қилишади. Башанг кийинган, тагида яп-янги машина, қўлида қимматбаҳо телефон, иморати “европача услуб”да тикланган бу ношукурлар билан тортишиш ортиқча. Давраларда ўшандай кимсалар гап қўзғаб қолишса бир-икки савол бераман: “Сен чегаланган пиёла-чойнакда чой ичганмисан?”, “Уйингда нечта кигиз бор?” Ўша ношукурлар саволларимга жавоб тополмай анграйиб қолишади.

Буюк истиқлолга эришгач, ўтган қисқа фурсатда эришган, топганларимизни айтиб ўтирмайман – бу ҳақда ойнаи жаҳон ҳар куни бонг урмоқда. Мен мустақиллик туфайли тарихга айланиб кетган ижобий маънодаги “йўқотишларимиз”ни йодга оламан, холос.

Ҳа дарвоқе, “дегрезчилар” ҳақида эшитганмисиз? Бу нима ёки ким дейишингиз тайин. Денгизчилар эмас ҳар қалай.

Гапни кўпайтириб ўтирмайлик, бу касб ҳам истиқлол туфайли йўқотганларимиздан бири.

Рўзимбой ҲАСАН,
журналист

“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855