29.09.2025 | 15:37
289
КАРМАНАЛИК ЭРКСЕВАР ҚИЗ
Миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари қаторида хотин-қизлар борлиги кўпчилик учун янгилик. Аслида, Туркистон аёлларининг чавандозликда, қиличбозлик, камондан ўқ узиш сингари ҳарб ишларида моҳир экани, темурийлар қўшинида ҳам нозик хилқат вакилалари бўлганига тарих гувоҳлик беради. Уларнинг муносиб авлодларидан бири Нодира Раҳматиллабой қизидир. У ҳақидаги маълумот кўп эмас. Фақат тарихчи олимлар Қаҳрамон Ражабов ҳамда Саид Мансур Олимийнинг изланишлари туфайли қаҳрамон қиз ҳаётининг айрим саҳифаларига ойдинлик киритилган.

Нодира Раҳматиллабой қизи 1904 йили Кармана беклигига қарашли Зиёвуддин қишлоғида, зиёли оилада дунёга келган. Икки акаси чавандозлик, кураш ва мерганликда ўз музофотида тенгсиз бўлган. Улар мактаб сабоғини пухта ўзлаштирган сингилга ўз ҳунарларини ўргатади. Йигитлар орасида ўсгани учунми, ғайрати ичига сиғмаган қиз эркакча кийиниб от чоптирар, акалари билан беллашарди.
1923 йилда қишлоққа бостириб кирган қизил аскарлар Раҳматиллабойнинг икки ўғлини ўлдириб, одамларни талаб, қишлоқни вайрон қилади. Жигарларининг доғига чидолмаган қиз кўзёшдан фойда йўқлигини англаб, ўч олишга аҳд қилади. Тезда миллий озодлик ҳаракати гуруҳларига қўшилиб, икки йил давомида кураш олиб боради. Халқ орасида ном қозонган қизнинг жасорати одамларга умид беради, ҳатто, ёв олдида иккиланиб қолган эркаклар ҳам ундан ибрат олиб, қайта урушга киради.
Аммо шўролар қўли баланд келиб, истиқлол курашчилари сафи кундан-кунга қисқариб борар экан, 1925 йилда Раҳматиллабой қизини олиб Афғонистонга кўчиб кетади. Афсуски, юртдошларимиз бу ўлкада ҳам ҳаловат топмайди. 1929 йилда ҳокимият тепасига келган Нодиршоҳнинг таъқиб-у хўрликларига дучор бўлади.
Нодиршоҳ ўзидан олдинги ҳукмдорлардан фарқли равишда, Туркистондан келган қочқинларга илтифот кўрсатмайди, ҳатто советларга қарши курашаётган истиқлолчиларнинг дасталарига ҳужум уюштириб, аксариятига зарар етказади. Қўрбошилар қийин вазиятда қолиб, икки фронтда кураш олиб боришга мажбур бўлади. Иброҳимбек, Ўтанбек сингари қўмондонлар ҳам мана шундай хуружлар ортидан заифл ашиб, маҳв этилади.
Бир куни афғонлар кийимидаги икки йигит Раҳматиллабойнинг уйига кириб келади ва чолнинг ёқасига ёпишиб, тирик қолишни истаса, яшириб қўйган бойликларини топширишни талаб қилади. Маълум бўладики, улар маҳаллий аҳоли кийимидаги қизил аскарлар экан. Аскарлар борини олгач, ваъдага вафо ўрнига чол-кампирни ўлдиради ва қизга тажовуз қилмоқчи бўлади. Бундай ёвузликни кўрган Нодира ҳар иккисини қилич билан чопиб ташлайди.
Шундан сўнг Нодира туркистонлик муҳожир хотин-қизларни тўплаб, махсус гуруҳ тузади ва 1930 йили Таҳор вилоятининг маркази Толиқонда турган Иброҳимбек қўшинига келиб қўшилади. Машҳур лашкарбоши Иброҳимбек Кармананинг бу жасур қизи билан ота-бола тутинади. 1931 йили Иброҳимбек СССР ҳудудига кирганида, унинг қўшини сафи да Нодира ҳам бўлган. Айнан унинг гуруҳи қизил аскарларга кучли зарбалар бергани маълум. Афсуски, Нодиранинг 1931 йил ёзидан кейинги тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Нодира Раҳматиллабой қизининг қаҳрамонлиги ва мардона ҳаёти, бемисл шижоати ва ватанпарварлиги тарихий-бадиий китоблар ёки кино асарларда акс этса, барчамиз, айниқса, ёшлар учун ибратли бўларди.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 сентябрдаги 38-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



