Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


22.08.2025 | 12:17

img316

КЎНГИЛ ОВОЗИ

Ўзбекистон халқ артисти Афзал РафиқоВ билан икки пардали, тўрт кўринишли суҳбат

Биринчи парда.
Биринчи кўриниш. Театр.

– 1973 йил. Ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрига ишга келдим. Бошида саҳна ишчиси бўлганман. Болғамни камаримга қистириб, актёрларнинг саҳнадаги ҳаракатлари, юз ифодаси, овозини кузатардим. Беш йиллик институт таҳсили бир ён, устозларни кузатиш бир ён бўлган. У пайтларда саҳнада кимсан – Шукур Бурҳон, Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Сора Эшонтўраевалар роль ижро этарди. Уларнинг қадами теккан саҳнага, ҳатто, ўзлари йўқ пайтда ҳам актёр сифатида кўтарилиш кишида кучли ҳаяжон уйғотарди. Эҳ-ҳе, ана шу ҳаяжонни босиб олгунча озмунча вақт ўтмаган!

Шу орада режиссёр Баҳодир Йўлдошев Шиллернинг “Қароқчилар” пьесасини саҳналаштирди. Илк бор менга роль беришди. Бош қаҳрамоннинг дўсти Швейсерни ижро этганман. Бахтим бор экан, дебютим кўпчиликка манзур бўлган. Ҳатто, “Ўзбекистон маданияти” газетасида “Қутлуғ қадам” сарлавҳали мақола ҳам чоп этилган. Ҳозир ўйлаб қоламан, у пайтдаги санъатшуносларда ҳафсала зўр бўлган эканми… Улар ҳар бир спектаклга эринмай боришар, нафақат саҳна асари, балки ҳар бир актёрнинг ижросини атрофлича таҳлил қилишар эди. “Ярқ” этган истеъдодни пайқашса, албатта, жамоатчиликка маълум қилиб қўйишни ўзларининг бурчи деб биларди. Бугунги санъатимиз танқид қилинганда калтакнинг бир учи санъатшуносларга ҳам тегади. Чунки ҳозир театрларда қандай янги асарлар қўйилаётгани, вилоятлар театрларидаги янгиликлар ҳақида санъатшуносларнинг таҳлиллари воситасида эмас, асосан журналист ва блогерларнинг материаллари орқали танишяпмиз.

Актёр доим ўз устида ишлаши шарт. Ички ва ташқи оламини сайқаллаб бориши, ўзини ўзи меҳнат-у заҳматга рўбарў келтириши керак. Ҳар бир касбнинг ўз машаққати бўлади. Чидаганга чиқарган, санъатнинг қаттиқ нонини ейишни.

Иккинчи кўриниш.
Дубляж.

– 1968 йил. Киностудияда ишлайман. Дубляж бўлимида кино қўйиб бераман. Енгил иш, бўш вақт кўп. Дубляжчиларга киносини қўяман, ўзим уларни кузатаман. Микрофон олдида Раззоқ Ҳамроев, Яйра Абдуллаева, Ҳамза Умаров, Ёқуб Аҳмедов, Обид Юнусов, Тўлқин Тожиев ва бошқа санъаткорлар ўтиради. Бегона тилдаги киноасарларнинг она тилимизда жаранглашини эшитиб, завқ туяди киши. Яна денг, актёрларимиз шунчалик устаки, баъзан қаҳрамонлар характери асл овоздан кўра дубляжда кўпроқ очилгандай туюлади. Ҳар ҳолда, ўша пайтда менга шундай туюлган.

Тунги смена эди. Дубляж қироли Ҳамза Умаров “Майор Вихр” фильмида полковник образига овоз бериши керак экан. У кишининг кун тартиби ниҳоятда тиғиз бўлгани учун дубляжга асосан кечқурун вақт ажратарди. Менга ўхшаган бўйдоқ техник ходимлар кечки навбатчиликка ихтиёрий‑мажбурий олиб қолинарди. Кинони қўйиб бериб, кузата бошладим. Бир маҳал экранда ёш офицер пайдо бўлди. Полковник унга недир буйруқ берди, у эса қоида бўйича жавоб қайтариб чиқиб кетди. Икки оғиз сўз. Лекин шугинага ҳам овоз берилмаса, иш тўхтаб қолади. Ярим тунда бирор актёрни топиш амримаҳол. Шунда режиссёримиз Эсон Каримов мени чақириб: “Хўп бўлади, жаноб полковник”, жумласини ўқиб беришимни сўраб қолди. Жон деб рози бўлдим. Бу дубляж соҳасидаги илк қадамим эди.

Орадан олтмиш йилга яқин вақт ўтди. Театр қаторида дубляжда ҳам салмоқли ижод қилдим. Баҳони эса халқ беради, албатта.

Иккинчи парда.
Учинчи кўриниш. Ҳазрат Навоий.

– Ҳаёт ва ижод йўлимда яхши-ёмон кунларни кўп кўрдим. 1990 йилда театрдан кетмоқчи бўлганман. Чунки актёр ниҳоятда қарам одам. Режиссёрга маъқул келиш керак, директорга ёқиш керак, театр сиёсатига кўниш керак. Энг асосийси эса томошабинга манзур бўлиш даркор. Шунинг учун барчасига қўл силтаб кетмоқчи эдим. Аммо шу пайтда ҳаётимга бир қуёш кириб келди ёки мен бир каҳкашон бағрига кириб бордим. Камина ҳазрат Навоий ижоди билан яқиндан танишдим.

Бунга Баҳодир Йўлдошев сабабчи бўлди. Аслида у киши кўп йиллар олдин мени саҳнага олиб чиққан эди, бу сафар эса саҳнадан тушиб кетишимга йўл қўймади.

Мустақиллик арафасида театримизда Алишер Навоий асарлари асосида “Искандар” спектакли саҳналаштирилди. Навоий роли учун Ёдгор Саъдиев ва камина танланган эди. Аввалига ишонмадим. Чунки шу вақтгача асосан хориж пьесаларида ажнабий ролларни ўйнардим. Бирдан Навоийга ўтиш…

Ана шу роль, тўғрироғи, Навоий ижоди билан яқинлашув ҳаётимни буткул ўзгартириб юборди. Кимлигимни, қайси тамаддун вакили эканлигимни, қайси авлодларга мансуб бўлиб, томирларимда кимларнинг қони оқаётганини яққол англадим. Гўёки ҳаётим бошқатдан бошланди.

Шу боис ўшандан бери Навоий асарларини томошабинга етказишдан чарчамайман. Ўзимни ҳайратга солган сатрларни бошқаларга ҳам илинаман.

Ҳазрат билан танишув мени илҳомлантирган, ул зотнинг беқиёс ижодий мероси ўзига ром этиб қўйган эди. Нима иш қилсам ҳам Навоийни қандай усулда халққа янаям яқинлаштириш мумкинлиги ҳақида ўйлардим.

Ҳазрат Навоий ижодига қизиқиш “Хамса”дан парчаларни симфоник оркестр жўрлигида ижро этиш иштиёқини уйғотди. Дўстим, Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов билан маслаҳатлашиб, ижрони симфоник оркестрнинг жаҳон мусиқа дурдоналари ижросидаги мусиқа ва сўз жўровозлигида амалга оширдик. Тошкент давлат консерваториясининг катта залида ҳазрат Навоий таваллудининг 570 йиллигига бағишланган тадбирда “Хамса”нинг беш достонидан парчалар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. 2011 йилнинг кузида халқаро симпозиумда ушбу концерт такроран намойиш этилди.

Тақдир тақозоси билан 2014 йилдан бери Ўзбекистон давлат академик рус драма театрида фаолият олиб боряпман. 2016 йили режиссёр Бахтиёр Ҳамидов томонидан “Дегонимни улусға марғуб эт…” (“Иди, моё творение в народ…”) деб номланган спектакль саҳналаштирилди. Спектакль саҳнада бир вақтнинг ўзида ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида жарангларди: “Хамса”дан лавҳаларни Навоий тилининг аслиятида ўқиб бўлгач, ҳамкасбларим айнан шу лавҳани рус тилида ўйнаб беришарди. Ҳазрат таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан режиссёр Валихон Умаров “Ҳайрат ул-аброр”ни рус тилида саҳналаштирди. Томошабин тушунмаса керак, дидактик асар бўлса, панд-насиҳат кимга ёқади, деб ўйлаган эдим. Не ажабки, томошабин жуда яхши қабул қилди. Албатта, бу буюк аждодимиз сатрлари замиридаги оҳанрабодан бўлса керак.

Мен сўнгги 35 йиллик ижодим учун Навоий олдида қарздорман.

Тўртинчи кўриниш.
Гоҳи шодлик, гоҳи ғам…

– Ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа – Қуръони Каримнинг маънолар таржимасини овозлаштирганим, деб ўйлайман. Бу муқаддас китоб ўзбек тилида илк бор 1991 йилда чоп этилган эди. Таржимони – улуғ олим Алоуддин Мансур ҳазратлари. Илоҳий калом қалбимда нур сочар экан, дафъатан китобни аудио шаклда ёзиб олиш фикри туғилди. Баъзиларга ўқигандан кўра эшитган маъқул. Ниҳоят, 2007 йилда бу хайрли иш амалга ошди. Мақсадим: муқаддас оятлар таржимаси мазмунини оҳанг орқали янада тушунарли ва таъсирли қилиш эди. Ҳиссиётни беришга ҳаракат қилганман. Бу Қуръони Карим таржимасини овозлаштиришдаги илк тажрибалардан бири эди. Камчиликлар бўлгани табиий. Лекин кўпчиликка маъқул бўлди. Халқимиз илиқ қарши олди.

Овоз имкониятларимдан ана шундай фойдаланар эдим…

Навоий ҳазрат менга ирода, сабр ва шукрни ҳам ўргатди. Овозим бўғилиб қолганда, балки, шунинг учун у қадар довдираб қолмагандирман. Бу ёғи замонавий технологиялар ривожланяпти. Яқинда сунъий интеллект ёрдамида овозимни тиклашибди. Ўша эски овозимга ўхшаб ҳам кетади. Бу мени, албатта, қувонтиради. Энди ҳозир шу овозда ҳам, мана ишлаяпман, Худога шукр. Дубляжда ҳам қатнашяпман. 

Мендан “Армонингиз борми?”, деб кўп сўрашади. У кўнглим Каъбасида сақланиб турган нарса, уни ошкор қила олмайман. Умид ҳақида гапириш мумкин. Ноумид – шайтон. Лекин энди амалга ошириб бўлмайдиган нарсалар бор, уларни гапирса бўлади. Масалан, мен актёрликни танлаганимдан бери саҳнада Ҳамлет ролини ижро этишни орзу қилардим. Бир пайтлар устозим Баҳодир Йўлдошев мен билан “Ҳамлет”ни репетиция ҳам қила бошлаган эди. Бироқ охирига етмай қолди…

Бу ёғини кўраверамиз. Ҳаёт давом этмоқда.

Зарнигор ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855