10.01.2026 | 15:54
418
КЎНГИЛДА ҚОЛИБ КЕТГАН ГАПЛАР
Ойбекнинг ёш пайтларига тегишли бир ривоят бор: ёш, назаримда 4–5 ёшлик пайтларида бирор юмуш сабаб бўлиб, ойиси билан томга чиқади. Маълумки, у пайтларда томнинг усти сомон сувоқ билан сувалган, ясси ва текис бўлган. Ўшанда осмон мусаффо, ой ўзининг саховатли нурини ерга сочиб, чарақлаб турган экан. Тасаввур қилиш мумкин, ердагига нисбатан томда яна ҳам чароғон кўринган оyni кўриб бола ҳайратларга тушган.

– Ойи, ойи! Менга шу ойни олиб беринг! – деган экан Ойбек – ёш бола.
Шундан маълумки, бўлажак адиб ёшлигидан бошлаб гўзаллик шайдоси бўлган. Бу ҳол унга тахаллус танлашда ҳам қўл келгани, шубҳасиз. Оддий, маънодор сўз – Ойбек!
Ойбек шахс сифатида кўп жиҳатидан менга ибрат бўлди. У ўз фикр ва мулоҳазаларини кўп ўйлаб ўтирмасдан ўртага ташлайверадиган одам эмас эди. Бу ўринда у ниҳоятда вазмин эди. Халқнинг “Етти ўлчаб бир кес” деган мақоли гўё Ойбек хислатларига қараб айтилгандек сезиларди менга. Одамларга муносабатда ҳам Ойбек ҳақиқий инсон сифатида кўзга ташланарди. Кўчаларда юрган пайтларда унинг қўли доим кўксида эди. Адибнинг уйига ижодкор, ёзувчи, шоирлар, илм аҳли кўп келиб турарди. Улар билан муомалада ҳам Ойбек ўта маданиятли шахс сифатида кўзга ташланарди. Бирор етар-етмасчилик ёки бирор камчилик юзасидан жаҳли чиқиб, фиғони фалакка кўтарилган пайтларини ҳеч Ойбекда кузатган эмасман. Бир нарсага мен доим қойил қолардим. Ойбек ҳузурига келган ҳар бир кимса билан очиқ чеҳра, очиқ кўнгил билан суҳбат қура оларди. Меҳмон каттами, кичикми, ким бўлишидан қатъи назар, кўчагча чиқариб, қўли кўксида турган ҳолда кузатиб қоларди.
Барча бу жиҳатлари билан Ойбек мен учун ибрат ҳисобланган улуғ сиймо эди.
Бугун ўйлаб кўрсангиз, Ойбек ХХ аср адабиётида бутун бир давр, муҳим бир босқич эканлигини аниқлайсиз. Бу давр 30-йилларнинг охири ва 40–50–60-йиллардан иборат. Ойбек мана шу давр ичида тинимсиз равишда изланди, ишлади ва адабиётимиз тараққиёти йўлида йирик-йирик асарлар битди. У яратган шеър ва поэмалар, учта роман ва қиссалар фақат ўша давр адабиётининг ютуғи эмас, балки ижод тажрибаси сифатида, бутун бир мактаб сифатида шаклланган ижодий биография сифатида ёшларга сабоқ бўлиб хизмат қилди. ХХ асрнинг иккинчи ярмида ижод қилган қайси бир ёзувчини олманг, уларнинг ижодини Ойбек меросидан ажралган ҳолда тушуниш қийин бўлар эди.
Ойбек бутун ҳаётини Республикамизда адабиёт ва илм тараққиётига бағишлаган ва бу соҳада ўз куч-қудратини аямасдан ишга солган, шу йўлдан бориб кўп машаққатларни бошидан ўтказган, кўпгина дард ва аламли кунларни кўрган улуғ сиймодир! Ойбек номи халқ онгига шу даражада сингиб кетдики, катта-ю кичик бу ном айтилганида унинг ким эканлигини билмасдан туришини тасаввур қилиб бўлмайди. Шу маънода у бутун бир аср, яъни ХХ асрнинг йирик арбоби эди, назаримизда. Туғилган чақалоқларнинг камида юздан бири Ойбек номи билан аталади. Ойбек, Отабек адабиётимиздан кўчиб, халқ орасига кенг тарқалганлигининг нишонасидир бу. Иккинчи жиҳатдан ўзбек халқининг бадиий ижодга қай даражада яқин эканлигининг белгиси эмасмикин бу ҳол?!
Ойбек шундай улуғ ижодкорларданки, у нисбатан қисқа умрининг бир лаҳзасини ҳам бекор ўтказмаган. Ёшлигидан илм негизларини эгаллашга ҳаракат қилган. Ўша вақтда савод, илм учун зарур бўлган китобларни топиб ўқиган, ўрганган ва ҳар биридан ўзига керакли хулосалар чиқарган. Шундай бўлиши ўз-ўзидан маълум. Қарийб ўсмирлик чоғларидан бошлаб шеърият машқига берилган.
Бугун алоҳида таъкидлаш керак бўлган бир масала бор. Бу шундан иборатки, 30-йилларда мафкуравий тазйиқ ўта кучайган бўлиб, энди туғилиб вояга интилаётган ўзбек романнавислиги қаттиқ шикастланди. Биринчи ўзбек романнависи қамоққа олиниб, тоталитар мафкура қурбонига айланди. Унинг машҳур романлари “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” қатағон қилинди. Ҳатто шу даражага бориб етдики, кимники қўлида ёки уйида “Ўткан кунлар” ёхуд “Меҳробдан чаён” кўзга ташланиб қоладиган бўлса, ҳеч қандай сўроқсиз ҳибсга олинаверган, озодликдан тўла маҳрум қилинаверадиган бўлди. Шу қаторда Чўлпон ҳам ҳибсга олиниб, унинг “Кеча ва кундуз” романи ҳам мафкуравий жиҳатдан зарарли асарлар қаторига киритилди. Ўша даврнинг машҳур романларидан бири бўлмиш Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи ҳам қатағонга учради. Шундай ҳолат рўй бердики, роман ёзиб уни китобхонга тақдим қилиш ўта хатарли ишдек кўринадиган бўлди. Маълум бир давр давомида ижодкорлар бу ишга қўл уришдан қўрқиши табиий ҳол бўлиб қолди.
Бу йирик жанр майдонидаги бир неча йиллик жимликдан кейин Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи чоп этилиб, китобхонлар қўлига тегди. Бу ҳол мусаффо осмонда момақалдироқнинг гулдуросидек тасаввур қолдирди китобхонларда. Табиий, китобнинг майдонга келиши осон бўлмади. Қатор муҳокама, мунозаралар ташкил қилиниб, муаллиф номига танқидий фикрлар ҳам айтилди. Бу фикрларнинг бир қисми матбуот саҳифаларида ҳам кўзга ташланди. Романда маиший манзараларнинг кўплиги ва Россия инқилобчиларининг образлари асар тўқимасига тўлалигича киритилмагани танқид қилувчиларнинг асосий даъвоси эди. Бироқ оддий китобхон бу янги романни зўр иштиёқ ва қизиқиш билан ўқий бошлади. Китоб қўлдан қўлга ўтди. Кенг тарқалди, нусха жиҳатдан ҳам у етарли даражада чоп этилди.
Бу романнинг пайдо бўлиши шу жиҳатдан муҳим эдики, бутун бир йирик жанрнинг узилган занжири янгидан уланди. Ижодкорлар роман ёзавериш мумкин экан-да, деган хулосага келишди. Бу ҳол Ойбекка илҳом бағишлади. Унинг қалами тезкорлик билан ишга тушди. Ўткир фалсафий маънодаги шеърлари билан бир қаторда бир неча достонлар яратилди. Адиб йилдан йилга ўсиб, куч ва ғайратга тўлиб борди. Шикастланган роман жанрининг тараққиётини яна ҳам мустаҳкамлаш бурчи Ойбекнинг зиммасида эди.
Адиб Иккинчи жаҳон урушининг айни авжига чиққан йиллари Алишер Навоий ҳаётини акс эттирадиган “Навоий” романи устида иш бошлади. Тасаввур қилиш мумкин. Адиб “Қутлуғ қон”да тасвирланган воқеаларни болалик пайтларида ўз кўзлари билан кузатган бўлиши мумкин. Бироқ ўша пайтга нисбатан 500 йил олдин ўтган Алишер Навоий сиймоси билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларни топиб, бош сюжет ипига боғлаш осон иш эмас эди. Бунинг учун кутубхоналарда ёки китобсеварлар жавонларида чанг босиб ётган қўлёзмаларни обдон ўрганиш зарур эди. Ижод отига миниб олган Ойбек бу ишнинг уддасидан чиқа олди. Романнинг ёзилиши узоққа чўзилмади. Иккинчи жаҳон урушининг айни авжига чиққан йиллари асар чоп этилди. Тезкорлик билан роман рус тилида ҳам нашр қилинди.
Роман Ойбекка янгидан янги шуҳрат келтирди. Бу китоб ҳам қўлдан қўлга ўтиб ўқилди. Ўзбек ва рус китобхонлари орасида кенг тарқалди. Ўзбекистон ва Россия матбуотида роман ҳақида мақолалар эълон қилиниб, унинг бор фазилатлари тарғиб қилинди. Ўша йиллардаёқ Ойбек бу роман учун собиқ ССР Иттифоқининг давлат мукофотига сазовор бўлди. Шунга қараганда ҳамма ишлар жойида бўлиб, роман жанрининг тараққиётига катта ҳисса қўшилган ҳисобланарди.
Бироқ кутилмаганда мафкуравий ҳолат ўзгарди. Марказий бошқармалар томонидан жиддий мафкуравий камчиликлар топилган бўлиб, ўша даврдаги зиёлиларнинг бир қисми – ёзувчилар, бастакорлар, ҳатто баъзи аниқ фанларнинг етук вакиллари қаттиқ танқид остига олинди. Маълум даражада тоталитар мафкуранинг 1937–38 йиллардаги кирдикорлари янгитдан ишга тушгандек эди. Турли-туман тазйиқлар, матбуот ва нашриётларнинг қаттиқ назорат остига олиниши, айрим етук арбобларнинг ҳибсга олиниб, сургун қилиниши бошлаб юборилди. 50-йилларнинг бошларида навбат Ойбекка ҳам етиб келди. 1952 йили Ўзбекистон Марказқўми пленумида бир неча ёзувчилар қатори Ойбекнинг номи ҳам тилга олиниб, қаттиқ танқидга учради. Танқиднинг маъноси шунда эдики, “Ойбек гўё ўтмишни улуғлаяпти”, яъни ўрта асрдаги феодал тузумга хос бўлган ҳаётни қўмсаяпти. “Навоий” романига нисбатан айтилган бу танқидий фикрлар тоталитар мафкура нуқтаи назаридан ўта жиддий ва хатарли ҳисобланарди. Шундай бир ҳолат юзага келдики, фақат “Навоий” романи қисмати эмас, балки роман муаллифининг ҳам ҳаёти қил устида тургандай бўлди.
Воқеа Ойбекнинг қаттиқ бетоб бўлиб қолиши билан якунланди. Натижада куч-ғайратга тўлиб-тошган адиб узоқ муддатга сафдан чиқди, тилдан ажралди. Узоқ даволанишлар натижасида адибнинг онги, иш фаолияти қайта тикланган бўлса ҳам, бетобликнинг асорати унинг тили ва умумқийофасида сезилиб турарди.
Бугун “Навоий” романига назар ташласак, унда заррача ҳам мафкуравий ғализлик борлигини англаш қийин. Романда адибнинг асосий мақсади улуғ шоир Алишер Навоийнинг кенг ва кўламли ижодида ўзига хос инсонпарварлик ғояларини очиб беришдан иборат эди. Ойбек шу вазифани аъло даражада бажаради.
Ойбекнинг “Навоий” романи “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Сароб”лардан услуб жиҳатдан фарқ қилади. Бу роман ортиқча тўқималардан холи бўлиб, тарихан ҳаётда рўй берган аниқ маълумотларни тадқиқ қилган ҳолда ёзилган илмий романдир. Шу маънода “Навоий” ўзбек адабиёти тарихида яратилган том маънодаги тарихий-биографик романдир. Шу жиҳатлари билан “Навоий” ўзбек романчимлигининг янги босқичи эди, деган хулосага келиш мумкин.
Шундай бўлса ҳам, бу романнинг бадиий тўқимасида, юқорида қайд қилганимиздек, маълум даражада тўла ҳақиқатни баён қилишда тоталитар мафкуранинг халал берган нуқталарини кўриш қийин эмас.
Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий номидаги Адабиёт ва тил институти Ойбек асарларининг 20 жилдлик академик нашрини тайёрлади ва чоп эттирди. Адибнинг кўпгина асарлари чет тилларига таржима қилиниб, нашр этилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ойбек Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғуломлар билан бир сафда туриб, ХХ аср ўзбек адабиёти тараққиётига беназир ҳисса қўшган улуғ сиймодир. У бадиий ижод билан баробар илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам банд бўлган. Бу жиҳатини ҳисобга олганда Ойбек том маънодаги академик ижодкор эди.
Юқорида Ойбекнинг тахаллусига тегишли бир ривоятни эслаган эдик. Матнни шу ривоятнинг шарҳи билан якунлаш маъқул кўринади. Гап шундаки, Ойбек ХХ асрнинг бошларида, яъни 1905 йили бамисоли янги ой сингари дунёга келди. Вақтлар ўтиб, у ўсди, улғайди. Умрининг маълум бир даврида у йирик адиб сифатида шаклланиб, ўзбек элига ёруғ нур таратиб турди. Бироқ худди шу йиллари Ойбек тоталитар мафкура тазйиқига дуч келди. Табиатда биз ойнинг тутилиши ҳодисаларини кўрганмиз. Айрим онларда ойнинг бир қисми, баъзан тугаллигича қоронғилашади. Илмий маънода ва халқда бунга “ой тутилиши” деб аталади. Ўз адабий тахаллусини “ой” сўзига боғлаб танлаган адибнинг тўлин ойдек даврига эришган пайтлардаги қисматини ўша ой тутилишига ўхшатиш мумкин.
Юқорида айтганимиздек, ойнинг тутилиши табиий ҳодиса. Ўзбек адабиёти оламига тўлин ойдек нур сочиб турган Ойбекнинг мафкуравий тазйиққа дуч келиб қолиши тоталитар мафкура ҳукмронлик қилиб турган пайтларда учраб турадиган ижтимоий ва сиёсий ҳодисалар билан боғлиқдир. Демак, яхши ният билан танланган тахаллус гўё табиатда рўй берадиган ой тутишларини эслатаётгандек кўринади бугун бизга.
Матёқуб ҚЎШЖОНОВ,
академик
“Жадид” газетасининг 2026 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



