07.01.2026 | 12:24
329
МАДАНИЙ ИСЛОҲОТ ТАРИХИ
Таниқли маърифатпарвар Ҳожи Муиннинг «Марҳум Беҳбудий ва рафиқларининг шаҳид бўлғонликлари ва улар томонидан ёзилган васиятнома» («Меҳнаткашлар товуши», 1921 йил 28 март) ҳамда «Маҳмудхўжа Беҳбудий» («Зарафшон», 1923 йил 25 март) каби мақолалари бехбудийшунослар ва жадидсеварлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Мақолаларда ёзилишича, Маҳмудхўжа Самарқанд шаҳри яқинидаги Бахшитепа қишлоғида Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли оиласида туғилган. Отаси асли туркистонлик бўлиб, Хожа Аҳмад Яссавий авлодларидан, она томондан бобоси Ниёзхўжа асли хоразмлик бўлиб, XVIII аср охирларида Самарқандга кўчиб келган. Маҳмудхўжа отаси вафотидан сўнг тоғаси Мулла Одилдан араб тили бўйича сабоқ олган. Шунингдек, қозихонада мирза бўлиб ишлаган Мулла Одил Яхшибой ўғлидан ва Самарқанд мадрасасида тоғаси Мулла Сиддиқдан таҳсил кўради, кейин Бухоро мадрасаларида ўқийди.
Беҳбудий 1899–1900 йилларда тўнғич фарзанди вафотидан сўнг ҳаж зиёратини ўтаган, унга бухоролик маърифатчи Ҳожи Бақо йўлдош бўлган. У зиёратга Кавказ – Истанбул – Қоҳира орқали борганини «Қасди сафар» асарида ёзиб ўтган. Беҳбудий Миср ва Истанбулда бир муддат яшайди. 1903–1904 йилларда Москва ва Петербургга боради. Сафардан сўнг ўзининг маслаҳати билан очилган Саидаҳмад Сиддиқий ва Абдуқодир Шакурийнинг жадид мактаблари учун дастур ва қўлланмалар ёзишга киришади.
1906 йил 23 августда Нижний Новгородда ўтказилган Россия мусулмонлари қурултойида Туркистон делегациясининг раҳбари сифатида қатнашади ва мусулмон маданияти тўғрисида нутқ сўзлайди.
Сафардан қайтгач, Самарқандда «Беҳбудия» кутубхонаси ва қироатхонасини ташкил қилади. 1913 йил 16 апрелдан «Самарқанд» газетасини чиқара бошлайди, «Беҳбудия» матбаасини ташкил этади. Газета ёпиб қўйилгач, «Ойина» журналини таъсис этиб, унинг бош муҳаррири ва ношири сифатида фаолият юритади.
1914 йил 9 майидан яна сафарга отланиб, Байрамали, Ашхобод, Красноводск каби туркман шаҳарларидан ўтади ва Каспий денгизи орқали Одессага келади, Истанбул, Адирна каби турк шаҳарларида бўлади. Сўнгра Қуддус, Байрут, Хубрун, Дамашқ, Қоҳира, Макка каби йирик шаҳарлардан ўтиб, яна Одесса орқали Европага қайтади. Сафар давомида кўрган-кечирганлари ва маърифий маслаҳатлари «Ойина» журналида давомли бериб борилади.
Журнал иқтисодий танглик ва мустамлака маъмурларининг қистови билан ёпилгач, Маҳмудхўжа Беҳбудий Кобул қозихонасида муфтий вазифасида ишлайди. Орадан бир йил ўтгач, «Зарафшон» ширкатига асос солади. Бу ширкатнинг йирик ишларидан бири «Ҳуррият» газетасининг ташкил этилишидир. Газетага дастлаб 1917 йилнинг 15 апрелидан Мардонқул Муҳаммадзода муҳаррирлик қилади, нашрнинг 27 сонидан Беҳбудий таклифи билан Абдурауф Фитрат муҳаррирликка жалб этилади. Шу йилнинг ўзида «Нашри маориф» жамиятини таъсис этади, бир қатор хайрия жамиятларининг ишларида қатнашади.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қизғин фаолияти нафақат «Самарқанд» газетаси ва «Ойина» журнали, балки бутун Туркистон матбуотида фаол қатнашгани, бири ёпиб қўйилган тақдирда янги ноширлик ва матбаа идораларини очишга интилгани унинг Ватан озодлиги учун толмас курашчи бўлганидан далолат беради.
Шу ўринда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқанд муфтийси бўлиб ишлаб юрган даврида Россия III Давлат Думаси Мусулмон фракцияси учун тайёрлаган «Туркистон маданий ислоҳоти лойиҳаси» ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Ушбу лойиҳа матни 9 боб, 4 қўшимча бўлим ва 25 банддан иборат. Тартиб бўйича 1 дан 25 рақамга қадар жойлаштирилган. Матн «III Думанинг эҳтиромли Мусулмон фракцияси ғайратли вакилларининг мажлис аҳлига мурожаат» деб бошланади.
Кириш матнида ёзилишича, Туркистон учун II Думага ёзилган бу ҳужжат Дума тарқатиб юборилгач, қабул этилмаган. Шунинг учун муаллиф уни III Дума қатнашчиларига Россиянинг 20 миллион мусулмон халқи номидан мурожаат билан бошлаган ва ҳужжатга:
«1907 сана, ноябр. Самарқанддан иттифоқи мусулмин идора марказияси аъзолариндан муфтийи дорулқазо Самарқандий Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа ўғли» — деб имзо қўйган.
Ҳужжатнинг 1-бўлими Дума хусусида бўлиб, унинг биринчи моддасида давлат Думаси учун Туркистон аҳолиси номидан «исломияга мутаносиб вакил» сайланиши айтилган, чунки Туркистон аҳолисининг аксарияти маҳаллий мусулмонлардир. Кейинги моддаларда ҳукумат ишлари ва мажлисларига Туркистон аҳолисининг ададидан келиб чиқиб ўрин ажратилиши ва жалб қилиниши кўзда тутилган.
2-бўлимда Россия мусулмонларининг раиси ўз вазифасини ижро этиши учун Петербург шаҳрида «маҳкамаи исломия» барпо бўлиши ва унинг раҳбари мусулмонлар томонидан сайланиши лозимлиги айтилган.
3-бўлим Туркистон идораси хусусида бўлиб, «Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Семиреченский – Еттисув, Закаспий вилояти Баҳри Ҳазар областларидан иборат Туркистон ўлкасига бир идораи руҳония ва дохилия барпо бўлиши» ва унинг маҳкамаси Тошкент шаҳридан бошқарилиши сўралган. Сўнгра Туркистон идораи дохилия таркиби, унинг вилоятлардаги шўъбалари хусусида сўз боради.
4-бўлим «Идораи руҳония ва дохилия аъзоларининг хатти-ҳаракати» деб номланиб, унда маҳкама ишига мутасадди бўлган шайхулислом ва охунд вазифалари белгиланади ва мазҳабчилик айирмаси, яъни «бошқа важҳга сунний ва шиъа орасида фарқ бўлмаслиги» уқтирилади.
5-бўлимда бу идора тасарруфидаги ишлар: маҳаллий рус маҳкамаларига саволнома ва раддия (протест) бериш ва «халқ ҳуқуқини ҳукумати маҳаллийадан талаб этмоқ ва ҳимоя қилмоқ» деб белгиланган. Бу идора мерос-валодат (туғилиш), усубат, ҳазонат (бола боқиб олиш ва тарбиялаш), никоҳ-талоқ, рўзғор ва оила ишлари, кўчар ва кўчмас мулк масалалари ҳамда номус даъволари билан машғул бўлиши кўзда тутилган.
Мазкур бўлимнинг кейинги моддаларда масжид, мадраса, мактаб, вақф, васият ишларига масъул шахслар, улардаги муттавалли (ҳисобчи) ва нозирлар фаолияти, диний ва дунёвий таҳсил тартиби мактаб ва мадраса дастурларида акс этиши лозимлиги таъкидланган. Туркистон қозилари «шаръий, урфий, тижорий ва замоний ишларни сўрамоқлари учун дастуруламал ва қонунномалар тасниф этмоғи» лозимлиги баён қилинган. «Урф ва расм номи билан жорий одоти қабиҳаларни тадрижий йўқ бўлишига саъй ва тадбир қилмоқ»лиги айтилган. Айни масалада Беҳбудийнинг бир қатор мақолалари ҳам эълон қилинган бўлиб, унда тўйлардаги ортиқча ҳашам ва исрофгарчилик, ўлим муносабати билан ўтказиладиган ношаръий маросимлар ҳақида танқидий фикр юритилган.
Барча мактаблар — хоҳ руҳоний бўлсин, хоҳ миллий ва дохилий бўлсин — уларга ишга кирадиган ўқитувчилар ва таҳсил оладиган ўқувчилар учун имтиҳонлар белгиланиши, мактабни битиргач шаҳодатнома берилиши ва уларнинг тартибли равишда бажарилиши учун назоратлар ўрнатиш талаби баён қилинган. Ер-сув масалаларини ҳал этишда Туркистоннинг дохилий маиший ҳаётини яхши билган кишиларнинг мутасадди бўлиши, бу борада қонунлар чиқариб, унга амал қилиш таъминланиши ҳам сўралган.
Ҳужжатнинг 6-бўлими «Идораи руҳония ва дохилия масъулияти» ҳақидадир. Идора, шўъбалар ва ижроия маҳкамалар ишлари бўйича дорулқазо, раис ва аъламлар, уларнинг хиёнат ва жиноятлари доимий суратда тафтиш қилиб турилиши маҳкаманинг биринчи иши эканлиги англатилган.
7-бўлим «Туркистон қозилари хусусида» бўлиб, уларнинг сайланиш тартиблари, ўз касбига муносиблиги, ишга тайин этилиши ва бўшатилиши мазкур идора ихтиёрида эканлиги алоҳида қайд қилинган. Бир қози ишидан норози киши тўрт қозидан иборат ҳайъатга мурожаат этиши, қозилар томонидан ёзиладиган ҳужжатлар, ҳукмнома ва қайд дафтарлари туркча (ўзбекча) ёзилиши талаб этилган. Туркистон ҳудудида умумий тижорат хоналарида, ажнабийлар (чет элликлар) даъволари, ғайридинлар билан бўладиган можароларда ҳам қонунномаларга мувофиқ иш юритилиши кўзда тутилган.
Ҳужжатнинг 8-бўлими «жоний ва бадкорлар» (жиноятчи ва ахлоқсизлар)га бағишланган бўлиб, Туркистонда уч маротабадан ортиқ ўғрилик ва бошқа жиноятларни содир этганлар юрт ҳудудидан муваққат (маълум муддатга) ёки муаббад (бир умрга) ҳайдалиши айтилган. Туркистонлик бўлмаганлар содир қиладиган жиноятлар ҳам тегишли тартибда ҳукм этилиши лозимлиги таъкидланган.
Лойиҳанинг сўнгги 9-бўлими «Туркистон яҳудийлари ва ажнабийлари» деб номланиб, Туркистон ҳудудида қонун барчага баробар эканлиги, содир бўладиган можаро ва савдолар қонун доирасида амалга оширилиши, туркистонлик бўлмаганлар учун ҳам маҳаллий қози ва идоралар томонидан белгиланган қонунларга риоя этилиши, булар амалга ошмаган тақдирда уларга кўриладиган чоралар Туркистон қозойи маҳкамаларида амалга оширилиши сўралган.
«Вақфлар хусусида», «Умумий мактаблар» ва «Сув ва ерлар хусусида» каби моддалар ҳам Туркистон ерли аҳолиси ҳимояси нуқтаи назаридан тартибга солинган. Қўшимча қилинган масалалар асосий ҳужжатда баён қилинган моддаларнинг ижроси учун кўрсатмалардир: «Россияга умумий ўқитув масала ва моддаси Туркистонни мусовийаи муштамил бўлсин; Туркистон мактаб ва мадрасалари ҳукумат назоратида бўлсин; умумий ўрта ва олий мактабларга мусулмонлардан комиссия тайинлансин; рус ҳарфи мусулмон мактабига жабрий бўлмасин».
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг буюк ислоҳотчилик қарашларини янада чуқур ўрганиш ва англашга ёрдам берадиган мазкур «Туркистон маданий ислоҳоти лойиҳаси» Исмоил Ғаспиралининг шахсий архивидан топилган. Бу лойиҳа Думада кўрилгани ёки нашр этилгани ҳақида маълумотга эга эмасмиз.
Лойиҳа кейинчалик Ғаспиралининг фарзандлари томонидан таниқли жадидшунос олим Темур Хўжага тақдим қилинган. Олим унинг матнини туркча таржимаси билан нашр этгани туфайли эндиликда ушбу манбани ўқиб, таҳлил қилиш имконияти туғилди.
Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ,
филология фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
831
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



