Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


25.07.2025 | 11:56

img220

МЕҲР-У ИХЛОСИМГА БОИС…

Ваҳоб Раҳмон билан мени бир-биримизга яқинлаштирган воситалардан бири атоқли шоир ва мутафаккир, истеъдодли саркарда, адолатли ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг хотирасидир.

Ҳар йили 14 февраль куни ҳазратнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро ё анъанавий йиғинлар вилоят ҳокимлиги ва Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан Андижонда ташкил этилади. Мазкур илмий-адабий анжуманларда Ваҳоб Раҳмон ҳам Бобур ижодий фаолиятининг у ёки бу қиррасига оид маърузалари билан фаол қатнашарди. Фонд раиси Зокиржон Машрабов матншунос, навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмонни фонднинг яқин аъзоси, ҳамкори мақомида Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этиш, унинг номини абадийлаштириш борасидаги бошқа жорий тадбирларга ҳам чақирадиган бўлди. Шундан буён Ваҳоб аканинг бир оёғи Андижонда. Биз энди у билан Бобур фондида тез-тез учрашадиган бўлиб қолдик.

Йиллар давомида Ваҳоб ака Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини бир неча бор нашрга тайёрлади. Бобур фонди буюртмасига кўра “Бобурнома”нинг эски ўзбек лисонидан замонавий тилимизга табдилини амалга оширди (адабиётшунос Каромат Муллахўжаева билан ҳамкорликда) ва бу китобларга сўзбошилар ёзди, изоҳлар битди. Бобурнинг холаваччаси, кўп йиллар Кашмирда ҳукмдорлик қилган Хайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” мемуар асарини форсчадан ўзбекчага ўгириш (рафиқаси, ажойиб олима, таржимон Янглиш Эгамова билан), “Бобур энсиклопедияси”ни яратиш ва нашрга тайёрлашдаги хизматларини адабий жамоатчилик юксак қадрлайди.

Ваҳоб акага қойил қолишим сабабларини ҳам айтиб ўтишим керак. У маҳалларда ака Гулистон шаҳрида яшар ва Сирдарё давлат университетида ишларди. Андижонга кўпинча Тошкент орқали келар ва яна шу йўналиш билан Гулистонга қайтарди. Шундай қатновларини ўйлаб, Ваҳоб аканинг ҳафсаласига, сабр-тоқатига, матонатига, фидойилигига тан берардим. Бирор марта йўлнинг айланалиги, узоқлигидан нолигани, кўп вақти йўлга кетиб қолаётганидан зорланганини билмас, эшитмас эдим. Зокиржон Машрабов мени ҳам тез-тез Бобур фондининг Боғишимол мавзеидаги идорасига чақириб турар, айрим вақтларда ўз ишларимдан қизғаниб ё шунчаки эриниб (масофа 40 чақирим атрофида), важ кўрсата бошласам, Зокиржон ака: “Гулистондан дўстингиз Ваҳоб Раҳмон келган, кўришиб кетсам, яхши бўларди, деяпти” дея писанда қилар, шунда мен ўз қилиғимдан хижолат чекиб, қолаверса, қадрли меҳмон билан дийдорлашиш, суҳбатлашиш иштиёқида дарҳол йўлга тушардим.

Каминани Ваҳоб ака билан жипс боғлаган омиллардан яна бири – ҳамсафарлик. Инсон мансабда ва сафарда синалади деган гап бор. Бу хулосанинг бежиз эмаслигини, албатта, бошидан ўтказганлар яхши билишади.

Бобур халқаро жамоат фонди қошидаги халқаро илмий экспедитсиянинг навбатдаги (2011-йили) муҳим йўналиш ва дастури – Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва ҳукмдорлик фаолиятининг муайян бир даврини – Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонга қарши юриши асносида босиб ўтган собиқ Дашти Қипчоқ ва бошқа манзилларини, хусусан, ўша машҳур тўқнашув содир этилган маскан ҳамда жанг билан боғлиқ тарихий ҳодисалар, тафсилотларни ўрганишдан иборат эди. Экспедитсия раҳбари Зокиржон Машрабовда мазкур сафар тўғрисидаги мақсад ва режанинг пайдо бўлишига ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар сабаб бўлган эди. Хабарда Россиянинг Варна туманида “Темур минораси”, “Ксене сағанаси” деган атамалар билан ном қозонган тарихий ёдгорликнинг барпо этилишига боис бўлган маъшуқа қизнинг Амир Темур авлоди ё ҳарамига мансублиги айтилган эди. Ушбу маълумот аслида тор доирадаги илм аҳли, муаррихларга маълум бўлса-да, уни ҳамма билавермас, боз устига, қадимшунослар ҳам мазкур далилга нимагадир эътибор қаратишавермас эди.

Бобур Мирзо ва унинг сулоласига оид ҳар қандай янгиликни кўзига тўтиёдек сурадиган Зокиржон Машрабовни ғоят қизиқтириб қўйган мазкур муждани эса унга Ваҳоб Раҳмон етказганди. Аввалига фонд раиси Ваҳоб ака билан самолётда бориб-келишни ҳам чамалади, лекин у одатда мўлжаллаган ишлари, режалари дурустроқ салмоқ ва аҳамият касб этиши зарурлигини инобатга олиб, сафарни автомобилда амалга оширишни лозим топди.

Хуллас, Зокиржон Машрабов бошчилигида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти лауреати Муҳаммад Али, филология фанлари номзоди, адабиётшунос Ваҳоб Раҳмон ва каминадан иборат экспедитсия аъзолари ёш бўлса-да, тажрибали ҳайдовчи Аҳмаджон бошқарувидаги корейслар “тулпори” Хундай-старексда “Қайдасан, Варна?” деб, йўлга тушдик.

Интернет хабарида айтилган “Темур минораси”ни топдик. У туман марказидан четроқда – бепоён кенгликлар оғушида, Новопакровск йўлидан юз қадамча ичкарироқда салобат билан қад кўтариб турарди. Ваҳоб ака ёдгорликни шарҳлаб, у билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ўша даврда яшаган ўзбек шоири Сайфи Саройининг “Сухайл ва Гулдурсун” достонида қандай тасвирлангани ҳақида ўзига хос ҳаяжонли оҳангда батафсил гапириб берди.

Варна ўлкашунослик музейида мозийгоҳ ходимлари билан “Темур минораси” юзасидан саволларимизга жавоб олишга, мазкур ёдгорлик тўғрисидаги “миш-миш”лар ва тарихий ҳақиқатларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Татаристон марказида эса Қозон университети тарихчи ва филологлари билан ўзбек-татар адабий алоқалари мавзусида бафуржа мулоқот-мунозара ўтказдик. Яна, бу суҳбатда “Бобурнома”нинг 1957-йили турколог олим И.М.Илминский томонидан дастлаб шу ерда китобат қилингани ва бу нашр асарнинг Лондон нусхаси билан бирга Ўзбекистонда чоп этилган нашрларга асос бўлганига алоҳида урғу берилди.

Юқоридаги учрашувлар, мулоқот-мунозараларда Ваҳоб Раҳмон ўзбек классик шоир-ёзувчилари билан бир қаторда қозоқ, рус, татар адабиётларини ҳам чуқур билишига имоним комил бўлди. Саналган халқларнинг қайси намояндаси ижоди ҳақида сўз кетса ё бир савол туғилса, Ваҳоб ака бошқалар билан баробар, балки улардан кўпроқ маълумотга эгалигини баралла намоён этар, ҳар қандай жумбоқли, мунозарали вазиятдан ишончли мисоллар, далиллар билан қоқилмай, тутилмай, ғолибона чиқа оларди. Бундай ҳолатларда мен ич-ичимдан фахр ва қониқиш туяр, Ваҳоб аканинг экспедитсияга қўшилгани айни муддао бўлган экан деган гап кўнглимдан қайта-қайта ўтарди.

Самара вилоятида Соҳибқирон билан Тўхтамишхон ўртасида бўлиб ўтган ва Турон мамлакати султони ғалабаси билан якунланган муҳораба бўлган жойларни ўрганиб, ўша жанглар билан боғлиқ ва бошқа тарихий далил, ҳодисаларни муҳокама қилар эканмиз, Ваҳоб аканинг жонажон мамлакатимиз – Ўзбекистон тарихини ҳам теран билиши мени лол қолдирарди. Ҳар қандай суҳбат-музокараларимиз эса ўз-ўзидан адабиёт мавзусига бориб туташар ва беихтиёр мушоирага киришиб кетганимизни ҳам пайқамай қолардик.

Ваҳоб Раҳмонни мен истеъдодли, ўз фикрини дадил ва дангал айта оладиган адабиётшунос олим деб билардим, унинг шеър ёзиши, дурустгина шоирлигидан мутлақо бехабар эканман. Ҳажман анча йирик фалсафий-лирик шеъри ҳам, жарангдор овоз билан ифодали ўқиши ҳам ўзига жалб этгулик эди.

Ваҳоб Раҳмонга бўлган ҳурматим, ихлосимнинг ошишига боис бўлган учинчи омил – унинг мумтоз адабиётимиз, айниқса, Алишер Навоий асарлари нашрларидаги имловий, грамматик саҳв-у хатолар борасидаги куюнишлари, жонкуярлигидир. Маълумки, даҳо, мутафаккир шоиримиз сатрлари қатларига жо этилган тагмаъноларни илғаб олиш осон эмас. Қолаверса, шеърият султони асарларида араб, форс ва бошқа чет сўзлар ниҳоятда кўп қўлланиши натижасида уларни уқиш, тушуниш муаммоси янада оғирлашади. Шунча қийинчилик ва муаммо устига турли сабабларга кўра сўзларнинг қўлёзмалардан ва китоблардан, араб имлосидан кирилл ҳарфига кўчириш жараёнларида йўл қўйилган хатоларга нисбатан (улар шу қадар кўп), қўполроқ бўлса ҳам дард устига чипқон, “хол қўйиш” ибораларини қўллаш мумкин. Ваҳоб ака Навоий асарларининг 10, 20 жилдликларининг ҳар бир китобида минглаб хато ва янглиш сўзлар бор деса, дастлабки пайтларда муболаға қиляптиёв деб ўйлардим. Бундай хатоликлар борасидаги Ваҳоб Раҳмон тузатишлари ва шарҳларининг, у кишининг таъбири билан айтганда “бомба” мақолачаларнинг бир нечтасини камина бош муҳаррирлик қилган “Холис” ижтимоий-оммабоп газетида ҳам эълон қилган эдик. Кейинроқ Ваҳоб аканинг “Мумтоз сўз сеҳри” китобида келтирилган, тузатиш-ўнглашга сабаб бўлган хатоликларга, бунинг оқибатида келиб чиқадиган янглиш сатрлар, фикрлар, образларга гувоҳ бўлгач, тўғриси, юрагим шувуллаб кетди. Наҳотки биз, умуман, китобхонлар, ихлосмандлар Навоий ғазаллари-ю достонларини шу алпозда ўқиётган, ўрганаётган бўлсак, деган таажжуб ва таассуф, демак, мазкур асарларни яхши тушунмаслигимиз сабабларидан бири ана шу “хол”лар билан ҳам боғлиқ экан-да, деган ачиниш хаёлимдан кетмай қўйди. Мана, бир мисол:

Эй Навоий, гар вафосиз чиқди
ул Султон Ҳусайн,
Топдинг элдинким,
тиларсен эмди султондин вафо?!

“Ўша байт мазмунига боқсак, муаллиф шоир Ҳусайн Бойқарони очиқчасига вафосиз деб ҳақорат қилмоқда, – дея куюниб ёзади Ваҳоб Раҳмон. – Бунга нима дейсиз? Бу усул Алишер Навоий руҳини қақшатиш эмасми? Ҳолбуки, шоир ёзган эди:

Эй Навоий, гар вафосиз
чиқти ул султони ҳусн,
Топдинг элдинким,
тиларсен эмди султондин вафо?”
(“Мумтоз сўз сеҳри”,110-11-б)

Дарҳақиқат, Навоийдек бетакрор, зукко шоир, оқил, донишманд инсон ўзининг умрлик дўсти-қадрдони, боз устига, уни юксак мансаб-мартабалар ва бошқа ғамхўрликлар билан сийлаб юрган, ижоди ва номини ҳамиша иззат-икромда тутган юрт подшоҳи шаънига шундай таъна, айблов битиши мумкинмиди? Энг ачинарлиси, мазкур бузуқ байт ва бошқа хатолар асрдан бери китобдан китобга, барча олий, ўрта махсус ўқув юртлари талабалари-ю мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган дарсликлар, қўлланмаларда ҳам биридан иккинчисига ўтиб келаётган экан.

Эҳтимол, бу “хол қўйиш”ларда фақат матншуносларнинггина эмас, бошқа масъул шахслар – ношир, муҳаррир, мусаҳҳиҳларнинг ҳам “ҳиссаси” бордир, аммо қай бирини оқлаб бўлади ва ким айбдор, ким заҳматкашлигининг аслиятдан мутлақо бехабар бечора китобхонга қандай аҳамияти бор? Балки, кўҳна имлонинг зер-у нуқталари олимларга, тадқиқотчиларга кўп панд бергандир, заҳмат-у ташвишлар келтиргандир, аммо шўринг қурғур ўқигувчида нима гуноҳ?

Навоий асарлари аслиятидаги, айтайлик, “энг” (ёноқ) сўзини “енг” (кийимнинг енги), “маъман” (маскан)ни “маъни” (маъно), “ойтти” (айтти)ни “ояти”, “бабр”…ни “бир”, “ёғиб”…ни “ё ғайб”, “ҳамул”…ни “ҳам ул”, “меҳр”…ни “ҳажр”, “бир Билол”…ни “пур ҳилол” (ва ҳоказо) тарзида, мазмуни бутунлай тескари қилиб кўчирилган бесаноқ хатоларни ўқигач, бечора Ваҳоб аканинг қуйидаги фарёди сабаби, маънисини англагандай бўлдим. У бир журналистнинг “Ваҳоб ака, сиз тажрибали матншуноссиз. Матнларни аёвсиз танқид қиласиз… Наҳотки улар шунчалик танқидга лойиқ бўлса?” деган саволига жавобан шундай деган экан:

“…Нашрга тайёрловчилар матн мазмунини идрок этолмасалар, матнни эски ёзувдан бузиб кўчирсалар, ҳар бир китобда юзлаб хатолар учраса, мен дод демай, ким дод десин?!” (Юқоридаги китоб, 110-б.)

Ҳа, бу “дод” улуғ аждодларимиз ижодининг китобхонларга, халққа аслидагидай, бенуқсон етказиш, уларда нотўғри тушунча ва тасаввур юзага келмаслиги учун сидқидилдан қайғурган, курашган фидойи олимнинг фарёдидир.

Албатта, мумтоз адабиётимиз намуналарини яхши ниятлар билан, катта заҳматлар ила нашрга тайёрлашдек жуда масъулиятли, хайрли вазифани адо этганларга миннатдорлик билдириш ва улар шаънига таҳсинлар айтишга бурчлимиз. Зеро, беш- аср илгари битилган катта ҳажмдаги, балки айримлари бир қадар эскирган қўлёзмаларни ўқиш, сўзма-сўз ўзга имлога кўчириш сердиққат, машаққатли юмуш эканлигини, бундай серкўлам ва мураккаб ишларда анча-мунча хатолар, англашилмовчиликлар, камчиликлар бўлиши табиийлигини яхши англаймиз, лекин гап шундаки, хатолар “анча-мунча” деган қолипдан ошиб-тошиб кетган ва фикри ожизимизча, Ваҳоб Раҳмон тузатишлари ана шу ишларга сифат, мукаммаллик бағишлаши нуқтайи назаридан баҳоланиши мақсадга мувофиқ эди.

Илло, англашимизча, ҳазрат Навоий руҳидан, китобхонлар оммасидан узр сўраш ўрнига, тузатгувчига, ўнгловчига, аслиятни тикловчига раҳмат айтиш, ташаккур-у миннатдорлик билдириш ўрнига, баъзилар ундан ранжийди, худди арпасини хом ўриб қўйгандек, унга ёвқараш қилади, тағин, ҳеч хижолат чекмай, “бу (биз нашрга тайёрлаганларимиз) – бизнинг Навоийимиз, у (сиз тузатган вариантдаги) – сизнинг Навоийингиз”, дейишдан ҳам тап тортмайдилар (Ахир, Ваҳоб ака ёзганидай, ростдан ҳам олимнинг хатоси – оламнинг хатоси-ку!) Бу пичингли муносабатларга эса, наздимда, Ваҳоб ака юзларидан деярли аримайдиган майин табассуми билан жавоб қайтаради.

Аммо ўзга ҳолатлардагидан фарқланувчи ушбу жилмайиш замирида, шубҳасиз, андак қувлик билан бирга, ачиниш ҳисси ҳам йўқ эмаслигини ола қаровчиларнинг ўзлари ҳам жуда яхши англасалар керак. Эҳтимолки, Ваҳоб Раҳмон ўз услубидан келиб чиқиб, танқидий фикрларини “хушхўрроқ” қилиш учун истеҳзо қалампиридан бир-икки чимдим зиёдроқ қўшиб юборар, лекин ҳақиқат шуки, унинг тузатишлари, нияти муҳим ва ўта зарур – мумтоз адабиётимиз намояндалари ижодини ихлосманд-китобхонларга мумкин қадар бехато етказиш, ҳазрат Навоий руҳига эса озор етказмасликдир.

Сўзни мухтасар қилсак, Ваҳоб аканинг камтарлик, кичиккўнгиллик, одамохунлик, яқинларига садоқат, олийжаноблик каби инсоний сифатлари, каминага йўллаган мактубларидаги дўстона меҳр туйғулари мени бу фидойи навоийшунос, бобуршунос ва матншунос олимга ошно этган, ҳурматимни зиёда қилган омилларнинг аълоларидандир. Ушбу битикни ҳам Ваҳоб аканинг менга ёзган номаларидан биридаги, кейинги пайтларда ўта муҳим ва оғриқли масалага айланган мавзуга оид қуйидаги гаплари билан якунласам:

“Оламда одамни Илм каби улуғлайдиган бебаҳо кашфиёт бўлмайди. Буни кенг маънода ижод десак, балки тўғрироқ бўлар. Китоб инсонга бахт учун кераклигини, улуғ бахт учун зарурат эканлигини инсоният балки тушуниб етолмас. Тушуниб етганлари эса бир умр бахт соҳиби бўладилар. Китобхон одам, менимча, ҳамиша бахтиёрдир.

Китоб ўқимайдиган одам ёруғ оламда кўзи сўқир кимса каби зимистонда яшайди. Ҳолбуки, кўзи очиқларнинг кўнгил кўзлари очиқдир. Чунки китоб ўқимайдиган одам сўқирдан тубанроқ туради. Уларга Аллоҳнинг раҳми келмагани шу – китоб ўқимасликдир. Чунки Навоий “Аллоҳ одамни маърифат учун, яъни ўқиш учун яратди” деганлар. Маърифат яратиш эса энг олий бахтдир”.

Қамчибек КЕНЖА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси

“Жадид” газетасининг 2025 йил 18 июлдаги 29-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859