25.12.2025 | 12:00
337
“МИЛЛАТГА ХИЗМАТ ИЛМСИЗ БЎЛМАС…”
Атоқли маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1899 йилда амалга оширган ҳаж сафари унинг сиёсий тафаккури ўзгаришига олиб келган муҳим босқичлардан саналади. Сафар чоғида у Истанбул ва Қоҳира каби мусулмон дунёсининг йирик илмий-маданий марказларида бўлиб, у ердаги таълим муассасалари – мактаб ва университетларнинг фаолияти билан танишади, замонавий педагогик фаолиятни яқиндан кузатади. Шу билан бирга, Туркистонга илғор Европа ва Шарқ тажрибасига асосланган янги дарсликлар ва услубий қўлланмаларни олиб келади.

Сафардан сўнг Беҳбудий Боғчасаройда Исмоил Ғаспрали томонидан нашр этиладиган “Таржумон” газетасига обуна бўлади. Турли илмий ва сиёсий адабиётларни мутолаа қилишни бошлайди. Қисқа фурсат ичида жаҳон сиёсий жараёнлари, замонавий ижтимоий-иқтисодий тенденциялардан хабардор бўлади. Жадид ҳаракатининг асосий тамойиллари билан яқиндан танишиб, уларни Туркистон шароитида татбиқ этишга интилади. Унинг ҳаж сафари таассуротлари ва дунёқарашидаги ўзгаришлар кейинчалик ўлкамизда маърифий ислоҳотчилик ҳаракатининг ғоявий ва амалий асосларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Беҳбудийнинг асосий мақсади Туркистон аҳолисининг оғир турмушини ислоҳ этиш, халқни тараққиёт ва маърифат йўлига олиб чиқиш эди. Атоқли адиб Садриддин Айний хотираларида ёзилишича: “1901 йилларда, умуман Туркистон, билхосса, Самарқанд бутун дунёдан хабарсиз қоронғу бир зиндон каби эди. Халқ нодон, уламо мутаассиб, ҳукумат ниҳоят даражада ғаддор ва золим, маишати бузуқ, ахлоқи фасод … эди”. Беҳбудий мана шундай мураккаб вазиятда қолган ўлканинг нажот йўлини таълимда кўради.
Афсуски, унинг таълим ислоҳотлари ҳамда мактаблар учун ёзган дарслик ва ўқув қўлланмалари жамиятнинг муайян қатламлари томонидан танқид ва қаршилик билан кутиб олинади. Айрим мутаассиб доиралар “Мухтасар жуғрофияи умумий” номли география дарслигида баён этилган Ернинг Қуёш атрофида айланиши ва шакли думалоқ экани ҳақидаги илмий маълумотларни эътиқодга зид деб баҳолаб, муаллифни кофирликда айблайди. Беҳбудий бу каби айбловларни вазминлик билан қабул қилар ва “мундай дин ва дунёдан хабарсиз кишилардан яхши сўзлар-да кутмак абасдур”, “мундай такфирларни ёлғуз мен кўрган эмас, балки ўтган уламо ва улуғ кишилар ҳам ўз муосирлариндан шундай ҳужум ва такфирларни кўриб кетганлар”, дея ўзига тасалли беради.
“Фавқулодда такфир” ва “Бизнинг ҳоллар ва ишлар” мақолаларида Беҳбудий Туркистон аҳолиси орасида жадид мактаблари ва рус тилини ўрганишга нисбатан эҳтиёткорликнинг сабабларини таҳлил қилиб, бу ҳолатни мусулмонликдан чиқиб қолиш хавфи билан боғлиқ диний қўрқувнинг натижаси сифатида талқин этади. У халқни маданий тараққиётга ундайди ва билим орқали ислоҳотга чақириб, “Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатга хидмат илмсиз бўлмайдур”, дея таъкидлайди.
Беҳбудийнинг журналистик меросида қиёсий-таҳлилий услуб марказий ўрин эгаллайди. У Россия, Туркия, Миср каби мамлакатларга сафарлари чоғида гувоҳ бўлган илмий-маданий тараққиётни Туркистондаги ҳаёт билан муқоясалаб, жамиятни ислоҳ этиш ва янгилаш заруратини илмий таҳлил қилади. “Аввалги мусулмонларда маданият” мақоласида эса буюк ўтмишимизни йодга олиш орқали мавжуд инқироздан чиқишга қаратилган ғоявий интилишини намоён этади.
Беҳбудийнинг фикрича, мамлакатларнинг сиёсий ва маданий қудрати уларда мактаб ва маърифат ишларига берилган эътибор даражаси билан бевосита боғлиқдир. “Макотиб тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дурдонасидур. Ҳар миллат энг аввал макотиби ибтидоиясини замонча ислоҳ этуб, кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф силоҳи ила қуролланмаган миллат эса дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмайди”, дейди у.
Айни пайтда, Туркистон аҳлининг бу борадаги лоқайдлигидан куюниб, ватандошларини мактаб ишига эътиборли бўлиш ва бошланғич мактабларни кўпайтиришга чақиради: “Таҳсили маорифни ибтидоий қисми мунтазам мактаблар бўлгани учун энди биз, Туркистон мусулмонлариға ибтидоий мактабларни кўпайтирмоқ лозимдур”.
Чор Россияси ўлкада таъсис этган давлат назоратидаги бошланғич мактабларнинг таълим тизими ҳамда рус, арман, яҳудий каби миллатларга мансуб ўқувчиларнинг мактабга мажбурий қамраб олинганини ҳавас билан қайд этар экан, айни вақтда туркистонлик шу ёшдаги тенгқурларининг иш қидириб корхона ва қадоқхоналарда сарсон юргани, 20 тийиндан 1 сўмгача маош учун кунига 12 соатлаб оғир меҳнат қилаётганини таъкидлайди. Жумладан, “Таҳсил ойи” номли мақоласида: “Ҳамшаҳар яҳуд, армани, рус болалари оппоқ кийиниб, қўлтуқ-қўлтуқ китоб ила мактабларға кетар экан, бизнинг болаларимиз на учун кир ва йиртиқ кийим, оёқяланг бир ҳолда эшик-баэшик меҳнат ахтарур, инсон бу ҳолатларға диққат ила боқса, истиқболдан маъюс ўлур”, дея изтироб билан ёзади.
“Омолимиз ёки муродимиз” номли мақолада туркистонликларнинг тинимсиз меҳнат қилиб, топган-тутганини тўй, маърака ва маишат учун сарф этиш одати қаттиқ танқид қилинади. Бу пулларни болаларнинг замонавий таълим олиши, давлат мактаблари ёхуд чет эл олийгоҳларида ўқиши учун сарф этиш кераклигини айтиб: “Тўй ва маърака ақчасидан болаларни ҳукумат мактаблариға берилсун ва бу ақчадан талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорулфунун ва доруссаноалариға юборилиб, диний ва дунёвий ва замоний одамлар етиштурмоқға саъй қилинсин”, дея даъват этади. Агар халқ ўз эҳтиёжлари учун зарур мутахассис-кадрларни тайёрламас экан, ўзгалар қўлида қарам бўлишини таъкидлайди. “Ҳатто иккимиз урушсак, яҳудий ва ажнабий закўнчиларға борурмиз, бошимиз оғриса, ажнабий дўхтуриға борурмиз. Сабаб надурки, ўзимиз ўқиб, замоний одам бўлолмаймиз”, дея куюнади аллома.
“Самарқанд” газетасининг 1913 йил 12 июль сонида Беҳбудийнинг “Эҳтиёжи миллат” номли мақоласи чоп этилган. Унда: “Бошқа миллатларга қаралса кўрилурки, мунтазам мактаблари бор ва аввал мактабда диний илм устида дунёвий илм ва фанлар ҳам ўқилур. Чунки дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур. 50 сана муқаддамги замонда, биз туркистонлилар якка ва танҳо яшаб, бошқалар ила муомала ва муносабатимиз йўқ эди. Энди замон ўзгариб, бошқа миллатлар ила махлут бўлдук, шариъат ва ўз урфимиз устига қонун ва Оврупо одатига итоат қилмоққа мажбурмиз… Хулоса, мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нимарсамизни замона ислоҳи лозимдур”, деган муҳим фикрлар келтирилган.
Муаллиф мазкур газетанинг ўша йили 30 июлда чоп этилган “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” мақоласида мавзуни давом эттириб: “Хулоса, ҳар миллатни уламоси, аҳли қалами миллат учун сўйлар, ёзар ва хавоижи миллия ва замонияни ўз миллат мансубасига билдирарлар. Замона ағниёлари ўз миллатларини замонийча кераклиги йўлинда оқча сарф этарлар, масалан, янги усулда замонавий мактаблар бино этиб, замонийча одам тайёрламоқ учун ҳаракат этарлар”, деб ёзади ва янги усулдаги мактабларни ривожлантириш, таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил қилиш, маърифат орқали ёшларни турли номақбул ишлар ва нотўғри йўллардан асраш жамият, миллат тараққиёти учун ғоят муҳимлигини таъкидлайди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўтмиш маданий меросига алоҳида аҳамият қаратади. Жумладан, “Ойина” журналининг 1914-йилги 38-сонида эълон қилинган “Туркистон тарихи керак” номли мақоласида шундай фикрларни билдиради: “Миллат тарихини, Туркистонда ўтган боболаримизни ижтимоий ҳаёти, қайси йўл билан тараққий этганини ва маданиятини билиш учун “Туркистон тарихи” бор бўлганда, тарихий хатоликларни билиб ибрат олган бўлар эдик. Бу қийин масала бўлиб, бунда ёш муаррихимиз муҳтарам Аҳмад Закий Валидий афандидан умид қилмоқдамиз”.
У ўтмиш аждодлар тарихи, мероси, маданияти ва маърифатини ўрганиш миллий ўзликни англаш, ёшлар тарбияси, миллат савиясини оширишда муҳим омил эканига урғу беради. “Мозий истиқболнинг тарозисидир” мақоласида ҳам инсоннинг камол топиши ва жамиятни бошқаришида ўтмиш мероси, тарих фанининг ўрни беқиёслигини алоҳида таъкидлаб ўтади.
Кенг тафаккурли адиб “Тарих ва жуғрофия” мақоласида мутаассиб шахсларнинг қотиб қолган дунёқараши ҳукмронлик қилган даврларда бу фанлар бидъат ва гуноҳ ҳисобланганини таъкидлайди. Тарих ва жуғрофиянинг муҳимлиги, бу икки фаннинг жадид мактабларида бугун ёки кеча кашф этилмагани, балки жамият ҳаётида қадимдан мавжуд бўлиб келганини исботлаб беради. Янги давр одамлари ва ёшлари мана шу фанларни мукаммал ўрганишлари зарурлигини айтади.
Беҳбудий табиий ва ижтимоий фанларни “ақлли илмлар” деб номлайди. Халқлар, мамлакатлар ва ислом тарихини билмай туриб, оддий мусулмон фуқаросидан тортиб давлат арбоби, руҳоний ва уламо, олим-у фузалоларгача маърифатли бўла олиши асло мумкин эмаслигига ишора қилади: “Дунёга ишонмоқ учун, комил ва одил бўлмоқ учун тарихни ўқумоқ ва билмоқ керак. Подшо-ю вазир, ҳукумат одамлари ва сиёсий кишилар учун тарих ўқумоқ керак… Паст қолган ва ё тараққий қилган халқларни, жаҳонгир бўлган давлат ё нопадид бўлган ҳукуматларни билмоқ учун тарих ўқумоқ керак”.
Беҳбудий ёшларга замонавий таълим бериш, мактаб ҳамда университетларда ўқитиш масаласини умуммиллий маърифий ҳаракат даражасига кўтаришга интилиб, бу жараёнга жамиятнинг фаол қатламларини жалб этишни мақсад қилган. Бой табақани мактаблар ташкил этишга, уламоларни ваъз-насиҳат орқали маънавий тарғиботга, саводли кишиларни ёшларга таълим беришга чақирган. Бу борада ибратли фаолият кўрсатаётганларни эътироф этиб, уларни жамият учун намуна сифатида тилга олган. Чунончи, “Миллат вазифаси” номли мақоласида Хива хони Муҳаммад Раҳимхоннинг халқни илм-маърифатга чорлаш ҳақидаги фармонини ижобий баҳолаб, уни маърифатпарварлик намунаси сифатида олқишлайди.
“Бас, шу ҳолларни мулоҳаза қилуб, бир биз, мусулмонлар ҳамма иттифоқ бирлан нашри илм ва хизмат этмак жумламизға лозимдир. Ҳар мўмин бу вазифани адо қилмакда муштаракдирлар. Ҳамма биримиз охира муованат қилуб, ким мол ила, ким ҳол ила, ким қил-у қол ила, тил ўлсун ва жон ила ижтиҳод қилмоқ жумла мўминнинг вазифалари ва бурчларидир”, дейди Беҳбудий.
Бир сўз билан айтганда, XIX аср охири XX аср бошларида Марказий Осиёнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида юксак ўрин тутган атоқли сиймолардан бири, маърифатимиз, маънавиятимиз, таълим ва тарбиямиз жонкуяри бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти халқимиз тарихининг шонли саҳифаларини ташкил этади.
Шаҳзод ИСЛОМОВ,
Абдумалик ТЎЙЧИБОEВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа докторлари
“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



