25.08.2025 | 15:49
402
МУҲТАШАМ ОЛТИ ЮЗ ЙИЛ
Башар тарихидаги энг мумтоз, виқорли, шу билан бирга, ғоят сирли шахслардан бири – буюк Амир Темурдир. Айни шу хусусиятларига кўра Соҳибқирон юрагини, ботиний оламини ҳар кимга ҳам очмайди – гарчи ул зот хусусида дунёда юзлаб, балки минглаб тадқиқот ва романлар, ёднома ва драмалар яратилган бўлса-да, аксарият ҳолларда улуғ аждодимизнинг қалб дафтари ёпиқлигича қолади.

Чиндан ҳам, ўз замонида йигирма олти мамлакатни бирлаштириб, ўтмишдаги буюк салтанатлардан бирини барпо этган, узоқ умри давомида олиб борган ўнлаб муҳорабаларининг биронтасида енгилмаган бу музаффар саркарда қиёфасини, унинг тафаккур ва руҳият оламини бугунги кун идроки билан қайта кашф қилиш ижодкордан жуда катта масъулият, билим ва истеъдод талаб этади. Шунинг учун ҳам ҳазрати Соҳибқирон ҳақидаги ҳар қандай янги асар биз – авлодлар томонидан зўр эътибор ва қизиқиш билан кутиб олиниши табиий.
Куни кеча “Ренессанс” кино уйида жамоатчилик кўриги ўтказилган “Улуғ Амир ва донна Мария” номли муаззам бадиий фильмни томоша қилар эканмиз, аввало, бу асар Темурбек бобомизнинг бадиий сиймосини яратиш йўлида катта бир эпик қадам бўлганини қайд этиш лозим.
Ушбу маҳобатли кинополотно муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган мегалойиҳа – “Тирик тарих” дастурининг илк намуналаридан биридир.
Ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб сценарий асосида кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан яратилган фильм реал тарихий воқеалар заминига қурилган. Айни вақтда асар ғоят мураккаб мавзунинг ўзига хос мажозий-шартли талқини ва замонавийлик касб этган бадиий шакли билан ажралиб туради.
Тарихдан маълумки, милодий 1402 йил июль ойида Анқара яқинидаги Чубук водийсида Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ва Усмонийлар империясининг султони Йилдирим Боязид қўшинлари ўртасида улкан тўқнашув бўлиб ўтади. “Ёғий лашкари мардона жанг қилди, аммо Аллоҳнинг инояти ила зафар қуёши биз томонда балқиди”. Фильмда Темурбек бобомиз тилидан айтилган бу сўзлар ушбу тарихий жангноманинг мухтасар, аммо ҳаққоний баҳосини ифодалайди. Бир дин, бир мазҳаб, бир тузум одами бўлган икки буюк туркий саркарда, икки буюк давлат раҳнамоси не боис ёвлашгани, бу можарони келтириб чиқарган сабаб ва омиллар ҳақида асарда деярли сўз юритилмайди. Фильм ижодкорлари бу борада хулоса чиқаришни зукко томошабиннинг ўзига ҳавола этадилар. Муаллифлар бош қаҳрамоннинг таржимаи ҳоли, унинг жанговарлик эпопеясини баён этишга урғу бермайдилар, аксинча, ҳар қандай урушда ўз эркидан жудо бўладиган бахтсиз кишилар қисматига алоҳида эътибор қаратадилар.
Ана шундай инсонлардан бири – Можористон ҳукмдорининг набираси соҳибжамол Мариядир. Бобосининг давлати соясида эмин-эркин яшаб ўсган бу шаддод қиз, тақдир тақозоси билан Чубук водийсидаги қирғинбарот жанглар гирдобига тушиб қолади. Унинг юртига кутилмаганда уруш қуюни ёпирилади – Усмонлилар Можористонга юриш қилади. Кекса ҳукмдорнинг дипломатик ва ҳарбий саъй-ҳаракатлари бесамар кетади. Қудратли давлатлар – Испания ҳам, Англия ва Франция қироллари ҳам бу ўлка ҳалокатини жимгина кузатиб турадилар.
Мариянинг отаси венгер шаҳзодаси, онаси олий рутбали испан хоними бўлиб, улар қизнинг ёшлик чоғида дунёдан ўтиб кетган, унинг ёлғиз валинеъмати ва ҳимоячиси кексайиб қолган бобоси эди. Салтанат учун нотинч замонлар бошлангач, у Марияни зудлик билан Испаниядаги холаси, графиня Хеленанинг ҳузурига жўнатишга ҳаракат қилади.
Аммо шижоатли, оқила қиз бобоси ва юртининг ҳимоясига отланади.
Кучлар тенг бўлмаган даҳшатли жангда можор ҳукмдори ҳалок бўлади, лашкари тор-мор келтирилади, ярадор Мария асир олиниб, султон ҳарамига олиб кетилади…
Фильм ғоят кескин ва ҳаяжонли, драматик воқеалар тасвири билан бошланади ва мана шу руҳий-ҳиссий ҳолат томошабин эътиборини асар охирига қадар қўйиб юбормайди.
Энг қизиғи, картина сюжети икки параллел йўналишда – олис ўтмиш ва бугунги кун воқеаларининг бир қарашда ақл бовар этмас бўлиб туюладиган узвий муштараклиги асосида ривожланиб боради.
Жасур ва эрксевар Мария ҳарамдаги “олтин қафас”дан қочишга бир неча бор уринади. Қисматдоши Анхелина Марияни бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Лекин Марияга оқкўнгил турк қизи, жория Сабрие ёрдам беради. Бу орада жанггоҳда даҳшатли муҳораба бошланади. Амир Темур лашкарининг зарбалари натижасида Рум қўшини орасида парокандалик юз беради. Мария вазиятдан фойдаланиб, яна қочади.
Узоқ таъқиблардан сўнг энди Самарқанд амирининг навкарлари қўлига тушган Мария қози Хожа Муҳаммад Кеший ҳимоясига топширилади. (Шу ўринда айтиш жоизки, асли шаҳрисабзлик бу тарихий шахс Темурбекнинг яқин кишиларидан бири бўлган. У Амир Темур элчиси мақомида асира қизларни Испания қироли Энрике III нинг саройига кузатиб боради, олий ҳукмдор билан учрашади. Икки йилдан сўнг қиролнинг элчиси сифатида Соҳибқирон ҳузурига йўл олган Руи Гонзалес де Клавихога Мадриддан то Самарқандга қадар ҳамроҳлик қилади. Бу ҳақда испан элчиси ўзининг хотира китобида маълумот бериб ўтган).
Мария дастлаб туронийларни ҳам душман деб билади, ўзига қўриқчи қилиб қўйилган содда, дўлвор аскар – Тоғай барлосга ҳам нафрат кўзи билан қарайди. Аммо йигитнинг самимий муносабати, Муҳаммад Кешийнинг қиз билан испан тилида гаплашиши, ҳамдардлиги, бўлиб ўтган суҳбатлардан сўнг Мариянинг “Улуғ амир” – Темурбек ҳақидаги фикр-тасаввури бутунлай ўзгаради. Қалбида, Кешийнинг таъбири билан айтганда, “Худонинг бу ожиз, аммо енгилмас бандаси”ни кўриш, у билан лоақал икки оғиз сўзлашиш истаги пайдо бўлади.
Зотан, Амир Темур ҳам ўз даврининг удумига мувофиқ иш тутиши, яъни ғолиб подшоҳ сифатида мағлуб ҳукмдорнинг ҳарамини ўз тасарруфига ўтказиши, жумладан, Мария, Анхелина, Каталина исмли уч насроний қизни канизак қилиб олиши ёки саркарда ва аъёнларига туҳфа этиши мумкин эди.
Аммо Соҳибқирон Қуръони Каримнинг, жангда асир тушганларга зулм қилманг, аксинча, уларни беғараз озод этинг, деган мазмундаги кўрсатмасига риоя этган ҳолда, уруш тугаши билан бу ғарибаларни тутқунликдан халос қилади.
Асираларни хавф-у хатар тўла мудҳиш муҳитга ўз ҳолича қўйиб юбормасдан, ўша вақтдаги Кастилия ва Леон (ҳозирги Испания) давлатининг элчилари сифатида Чубук жангида кузатувчи ўлароқ иштирок этган Сото Майор ва Паласуэлоснинг ёнига Муҳаммад Кеший ва баҳодир аскарларини қўшиб, қизларни испан диёрига бешикаст етказиб қўйиш ҳақида фармони олий беради.
Мария Улуғ амирнинг бундай олижаноб марҳаматидан ҳайратга тушади. Испанияга соғ-саломат етиб олади, элчи Сото Майор билан турмуш қуриб, тинч ва осуда умр кечиради. Йиллар ўтган сари Мария ўзи ва авлодининг илоҳий бир мўъжиза туфайли муқаррар ўлимдан омон қолганини, халоскори бўлмиш Улуғ амир олдидаги қарздорлик бурчини тобора англаб боради.
Парвардигорини таниган бир инсон сифатида ўз зиммасидаги қиёмат қарз узилмай қолиб кетаётганидан изтироб чекади. Умрининг ниҳоясида у фарзандлари ва набираларига қолдирган васиятида уларга имкон топиб, олис Самарқанд шаҳрига, Соҳибқирон ҳузурига бориб, ул марҳаматли зотга миннатдорлик изҳор этишларини ёки Улуғ амир хотирасига шам ёқиб, дуойи фотиҳа қилиб қайтишларини тайинлайди.
Бир-бирини қувиб, яна йиллар, асрлар ўтади, бу қадимий, зодагон хонадоннинг олис момокалонига айланган донна Мариянинг хотираси, бошдан кечирган саргузаштлари авлоддан-авлодга, тилдан-тилга ўтиб, сулолавий бир афсонага айланади. Аммо орадан шунча вақт кечса-да, бу кўҳна васиятни адо этишга имкон ва бунга қодир бир инсон топилмайди.
Мана шу ғаройиб қиссадан воқиф бўлгач, томошабин фильмнинг илк кадрларида янграган қўшиқ маъносини англаб етади. Самарқандлик дилбар шоира Хосият Бобомуродова шеърига истеъдодли композитор Қосим Муинов мусиқа басталаган қўшиқни Ўзбекистон халқ артисти Севара Назархон инжа бир туғён билан ижро этган:
Қувонч-у ғамларни ютган қасрлар,
Регистонда йиғлар, кулар асрлар.
Ҳар қаричда бордир жумбоғ-у сирлар,
Самарқандга келгил, Самарқандга кел!
Шоҳ бўлмоқ истасанг битта юракка,
Қул бўлмоқ истасанг битта юракка,
Кўмилмоқ истасанг битта юракка,
Самарқандга келгил, Самарқандга кел!
Беихтиёр ўйга толамиз: чиндан ҳам, нега боқий шаҳар Самарқанд ер юзидаги миллионлаб инсонларни ўз бағрига чорлайди, уларни ўзига умрбод мафтун этиб қўяди? Бунинг боиси, сир-у асрори нимада? Ахир, дунёда гўзал ва обод шаҳр-у қасабалар бисёр-ку! Фильм давомида бу саволга ҳар қайси томошабин ўзича жавоб топгандек бўлади.
Донна Мариянинг васиятини рўёбга чиқариш вазифаси унинг олис зурриёди, бизнинг замондошимиз бўлган кичик Мария қисматига тушади. У туйқус реинкарнатсия сир-асрорини бошидан кечиради, руҳан, хаёлан олти юз йил наридаги мозийга қайтиб, момокалонининг ҳаёти, ўй-кечинмалари билан яшай бошлайди. Бу ғаройиб эврилиш қизни қаттиқ ҳаяжон, ташвиш ва қўрқувга солади. Режиссёр ва оператор унинг қалб тебранишларини ғоят нозиклик ва ҳассослик билан фильмнинг чуқур маъно қатламлари, эмоционал-психологик кадрларида яққол акс эттиради.
Таъкидлаганимиздек, картинанинг бош қаҳрамони – Амир Темур аъло ҳазратларидир. Асарда унинг сиймоси бор-йўғи икки-уч марта, шунда ҳам жуда ихчам лавҳаларда намоён бўлади. Лекин фильмнинг бутун мазмун-мундарижаси, барча сюжет чизгилари Улуғ амирнинг шиддатли ҳаёти, нодир зеҳни, кенг тафаккури, зафарли юришлари, юксак ҳиммати ва соҳибқиронлик салобати билан боғлиқ ҳолда тасвирланади.
Асарнинг жамики персонажлари – улар Темурбекнинг хоҳ дўстлари, амир-у аъёнлари бўлсин, хоҳ ашаддий ғанимлари бўлсин, бутун фильм мобайнида ушбу қудратли зот ҳақида сўзлайдилар. Унинг мамлакатдорлик ва жаҳонгирлик салоҳияти, азм-у шижоатига гоҳ ҳавас, гоҳо ҳасад ила боқсалар-да, барчалари буюклигига шак-шубҳасиз тан берадилар.
Фильм воқеалари Темурбек Оқсарой ва Кўксарой каби муаззам қароргоҳларида, таъбир жоиз бўлса, Мағрибдан тортиб Машриққача дунёнинг нафас олишини яққол сезиб-англаб тургандек, уларнинг тақдирига дахлдор оламшумул қарорлар қабул қилаётгандек таассурот қолдиради.
Дарҳақиқат, ҳазрати Соҳибқирон даврида Самарқанд куррайи заминнинг нафақат сайқалига, балки глобал масалалар ҳал бўладиган сиёсий марказига айланган эди.
Ушбу фикр фильмдаги тарихий фактларнинг бадиий талқинида – Франция, Англия, Испания каби давлатлар ҳукмдорларининг Темурбекка йўллаган номаларида ва Самарқанд султонининг юксак шукуҳ, шаън-у шавкат ила йўғрилган жавоб мактубларида ўз тасдиғини топади.
Асарнинг яна бир муҳим жиҳати – унда Амир Темур буюк халоскор сиймосида гавдаланади. Бу ўринда гап Соҳибқироннинг Турон ўлкасини мўғул истибдодидан халос этганидагина эмас.
Бу фазилат унинг Боязид ҳарамидаги Мария ва дугоналарини озод этиши билан ҳам чекланмайди. Амир Сулаймоншоҳнинг Темурбек номидан Марияга қарата “Уруш тугади, насронийнинг қизи. Энди сен уйингга қайт ва омонликда яша”, деган сўзлари ва унга кўрсатган марҳамати замирида катта маъно ётади. Бу хитоб унинг гўёки бошқа халқларга йўллаган тинчлик ва эзгулик саломидек туюлади. Ўз давлатининг манфаатини, унинг келажагини ўйлаган Соҳибқирон ашаддий душманига ҳам мурувват ва яхшилик қўлини узатади. Бундай олийҳимматлик Йилдирим Боязид ва унинг ўғилларига қилган адл-у карамида яққол намоён бўлади.
Эътибор берган бўлсангиз, сўзимиз бошида Темурбекни “ғоят сирли шахс” деб таърифлаган эдик. Самарқанд амири охират дунёсига сафар қилганидан кейин ҳам унинг номи атрофида яна узоқ даврлар сирли ҳодиса ва воқеалар давом этган. Бир пайтлар Эрон ҳукмдори Нодиршоҳнинг Амир Темур сағанасига ўрнатилган ноёб оникс тошини қўпорганидан кейин юз берган воқеаларни ёки яқин тарихда, 1941 йилда ул зотнинг руҳини безовта қилиб, қабрини очиш билан боғлиқ синоатларни эсланг.
“Улуғ Амир ва донна Мария”ни томоша қилар эканмиз, биз унда тасвирланган ақл бовар этмас воқеанинг, яъни кичик Мариянинг момокалони васиятини адо эта олганига, рационализм ва манфаат устун бўлмиш XXI асрда ҳам беихтиёр “шундай сентиментал туйғуларга асир бўлиб яшаш мумкин”лигига гувоҳ бўламиз.
Тақдир ёзуғини кўрингки, зиммасида шундай вазифа – миссия борлигини англаган қизгина саратон касаллигига чалинган, тинка-мадори қуриб, кундан-кунга сўниб бораркан, бу муҳим сафар учун унда ҳафсала ва иштиёқ қолмайди.
Авлоддан-авлодга қарз бўлиб келаётган васият хабарини Марияга етказиб, уни йўлга ундаган руҳоний падре Фелипе Инжил каломини зикр этиб, қизга далда беради: “Ишончинг сени қутқарур, бўтам”. Аммо Мария ҳамон беқарор, музтар бир ҳолатда қолаётганини кўриб, руҳоний падар яна илоҳий сўзларни такрорлайди: “Сўранг – сизга берилур. Изланг – топурсиз. Тақиллатинг – очилур”.
Шундан сўнггина ҳаётдан батамом умиди сўнган Мария номаълум юрт сари йўлга жазм қилади ва саодатли бир кунда Амир Темур мақбараси пойига етиб келади. “Эй улуғ зот, менким – ўша жонҳалак Мария, руҳим ҳаловат истаб, олти юз йил йўл босиб, ниҳоят, ҳузурингизга келдим”, деб момокалони номидан шукрона келтиради. Ва шу асно мармар саҳнга беҳуш йиқилади…
Фильмнинг кейинги қисқа кадрларида биз илоҳий мўъжиза туфайли Мариянинг бедаво дарддан халос бўлиб, севгилиси Лусио билан турмуш қургани ва ўғлига Темур деб исм қўйганидан хабардор бўламиз. Албатта, материалистик – моддиюнчилик нуқтаи назаридан қараганда, киши бу воқеани мистика деб қабул қилиши ҳам мумкин. Аммо ҳаётга қалб кўзи, иймон ва ихлос кўзи билан боқадиган ҳар бир инсон учун бу ҳодиса бутунлай ўзга моҳият касб этиши шубҳасиз.
Фильмда Чубук водийсидаги жанг олдидан кадр ортида янграган сўзлар бунга далил бўла олади:
Ялдо кечаларни шабистон этган,
Бир лаҳзада чўлни гулистон этган,
Бошимга мушкул тушибдир, осон этгил,
Эй барчанинг мушкулини осон этган.
Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”сида ҳазрати Соҳибқирон султон Боязидга қарши юришга ҳозирлик кўрар экан, Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат” китобини очиб, шу сатрларга кўзи тушиб қолгани баён қилинади.
Темурбек уларни каромат белгиси сифатида қабул қилиб, йод олади ва кеча-ю кундуз такрорлаб юради. Илтижолари ижобат бўлиб, қудратли ғаним устидан ғалаба қозонади.
Саргашта Мария Улуғ амир мақбараси пойига бош қўяр экан, балки унинг ҳам қалбида шундай ўтинч-илтижоси бўлгандир? Зеро, “барчанинг мушкулини осон этган” зот бир бечора аёлнинг дардига шифойи комил ато этиши илоҳий ҳикмат намойишидир.
Муҳими шундаки, фильмни томоша қилар эканмиз, бу ҳақиқатга яна бир бор иймон келтирамиз. Асар ижодкорларининг ютуғи – томошабинни шу каби бадиий-руҳий тўқимага ишонтира олишида эмасми? Ҳақиқий санъатнинг кучи ҳам, таъсири ва жозибаси ҳам асли шунда.
Назаримда, фильм замирида ғоят муҳим ва нозик бир фикр таъкидланаётгандек туюлади. Эътибор беринг, бемор Мария образи бугун маънавий хасталик ёқасига келиб қолган Ғарб маданиятининг тимсолини эслатмайдими?
Асар бошида қизнинг севгилиси Лусио ҳузур-ҳаловатдан бошқа нарсани ўйламайдиган, маъшуқаси билан шунча йил учрашиб юрган бўлса-да, “турмуш қуришга ҳали эрта” деб ҳисоблайдиган енгилтак, беқарор кимса сифатида кўринади. Фақат ногаҳонда Мариянинг бошига тушган оғир кулфат, олис Самарқанд сафарида кечган суҳбатлар, кучли руҳий ларза туфайли бу худбин йигитнинг кўзи очилади, у тирикликнинг асл маъноси ҳақида ўйлаб қолади.
Чиндан ҳам, ҳозирги кунда Ғарб дунёсининг кўплаб ижтимоий муаммо ва зиддиятлари аввало азалий, умуминсоний қадриятлар – анъанавий тушунчадаги никоҳ ва оила институтининг емирилиши ва бунинг оқибатида юз бераётган демографик инқироз билан бевосита боғлиқ экани сир эмас.
Лекин, эсланг, бир замонлар насроний жамият ҳаётида айни шу тушунчалар муқаддас ҳисобланмасмиди?
Шу боис, фильмнинг сўнгги лавҳаларида Лусио ва Мариянинг черков даргоҳида, Яратган парвардигорга ихлос билдириб, ўзаро меҳр ва садоқат билан такрорлайдиган илоҳий қасамёди рамзий маъно касб этиб янграйди:
“Соғ-омон пайтингда ҳам, бемор бўлган чоғларингда ҳам, бойлик даври ва қашшоқлик онларида ҳам – токи ўлим бизни бир-биримиздан айирмас экан, сенга умрбод вафодор ёр бўлишга онт ичаман”.
Пок юракларда бир умр муҳрланиб қоладиган қандай таъсирчан сўзлар!..
Афсуски, одамзод кейин-кейин бу муқаддас аҳдни унутди, унга хиёнат қилди ва шу тариқа битмас-туганмас ташвиш ва фожиаларга гирифтор бўлди.
“Улуғ Амир ва донна Мария” филми томошабинлар, биринчи навбатда ёшларни мана шундай хатарлардан огоҳ этиб, гўёки уларга ўзига хос мессеж юбораётгандек таассурот қолдиради. Зеро, Лусио ва Мария инсонийлик номи ва шарафини давом эттириб, юрак ва вужудларини никоҳ ришталари ила боғлайдилар, оила қуриб, фарзандли бўладилар, саодатли ҳаёт сари қадам қўядилар.
Биз юқорида инсон озодлиги ғояси, халоскорлик туйғуси ҳақида тўхталган эдик. Бу мавзу фильмнинг ўқ илдизини ташкил этади. Айни вақтда ушбу ғоя картинанинг кўламдор мазмунига, серқирра қатламларига маҳорат билан сингдириб юборилгани алоҳида эътиборга сазовор.
Масалан, Истанбулдаги онкология клиникаси профессори Кейдзи Мария билан Тошкент аэропортида тасодифан учрашиб қолади. Касаллик туфайли одамови, асабий бўлиб қолган Мария докторни кўриб, аввалига жаҳли чиқади, уни Лусио томонидан ўзини кузатиб юриш учун ёлланган, деган гумонга бориб, врачга қўпол муомала қилади. Аммо Кейдзи бу ерга бутунлай бошқа мақсадда – кекса отасининг Самарқанд сафарига ҳамроҳлик қилиш учун келганидан воқиф бўлиб, Хироши-сан билан танишиб суҳбатлашгач, кўнгли хотиржам бўлади.
Хироши-сан – Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонда тутқунликда бўлган. Қай бир маънода донна Мария билан қисматдош. У гарчи душман армиясининг аскари бўлса-да, ўзбеклар диёрида бошқа япон маҳкумлари қатори ўзига кўрсатилган инсоний муносабатни орадан неча йиллар ўтмасин, унутолмайди. Айниқса, баракда оғир дардга чалиниб ётганида унга шифобахш таом – сумалак олиб келиб берган Заҳро деган қизни кўп бора йодга олади. Совет соқчиларининг қаттиқ қаршилигига қарамасдан, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, тутқунларга ҳар куни икки дона нон келтириб берадиган Абдужалил исмли етти яшар озғин болакайнинг ҳимматини эслайди.
Айни шу туйғу туфайли Хироши-сан ҳар йили Тошкентга келиб, кексайиб қолган Абдужалил билан учрашади, маҳкумлик йиллари шу заминда қолган дўстларининг қабрларини – халқимиз ҳурмат-эътибор билан сақлаб келаётган япон мозорларини зиёрат қилади.
Тўқсон ёшдан ошган Хироши-сан бу гал Самарқанд сари йўлга отланган. Мариянинг “Бундан сизга нима наф бор?” деган ҳайратомуз саволига жавобан: “Наф? Қандай наф борлигини билмайман. Лекин биламанки, сўнгги қабрни зиёрат қилмагунимча асирлик туйғусидан қутула олмайман”, дейди япониялик мўйсафид.
Бу сўзлар Марияга қаттиқ таъсир қилади. “Асирлик туйғуси? Биламан, тушунаман”, дейди у ва кучли ҳаяжон боис ногаҳон бир лаҳза ҳушини йўқотади…
Хироши-санга сафарда ўғли билан бирга Абдужалил ва унинг қизи Моҳира ҳамроҳлик қиладилар. Шу аснода улар ҳам Мария билан яқиндан танишиб, кўнгли ғариб бу қизга меҳр ва илтифот кўрсатадилар.
Ўзгаларнинг дардига малҳам бўлиш, мададга муҳтожларга беғараз кўмак бериш, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонларни Худонинг бандалари деб билиш – фильмда бу каби хусусиятлар ўзбек халқининг генетик кодида азалдан мужассам эканига яна бир бор ишора қилинади.
Мақоламиз бошида “Улуғ Амир ва донна Мария” филми реал воқеаларга асосланганини айтиб ўтган эдик. Бу том маънода эпик кинокартинанинг ҳаётий илдизлари ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлишни истаган томошабинларга биз сценарий муаллифи Хайриддин Султоннинг “Навоий – 30” китобида (“Адабиёт” нашриёти, Тошкент, 2021-й.) чоп этилган “Халоскор” номли ҳикояни ўқишни тавсия қиламиз. Шу билан бирга, мавзу ҳақидаги тасаввурингизни бойитмоқчи бўлсангиз, пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган, меҳнат фахрийси, фидойи инсон Абдужалил Султонов ўз хонадонида ташкил этган, японияликларнинг Ўзбекистондаги ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қиладиган мўъжаз, аммо мазмунан бой музей билан танишишни маслаҳат берамиз (мавриди келганда айтиб ўтиш зарурки, Абдужалил ака бу эзгу ишлари учун Ўзбекистон Президентининг фармонига биноан “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда Япония императорининг “Отаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар” ордени билан тақдирланган).
Фильм кўригида бу табаррук инсон оиласининг вакиллари ҳам иштирок этгани анжуманга ўзгача файз бағишлади.
“Улуғ Амир ва донна Мария” филми ўзбек кинематографиясининг, Янги Ўзбекистон кино санъатининг йирик халқаро ижодий лойиҳасидир.
Кинополотно Туркиянинг “Кангуру фильм yapɩм tɩcарет limited şirketi” (муассиси ва раҳбари – Вулкан Онги) билан яқин ижодий ҳамкорликда суратга олинган.
Фильмдаги асосий ролларни ўзбекистонлик Элбек Файзиев, Жўрабек Арзиев, Кўпжурсин Алланазаров, Ўлмас Ўраев, Зилола Искандарова, Баҳодир Болтаев каби артистлар билан бирга буюк британиялик Ник Корнуолл, Роберт Люис, испаниялик Оскар Форонда, Хуан Касиляс, италиялик Жованни Лелли, Харухико Хал Яманоути, Билли Бозз, нидерландиялик Эппо Вортман, америкалик Майкл Митчелл, франциялик Кенго Саито, туркиялик Юнус Таха Карааслан, Нурай Эркол, Ясемин Язучи, Фатиҳ Йилмаз, Ҳайдар Кўел, туркманистонлик Зокиржон Бозоров сингари таниқли хорижий актёрлар ижро этганлар. Донна Мария ва кичик Мария образларини бразилиялик истеъдодли актриса, мафтункор Жессика Мей Кара маҳорат билан яратган.
Бу мураккаб ва улкан кинолойиҳани рўёбга чиқаришда оператор Рустам Муродов, бадиий раҳбар Жаҳонгир Қосимов, адабий маслаҳатчи Шуҳрат Ризаев, илмий маслаҳатчилар Ҳамидулла Дадабоев, Хуршид Файзиев, рассом Шамшетдин Ибрайимов, компьютер графикаси бўйича координатор Ғолибжон Саноқулов, продюсерлар Фирдавс Абдухолиқов, Баҳодир Одилов, композитор Қосим Муинов, хонанда Севара Назархон, шоира Хосият Бобомуродова, Фахриёр каби таниқли ижодкорлар, шунингдек, Шакен Алтинбек (Қозоғистон) ва Азиз Торе (Туркия) бошчилигидаги каскадёрлар гуруҳларининг ҳам хизматлари катта бўлган.
Фильмнинг ўзбек, испан, инглиз, венгер, турк, япон тилларида суратга олингани унинг кўлами ва географияси ҳам нақадар кенг эканидан далолат беради.
Ҳар бири ўз сўзи, ўз характерига эга машҳур ижодкорларни яхлит байналмилал жамоага айлантириб, умумий мақсад сари сафарбар эта олган Ёлқин Тўйчиевнинг нафақат режиссёрлик маҳорати, балки менежерлик қобилияти ҳам таҳсинга сазовор.
Муҳтарам Президентимиз ўз чиқишларининг бирида: “Агар биз тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак”, деб таъкидлаган эди.
“Улуғ Амир ва донна Мария” тарихий-бадиий филми ўзбек киносининг ана шундай юксак талаб асосида катта тараққиёт йўлига чиқиб бораётганини, янада баланд марраларни эгаллашга қодир эканини кўрсатади.
Турсунали ҚЎЗИEВ,
Ўзбекистон санъат арбоби, академик
“Жадид” газетасининг 2025 йил 22 августдаги 34-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



