Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


17.07.2025 | 09:22

img280

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ХОС ЯНГИЧА МУҲТАШАМ “ДЕВОН”

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Ярим аср девони” номли бир жилдлик салмоқли  китоби яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида юксак дид ва нафосат билан нашр этилди.

Китобнинг номланиши ҳақида

Китобда шоирнинг роппа-роса 50 йил давомида битган шеърларидан бой намуналар жамланган. Муҳими, эл-юртимиз тарихи, қисмати дардини куйлашни ўзи учун фарз ва қарз деб билган ҳассос шоир Сирожиддин Саййиднинг она халқимиз оғир, синовли кунларда чеккан заҳмат-у меҳнатларига, андуҳ ва изтиробларига ҳамдард бўлиб ёзган ўтли назм намуналаридан токи янги замон руҳи кенг кўламда ўз ифодасини топган манзумаларигача – сара асарлари ҳам ягона муқова қатида ўз мужассамини топибди. Бу, албатта, ғоят манзур ижодий ёндашув ва ҳар томонлама мақбул ечим.

Сирожиддин Саййид қаламига мансуб “Девон”да шеърлар хронологик тартибда жойлаштирилган ва бу муҳим жиҳат бизга Алишер Навоий ҳазратларининг “Чор девон”ига тартиб беришини эслатди.

Китобнинг мухтасар кириш сўзида қайд этилганидек, “Кўҳна Шарқда “Девон” тузишнинг қатъий мезонлари ва мукаммал қоидалари бўлган. “Девон соҳиби” деган номга сазоворлик шоир ижодий салоҳиятини белгиловчи муносиб рутбалардан саналган. Бугун янги замонда яшаяпмиз. Табиийки, бизнинг давримизда “Девон” тузишда мумтоз шеъриятимиздаги каби араб алифбосига қатъий риоя қилинган талабларни қўйиб бўлмайди”.

“Девон” тузишнинг янги мезонлари

Бугунги давр шоири олдига “Девон” аруз вазнидаги шеърлардан таркиб топиши ва унга араб алифбоси асосида тартиб берилиши керак, деган анъанавий талабни қўя олмаслигимиз табиий ҳол. Чунки, биринчидан, замонавий ўзбек шеъриятида аруз вазни устуворлик қилмаслиги, иккинчидан, араб алифбосидан анчайин узоқлашиб кетганимиз туфайли бундай ёндашув ҳозирги давр “талаблари”га жавоб бермайди.

Бунинг ўрнига, фикримизча, “XXI аср шоири “Девон” тузиш анъанасини қандай новаторлик ёндашувлари билан бойитди?” деган мантиқан асосли саволга жавоб излаган маъқул. Шу нуқтаи назардан:

биринчидан, “ аср девони” фақат аруздаги назм намуналаридангина иборат эмас ва айни шу воқеликнинг ўзи “Девон” тузиш анъанасини янги давр билан чамбарчас боғлаб турибди. Янгича “Девон”дан бармоқ вазнида битилган лирик ва публицистик шеърлар, сўз мулкининг барҳаёт дарғалари лирик асарларига тазмин ва татаббулар ҳам ўрин олган;

иккинчидан, Сирожиддин Саййид ўз “Девон”ига турли йилларда битилган достонлар ва достонлардан парчаларни ҳам киритганки, бунга қадар “Девон” тузиш анъанасида бундай ёндашув кузатилмаган;

учинчидан, “ аср девони” саҳифаларида Лойиқ Шерали, Андрей Вознесенский каби шоирлар шеърларининг Сирожиддин Саййид таржимасидаги ўзбекча матнларини мазза қилиб ўқиш мумкин. “Девон” тузиш анъанасида таржима асарларни бериш тажрибаси ҳам учрамайди.

Биз, албатта, асрларга хос “Девон” тузиш анъанаси мезонлари ҳақида фикр юритяпмиз. XX асрда ушбу анъана Ҳабибий, Чустий, Собир Абдулла каби “Девон” тузган шоирларимиз томонидан янгиланган. Уларнинг “Девон”ларида ғазаллар ҳозирги ўзбек алифбоси тартибида жойлаштирилган.

“Девон”нинг таркиби: фасллар талқини

“ аср девони” бир неча фаслдан ташкил топган. Хусусан, “Менинг энг мунаввар, гўзал тонгларим” фасли – 1974–1983 йилларга оид шеърларни ўзида қамраган.

Бу фасл, умуман, “Девон”нинг ўзи ҳам илк ҳаваскорона битиклардан бошланади. Дастлабки шеър 1974 йилга мансуб. У “Ватан меҳри” дея номланган бўлиб, мана бу кўтаринки мисралар билан якунланган:

Ёлғиз истак қалбда ҳукмрон,
Ватан меҳри тарк этмаса бас.

Муқояса учун “Девон”нинг якуний фаслидаги 2024 йилда битилган “Ватан бағрида бўл бедор” сарлавҳали шеърдан бир банд келтирамиз:

Қолиб кетгувчилар бисёр,
нолиб кетгувчилар бисёр,
Улардан бўлмагил зинҳор,
Ватан ҳеч қайга кетган йўқ.

Ҳар икки шеърда ҳам Ватанга меҳр ва садоқат туйғулари тараннум этилган. Аммо илк битик билан бугунги назмий нафас оралиғида эллик йилда юз берган ер-у осмон қадар фарқни – ижодий юксалишни осонгина илғаш мумкин.

Ушбу фаслдан жой олган шеърлар ёш Сирожиддиннинг шоир сифатида изчил шаклланиши босқичларини намоён этади. Унинг биринчи шеъри “Орзу” сарлавҳаси остида 1975 йилда чоп этилган бўлса, илк шеърий тўплами “Руҳим харитаси” номи билан 1985 йилда нашрдан чиққан.

Кейинги фасл – “Онажон, бу олам бунчалар чексиз!” деб номланган бўлиб, 1984–1991 йиллардаги шеърларни ўз ичига олади. Бу даврга келиб Сирожиддин Саййид шеърият шайдоларига яхшигина таниш бўлиб улгурганди. Чунки унинг “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил” каби шеърий китоблари кетма-кет нашр этилган ва мухлислар эътирофига сазовор бўлганди. Бу фаслдаги соф лирик туйғулар ифодаланган етук шеърлар “Девон”га ўзгача руҳ бағишлаб турибди.

Айни фасл ўзида қамраган етти йиллик ижодий даврнинг яна бир ўзига хос самараси – 1990 йили ҳассос рус шоири Андрей Вознесенский қаламига мансуб туркум шеърлар, достонлар ва насрий асарлар Сирожиддин Саййид таржимасида – “Мангу ризқ” номли китоб шаклида нашр этилганидир. Натижада, юртимиз китобхонлари жаҳон шеъриятида ёрқин из қолдирган Андрей Вознесенский феноменини унинг ўзбек тилига ўгирилган асарлари орқали кашф этдилар.

Навбатдаги фасл “Яхшилик эскирмагай” деб аталган ва 1992-1993 йиллардаги шеърларни ўзида мужассам этган. Атиги икки йиллик ижодий фаолиятга бағишланган айни давр ҳам баракали бўлганини қайд этиш лозим. Муҳими, шу йилларда шоир ўзининг машҳур “Қирқ ҳадис” туркум шеърларини ва “Фалак айланади” номли тўртликлар жамланмасини ёзди.

Яна бир фасл – “Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш” – 1994–2003 йилларга мансуб шеърлардан иборат. Бу фаслдаги шеърлар шоирнинг илгари нашр этилган “Куйдим”, “Уйингдаги бешиклар”, “Ватанни ўрганиш”, “Эгаси бор юрт”, “Ватан абадий”, “Устимиздан ўтган ойлар” каби шеърий китоблари орқали мухлисларга яхши таниш.

Ўз навбатида, “Сен – мангу халқдирсан, ризқ-рўзи ҳалол” деган фаслда 2004–2013 йилларда битилган шеърлар жамланган. Бу даврда шоирнинг “Кўксимдаги зангорларим”, “Кўнгил соҳили”, “Қалдирғочларга бер айвонларингни”, “Дил фасли”, “Яшасин ёмғирлар” каби шеърий тўпламлари, “Сўз йўли” номли икки жилдлик танланган асарлари, “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур…” достони ва ўзида шеърлар, бадиий-публицистик мақолалар, суҳбатлар ва бадиаларни жамлаган “Буғдойбўй Ватан” китоби мухлислар қўлига етиб борди.

Ниҳоят “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” фаслидаги шеърлар 2014-2024 йилларга мансубдир. Ана шу ўн йиллик ижодий юксалиш даврида шоирнинг қарийб 20 та китоби нашрдан чиқди.

Шунингдек, 2018-2019 йилларда Сирожиддин Саййиднинг тўрт жилдлик “Асарлар” тўплами ҳамда шеърлар, достонлар ва таржималар, суҳбат ҳамда мақолалардан иборат “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” ва бошқа китоблари нашр этилди.

Аслида ҳам, “ аср девони” – том маънодаги Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг эллик йиллик ҳайрат ва муҳаббат йўли. Шу маънода, бир томондан, айни муҳташам “Девон” шоирнинг Ватанимиз, халқимиз, миллатимиз олдидаги ўзига хос ижодий сарҳисоби бўлса, иккинчи томондан, адабиёт ва маърифат аҳлига муносиб назмий туҳфаси ҳамдир.

Янги Ўзбекистон шарафланган шеърият

Асрлар мобайнида аждодларимиз шеъриятни нафақат сўздан бадиий завқ олиш манбаи, балки турли билимларни одамлар онг-у шуурига энг мақбул тарзда етказишнинг қулай воситаси ҳам, деб билганлар. Жумладан, асрларда Абу Али ибн Сино ҳазратлари хасталиклардан сақланиш ва уларни даволаш йўллари, турли малҳам-у гиёҳларнинг шифобахш хусусиятларини шеърий услубда баён этганлар. Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Занги ота Ҳимматий сингари азиз-авлиёларимиз муқаддас динимиз арконлари ва тасаввуф тариқатлари мазмун-моҳиятини теран англатиш учун таъсирчан шеърлар битганлар.

Яъни, шеърият муайян ижтимоий-фалсафий ва маънавий-ҳуқуқий вазифаларни ҳам азалдан уддалаб келмоқда. Мазкур “Девон”дан кўплаб ижтимоий мавзудаги шеърлар ҳам жой олган.

Бу ўринда шоирнинг эл-юртимиз ҳаётида мунтазам юз бериб турадиган турли ёрқин воқеаларга бағишланган шеърлари ҳақида сўз бормоқда.

Шоир спорт, қурилиш ва бунёдкорлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, саноат ва ҳарбий соҳа, маданият ва санъат – ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларидаги ҳар битта ярқ этган муваффақиятни алоҳида шеър битиб улуғлайди. Бундай ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистонда эришилаётган зафарли одимларни шеърий услубда шарафлаш экани билан алоҳида эътирофга лойиқдир.

Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди”. Шу маънода, китобхон ва шеърсевар халқимизга муҳташам “ аср девони”ни тақдим этиб, бизни шеърият оламига яна бир бор ошно этгани учун Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, сенатор Сирожиддин Саййидга ташаккур билдирамиз ва ижодига янги илҳом-у парвозлар тилаб қоламиз.

Акмал САИДОВ,
академик

“Жадид” газетасининг 2025 йил 11 июлдаги 28-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855