17.12.2025 | 14:49
306
НАҚД ҲАМ, ВАҚТ ҲАМ ТEЖАЛАДИ
ТЎЛОВЛАРДАГИ ЯНГИ ТАРТИБ ҲАҚИДА
Ўзбекистонда кейинги йилларда иқтисодиётни шаффофлаштириш, замонавий тўлов тизимларини кенг жорий этиш, энг муҳими, одамлар учун қулай ва хавфсиз молиявий муҳит яратиш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ, афсуски, бозорда ҳамон нақд пул айланмасининг юқорилиги, турли соҳаларда тўловларнинг ҳисоб-китобга тўлиқ кирмаслиги, яширин иқтисодиётнинг сақланиб қолиши каби муаммолар йўқ эмас. Дўкон ёки хизмат кўрсатувчи масканларда унда-бунда “терминал ишламайди”, “фақат нақд оламиз” каби гаплар учраб туради. Бунинг ортидан эса тадбиркорга ҳам, аҳолига ҳам ноқулайлик юзага келмоқда.

Шу жиҳатдан, Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда жуда муҳим аҳамият касб этади.
Бир қарашда, иқтисодда нақд пулнинг ортиқча айланиши оддий ҳол кўринади, аммо унинг ортида ўзига яраша муаммолар ётади. Дейлик, нақд пул кўп бўлса, товар нархи устидаги назорат сустлашиши оқибатида солиқ тушумларида камайиш юзага келиши эҳтимоли ошади, бу эса коррупция ҳолатларига йўл очиши мумкин. Одамлар орасида нақдини йўқотиш, ўғирлатиш, қалбаки пул қабул қилиб қўйиш каби хатарлар ҳам бор. Аслида, бундан ҳам катта йўқотиш ВАҚТ билан боғлиқ. Айниқса, коммунал тўлов ёки давлат хизматларини амалга оширишда навбатларда ҳавога учаётган вақт. Қолаверса, хизматлар учун фақат нақдда ҳисоб-китоб қилиниши замонавий ҳаёт суръатига ҳам мос келмайди. Шу жиҳатдан ҳисоб-китобларни рақамли форматга ўтказиш иқтисод учун ҳам, турмуш тарзимиз учун ҳам таклиф этилаётган ўзига хос қулайлик ва хавфсизликдир.
Фармон қандай ўзгаришларни тақдим этяпти?
2026-йил 1-апрелдан бошлаб бир қатор йўналишларда тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тизимлар орқали бўлади. Масалан, давлат хизматлари, электр, газ, сув учун тўловлар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш шохобчалари хизматлари ана шу рўйхатга киради. Қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар, шунингдек кўчмас мулк ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган янги транспорт воситалари олди-сотдиси ҳам фақат нақдсиз амалга оширилиши бу соҳадаги сохталиклар, “кўринар-кўринмас” пул айланмаларини кескин камайтиради.
Фармоннинг барчамизга энг яқин ва ҳаётда тез ҳис этиладиган янгилиги – бу ягона ҚР-код тизимининг жорий этилиши. Бугун кўплаб дўкон ва хизмат кўрсатиш жойларида касса ёнида уч-тўртта турли банкка тегишли ҚР-кодлар қаторлашиб турганини кўрамиз. Харидор эса тўлов қилаётганда улардан қайси бирини “ўқитиш” кераклигини аниқлашга озгина бўлса-да вақт сарфлайди, баъзан кодлар орасидан танлаш қийинлашиб, тўлов жараёни секинлашади.
Ягона ҚР-код эса бу ортиқча тартибларни енгиллаштиради. Янги тартибга кўра, барча юридик шахслар учун битта универсал ҚР-код бўлади, ҳамма тўлов иловалари уни ўқийди. Бу тартиб 2026-йил январдан бошлаб жорий этилади, 1-июльдан эса мажбурий бўлади.
Аслида, бу ислоҳотларнинг энг асосий мақсади оддий аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштиришга қаратилган. Чунки тўловларни электрон тарзда амалга ошириш имкониятлари кенгайгани сайин одамларни кўп безовта қиладиган майда, лекин ҳар ой такрорланадиган қийинчиликлар йўқола боряпти. Масалан, коммунал тўловларни тўлаш учун банкка бориш, навбат кутиш, терминал ишламай қолса, бошқа жой излаб овора бўлиш каби ҳолатлар деярли учрамайди. Электрон тўловлар қулайлигини аҳоли тушуниб етганига анча бўлди.
Тўловларни рақамли форматга ўтказишнинг яна бир қулай томони шуки, барча маълумотлар аниқ ва узоқ муддат сақланади. Қаерда, қачон ва қанча тўлаганингиз ҳақидаги маълумот доимо қўлингизда бўлади. Бу одамларга ўз ҳисоб-китобини бошқаришни енгиллаштиради, тушунмовчиликлар ва ортиқча сарсонгарчиликларни камайтиради.
Марказий банк маълумотлари ҳам бу ислоҳотлар зарурлигини кўрсатиб турибди: мамлакатда айланма нақд пул миқдори бир йил ичида деярли 80 триллион сўмга ошган. Яъни, бозорда, дўконларда, хизмат кўрсатиш жойларида нақд пул ҳаддан ташқари кўпайган. Нақд қанча кўп бўлса, унинг қаерга кетганини назорат қилиш ҳам шунча қийин. Шу боис тўловларни электрон шаклга ўтказиш – ҳисоб-китобни тартибга солишнинг энг осон, ишончли йўли.
Бир пайтлар “фақат нақд яхши”, “пулни қўлда ушлаб туриш хавфсизроқ” деб ўйлаган аксар одамларнинг ўзи ҳам энди карталарга ўрганиб қолди. Маошни картада оламиз, харидларни карта билан қиламиз. Шу маънода, электрон тўловлар улушининг ошиб бориши табиий жараён. Кундалик ҳаётда ҳам шунга кўника бошлагандик, энди бу тизим янада тартибли ва бир хил қоида асосида ишлайдиган бўлади.
Шукрулло КАРИМОВ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



