Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.01.2026 | 16:29

img341

НУРДАН ЯРАЛСА БОЙЛИК…

Филология фанлари доктори, профессор, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нурбой Жабборов олтмиш ёшга тўлди. Ғалвирни, йўқ, балки тўрни сувдан кўтарадиган ёш. Тўғрими? Тўрга кам балиқ илинган бўлса, у енгилгина тортилади. Кўп балиқ тушган бўлса-чи?

Томир. Бир гал таниқли адабиётшунос ва санъатшунос Шуҳрат Ризаев Нурбой домланинг Деҳқонобод туманидаги Откамар қишлоғида яшовчи 100 ёшга етган отаси Абдулҳаким бобо зиёратига борганини: “Ана нуронийлик, мана донишмандлик! Ана илм-маърифат, мана фаҳм-фаросат! Ана иймон, мана эътиқод!” дея ҳаяжон билан сўзлаб берган эди.

Эшитиб қувондим-у, ажабланмадим. Ҳар ҳолда, қарийб қирқ йиллик ижод давомида 815 номда илмий, илмий-оммабоп ва илмий-публицистик материал эълон қилиш шунчаки оддий одамнинг иши эмас. Камига шундан ўнга яқини – монография ёки рисола бўлса. Томири бақувват бўлмаган дарахтдан мўл ҳосил олинмайди-да.

Йўл. Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Ўзбек филологияси факультетида талаба, орада икки йил армия хизмати, ЎзФА Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтида катта лаборант, аспирант, илмий ходим, ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида докторант, ЎзМУда доцент, кафедра мудири, Ўзбек филологияси факультети декани ва 2017 йилдан ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Ўзбек адабиёти тарихи ва матншунослик” кафедраси мудири… Булар – олимнинг асосий меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар.

Мувозана. Катта йўлларнинг икки биқинида мувозана – параллел равишда кичик йўллар ҳам бўлади. Олимларнинг ўриндошлик асосидаги ишларини ўшаларга менгзаш ўринли. Жамият фаол олимдан ҳадди аълосида фойдаланишга ҳаракат қилаверади.

Ноширлик савоби. У нашрга тайёрлаган мумтоз адабиёт намуналари, унинг тўпловчилиги, муҳаррирлиги ёки тақризчилигида чоп этилган илмий тўпламлар ҳам салмоқли. Ростини айтганда, ҳатто ўзинг ёзган нарсаларни тўплаб, тартибга солиб, бир китоб ҳолатига келтириш ҳам анча машаққатли иш. Кўплар эринганидан ўз битикларини тўпламлар қилиб улгурмайди ҳам. Шундай экан, олимнинг Абу Ҳомид Ғаззолий, Абдураҳмон Жомий, Сўфи Оллойор, Огаҳий, Фурқат, Мукимий, Ибрат, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Мулло Олим Махдум Ҳожи, Шариф Юсупов, Бегали Қосимов ва бошқалар асарларини, “Бобо Равшан” халқ достонини нашрга тайёрлаганидаги меҳнатнинг миқёсини кўз олдингизга келтиринг. Яна қанча-қанча китобга муҳаррир, тақризчи, сўзбоши муаллифи бўлган.

Шогирдпарварлик. Олимларнинг ҳаммаси ҳам шогирдпарвар бўлавермайди. Бир диссертация ишига илмий раҳбарлик қилиш учун ҳам хайрхоҳлик, бағрикенглик, сабр-бардош, энг муҳими, вақт ажратиш керак.

Яқинда ректорлар иштирокидаги бир жиддий йиғилишда профессор Бахтиёр Менглиевнинг 78 нафар шогирдга илмий иш ёқлаттиргани, шундан 21 нафари фан доктори экани айтилганда, бутун зал қарсак чалиб юборди. Ахир, у мамлакатга шунча кадр тайёрлаб берган-да.

Бу борада Нурбой домла ҳам пешқадам устозлардан. Шу пайтгача унинг илмий раҳбарлигида 8 фан доктори, 6 фан номзоди, 23 фалсафа доктори ва 75 магистрлик ишлари ёқланди. Диссертацияга расмий оппонент бўлиш ҳам жиддий, масъулиятли иш. У 9 докторлик, 6 номзодлик ва 29 фалсафа докторлиги диссертациясига расмий оппонент бўлди.

Навоийшунослар таснифи. Камина олимларга икки нуқтаи назардан қарайман: академия тизимидан чиққан олимлар ва академия тизимини кўрмаган олимлар. Навоийшуносларимизни ҳам шартли равишда уч тоифага ажратамиз. Биринчи тоифага Навоий ижоди бўйича ҳам номзодлик, ҳам докторлик диссертациялари ёки улардан бирини ёзиб ёқлаганлар (А. Ҳайитметов, Ҳ. Сулаймонов, А. Абдуғафуров, С. Ғаниева, Й. Исҳоқов, М. Муҳиддинов, Қ. Эргашев, Ш. Сирожиддинов, О. Давлатов, М. Асадов, Ҳ. Эшонқулов ва бошқалар) киради. Иккинчи тоифага номзодлик ёки докторлик диссертациясида, жумладан, Навоий ижодини ҳам ўрганганлар (Р. Орзибеков, И. Ҳаққулов, А. Бағиров ва бошқалар)ни киритамиз.

Нурбой домла учинчи тоифага киради. Булар – номзодлик ёки докторлик диссертацияси бошқа давр адабиётини ўрганишга бағишланган бўлса ҳам, кейинчалик қизиқиб, Навоий ижодини ўрганиш билан ҳам шуғулланганлар (А. Қаюмов, Н. Комилов, Б. Қосимов ва бошқалар).

Нурбой Жабборовнинг “Маоний аҳлининг соҳибқирони” монографияси ҳам навоийшуносликка бағишланган. Ўзбек тилида икки карра чоп этилди, кейинчалик форс тилига ўгирилиб, Эронда ҳам босилиб чиқди.

Таҳририят мактаби. Илм ва журналистика. Бу иккаласи бир нарса эмас, албатта. Баъзилар журналистика билан илмни бир-бирига қарама-қарши қўйишни кўп яхши кўради. Тўғри, фанда журналистик оммабоплик, батафсиллик ёки мафкуравийлик кетмайди. Бироқ фикрни пухта-пишиқ, тушунарли, равон ифодалаш борасида илм аҳли журналистикадан кўп-кўп нарса ўрганиши керак ва зарур. Чунки оммавий ахборот воситаларда факт ёки фикрни қандай тарзда тақдим этишнинг аҳамияти жуда катта. Кейин таҳририятларда таҳрир санъатини эгаллайсиз. Илмий ишларида кўпинча айнан шу икки нарса етишмайди.

Нурбой домланинг ўриндошлик асосида “Фидокор” газетасида бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Тафаккур” журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлагани унинг қаламини тоза чархлади.

Дин илми. Бир гал устоз Абдуғафур Расулов домла билан Самарқанд давлат университетига илмий-амалий анжуманга бориб келдик. Йўлда: “Сизга бир нозик саволим бор. Мана, устозингиз Нажмиддин Комилов ҳам, сиз ҳам, фалончи ҳам Навоий ижодини таҳлил қилиб, мақолалар ёзасизлар. Орада фарқ, борингки, қарама-қаршилик йўқми?” деб сўради. Бу савол бекорга берилмаган эди. Биринчидан, бу уч тадқиқотчи матбуотда бир-бирига қарши ҳеч нарса ёзмайди. Иккинчидан, ўша кезлари домлани ўз кафедрадошлари матбуотда кўп уриб чиққан эди.

Албатта, ўзинг билан бевосита боғлиқ саволга очиқ-сочиқ жавоб бериб бўлмайди. Ҳар хил талқин этилиши мумкин-да. Иккинчидан, мумтоз адабиёт тадқиқотчилари сирини замонавий адабиёт тадқиқотчисига ошкор этишдан не наф бор? Орадаги фарқларнинг ҳаммасини айтгим келмади. Бироз ўйлаб олиб: “Навоийга муносабатда устоз Нажмиддин Комилов билан камина қарашлари ўртасида ғоявий-мафкуравий қарама-қаршилик йўқ. Биз у кишининг мактабидан чиққан шогирдмиз. Лекин учинчи тадқиқотчининг Навоийга муносабатларида диний-ирфоний билим озлик қилади”, дедим. Кутилмаган бу жавобдан кейин устоз бир лаҳза кўзни юмиб олиб, ўйладилар-да: “Тушундим. Зўр жавоб бўлди. Қолган ҳамма жиҳатлари шунинг ичида экан”, деди раҳматли.

Нурбой домла раислигида ўтказилган бир муҳокамада қатнашишга тўғри келди. Бир олим ишга сал бошқачароқ ёндашди. Ойлар ўтиб, бир издиҳомда иккаламиз кўришиб қолиб, ўша йиғилишни эсладик. “Ўшанда хато позицияда турилди. Аканинг диний-ирфоний билими пастлиги билиниб қолди”, деди. Бу шунчаки гап эмас. Минг йиллик ўзбек ёзма адабиёти тадқиқотчисининг диний-тасаввуфий билимга эга бўлмаслиги адабий асарнинг туб моҳиятини тўғри ва тўла англаб етмасликка олиб келади. Бунинг ёнига аруз илмини пухта билишни ҳам қўшамиз.

“Маданият ва маърифат” телеканали бир дебат ўтказди. Нурбой домла билан икки қарама-қарши тарафга тушиб қолдик. Камина мактаблар ва филология йўналишида кадр тайёрлайдиган олий таълим муассасаларида аруз яхши ўқитилмаслигини пеш қилиб келавердим. Қозо-қозо хонандалар, манаман деган сухандонлар ҳам арузни бузиб ижро этаётганига мисоллар келтиравердим. Нурбой домла декан сифатида олий таълим тизимида аруз яхши ўргатилаётганини таъкидлади. Охири гап айланиб ўтган асрларда бобо-момоларимиз арузни биз каби шеър тарзида эмас, ашуладек қилиб ўқигани ҳақида кетди. Шунда домла бир жўшди-ку: арузий ғазалларни бир аср бурунги қироат усулларига солиб, бир ўқиди, бир ўқидики…

Диний-тасаввуфий билимларга эгалиги учун у “Маоний аҳлининг соҳибқирони” монографиясида “Алишер Навоий ва ислом маърифати”, “Футувват ғояси ва фатий образи”, “Арбаъин”да маърифий мазмун ва бадиий шакл мутаносиблиги”, “Сирож ул-муслимин”да фиқҳ масалаларининг бадиий ифодаси” каби фаслларни ёзди.

Рағбат. Нурбой Жабборов давлат мукофотларидан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Озарбайжон Миллий илмлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа нуфузли ташкилотларнинг мукофотлари билан тақдирланган, республика танловлари ғолиби бўлган. Албатта, бу эътирофлар замирида қанчадан-қанча меҳнат ва машаққат ётганини тушунган тушунади.

Кафолат. 60 ёшга киргунга қадар эришилган бу ютуқлар, қилинган шунча катта ишлар олимнинг келажакда бундан ҳам кўп ва хўб тадқиқотлар яратиши учун кафолат беради. Биз бунга ишонамиз.

Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

“Жадид” газетасининг 2026 йил 1 январдаги 1-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859