Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


11.09.2025 | 09:23

img205

ОЛИМЛИК УМРБОДДИР

Муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган ҳикмати, мана, орадан 12 аср ўтган бўлса ҳам, ўз долзарблигини йўқотмади. Саксон йиллик умрим давомида бу сўзлар ҳақиқат эканига гувоҳ бўлдим. Президентимиз фармонига биноан “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланган кунларимда ортда қолаётган умр ва илм йўлим ҳақида кўп ўйладим. Бу манзилга олиб келган баъзан равон, баъзан чақиртиконли йўлларни қайта босиб ўтгандай бўлдим.

Мен 1945 йилда Тошкент шаҳрида, оддий ишчи оиласида туғилганман. Болалигим ўта оғир йилларга тўғри келди. Замон қанчалар мураккаб ва нозик бўлмасин, ота-онам билим олишимга катта эътибор қаратди. 1970 йилда Тошкент давлат университетининг Шарқ факультети араб тили бўлимини муваффақиятли битирдим. Соҳам бўйича янги билимларни эгаллаш ва тажриба ошириш мақсадида бир неча йил Миср ва Ироқда таржимонлик қилдим. Миср Араб Республикасининг Айн аш-Шамс университетида ўқитувчи бўлиб ишладим.

Ватанга қайтгач, тўплаган илмимни ТошДУ Шарқ факултетининг араб филологияси кафедраси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетини ривожлантиришга йўналтирдим. Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси доценти лавозимида ишлаб келмоқдаман.

Олим сифатида замонавий араб адабиёти ва исломшунослик йўналишида илмий тадқиқот ишларини олиб бордим. 2002 йилда “Ҳозирги замон Сурия романчилигининг ривожланиш хусусиятлари ва асосий йўналишлари (Ханна Мина ижоди мисолида)” мавзусидаги номзодлик диссертатсиясини ҳимоя қилдим. 2004 йили “Осиё ва Африка мамлакатлари халқлари адабиёти” ихтисослиги бўйича доцентлик унвонини олдим.

Мустақиллик йилларида дунёга кенг йўллар очилгани шарофати билан қатор халқаро илмий конференцияларда иштирок этдим. Хусусан, “ЮНЕСКО кафедраларининг юбилей конференсияси” (Париж), “Сиёсий стратегиялар: Фундаментализмга қарши кураш” (Германия), “XXI асрда мусулмон дунёси” (Истанбул), “Мусулмон мамлакатларида таълим тизими” (Истанбул), “Ислом маданияти” (Макка) каби халқаро анжуманларда маъруза қилиш бахтига мушарраф бўлдим.

Бугун эса Ўзбекистоннинг ўзи қатор халқаро илмий-амалий конференцияларга муносиб мезбонлик қилмоқда. Бунинг учун Ватанимизда барча шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16-апрелдаги “Диний маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Тошкент ислом университети ва Ўзбекистон ислом академияси негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. 2025 йил 21 апрель куни эса муҳим ҳужжат, Ўзбекистон Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилиниб, унга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси деб қайта номланди.

Ўзбекистондаги Ислом сивилизатсияси маркази илгари тарихимизда бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Марказ илмий-маърифий ва диний-маънавий инфратузилманинг янги инноватсион шаклини ўзида мужассам этган халқаро платформа бўлиб, унинг асосий вазифаси буюк аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс пойдевори” ғоясини оммалаштириш ҳамда халқимизнинг ўтган давр ва Янги Ренессанс замонидаги ютуқларини чуқур тадқиқ қилишдан иборат.

Ўз соҳамдан келиб чиқадиган бўлсам, дунё Маҳмуд Замахшарий авлодларидан кўп нарса кутади, ўзбекистонлик олимларнинг чиқишлари араб тили мутахассисларини доим ўзига жалб қилиб келган. Бу бежиз эмас. Зеро, Маҳмуд Замахшарий (1075–1144) Марказий Осиёдан чиққан энг машҳур тилшунос, муфассир ва адибдир. У араб тили ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг ишлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом оламида араб тили илмининг асосий манбаларидан бўлиб хизмат қилган. Олимнинг “Ал-Муфассал фи санъат ал-иъроб” асари араб тили грамматикасининг энг мукаммал қўлланмаларидан биридир. Унда наҳв (синтаксис) ва сарф (морфология) қоидалари тартибли ва тизимли равишда изоҳланган. Бу китоб кейинги грамматикларга асосий манба бўлиб хизмат қилди.

Замахшарий араб тилидаги луғат бойлигини, бадиий услубларни чуқур ўрганган. У араб адабиётида қўлланилган сўз санъатларини тартибга солди ва илмий асос билан изоҳ берди. Бобомиз “Асос ал-балаға” (“Балоғат асоси”) луғатини тузган. Бу луғат араб тилидаги сўзларнинг маъносини фақат қуруқ изоҳ билан эмас, балки адабий мисоллар ва ибораларда қўлланиши билан келтиради. Шунинг учун асар араб тили ўқитишда, хусусан, адабий тилни ўрганишда асосий қўлланма бўлиб хизмат қилган. Ва шу боис у араб оламида “тилшуносларнинг имоми” сифатида улуғланади. Биз ана шундай бемисл хазинага муносиб ворислик қилишимиз керак.

Араб тили ва адабиётини ўрганиш бизга буюк тарихимизни теран англашга, ҳақиқатни аниқлаштиришга ёрдам беради. Чунки араб тилининг Марказий Осиё илм-фани, адабиёти ва маданиятига таъсири жуда кенг ва кўп қатламли бўлган. Хусусан, араб адабиётидаги қасида, марсия, қитъа, рубоий каби жанрлар Марказий Осиё адабиётида кенг тарқалди. Қуръон ва ҳадислар асосида ёзилган тафсир, ҳадис, фиқҳ асарлари адабий-назмий услубга ҳам кучли таъсир кўрсатди. Насрда мақома жанри, шеъриятда мадҳия ва ҳамд анъаналари пайдо бўлди. Қуръондаги балоғат ва бадиият (гўзаллик, сўз ўйинлари, метафора, ташбеҳ, саж) Марказий Осиё шоирларига улкан илҳом манбаи бўлди. Шеъриятда араб аруз вазни кенг ёйилди. Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий каби шоирлар арузда ижод қилди.

Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Фарғона илмий марказларга айланган даврда араб тили илм-фан ва фалсафанинг халқаро тили бўлди. Беруний, Форобий, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний каби алломалар ўз асарларини араб тилида ёзган. Бу асарлар кейинчалик Европа Уйғониш даврига ҳам таъсир кўрсатган. Фикримни улуғ жадид Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мақоласидан олинган парча билан давом эттирсам: “Биз туркистонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур”. Бу қаторда араб тилининг саналиши сабаби кўпчиликка маълум. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс давридаги илмий ва бадиий адабиётларнинг катта қисми араб тилида ёзилгандир. Араб тилини билган олимлар бу меросни асл нусхада ўқиб, тадқиқ қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса ўз тарихий илдизларимизни чуқурроқ англашга ёрдам беради.

Яна бир фактни таъкидлашни истардимки, араб тили БМТ расмий тиллари сафидан жой олган. Бу ҳам ушбу тилнинг стратегик аҳамиятидан дарак беради. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда илм-фан соҳасига, хусусан, араб тили ва адабиётига илмий ёндашув янги босқичга кўтарилди. Олимлар учун барча шароитлар муҳайё қилиниб, фақат илм билан шуғулланишга жалб қилинди. Бундай кенг қамровли ислоҳотлар даврида “Энди нуроний бўлдик, қолганини ёшлар қилаверсин”, деб четда туриш ярамайди. Ўқитувчи нафақага чиқиши мумкин, лекин олим ҳатто, таътилга чиқмайди. Унинг фаолияти умрбоддир.

Абдулҳай АБДУЛЛАEВ,
“Имом Бухорий” ордени совриндори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855