Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


23.09.2025 | 15:38

img295

ОЙ ТЎЛИН БЎЛГАНДА ШУНДАЙ ОҚАРСА КЕРАК…

Ҳа, ой тўлин бўлганда шундай оқарса керак… Мен барча мўйлари бунчалар оппоқ оқариб кетган одамни ҳеч кўрмаган эдим. Ҳатто қошлари, киприклари ҳам оппоқ эди. Қора – куч, оқ – ақл деб шуни айтсалар керак.

1963 йил эди, шекилли, Навоий кутубхонаси қаршисидаги уйда Абдулла Қаҳҳорнинг ёшлар билан учрашуви бўлди. Абдулла ака: “Аввал ёшлар гапирсин, ёшлар”, дедилар. Бироз пайт ҳеч ким сўзлагани журъат қилмади. Сўнг ўртага ўнғайсизлик чўка бошлади. Юрагим така-пука бўлиб мен ўрнимдан турдим… Ўша куннинг ўзидаёқ нима деганларим эсимдан кўтарилган… Абдулла ака ўзини сира ҳам катта олмай ёки бегонасирамай кулимсираб ўтирардилар. У кишининг ҳали ғўр, ҳеч нарсаси кўринмаган талаба ёшлар ичида худди шуларнинг биридай бўлиб ўтириши мени ҳайратга солди. Кўнглимизга яқинлик ва муҳаббат учқунлари тушди. Чамаси, адабий танқидчилик билан ёзувчи ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида сўзладим. Мерименинг бир ҳикоясида эри тўлғоқ тутаётган хотини ёнида ётиб, у билан баробар ва ҳатто ундан минг маротаба кўпроқ тўлғоқ азобларини кечириши, шу билан гўйапрельинини бу азобларга гирифтор қилганлиги гуноҳини ювиши, унинг азобини қандай бўлмасин енгиллатишга уриниши ҳақида айтдим. Адабий танқидчи ҳам ёзувчининг тўлғоқ азобларини ўз бошидан кечирмагунча, унинг асари ичига чуқур киролмаслиги равшан, дедим. Абдулла ака кулиб юбордилар. Сўнг ўз ижод тажрибалари, ёшларга маслаҳатларини ўртоқлашдилар ва бу тўлғоқ азобига ҳам тўхталиб ўтдилар. Абдулла акани яқиндан биринчи кўришишим эди.

Сўнг шу йилнинг июль ойи бошларида Дўрмонга чиқдим. Унда азиз арғувоннинг ҳали битта ҳам шохи қуримаган эди. Боғ ғоятда сокин ва жимжит бўлар экан… Бир неча кун мобайнида Абдулла акани ҳар куни кўришга, сўзларини эшитишга муяссар бўлдим.

Абдулла аканинг ҳамма гаплари тайёр ҳикоя эди. У кишининг қандай гапиришлари билан қандай ҳикоя ёзишлари, тўғрироғи, ҳикоя қилиш манералари ўртасида унчалар тафовут йўқ эди, шекилли. Жуда осуда, оҳиста, зўр ишонч билан юракдан сўзлар эдилар. Ҳикояларини ўқиганимда доим Абдулла аканинг овози қулоғимда жаранглаб туради. Бу осудалик тагида вулқонлар яшириниб ётади. Тўлин ой тунлари кўҳна оламга шундай оҳиста ҳикоя айтади, чамаси. Унинг ҳикоясида замин-у зироат, махлуқ-у мавжудотга она мураббийлиги бор.

Абдулла Қаҳҳорнинг прозаси одамни руҳан тозартирадиган проза. Тўлин ой каби тинмай эртаклар сўзлайди.

Бизнинг айни болалигимиз қаттол уруш пайтларига тўғри келди. Китобларга ташна эдик. Лекин нима ўқишни билмасдик. Биз ўқийдиган ёшларбоп китоблар жуда кам эди. Абдулла аканинг кичкина, юпқагина муқоваларда чиққан “Йиллар”, “Томошабоғ”, “Асрор бобо”, “Кўк конверт” деган ҳикояларини ўқидик. Урушдан кейинги йилларда сал э-имизманбаиганда “Қўшчинор”ни, университетнинг иккинчи курсида ўқиётганда эса “Сароб”нинг йигирма йилдан сўнг чиққан янги нашрини ўқидик. “Сароб”ни иккинчи курс студентлари ўзимизча ўқиб муҳокама қилганмиз…

Сўнг олтмишинчи йилларнинг ўрталарида Абдулла аканинг олти томлик асарлари чиқадиган бўлди. Ўшанда классик адабиёт бўлимининг мудири бўлиб ишлардим. Адибларимизнинг кўп жилдлик китобларини чиқариш йўлга қўйила бошлаган эди. Саодатли кунларнинг бирида Абдулла ака Кибриё опа билан биргаликда катта папкада олти томликнинг биринчи томини олиб келдилар. Кибриё опа биринчи томга Абдулла акангиз кўп нарсаларини киритишни истамаяпти, кўп томлик асарлар ёзувчининг энг мукаммал, бадиий етук асарларидан тузилиши керак, бўлмаса кўп томлик бўлмайди, деб айтяптилар, деб қолдилар. Абдулла ака биринчи томга суратлар беришга ҳам рози бўлмадилар. Томнинг муқовасига Абдулла аканинг дастхатларини ёздириб олдик. Озод Шарафиддинов ҳаяжонга тўла ёрқин сўзбоши ёзди. Абдулла ака олти томликнинг жуда чиройли нашр этилган шу биринчи томинигина кўриб қолдилар. Қолган томлар, гарчи, у киши ўзлари томонидан бевосита кўрилган ва тайёрланган бўлса-да, лекин вафотларидан сўнг чиқди ва тугалланди. Ҳурматли Кибриё Қаҳҳорова уларни тайёрлашда қаттиқ жонбозлик кўрсатди.

1968 йил апрель ойининг бошлари эди. Эркин Воҳидов: “Абдулла ака бетоб ётган эмишлар, кўриб келайлик”, дедилар. Анча фурсат сўзлашиб ўтирдик. Врач укол қилиб кетди. Абдулла акалар эртага даволангани Москвага кетишаётган экан. Шу куни Абдулла акани кўргани Носир Фозилов келган эди. Равил Албеков ҳам бор эди. У бизни бирга суратга олди. Ўша сурат қимматли ёдгор бўлиб сақланади. Носир ака бу суратни Абдулла аканинг сўнгги сурати деб юради. Сўнг 1968 йил майнинг охирида ҳаммани оғир ларзага солган шум хабар келди…

Абдулла Қаҳҳор ҳамма тирикларга ҳамроҳ бўлиб қолди.

Иброҳим ҒАФУРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 сентябрдаги 38-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859