09.07.2025 | 09:22
234
ОЛИМ БЎЛСАНГ, ОЛАМ СЕНИКИ
Ўттиз йилдан зиёд умри дунёнинг энг машҳур илмий марказларидан бири – Дубна бирлашган ядро тадқиқотлари институтида (Россия) ўтаётган ўзбек олими, физика-математика фанлари доктори Авазбек Носировни олим сифатида эмас, инсон сифатида кашф этишга ҳаракат қилдик.
Авазбек Носиров 1982 йилдан буён ядро-ядро тўқнашувидаги жараёнлар механизми бўйича илмий фаолият олиб боради.
1987 йили Дубнада Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида “Оғир ионлар билан тўқнашув реаксияларида кўп нуклонли ўтишлар” мавзусида номзодлик ва 2004-йили Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида “Оғир ион реаксияларида кўп нуклонли ўтишлар ва қўшилиш-бўлиниш жараёнларини ярим микроскопик тавсифлаш усули” мавзусида докторлик диссертатсиясини ёқлаган.
Авазбек Носиров чет эллик олимларнинг экспериментлари натижасини таҳлил этишда улар билан ҳамкорлик қилади. Италиянинг Мессина университети физика факултети олимлари профессор Жиоржио Жиардина, доктор Жузеппе Мандалио, Германиянинг Юстус Либих университети олимлари, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон олимлари билан ҳам халқаро ҳамкорликда ишлайди.
У дунёдаги энг нуфузли 20 та илмий журналнинг ретсензенти. Олимнинг илмий кашфиёти 62 йилдан буён дунё физик олимларининг ядролар тўқнашганда тўла қўшила олмаслиги ҳақидаги тасаввурини ўзгартирди.
У турли ядро физикаси марказларида олинган тажриба натижаларини ўзимизнинг олимлар яратган назарий физика модели доирасида тушунтириб бера олди. Бу ҳақидаги илмий мақола 2023-йил баҳорида физикларнинг нуфузли “Пҳйсиcс Леттерс Б” журналида чоп этилди. У Россиядаги Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида 2023 йилнинг биринчи ярмидаги энг яхши назарий мақола деб тан олинди.
Авазбек Носиров ҳар йили икки марта Ўзбекистонга келиб, ёш олимлар билан ишлайди. У Бирлашган ядро тадқиқотлари институтининг илмий тадқиқотлар бўйича 1992, 2004, 2016 йиллардаги олий мукофотига муносиб кўрилган.
Катта арава қаерга юрса…
Отам узоқ йиллар колхозда раис бўлган. Эрта кетиб, кеч қайтса-да, ўқишимиз, хулқимиз, муаммоларимиз ҳақида онамдан суриштирарди. Онам фаросатли, тадбирли, муросали аёл бўлиб, бирор марта бировнинг кўнглини оғритганини эшитмаганман. Аммо тарбия борасида қаттиққўл бўлиб, кучли интизом талаб қиларди биздан. Энди, ўн икки боланинг еттиси ўғил бўлгандан кейин бусиз бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳаммамиз мактабни олтин медал билан битирганмиз. Уй юмушларини эл қатори қилардик, шунинг баробарида дарс тайёрлаш ва китоб ўқишга ҳам вақт қолдирарди онамиз. Оиламизда илмга, илмли кишиларга ҳурмат кучли, ота тарафдан ҳам, она тарафдан ҳам бобо-бувиларим ўқимишли, зиёли кишилар бўлган. Назира бувим “Болам, ҳали бир куни китоб чиқарсанг, бир четига менинг ҳам исмимни ёзиб қўй”, дерди ҳазил аралаш.
Отам раис бўлса-да, ўртаҳол яшардик. У кишининг ҳаётдаги ҳалоллиги ва бировнинг ҳақидан ҳазар қилишига ҳавас қилардим. Ўзим ҳам илмий фаолиятимда шу икки фазилатга амал қилишга ҳаракат қиламан.
Булоқбошидан Дубнагача
“Суюнчи” филмидан футбол чоғида дераза синиши саҳналари эсингиздами? Биз ҳам қўшни-қариндош болалар билан тўп тепиб, неча марта дераза кўзларини синдирганмиз. Аммо онажоним индамасдилар. У пайтлар бола кўнгли моддий матоҳлардан устун турганмикан, дейман-да.
Хонамиздаги жавонда Кайковуснинг “Қобуснома”си турарди. Бўш қолсам келган жойидан ўқиб кетаверардим. Энди ўйлаб қарасам, ўғил болалар тарбияси учун муҳим бўлган бу китоб тасодифан кўз олдимизда турмаган экан.
Саккизинчи синфлигимда илк бор физикадан олимпиадага қатнашиб, туман ва вилоят босқичларида 1-ўринни, Республика бўйича 3-ўринни эгаллаганман. Биринчи марта Новосибирск шаҳрида ўтказилган Бутуниттифоқ физика олимпиадасида фахрли ўринни эгаллаганимда онам жудаям севинган.
Бунда физика ўқитувчим Тоштемир Умаровнинг ҳиссаси катта бўлган. Ҳар куни дарсдан кейин домлам билан шуғулланардик, у киши мураккаб масала китобларидан фойдаланишни ўргатардилар. Шу тариқа мактабни олтин медал билан битириб, имтиёз асосида Тошкент давлат университетининг физика факултетига ўқишга қабул қилинганман.
Ёшлар ва физика
Ҳозирги ёшларнинг айримлари илм олишнинг осон йўлини қидиради, ҳеч бир масала устида узоқ бош қотирмайди, маърузага ҳам доскадаги тайёр ечимни расмга тушириб олиб тайёрланади, интернетдан қидиради, хуллас, меҳнат қилишга эринади. Энг оқсайдиган тарафи: тил билмайди, ўрганишга ҳаракат ҳам қилмайди. Ҳаммаси ҳам шундай эмас, лекин шунақалари кўпдай кўринади.
Саккизинчи синфда Бутуниттифоқ физика олимпиадаси ғолибларидан бўлганим учун мени Москвадаги физика-техника институтининг сиртқи мактабига қабул қилишган. Ҳар чорак рус тилида физика, математика ва геометриядан назорат ишлари жўнатишарди. Бошида масалаларни тушунишга қийналганман, кейин секин-аста рус тилини мустақил ўргандим.
Онамнинг ишончи, алқашлари куч бериб, 1976 йили ўқишимни ТошДУдан Москва давлат университети физика факултетига кўчирдим. Мусофирликда юрганимда доим ўзимга ўзим “Сени Ўзбекистонда ота-онанг, укаларинг, қариндошларинг, дўстларинг кутишяпти, сендан умид қилишяпти”, дея далда берардим.
Бугун баъзилар четга чиқсам маза қилиб юраман, назорат бўлмайди, ўқишдан, ишдан ортганимда айшимни сураман, деб ўйлайди. Баъзилар шундай қилади ҳам. Аввало, одам ўзини ўзи назорат қилиши керак. Ақл-ҳуши жойида, иродаси бақувват одамга бошқанинг танбеҳ-тергови керак эмас.
Талабаликда бўш вақтим бўлмасди. Спорт билан шуғулланиб, югурар эдим, қишда чанғи учардим. Ўша пайтда олинган ҳаётий динамика ҳали-ҳали давом этяпти. Атрофимдаги инсонларнинг, ҳамқишлоқларим ва қариндошларимнинг менга бўлган ишончини оқлашга ҳаракат мен учун доим мотиватсия беради.
Бу интилишнинг мевалари жуда ҳам ширин: авваллари натижа аъло баҳолар бўлса, кейинчалик илмий мақолалар ва ечилаётган илмий муаммолар, ҳозир эса мен олиб бораётган тадқиқотлар натижаларининг дунё олимлари томонидан тан олиниши ва уларнинг ҳамкорлик таклифлари, атрофимда илмга чанқоқ шогирдларимнинг борлиги ва уларнинг муваффақиятларидир.
ОИЛАМ
Шу даражага етишимда ота-онамнинг тарбияси, меҳри, туғилиб-ўсган муҳитим, устозларимнинг беминнат хизмати бўлса, кейинги ҳаёт йўлимда ўзимни топишим, илм қилишим, бу йўлда нимагадир эришишимда турмуш ўртоғим, оиламнинг ўрни беқиёс. Чунки хонадонимдаги хотиржамлик, илиқлик, ёруғ аура – ҳаммаси аёлим Мастурахон билан боғлиқ.
Олимнинг аёли бўлиш осон эмас. Бунинг учун сабр-тоқат, бағрикенглик ва оилага чексиз муҳаббат керак. Уйингизда ҳар куни жанжал бўлса, “Пул! Пул!” деб қош чимириб, қовоғи очилмайдиган хотин остонада кутиб турса, нафақат илмдан, балки ҳаётдан безиб кетади одам.
Бахтимга боримга ҳам, йўғимга ҳам чидаб, қўллаб-қувватлайдиган, илм қилишимга шароит яратиб берадиган аёл учраган менга. Чунки арзимаган маошга кўниш, ижарада яшаш осонмас.
Иккита ўғлим бор. Тўнғичим Беҳзоджон Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетига кириб Японияга грант ютди ва ўша ерга ўқишга кетди. Ҳозир Японияда яшайди. Келинимиз Манатсу япон миллатига мансуб, аммо ўзбекка ўхшайди, қадриятларимиз, эътиқодимизни қабул қилган. Ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ўзбекчада бинойидек гапиради.
Иккинчи ўғлим Нусратилло менинг соҳамда ўқиди. Институтни битириб, у ҳам хорижга ишга таклиф қилинган.
Ватанга қайтиш
1994 йилдан Дубнада илмий фаолият билан бандман. Ҳануз фуқаролик олиш ҳақида ўйлаган эмасман. Бир йилда икки марта хизмат сафари билан ЎзФА Ядро физикаси институтида талабаларим билан шуғулланиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб кетаман. Бу йилдан бошлаб ишлаган даврим учун ҳақ тўлашяпти. Бу мамлакатимизда олимларга нисбатан қарашлар ўзгарганини, илм қадрланаётганини кўрсатади, шунинг учун алоҳида таъкидлаяпман. Бу орада бир неча бор бутунлай қайтиб келиб ишлаш таклифи тушди. Бироқ, ўйлайманки, мен четда ишлаб, изланиб, халқим учун кўпроқ фойда келтираман.
Биттагина армоним бор: ота-онамнинг хизматида муқим бўла олмадим. Бироқ қўлимдан келганича дуоларини олишга ҳаракат қилдим. Оламдан ўтиб кетишганига ҳам анча бўлди. Доим теран нигоҳларини ҳис қилиб тураман.
Англаб етганим шуки, қаерда бўлмайлик, ўз илмимиз, ўз ҳунаримиз билан Ватан учун, ватандошлар учун қўлимиздан келганича наф келтиришимиз керак экан. Юртга ҳар келганимда, битта бўлса-да, шогирд тарбиялаб, кўнглида илмга муҳаббат уйғота олсам, ҳеч бўлмаса, фикрини ўзгартира олсам, бу мен учун жуда катта шараф бўлади.
Шаҳноза РОФИЕВА ёзиб олди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 4 июлдаги 27-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



