Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


18.08.2025 | 16:33

img226

ОЛИМЛАР ТАРЖИМОНЛАРГА ТИРГАК БЎЛСИН

Ўзбек таржимачилигида асосий эътибор бадиий асарларни чет тиллардан она тилимизга ўгиришга қаратилган. Бу борада бизда асрлар бўйи йиғилган бой мерос ва тажриба бор. Шунга қарамай, айрим таржималарда ҳамон хато ва камчиликлар учраб турибди. “Йўқдан кўра бор-ку”, қабилида бундай ҳолатлардан кўз юмадиган вақтлар ўтди. Бугунги ўқувчи жаҳон адабиётини аслиятда ўқийдиган салоҳиятга эга. Демак, уларда таққослаш имконияти туғилмоқда. Мана шу ҳол таржимонлардан янада сергак ва билимли бўлишни, меҳнатдан қочмасликни талаб қилади. Қуйида айрим таржима ишларига тўхталиб ўтмоқчимиз. Зора, ёш мутаржимларга фойдаси тегса.

Каминага яқин бўлгани боис таҳлилни олмон тилидан ўгирилган асарлардан бошласак. Тошкентда жойлашган Гёте институтида ёш таржимонлар учун семинарлар ўтказиш анъанага айланган.

2024 йил охирларида ўтказилган семинарда Ҳафиза Қўчқорованинг янги таржимаси муҳокама қилинди. Швейтсариялик ёзувчи Петер Штаммнинг “Диэ sanfte Gleichgültigkeit der Welt” асарини таржимон қизимиз “Лоқайд дунё” деб ўгирган. Аммо асар номи “Дунёнинг ойимсупурги лоқайдлиги” деган маънони англатади. Муаллиф олмонча “санфт” (эпитет) сифатловчи сўзини лоқайдлик от сўз туркумидан олдин аниқловчи вазифасида қўллаб, бу сўзни шунчаки мулойимлик, юмшоқлик маъносида эмас, балки дунёни бузаётган зараркунанда бепарволик, жамиятни издан чиқараётган мулойим лоқайдлик сифатида қайд этиб, инсониятни ҳушёрликка даъват қилмоқчи бўлгандай, назаримда. Асар номи нотўғри тушунилган, муаллифнинг мақсади англанмаган ва оқибатда гўзал сарлавҳа сийқа маъно касб этган. Ҳолбуки, мутаржимнинг дастлабки ишларидан бири бўлган Женни Эрпенбекнинг “Ҳеимсучунг” романи таржимасида сарлавҳадаги хатодан кейин бу ишга жиддий қарай бошлаганини кўриб, унинг навбатдаги таржималарида муқобил сўзлар топаётганидан хурсанд бўлган эдим. Жумладан, унга Элке Ҳайденрайх ва Бернд Шрёдернинг “Алте Liebe” асарини “Азалий ишқ” деб гўзал таржима қилганини эслатиб, мақтаганман.

Айрим мутахассисларимиз махсус луғатлар билан кам ишлаётгандай туюлади. Акс ҳолда Гюнтер Грасснинг “Дер Блечтроммел” романини қандай қилиб “Тунука дўмбира” деб ўгириш мумкин? Олмонлар ҳайвон териси қопланган ноғорасимон созни Троммел деб айтайди. Дўмбира эса туркийларга хос қорни ёғочдан ясалган мусиқа чолғусидир. Аслида Гюнтер Грасснинг мазкур асари сарлавҳаси “Тунука ноғора” деб ўгирилса, тўғрироқ бўларди.

Айни пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида олмонзабон модернист ёзувчи Франс Кафка ҳаёти ва ижодига қизиқиш авж олмоқда. Унинг қатор асарлари рус ва олмон тиллари орқали ўзбекчага ўгирилмоқда. Ёзувчининг “Дас Schloss” асари аввалроқ Вафо Файзулло томонидан русчадан “Қалъа” номи билан таржима қилиниб, чоп этилган эди. Шу асарни олмончадан ўгирган Шаҳноза Қувонова “Қўрғон” деб атабди. Сўзбоши муаллифи, академик Акмал Саидов эса асарни “Сарой” деб атаган. Луғатларда “Дас Schloss” сўзининг қаср деган муқобили ҳам мавжуд. Қай бири аслиймонанд, деган савол туғилганда тескари таржима методи қўл келади. Бу усулга кўра қалъа – Бург, қўрғон – Фестунг. Олмонча-ўзбекча луғатларда эса “Дас Schloss” гоҳ сарой, гоҳ қаср шаклида берилган. Вафо Файзулло аслият тилини билмаслиги мумкин, бироқ Шаҳноза Қувонова мутахассис сифатида нега нотўғри таржима қилган? Унинг хатоси – луғат билан ишламаганида.

Ҳозирги олмон тили луғатларида 800 мингдан 1 миллионгача сўз бор. Университетни битирган мутахассис нари борса 2000 та фаол, 3000 та пассив сўз бойлигига эга бўлиши мумкин. Синхрон таржимонлар эса шунинг ўн баробарича сўз бойлигига эга бўлиши мумкин. Шундан луғатсиз таржималарнинг қай ҳолатда эканлигини тасаввур қилаверинг. Бу ўринда фақат мутаржимнинг эмас, балки ана шу таржималарни чоп этган ноширларнинг ҳам лоқайдлиги кўзга ташланади.

Таржима нашрларда бошқа қатор жиддий камчиликлар ҳам кўзга ташланадики, улар ўгирмаларнинг умумий сифатига салбий таъсир кўрсатяпти. Жумладан, библиографик маълумотлар аслият тилида берилмаяпти, асл матнни чоп этган чет эл нашриётидан махсус рухсатнома – лицензия олинмаяпти, нашрга масъул тақризчиларнинг исми-шарифи китобларда бор-у, нашриётларда уларнинг асл тақризлари матни сақланмаган. Бу эса халқаро нашр нормалари ва муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади. Қолаверса, махсус кенгаши бўлмаган нашриётлар таржималарни чет тили мутахассисининг таҳрири ва тақризидан ўтказмасдан ўзбошимчалик билан босмоқда. Натижада, таржима матнларида муаллифнинг индивидуал услуби ва миллий ўзига хослигига жиддий путур етмоқда. Улардан нега бундай қиласизлар, деб сўрасак, масъул муҳаррирга тўлайдиган пулимиз йўқ, дейишади. Ахир, таржиманинг сифатини айнан ана шу масъул муҳаррир ва унинг таҳрири ҳамда тақризлари кафолатлайди-ку!

Шу каби жиддий ташкилий, нашрий камчиликлар туфайли минглаб миллий ўзига хос сўзлар ўз қиёфаси ва маъносини йўқотмоқда. Жумладан, “йўлбарс” – шаҳзодага (Ф.Вюртленинг “Бабур дер Тигер” асари таржимасида), “шавла” – бўтқага, “палов” – шавлага, “амир” – қиролга айланиб қолмоқда. Мустабид тузумдан қутулганимизга кўп йиллар ўтса-да, таржимонлар бизни яна “шчелкунчик” билан “ёнғоқ чақиш”га ўргатмоқчи бўлишяпти (олмон ёзувчиси Амадей Ҳофманнинг “Нусскнаcкер”, яъни “Ёнғоқ чаққич” асарини русчадан ўгирган таржимон асар номини “Шчелкунчик”лигича қолдирган).

Мени ўйлантираётган бошқа бир масала ҳам бор: ҳозирги ўзбек фани турли йўналишлар, айниқса,  ижтимоий соҳаларда қандай янги фикр ва тадқиқотлар билан жаҳон фанини бойитмоқда? Диссертацияларда янгилик деб даъво қилаётганимиз жаҳон миқёсида қай даражада тан олинмоқда? Ўзбек таржима назарияси қандай назарий кашфиётлар билан жаҳон таржима назариясини бойитмоқда? Ана шу саволларга жавоб топиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири бу – ўзбек фани ютуқларини чет тилларига таржима қилишдир.

Биз эса асосан четдан ўгириш билан бандмиз. Бу эски қобиқлардан чиқишга ўзимизда журъат тополмаётганимиз ва буни турли баҳона-ю сабаблар билан оқлаётганимиз оқибатидир. Бугун жаҳон тажрибасида жиддий ривожланаётган муҳим тенденция – она тилидан чет тилларига бевосита таржима қилиш масаласига ишончсизлик билан қараб, ўзимиз англаган-англамаган ҳолда замондан орқада қоляпмиз.

Таржимонларнинг ҳушёрлиги пасайишида соҳа олимларининг ҳам “ҳиссаси” бор. Ўтган вақт давомида амалга оширилган таржималарни 100 фоиз десак, бу ағдармаларнинг тахминан 10 фоизи илмий тўпламларда таҳлил ва танқид қилинди, холос; жуда кам қисми катта-кичик диссертацияларнинг тадқиқот объекти, предмети ва материалига айланди. Шу ўринда фидойи олимларимизни санаб ўтишни лозим топдик.

Бу масалада, айниқса, ўз вақтида Жуманиёз Шарипов, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов ғайрат кўрсатишган бўлса, айни вақтда  уларнинг шогирдлари кўп ибратли ишларни амалга оширишмоқда. Зоҳиджон Содиқов ва Ҳамиджон Халилов каби амалий таржималар билан шуғулланаётган айни пайтда илмий иш ёқлаётган, қатор монографик тадқиқот ва ўқув адабиётлари яратаётган ҳамкасблар кўп эмас.

Таъкидлаш жоиз, бу соҳада жиддий масалаларни ўртага ташлаётган, мавжуд таржима муаммоларига ечимлар таклиф қилаётган Зуҳриддин Исомиддинов (“Таржима ва тил”), Эргаш Очилов (“Таржимашуносликнинг назарий масалалари”) ва Одилжон Сафаров (“Антик таржимавий тафаккурни ўрганиш муаммолари ва уларнинг ечимлари”) каби соҳамизнинг пешқадам олимлари кўпчиликка ибрат бўлишмоқда. Бошқалар ҳам улардан ўрнак олса, таржимачилигимиз сифати сезиларли даражада кўтарилган бўлар эди. Зотан, назариётчилар амалиётчиларга кўмакчи бўлиши керак.

Хуррам РАҲИМОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Таржимашунослик ва луғатшунослик илмий-амалий маркази раҳбари, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 15 августдаги 33-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855