Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


25.11.2025 | 10:10

img146

СЎЗ – ОЛОВ

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Китоб деб аталмиш беқиёс хазина инсониятнинг буюк ихтироларидан бири сифатида эътироф этилган. Унинг қудратини рамзий маънода қуёш тафтига қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди.
“Ўткан кунлар”ни биринчи марта ўсмирлигимда ўқиганман, энди эса ички бир эҳтиёж билан бу асарга яна ва яна мурожаат қиламан. Асар қаҳрамонлари – Отабек, Кумуш, Зайнаб бундан олтмиш йил аввал менинг тасаввуримда жонланган қаҳрамонлардан жиддий фарқ қилади. Ўқувчи билан бирга улар ҳам улғайиб бораётгандай… Шундай экан, яхши китобларни бир марта ўқиш билан кифояланиш керак эмас. Унинг мўъжизалиги шундаки, ҳар гал ўқиганингда у сенга маъно хазинасининг янги-янги қатларини очаверади.
Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз оламшумул ютуқларга китоблар боис эришган. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби алломалар ёшликдан мутолаага ошно бўлган, илм олиш учун иссиқ уйларини ташлаб, олисларга сафар қилган. Машҳур кутубхоналардаги маънавий хазинадан баҳраманд бўлишни орзу қилишган.
Адаб илмига доир кўплаб асарлар муаллифи сифатида ном қозонган Ибн ан-Надимнинг хотираларида Маъмун бир урушда Рим подшоҳини мағлуб этгач, ўзаро сулҳга кўра, ундан ўлпон ўрнига бағдодлик олимларга хазинасидаги нодир китобларни таржима қилиш учун рухсат беришини талаб қилган экан. Нақадар ғаройиб талаб. Ўтмиш-тарихда бундай мисоллар оз эмас.
Маҳмуд Асад Жўшоннинг “Тасаввуф ва гўзаллик” китобини (Мирзо Кенжабек табдили) қайта-қайта варақлайман: “Бемаъниликни, бемаъни ишларни, беҳуда сўзларни тарк этмоғимиз лозим. Кийим ҳам шунга ўхшаш. Одамлар ўзларини исканжага солганлар. Шундай пайпоқлар киямизки, оёғимизни бўғиб қўяди, қон айланмайди… Инсон (янги уйига) Италиядан мармар келтириб, овруповий печь қуради. Нима ишга ярайди бу? Беҳуда, ҳеч ишга ярамайди. Ичига бирор нарса солинмайди, ёнмайди, ёнса ҳам иситмайди. Устида овқат пишмайди. Оддий нарсаларга жуда катта сарф-харажатлар қилади. Австралияда қурилган иморатларни кузатаман. Бу – италиялик кишининг уйи. Унинг ёнидаги бинода ишчимиз яшайди. Италияликнинг томорқаси гўзал, батартиб, саришта. Бизники эса хароб. Чунки бу инсон уйига ҳам, боғига ҳам қарамайди, ўзини уринтирмайди, фабрикага бориб, мардикордек ишлайди, бошқалардек ишдан кейин бирор фойдали иш билан машғул бўлмайди. Оврупо бизнинг урф-одатларимизни, ашёларимизни синчиклаб ўрганади, фойда­лисини танлаб олади. Масалан, улар қатиқ истеъмолини, дон янчиш (тегирмон) ишини, чолворни, нимча-камзулни, юнгли либосни, сузиш либосини биздан олган. Демакки, ўз тамойилимиз, ўз қоидамизга мувофиқ бўлган нарсаларни, агар қаноатлантирсак, ишонтирсак, бошқалар ҳам олиши мумкин”. Алломанинг ушбу фикрларини ўқир эканман, бир тадбиркор йигитнинг: “Уч қават уй қурдим, қирқтача хонаси бор, аммо уларнинг кўпига бир йилда бир марта кирсам кираман, кирмасам – йўқ”, деган сўзлари йодимга тушади. Ҳар бир даврнинг ўз мафкураси, мақсад-муддаоси бўлганидек, шу даврнинг ҳосиласи бўлмиш ўқувчиси ҳам бўлади. Даврлар ўзгаради, аммо чин китоблар замиридаги ростгўй ифода ўз таъсирини ҳеч қачон йўқотмайди, қалб амри, имон сиёҳи билан ёзилган асрларни ортда қолдириб, яшашда, илм-маърифат тарқатишда давом этади.
Улуғ устозлардан илмнинг ибодатга қиёсланиши мазмунидаги ҳикматни эшит­ганимда, китоб ўқишга қизиқишим янада кучайган. Ўқувчилик йилларим бир китобчани қидириб, қўшни икки-учта қишлоққа борганим, уйга қайтишда қорбўронда қолиб кетганимни эслайман. Бир устознинг: “Китоблардаги муҳим фикрлар, воқеа-ҳодиса­ларнинг қисқача баёни, ўзинг учун янги сўз ва иборалар, мақол ва маталлар, ноёб айтимларни ён дафтарингга ёзиб қўйганинг маъқул”, деган гапи ҳамон йодимда. Узоқ йиллар давомида бу одат мен учун қатъий қоидага айланди. Бундан ўн-ўн беш йил аввал ўқиган китобим ҳақидаги қисқа ёзувларимни варақлар эканман, унинг асосий мазмуни, хулосаси хотирамда жонланади. Ёзган мақолаларимда улардан фойдаланаман. Жалолиддин Румийнинг “Ичиндаги ичиндадир”, Радий Фишнинг “Уйқудагилар уйғонажак” каби асарлари, Маҳмуд Асад Жўшон, ҳинд донишманди Ошо маърузаларидан олган иқтибосларим олийгоҳдаги сабоқларим чоғи тингловчиларимда яхши таассурот қолдиради.
Сўнгги йилларда аввал ўқимаган, аммо ўқишим зарур бўлган кўплаб китобларни ўқидим. Уларни кимгадир имтиҳон топшириб, баҳо олиш учун эмас, ўзинг учун, маънавий эҳтиёжингни қондириш учун ўқи, китоблар оламига ўзингни ўзинг бошла, деган маънода рисола ёздим.
Абу Райҳон Берунийнинг “Қимматбаҳо жавоҳирлар ҳақида билимлар китоби”, атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотиҳи тарихи”, Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёллар иши эмас”, поляк адиби Луиш Монтейрунинг “Майизхўр эркак”, туркман адиби Отажон Тоғоннинг “Бегона” асарлари мутолааси, таниқли публицист Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Исмоил Ғаспралининг қадим Андалусияга доир туркум мақолалари, Фитрат домланинг “Шарқ сиёсати” асарларини ўқиш менга кўп нарса ҳадъя қилди.
Ғаспрали Шарқнинг илм-маърифат йўли­даги буюк ғалабалари, дунёга машҳур ихтиролари билан бирга, ноаҳиллик, миллатнинг эртанги кунини ўйламаслик оқибатида Ғарбни ҳайратга солган улуғ мавқейини қўлдан бой берган мусулмон Андалусиясининг фожиаси сабабларини очиб беради: “Маданият тарихининг энг буюк ва тугал қоидалари(н)дан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқабошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук… Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бу(н)лар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмоқ учун халқни бир-бири билан уруштирдилар…”
Тадқиқотчи Қосимжон Содиқов қаламига мансуб “Қутадғу билиг” сўзлиги” китобидан кўп кўчирмалар олдим. Сўзликда Юсуф Хос Ҳожибнинг етук файласуф, илм ва маърифат ҳомийси, осмон жисмларини кенг ўрганган олим сифатида айтган комил инсон қандай бўлиши, юксак инсоний фазилатларга эришиш йўллари, мансабдорларнинг турмуш тарзи, одоб-ахлоқи, давлат ва жамият манфаатларига муносабати қай тартибда шаклланиши хусусида ғоят муҳим фикрлари бор. “Ҳайратланарлиси шундаки, эски туркий тил луғати таркибидаги сўзларнинг киши ўй-хаёлига келмаган, бошқа ёзма ёдгорликларда учрайвермайдиган инжа маъноларини ҳам “Қутадғу билиг”дан топамиз. Матннинг ичига чуқур кириб борганингиз сари, сўзларнинг янги-янги маънолари очилаверади”, деб ёзади тадқиқотчи. Дарҳақиқат, шундай. Бунга ён дафтаримга ёзиб олган қуйидаги ҳикматлар далил бўла олади: Бу дунё шўр сув кабидир, қанча ичма, чанқоғинг қонмайди.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам вақт ўтиши билан улғаяди.
Оққа қора тез юқади.
Тилинг билан сўзла, аммо дилингдан сўзла.
Дунё ҳаммани қаритади, аммо ўзи қаримайди.
Фаросатсиз киши тарбияли кишини кўрса кўнгли айнийди.
Беҳуда сўз олов сингари куйдириши мумкин, уни оғзингдан чиқарма.
Қадр-қиммат истасанг, ўзгаларни қадрла.

Китоб билан ошно бўлган кишининг китобхонлиги бир умр давом этади. Негаки, замон ўзгаргани, янгилангани, ҳаёт фаровонлашгани сари инсоннинг маънавий эҳтиёжи ҳам ошиб боради. Бугунги ўқувчи миллий адабиёт билан бирга, жаҳон адабиёти хазинасидаги дур-гавҳар асарлардан ҳам баҳраманд бўлишни хоҳлайди. Мамла­катимизда китобхонликка жиддий эътибор берилаётгани, ёшлар “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Саодат” каби журналларни, айниқса, хорижий тиллардан ўзбек тилига ўгирилган асарларни қизиқиш билан ўқиётгани ғоят қувонарли.
Турк оламида машҳур асарлардан бири Маҳмуд Кошғарий қаламига мансуб “Девони луғатит турк” китобидир. Унинг бугун Истанбул шаҳрида сақланаётган ягона нусхаси қандай топилгани ғоят қизиқарли воқеа.
Туркиянинг Диёрбакр шаҳрида таваллуд топган Али Амирий исмли йигит ёшлигидан китоб мутолаасига берилади. Бу иши боис, бошига кўп ташвишлар келишига қарамай, нодир китобларни йиғишда давом этади. Ҳаётининг асл маъносини шу ишда кўради. Кунларнинг бирида унинг бошига омад қуши қўнади: китоблар сотиладиган расталардан бирида ўзи билмаган ҳолда “Девони луғатит турк”ни 33 лирага сотиб олади. Кейинроқ бу янгиликдан кўплар хабар топади. Улар Али Амирийдан ушбу китобни катта пул эвазига сотиб олишга ҳаракат қилишади. Аммо Али бунга кўнмайди. Венгриялик бир элчи унга нақд 10 минг олтин танга беришга розилигини айтади. Франциядан келган олим эса Парижнинг қоқ марказида қурилган ҳашаматли саройни ваъда қилади. Аммо Али Амирий ҳар икки таклифга ҳам рад жавобини бериб, “Мен Ватаннинг ноёб хазинасини пулга сотадиган хоин эмасман”, дейди. Ҳукумат унга 300 олтин танга жўнатганида эса бу пулни мамлакатнинг оч-наҳор яшаётган фуқароларига бўлиб бериш кераклигини айтади.
Таниқли олим Асрор Низомовнинг “Маҳмуд Кошғарийнинг географик мероси” номли монографиясини ўқир эканман, “Девони луғатит турк”ка бўлган қизиқишим янада ортди. “Ушбу дурдона асар жаҳоннинг кўплаб нуктадон илмпарварлари томонидан кўп ва хўп тадқиқ қилинган ҳамда ўрганилмоқ­да, – деб ёзади Асрор Низо­мов. – Аммо шундай бўлса-да, унинг ҳамон очил­маган қирралари илм осмонида порлоқ юлдуз мисол бот-бот ўзини кўз-кўз қилиб туради. Шундай жиҳатлардан бири олимнинг географик қарашларидир… У от солган турк эли­нинг гўзал водийлари, чексиз чўллари, ўтиб бўлмас юксак тоғлари, хуллас, кўп­лаб географик кенгликлари олим учун битмас-туганмас фикр уммонига айланган. Ушбу кенгликлар бўйлаб сочилган туркий халқларнинг тили, урф-одати, юксак маданияти, инсоний фазилатлари шоҳлик тожини китоб тўла хуржунга алмашган сайёҳ-олим жуздонига бамисли қимматбаҳо дурлар каби кетма-кет жойлаша борган. Йигирма йилдан ортиқ вақт давом этган машаққатли саёҳат давомида “Девони луғатит турк”дек ноёб бир асар, дунё халқларининг қимматда тенгсиз бойлиги вужудга келган. Гарчанд, у узоқ вақтлар токчалар, китоб сандиқларида ўзининг ҳақиқий тадқиқотчиларини кутиб ётган, қўлдан-қўлга ўтавериб, ўқилавериб, варақланавериб абгор бир ҳолга келган бўлса-да, охир-оқибат нафақат дунё закийларининг назарига тушди, балки тадқиқ этилди, ҳижжалаб ўрганилди…”
Китоб монография талабида ёзилган бўлса-да, содда ва равон тили, ҳар бир фаслнинг қизиқарли маълумотлари билан ўқувчини ўзига тортади. Эътибор беринг: “Девони луғатит турк”да географик терминлар тавсифи, жойларнинг геологик тузилиши, қазилма бойликлари, иқлим шароити, ички сувлари, тупроқ қатлами, ўсимлик турлари, ҳайвонот дунёси, Турон ва унга ёндош ҳудудлар топонимларининг этимологияси, аҳолининг этник келиб чиқиши ва миграциясини ўрганишнинг аҳамияти; қадимги туркий халқларнинг турмуш тарзи, либослари, рўзғор буюмлари, зеб-зийнати, туркий мучал тавсифи, девонда келтирилган, кейинчалик халқаро тил муомаласига кирган сўз ва атамалардан намуналар… Монографияни ўқир экансиз, улуғ ватандошимиз Маҳмуд Кошғарий чуқур зеҳнли тилшунос олим бўлиш билан бирга, забардаст ўлкашунос ҳам бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Янада муҳими, девонда келтирилган қатор атамалар турк тили ўзига ёндош тиллар ҳисобига бойиб боргани, шу билан бирга, бошқа тилларни ҳам бойитганидан фахрланиб кетасиз. Шу маънода, муаллифнинг бу тарихий асарнинг ҳали ўрганилмаган қирралари ўз тадқиқотчиларини кутиб тургани хусусидаги фикрига тўла қўшиласиз.
Китобшунос олимлардан бири: “Чуқур маъноли, йиллар, асрлар ўтса-да, аҳамиятини йўқотмайдиган китобларнинг камлиги – офат”, деб айтган экан. Бугун энди ҳар хил даражадаги, ўртамиёна ва ундан ҳам паст савияли “китоб”ларнинг кўплиги офатга айланди. Юпанч шундаки, уларни фаҳм билан танлаб ўқиш имкониятимиз бор.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 21 ноябрдаги 47-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855