Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


03.10.2025 | 12:14

img236

ШОИР ҚИСМАТИ

Хабарингиз бор, бу йилги Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Кўп йиллик самарали фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, жамиятимизда эзгулик ва адолат, ватанпарварлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб, авлодларга қолдирган бой мероси, сермазмун ҳаёти ва инсоний фазилатлари билан эл-юрт хотирасидан чуқур жой эгаллаган марҳум олим ва ижодкорларнинг олий мукофотлар билан тақдирланиши мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасини эъзозлаш ва ибратли ишларини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми, албатта. Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани адабиёт ихлосмандларида катта мамнуният уйғотди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Шоир Рауф Парфи бир ўринда устозлари ҳақида сўз очиб, шундай деган эди: “Улуғ Туркистоннинг тўққизта улуғ дарёси бор: Амударё, Сирдарё, Абдулла Қодирий дарёси, Абдурауф Фитрат дарёси, Абдулҳамид Чўлпон дарёси, Мухтор Авезов дарёси, Чингиз Айтматов дарёси, Олжас Сулаймон дарёси, юртимнинг яна бир улкан дарёси. Менинг томирларимда ҳам шу тўққизнинг қони оқади. Мен бу улуғ дарёларнинг соҳилларида доим саргардонман, ташнаман, очман, муҳтожман…” Бу ерда маънавий ташналик ва муҳтожлик ҳақида гап кетмоқда.

Рауф Парфи, айниқса, юрт ва миллат ҳуррияти учун курашган ва бу йўлда қурбон бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон “дарё”ларига ичкин бир ташналикни ҳис қилади ўзида. Шундан, шоир бу адибларимиз шахсиятига айрича бир меҳр билан қарайди ва ўз ижодида уларнинг бадиий сиймосини яратишга ҳаракат қилади. Буни англаган зукко адабиётшунос Маҳкам Маҳмуд ўзининг “Анварий, Хоқоний ва Байрон изидан…” мақоласида: “Миллатпарвар, ҳақ сўзли Рауф Парфи каби шоирлар ижоди туфайли Фитрат, Чўлпон, Усмон Носирлар қайтиб келгандай бўлди”, деб ёзади.

Табиий, Рауф Парфи эътиборидаги энг улуғ шоирларимиздан бири бу Чўлпондир. Шоирнинг Чўлпон шахси ва ижоди билан танишуви ҳам узоқ талабалик йилларига бориб тақалади. “1961 йилнинг охирлари эди, – дея хотирлайди машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасан. – Ўша пайтларда мен билан яқин дўст бўлиб юрган Турсунали Парфиев (Рауф Парфи) кунлардан бир куни қўлимга машинкаланган, хира тортиб кетган бир даста шеър тутқазди. “Буни Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон дейдилар”, деди у ғурур билан. Мен бу номни сира эшитмаган эдим. Қўлёзмани ўқий бошладим. “Бу шеърлар бошқачароқ-ку, Уйғун, Ҳамид Олимжонларга ўхшамайди-ку?” дедим Турсуналига. “Шунинг учун Чўлпон-да!” деб мийиғида кулиб қўйди Турсунали.

Бу ҳақда шоирнинг ўзи шундай хотирлайди: “Олтмишинчи йиллар. Қатағон этилган шоирларнинг ижоди билан таниша бошладик. Чўлпоннинг асарларини яширинча ўқиганларимизни эслайман… Ватанни, чин ватанни таниш жараёнини сўз билан гапириб бериш қийин. Фикрлар аста-аста келган, ҳислар секин-секин кечган… кўнгилда гиря кучайиб борган…”

Дарҳақиқат, Рауф Парфининг 1965 йили тартиб берилган шеър дафтарида Чўлпоннинг “Бир тутам сочларинг менинг қўлимда, Ғижимлаб ўпайми ё тараб очай…” мисралари билан бошланувчи шеъри кўчириб қўйилган ва унинг тагида Рауф Парфининг “Кумушдай қўлларинг менинг бўйнимда, Зуннор деб атайми ё юлиб ташлай?..” деб бошланувчи “Чўлпонга ўхшатма”си ўрин олган.

Кейинчалик шоир ўз устозига бағишланган “Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон” шеърини ёзди. Шеър учта сонетдан иборат. Учинчи сонетда Чўлпон сиймоси акс этган:

Оҳ, шоир қисмати ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у. Бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толейи нигун,
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу – халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги ярим-у, бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.

Тани омонатдир, нақд эрур жони,
Кўкрак қафасида ловуллаб порлар,
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

Рауф Парфи ғаладонида мақолалар унча кўпмас. Лекин унинг Чўлпон ва Фитрат ҳақида алоҳида мақолалар ёзганига гувоҳ бўламиз. Чўлпонга оид эссе “Шеърият ҳуқуқи” деб номланади.

“Ўзбек маънавияти осмонида бир Чўлпон юлдузи порлади, тобора ўзига жалб этди ва унинг овози бутун бир халқнинг ҳайқирган овози эди, – деб ёзади муаллиф. – Абдулҳамид Чўлпон зулмга қарши, сталинизмга қарши, манқуртликка қарши озодлик учун, шеърият ҳуқуқи учун курашаётганларнинг сардорларидан биридир. Халқ шундай шоирини кўп замонлардан буён кутган эди. У келди ва кураш майдонига чиқди. Ҳақ ва Ҳақиқат йўлида қурбон бўлди. Бу ёруғ дунёда у ёлғиз эмас эди, унинг тенгдошлари, маслакдошлари жуда кўп эди бу эски шайтанатда. Улар – юзлаб шоирлар милён-милён нуфусли халқларнинг фарёдига айланган зулмга қарши – Инсон Ҳақлари учун, Шеърият Ҳуқуқи учун ўртага чиққан Муқаддас Шеърият лашкари эдилар”.

Рауф Парфи ўз ижодида Чўлпон сиймосинигина яратиб қолмади, балки у улуғ устозининг юрт озодлиги ва шахс эрки билан боғлиқ ғояларини ҳам давом эттирди. Биз бунинг ёрқин намунасини “Абдулҳамид Чўлпонга мухаммас” шеърида ҳам кўришимиз мумкин.

“Фитрат шеърияти” мақоласида бу ижоднинг асл моҳиятини очиб берувчи қуйидаги сўзлар дарж этилган: “Фитрат шеърияти ночор қолган шоирнинг ўтли нидоларидангина иборат эмас, у Туркистонни оёқости қилган келгиндилар ва жаҳолат туфайли товушлари ўчган ватандошларига аччиқ нафратли мурожаатидир. Шеърларининг шаклий қурилишлари ҳам мавзу эътибори билан ўзига хосдир. Бу шеърият мутлақ янгича бўлиб, янгича шуур, янгича дунёқарашнинг янгича тамойилларини ўзида акс эттирарди…”

Ўтган асрнинг 60 йилларида Кинематография давлат комитетининг раиси лавозимида ишлаган машҳур адабиётшунос Азиз Қаюмов эндигина университетни тамомлаган Рауф Парфини ишга олади. Олим ўзининг “Халқ йодида шундай қолади” хотира мақоласида Рауф Парфининг биринчи иш куни ҳақида шундай хотирлайди: “Унинг биринчи қилган иши – ўзи ўтирган стол ёнидаги деворга Абдулла Қодирийнинг катта портретини осиб қўйиш бўлди. Мен билдимки, унда Абдулла Қодирийга бўлган муҳаббат бор. Қодирий асарларини ўқиган, ундан ибрат олган. Бу воқеадан мен беҳад мамнун бўлдим”.

Рауф Парфи энг гўзал шеърий туркумларидан бирини Абдулла Қодирий хотирасига бағишлайди, унинг “Аҳволимиз” ғазалига тахмис боғлайди. Буларнинг барчаси шоирнинг улуғ адибимиз шахси ва ижодига буюк ихлосини кўрсатади.

Замонавий шеъриятимизда Рауф Парфи издошларидан бири – шоир Хуршид Даврон шундай ёзади: “Рауф Парфи бўлмаганида, Фитрат-у Чўлпон ёза бошлаган Туркистон дафтари давом этмасди”. Дарҳақиқат, шоир Рауф Парфи жадид боболаримиз бўлмиш Фитрат-у Чўлпон, Қодири-ю Усмон Носирларнинг нафақат бадиий сиймосини яратган, балки уларнинг юрт истиқлоли ва миллат истиқболи билан боғлиқ ғояларини ҳам муносиб давом эттирган ижодкор эди.

Олим ОЛТИНБЕК,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857