Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


07.01.2026 | 10:47

img397

ТАЪЛИМ ВА ҲАЁТ УЙҒУНЛИГИ

Бугунги таҳликали замонда барқарор ривожланиш ва жаҳон майдонида рақобатдошликни таъминлашнинг асосий шарти – таълим тизимининг сифат ва самарадорлигини янги босқичга кўтариш билан боғлиқ. Зеро, ташқи таҳдидлар қанчалик кучли бўлмасин, ҳар бир мамлакат учун энг катта хавф – ички заифлик. Жаҳолат, мутаассиблик, лоқайдлик, мафкуравий бўшлиқ, қадриятлар инқирози, ижтимоий адолатсизлик – буларнинг барчаси ички таҳдидлар бўлиб, улар жамиятни ичдан емириши мумкин. Бундай таҳдидларга қарши курашнинг самарали, таъсирчан воситаси – маърифат ҳисобланади.

Ўзбекистон XXI асрда – глобал рақобат, технологик инқилоблар ва мураккаб геосиёсий жараёнлар даврида халқаро майдонда нуфузли мавқега эга бўлиши учун ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий ривожига, жисмоний ва руҳий соғломлигига жиддий эътибор қаратишимиз зарур. Бу масалада шунчаки декларатив баёнотлар билан чекланиб қолмасдан, аниқ режаларни амалга ошириш талаб этилади. Зеро, таълим – мамлакатнинг стратегик соҳаси, келажак тараққиётининг кафолати. Бугунги шароитда таълим тизими ёшларда мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш вазифасини ҳам бажариши лозим.

Миллатнинг нажот йўли, мустақилликни мустаҳкамлашнинг ишончли калити бўлган таълим тизимини ислоҳ қилиш маъмурий масала эмас, балки миллий хавфсизлик масаласи саналади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами ва моҳияти жиҳатидан тарихий аҳамиятга эга. “Ўзбекистон–2030” стратегия сида бу соҳа алоҳида устувор йўналиш сифатида белгилангани бежиз эмас. Тизимга ажратилаётган маблағлар кескин оширилиб, юзлаб мактаблар, янги турдаги замонавий масканлар бунёд этилмоқда.

Таълимнинг сифати фақат маблағ эмас, балки замон талаблари ва истиқболларини тўғри баҳолай олиш салоҳияти билан ҳам бевосита боғлиқ, албатта. Шу боис, халқаро таълим стандартларини жорий этиш, юқори малакали педагогларни тайёрлаш, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларимизни сифатли таълим билан таъминлаш борасидаги бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар ҳозиданоқ илк самарасини бера бошлади.

Оила педагогикасининг соҳада ўрни қандай?

Оиланинг таълим-тарбия борасида беқиёс рол ўйнаши илмий асосланган ҳақиқатдир. Бола ҳаётининг илк йилларида оилада олган таассуротлари унинг келажакдаги шахсий ва ижтимоий муваffақиятларида пойдевор бўлади. Бироқ, афсуски, бугун бу масъулият кўпроқ мактабга юкланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Таълим-тарбияда оила таъсири камайиб, маънавий-маъриfiй эҳтиёждан кўра моддий эҳтиёжнинг кучайиб бораётгани кузатилмоқда. Ота-она тирикчилик ташвишлари билан банд бўлиб, фарзандларининг маънавий ҳамда жисмоний тарбиясига етарли эътибор қаратмаслиги оддий ҳолга айланмоқда. Бу эса фарзандларнинг ахлоқий қарашлари, руҳий дунёси ва қадриятлар тизими шаклланишида жиддий бўшлиқларни юзага келтирмоқда.

“Биз пул тўлаймиз, демак, сиз тарбияни ҳам таъминлашингиз керак!” – бу сўзлар бугун ота-оналар, айниқса, хусусий мактабларга боласини берган оилалар томонидан янгра ётган даъводир. Фарзандини таълим муассасасига юбораётган ота-она гўё бола билан бирга унинг тарбияси учун жавобгарликни ҳам мактаб зиммасига юклашга интилмоқда.

Айни пайтда айрим юртдошларимиз тирикчилик илинжида хорижда меҳнат қилаётгани сир эмас. Демак, уларнинг фарзандлари отасиз ёки онасиз, баъзан эса ота-онасиз улғаймоқда. Хорижда ишлаб, фарзандининг илк қадамларини кўрмаган, илк сўзларини эшитмаган, мактабдаги ютуқларини кузатмаган ота-она нимани йўқотаётганини англармикан? Бола тарбияси учун энг муҳим вақт – унинг ёнида бўлиш имконияти қўлдан чиқаётганини тушунармикан? Ота-она ва фарзанд ўртасидаги маънавий боғлиқликни совға-салом ёки юбориладиган пул билан тўлдириб бўлмайди. Фарзанднинг моддий эҳтиёжлари қонгани билан унинг руҳий олами, қалби, онги ҳам бойиб қолмайди.

Мактаб – билим ўчоғи, оила – тарбия бешиги. Бу икки муҳим институт ўртасидаги ҳамкорлик, уйғунлик бузилса, келажак авлод тарбиясида оқсаш юзага келиши муқаррар. Шундай экан, келинг, аввало ўз оиламизни маънавият қўрғонига айлантирайлик. Фарзанд ларимиз тарбиясини бошқалар зиммасига юкламайлик.

Оила педагогикаси – фарзандларни камол топтириш, уларнинг руҳий ва жисмоний ривожланишини таъминлаш бўйича ота-оналар амалга оширадиган тарбия жараёнининг илмий асоси. Бугунги ахборот оқими, ёт маданий таъсирлар, турли мафкуравий хуружлар шароитида ёшлар онгини зарарли ғоялардан ҳимоя қилишда ушбу педагогика муҳим вазифани ўтайди.

Фикримизча, Ўзбекистонда оила педагогикасини ривожлантириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Аввало, бу йўналиш бўйича мукаммал илмий база яратиш, миллий тарбия анъаналари, буюк алломаларимизнинг оила тарбиясига оид қарашларини тадқиқ этиш, тизимлаштириш ва замонавий амалиётга жорий этиш даркор. “Оила академиялари” тармоғини шакллантириб, ота-оналарнинг педагогик салоҳиятини ошириш керак. Шунингдек, маҳаллаларда нуронийлар иштирокида учрашувлар ўтказиш, ибратли оилалар тажрибасини оммалаштириш зарур.

Маҳалла – муҳим институт

Ҳозирги кунда маҳалла фақат аждодлардан қолган мерос эмас, балки давлат сиёсати даражасига кўтарилган институт ҳамдир. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда энг муҳим ижтимоий муаммоларнинг ечимини таъминловчи еттилик тизими ташкил этилди, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун етарли маблағлар ажратилди. Ўзингиз айтинг, қачон маҳаллаларда шунчалик кўп куч ва имконият мужассам бўлган?

Бугун маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича таъсирчан ва амалий механизмларни ишлаб чиқиш зарурияти тобора ортиб бормоқда. Айни вақтда, ёшларнинг қизиқиши, интилиши, дунёқараши ўзгарган шароитда, уларга фақат анъанавий ёндашув билан таъсир ўтказиб бўлмайди. Замонавий ёшлар билан ишлашда инновацион усуллар, замонавий технологиялар ва янги ча ёндашувлар талаб этилади. Биз фарзандларимизнинг тўғри тарбия топишидан манфаатдормиз. Лекин бугунги тезкор, шиддатли, ахборот оқими ўта кучли бўлган даврда ҳамма ҳам фарзандига тўғри тарбия бера оладими? Афсуски… Шунинг учун ҳам маҳалла зарур. Халқимиз “Бир болага етти маҳалла ота-она” деб бежиз айтмаган. Бу масала бизнинг қонимизда, миллий педагогикамизнинг ўзагида бор.

Нотўлиқ оилаларда тарбия топаётган болаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ота-онадан бирининг йўқлиги фарзандда турли психологик муаммоларни келтириб чиқариши, унинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай ҳолатларда маҳалла кўмакка келиши, бола тарбиясида йўл-йўриқ кўрсатиши, керак бўлса, амалий ёрдам бериши лозим.

Ёшлар учун спорт тўгараклари, маданий тадбирлар, китобхонлик кечалари, учрашувлар ташкил қилиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш – маҳалланинг муҳим вазифаларидан бири. Оила муаммоларини ўрганувчи илмий-амалий марказлар ҳар бир вилоят ва туман кесимида нотўлиқ оилалар, уларнинг фарзандлари билан ишлаш бўйича илмий асосланган таклиф-хулосалар бериши лозим. Қуруқ статистика эмас, амалий чора-тадбирлар керак.

Тасаввур қилинг: туманда юздан ортиқ нотўлиқ оила бор. Оила муаммоларини ўрганувчи марказ мутахассислари маҳалла мутасаддилари билан ҳамкорликда шу оилаларни бирма-бир ўрганса, уларнинг фарзандлари билан суҳбатлашса, психологик тестлар ўтказса, муаммоларни аниқласа, сўнг ҳар бир оила учун индивидуал дастур ишлаб чиқса – натижа бўладими? Албатта, бўлади. Бундан ташқари, марказ оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишларини олиб бориши керак. Оила қадриятларини улуғлаш, ота-оналик масъулияти, оилавий муносабатлар маданиятини ошириш масалалари кенг аудиторияга етказилиши лозим.

Янгиланаётган боғчаларга янгича назар

Яқин-яқингача ҳам жамиятимизда мактабгача таълим ҳақида сўз кетганда, “боғча фақат овқат беради-да” қабилидаги енгил қараш мавжуд эди. Бугун-чи? Яқинда бир неча вилоят боғчаларида бўлдик. Қаранг, тўрт-беш ёшли гўдаклар аллақачон ўқиш-ёзишни ўрганмоқда. Замонавий боғчаларда бир қанча хорижий тилларда содда жумлаларни гапирувчи, 100 тагача сўз ёдлаб олган болаларни кўриш мумкин. Бу Президентимизнинг мактабгача таълим йўналишидаги ислоҳотлари натижасидир. Мамлакатимиз демограfiк ҳолатидан келиб чиқиб, мактабгача таълимни кучайтириш, қамровини ошириш, сифатини юксалтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Боғчаларнинг сони ортяпти, таълим сифати тубдан ўзгаряпти. Соҳада ҳақиқий рақобат пайдо бўлиб, унинг илк натижалари аллақачон кўзга ташлана бошлади. Эндиликда боғчалар болалар салоҳиятини очадиган, интеллектуал қобилиятини ривожлантириб, дунёқарашини кенгайтирадиган, ижодий фикрлашга ўргатадиган таълим масканига айланмоқда. Кўплаб боғчаларда “ҳаётий кўникмалар”, “ақлий салоҳиятни ошириш”, “эмоционал интеллект”, “креатив фикрлаш” каби йўналишларда махсус дастурлар жорий этилган. Оддий ўйин орқали математика, физика, кимё, биологиянинг дастлабки тушунчалари синг дирилмоқда, инглиз тилида мулоқот қилиш кўникмалари шакллантирилмоқда.

Мактабгача таълим соҳасидаги рақобат педагогларнинг ҳам малакасини, билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади. Бугун тарбиячи-педагоглардан ҳар бир боланинг қобилияти, истеъдодини аниқлаш, уни ривожлантириш, турли йўналишларда машғулотлар ўтказиш талаб этилмоқда. Ишини яхши билмаган, замон билан ҳамқадам бўлмаган тарбиячилар эса ўзидан ўпкалаши керак.

Мактаб таълимидан нима кутамиз?

Кейинги йилларда мамлакатимизда мактаб таълимига эътибор кучайди, ўқитувчиларнинг мақоми, иш ҳақи оширилди, янги таълим муассасалари қурилди, мавжудлари замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Бироқ, барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳали мактаб таълими сифати борасида жиддий муаммолар мавжудлигини очиқ айтишимиз керак. Кўплаб битирувчиларнинг билим даражаси замон талабига жавоб бермаяпти. Буни сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига имтиҳонларининг кириш натижалари, иш берувчиларнинг fiкрлари ҳам тасдиқламоқда.

ХХ аср бошларида, миллатимиз тарихининг энг мураккаб, зиддиятли даврида жадид маърифатпарварлари мактаб таълимини ўз фаолиятлари марказига қўйиб, миллат тараққиётининг бош омили сифатида айнан янги усулдаги замонавий мактаб таълимини кўрганлар ва шу олижаноб ғоя йўлида моллари-ю жонларини ҳам fiдо қилганлар. Улар учун мактаб таълими – бу шунчаки ёш авлодни саводхон қилиш эмас, балки мустамлакачилик асоратидан қутулиш, миллий уйғониш, халқимизни жаҳолат чангалидан қутқаришнинг энг тўғри воситаси эди.

“Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деб ёзган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий. Фитрат “Нажот йўли маърифатдир”, деб таъкидлаган бўлса, Мунаввар қори фикрича, “Миллатни қутқармоқ учун маориф керак!” Бу сўзлар нақадар ҳаққоний экани бугунги юксак технологиялар асрида янада яққолроқ кўринмоқда. Мактаб таълими – бутун таълим тизимининг пойдевори қанчалик бақувват бўлса, унинг устига қуриладиган иморат – кейинги босқич ва амалий ҳаёт ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Касбни бугун танланг, эртага кеч бўлмасин!

Биз мактаб ўқувчиларига қандай келажак ҳадя этмоқдамиз? Ҳақиқий саволнинг мағзи шунда! Касбга йўналтириш масаласи бўйича қанча конференциялар ўтказамиз, қанча маъруза ва нутқлар сўзлаймиз, аммо аксар болаларимиз 11 йиллик таълимдан сўнг, ҳамон “Энди нима қиламан?” деган саволга жавоб излаб сарсон бўлади.

Мактабларда касбга йўналтириш – бу фақатгина таклиф эмас, бу бугунги кунимизнинг талаби, эртанги кунимизнинг кафолати! Негаки, тўғри танланган касб – нафақат шахсий бахт, балки бутун жамият тараққиётининг калити. Ўз касбидан нолиб юрган мингларча одамларнинг умри бекор кетаётгани – фожиа эмасми?

Замонавий технологиялар шиддат билан ривожланаётган бир пайтда, кеча урф бўлган касблар бугун қадрсизланиб бормоқда. Болаларимизни бу шиддатли ўзгаришларга тайёрлаяпмизми? Афсуски, кўплаб мактабларимизда ҳамон касбга йўналтириш деганда, битирувчи синфдаги бир-икки соатлик маъруза тушунилади, холос! Қани замон талабига жавоб берадиган касбга йўналтириш кабинетлари? Қани жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилган тизимли ёндашувлар? Қани ишлаб чиқариш билан мактаб ўртасидаги амалий ҳамкорлик? Саволлар кўп, аммо амалий жавоблар оз!

Мактаб ўқувчилари орасида сўров ўтказилса, уларнинг аксарияти қайси касбни эгаллашини айтиб беролмайди. Уларнинг танлови кўпинча ота-она, атрофдагилар таъсири ёки тасодиfiй омиллар асосида шаклланади. Натижада эртага минглаб ёшларимиз ўзи қизиқмайдиган соҳада меҳнат қилишга мажбур бўлади. Бу кимга керак? Кўпчилик ёшлар тез даромад топиш мақсадида тижорат соҳасига кириб, олди-сотди билан машғул бўлишни афзал кўраётгани, илмий ишланмалар, ижодий лойиҳалар, инновацион ғоялар ва ақлий меҳнат маҳсули бўлган интеллектуал мулк яратиш фаолиятидан тобора узоқлашаётгани ачинарли ҳолат. Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби мамлакатларда касбга йўналтириш мактаб таълими давомида узлуксиз олиб борилади. Ўқувчилар турли касбларни “татиб кўриш” имкониятига эга. Уларда амалиёт ўзаро боғлиқ учлик асосида қурилган: мактаб – оила – ишлаб чиқариш! Бизда-чи?

Хориж мактабларида касбга йўналтириш фан сифатида ўқитилади. Ўқувчиларга “портфолио” тутиш, резюме тайёрлаш, суҳбатлардан ўтиш кўникмалари ўргатилади. Бизда эса бу масала кўпинча “ҳамма нарсага улгурадиган” синф раҳбарлари зиммасига юкланади. Биз қачонгача фарзандларимизни “тасодиfiй” касблар сари йўналтирамиз? Қачонгача уларнинг бебаҳо қобилиятлари очилмай қолаверади? Қачонгача “ҳамма ўқийдиган” касблар ортидан кўр-кўрона эргашаверамиз? Мактаб ўқувчиларини касбга йўналтиришни кечиктирмай бошлаш – бу, жамиятимизга, келажагимизга қилинган инвестиция.

Узлуксиз таълим уйғун ҳам бўлсин

Таълим тизими мустаҳкам занжирнинг бўғин лари каби узвий бўлиши, бири иккинчисини давом эттириши, ривожлантириши керак. Аммо бу занжирда узилиш бўлса, бутун тизим унумли ишламайди. Бугунги кунда таълим тизимида жиддий муаммолардан бири – мактабгача таълим билан умумий ўрта таълим, ўрта таълим билан ўрта махсус ва олий таълим ўртасидаги узвийлик масаласидир.

Мактабгача таълимда болалар кўпроқ ўйин орқали, эркин муҳитда билим ва кўникма- ларга эга бўладилар. Бироқ бошланғич таълимга ўтганларида, уларга бирданига расмий талаблар қўйилиб, ўқув юкламаси кескин ортади. Тарбиячи билан ўқитувчи педагогик ёндашувлари ўртасидаги фарқ туфайли кўплаб болаларда мослашув қийинчиликлари юзага келади. Олий таълим муассасаларининг дарс хоналарига кириб, биринчи курс талабалари билан суҳбатлашсангиз, уларнинг кўпчилиги бир хил қийинчилик ҳақида гапиради: “Мактабда бошқача ўқитишган эди, бошқа нарсаларни талаб қилишарди, бу ерда талаблар мутлақо бошқача экан”. Бу юзаки шикоят эмас, балки таълим тизимидаги жиддий узилишнинг кўзгудаги аниқ ифодасидир. Мактаб синфхонасидан университет аудиториясига ўтиш талаба учун шунчаки янги билим олиш босқичи эмас, балки ўзгача тафаккур тарзига ўрганишни талаб қиладиган мураккаб босқичдир. Нега шундай? Чунки мактабда ўқувчидан кўпроқ ўқитувчи айтганларини диққат билан эшитиш, дарслик ва қўлланмалардаги тайёр маълумотларни ёдлаш, айтиб бериш талаб қилинса, олий таълимда ўзгача ёндашув – мустақил изланиш кутилади.

Мактаб ўқитувчилари ҳам, ўрта махсус таълим муассасалари педагоглари ҳам, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳам ўз фанларининг режаларини бир-биридан мустақил равишда, кўпинча ўзаро мулоқотсиз ишлаб чиқадилар. Натижада фанлар мазмунида ёки ортиқча такрорланишлар бўлади (бир хил мавзулар турли босқичларда деярли бир хил тарзда ўқитилади) ёки аксинча, бўшлиқлар пайдо бўлади (муҳим мавзулар бирор босқичда ўтилмай, ўрганилмай қолади). Таълим босқичларининг баҳолаш тизимидаги тафовутлар ҳам қийинчилик туғдиради.

Таълим маркетингидан эҳтиёжлар харитасига

Бугунги кунда таълим соҳасидаги энг катта ва жиддий муаммолардан бири – таълим маркетингининг етарли даражада йўлга қўйилмагани, яъни меҳнат бозори эҳтиёжларини тўғри баҳолаш ҳамда шу асосда малакали кадрлар тайёрлаш масаласининг оқсаётганидир. Бу муаммо таълим тизимининг иш берувчилар эҳтиёжларига мослашувчанлиги пастлигидан далолат беради. Иқтисодиёт ва турли ҳудудлар кесимида кадрларга бўлган “Эҳтиёжлар харитаси” ҳануз тўлиқ ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмаган. Бундай хаританинг йўқлиги кадрлар тайёрлаш жараёнини режалаштиришда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бу эса, ўз нав батида, меҳнат бозорида бир қатор жиддий номутаносиблик, дисбалансларни келтириб чиқармоқда ва мам ла кат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига маълум даражада тўсқинлик қилмоқда.

Бу мураккаб ҳолат кўплаб ёшлар нинг шахсий келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бир томондан, иқтисодиётнинг айрим соҳа лари, хусусан, юқори технологиялар, муҳандислик, саноат ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда малакали кадрлар етишмаслиги кузатилса, иккинчи томондан, ташвишли тенденция – “олий маълумотли ишсизлар” тоифасининг пайдо бўлишига олиб келади. Бу парадоксал вазият давлат ва оилалар бюджетига катта зарар келтиради. Аслида, ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини чуқур таҳлил қилиш асосида, ўша минтақада қайси кадрларга эҳтиёж борлигини аниқлаб олиш, шунга кўра талабгир мутахассисларни тайёрлаш тизимини замонавий илмий асосда йўлга қўйиш, мақсадга мувоfiқдир. Ҳозирги босқичда ҳудудлар бўйича кадрлар эҳтиёжини башоратлаш методологиясини такомиллаштириш, меҳнат бозорини мониторинг қилиш тизимини янада кучай тириш, иш берувчилар билан таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарурати мавжуд. Аксарият ёшлар замонавий тенденцияларга қараб, нисбатан оммавий касблар, масалан, юриспруденция, иқтисодиёт, тиббиёт каби соҳаларни танлашга мойил бўлиб, баъзида касб эгаллашдан кўра диплом олишни асосий мақсад қилиб қўядилар. Бу ҳолат таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги боғлиқлик етарли эмаслигидан дарак беради.

Шундай экан, таълим маркетингига – меҳнат бозори талабларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, илмий асосда таҳлил қилиш ва шу асосда таълим йўналишларини келажак эҳтиёжларига мос равишда белгилашга алоҳида эътибор қаратиш вақти аллақачон келди. Бу масала кунни кечиктирмасдан ҳал этилиши лозим бўлган устувор вазифалардан биридир. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг асл моҳияти ҳам шу – меҳнат бозорининг бугунги ва эртанги талабларига жавоб берадиган, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга ҳақиқий ҳисса қўша оладиган малакали кадрлар тайёрлашдан иборат.

Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганидек, таълим тизими жамият эҳтиёжларидан бир қадам олдинда бўлиши керак, акс ҳолда, биз глобал рақобатда ортда қоламиз. Бу эса таълим тизимидан стратегик fiкрлашни талаб қилади. Кадрлар тайёрлаш масаласига фақатгина “Бугун қайси касблар оммабоп ва қайси мутахассислар талаб қилинмоқда?” деган саволга эмас, балки “Эртага, беш ёки ўн йилдан сўнг қайси соҳалар ривожланади ва қандай мутахассислар керак бўлади?” деган муҳим саволга жавоб излаб ёндашиш зарур. Бу ёндашув таълим муассасаларимизга иқтисодиётнинг узоқ муддатли ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, ўқув дастурларини такомиллаштириш, янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш имконини беради.

Шукритдин ПАХРУТДИНОВ,
сиёсий фанлар доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856