Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


14.10.2025 | 12:25

img180

ТАРАҚҚИЁТНИНГ БОШ ОМИЛИ НИМАДА?

КЎПЧИЛИКНИ ЎЙЛАНТИРГАН САВОЛГА ЖАВОБ

Фақат жоҳил киши инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги борасидаги меъёрларни топташи, ўзгаларни ундан маҳрум этиш асносида, ўзи ва яқинларини ҳам бу маҳрумликка шерик қилиши мумкин. Бунга асосий сабаб нима, деган саволга эса, жамиятдаги диний қарашларнинг хато талқинидан келиб чиққан жоҳилона қадриятлар, деб жавоб берувчи кишилар ҳам бор.

Аммо бошқа омилларни ҳам унутмаслик лозим. “Ҳокимият – қонундан юқори” деган қараш билан яшайдиган кишилардан иборат жамиятда фақат жоҳилона қарашлар ривожланиб, ҳуқуқий маданият таназзулга юз тутиб бораверади. Ҳуқуқий онг ва маданият шаклланмагани боис, жамоатчилик назорати ҳеч қачон амалиётга татбиқ этилмайдиган бундай давлатларнинг фуқаролари мунтазам тарзда ғоявий-мафкуравий босим остида ушланади. “Анъана”, “маданий хусусият”, “ўзига хослик” ёки “диний меъёр” деган баҳоналар билан инсон ҳуқуқлари топталаверади. Қонуний ҳуқуқ ва эркинликлар бутунлай йўқолиб, коррупция гуллаб-яшнайди. Жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий салоҳияти нолга тенглашгач, аламзада кишиларнинг адолатталаблик ҳисси сабаб радикаллашув вужудга келади.

Демак, жоҳилона қадриятлардан ташқари, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг шаклланмагани ҳам инсон ҳуқуқларининг топталишига асосий сабаблардан бири бўлади.

ҒАРБ ДЕМОКРАТИЯСИ ТАРИХИДАН САБОҚЛАР

Ҳуқуқ ҳақида сўз кетганда, Ғарб жамияти тарихида содир бўлган диний ислоҳотлар борасида тўхталиб ўтиш жоиз. XVI асрда Европада катта аҳамиятга эга бўлган протестант ҳаракатлари, Мартин Лютер, протестантлар ва католик черкови ўртасидаги кураш ҳақида тарих дарсликларида ўқиганмиз. Аммо бу воқеаларнинг охир-оқибат нимага олиб келгани борасида теран хулоса қилавермаймиз.

Жорж Маршалл номидаги стратегик хавфсизлик маркази профессори Александр Гарин журналист Ирина Лагунина билан бўлган суҳбатида (“Маърифат” газетасининг 2003 йил 14–21 июнь сонларида эълон қилинган) бу тарихий ҳодисаларни тизимли таҳлил қилиб берган. Унда черков ва давлат муносабати, черков ҳукмронлигига қарши ҳуқуқий ҳаракатлар, жамиятнинг диний ва сиёсий озодлик учун кураши оқибатида юзага келган қонунчилик ва конституциявий тизим, Европа мамлакатларида сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаро эркинликларининг босқичма-босқич тарзда шаклланиши, халқ иродаси ва парламент ҳокимиятига йўл очган ҳодисалар ҳақида ижтимоий-тарихий хулосалар ўртага ташланган.

Гаринга кўра, демократия Ғарбда табиий жараён сифатида эмас, балки тинимсиз курашлар, ислоҳотлар ва фалсафий баҳслар натижасида юзага келган. Европа тарихидаги ҳар бир босқич – диний ва конституциявий ислоҳотлар – демократия тараққиётида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Демакки, Ғарб демократияси диний-сиёсий курашлар ва фалсафий изланишлар йўлини босиб ўтган. Эътибор қилсак, бу ҳодисалар кўҳна қитъада демократик қарашларни мустаҳкамлашга олиб келганини англаймиз.

ҲУҚУҚСИЗ ДЕМОКРАТИЯ БЎЛМАЙДИ

Ғарб демократиясининг асосий тарихий босқичлари хусусида сўз кетганда, XI–XII асрларда содир бўлган Инвеститура низоси, яъни императорлар ва папалар ўртасидаги баҳслар натижасида черков ва давлат ваколатлари ажратилганини алоҳида эслаш шарт. Айни шу ҳодиса туфайли Европада ҳуқуқий чегаралар ва ҳар бир институтнинг ўзига хос ҳуқуқи эътироф этилган. XIII асрда Англияда қирол Жон Лакленд мажбурий имзолаган ҳужжат – “Магна Carta” (“Катта эркинликлар хартияси”) илк бор “қирол ҳам қонунга бўйсуниши шарт” деган тамойилни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаган. Бугунги демократия ва инсон ҳуқуқлари назариясининг дастлабки қадамларидан бири ҳисобланган бу ҳужжат “Ҳеч бир ҳокимият қонундан юқори эмас, фуқаро эркинлиги давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим” деган қарашни “ҳуқуқий давлат” ғоясининг асосига айлантирган.

Умуман, Европада демократик тараққиётга туртки берган кўплаб тарихий ҳодисалар мавжуд. Масалан, XVII асрда Англия парламенти томонидан қабул қилинган “Билл of Rights” (“Ҳуқуқлар декларацияси”) фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари қонун ҳимоясида бўлишини, монархия ваколатлари чекланишини белгилагани боис, замонавий конституционализмнинг ҳуқуқий асосига айланган. XVIII асрдаги француз инқилоби ва 1789 йили қабул қилинган “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси” ҳам демократик тараққиёт ривожига салмоқли ҳисса қўшган. XIX асрга келиб, Европа ва АҚШда ҳуқуқий билим ва ҳуқуқшунослик соҳаси тараққий этиши туфайли давлат тизимлари ривожланиб, фуқаро ҳуқуқлари конституциявий ҳимояга эга бўлган.

Ҳуқуқ тизими қонун устуворлиги, тенглик ва эркинликни таъминлагани учун Ғарб демократияси бугунги кунгача яшаб келмоқда. Демак, ҳуқуқий ривожланиш нафақат демократик тараққиётнинг энг муҳим омили, балки, асоси ҳамдир. Давлат ва жамият тараққиёти учун иқтисод, маърифий секуляризм ҳам муҳим омиллигини эътироф этган ҳолда, айтиш мумкинки, ҳуқуқий онгни ривожлантириш, ҳуқуқий тизимни камол топтириш ҳам ўта муҳим. Чунки ҳуқуқ тизими заифлашса, демократия ўз моҳиятидан узоқлашиб, амалда авторитар ёки олигархик тузум шаклланиши мумкин.

ШАРҚДА КУЗАТИЛГАН ВА КУЗАТИЛАЁТГАН ҲОЛАТ

Айрим Шарқ давлатларида шаръий ҳуқуқ ҳукмронлиги, фуқаролик ҳуқуқларининг чеклангани, мустақил суд тизимининг йўқлиги ёки заифлиги, парламент ва қонун чиқарувчи органлар фақат қоғозда мавжуд бўлгани учун институтларнинг ожизлиги, иерархик, қабиладошлик ё уруғ-аймоқчилик тизими қонундан кўра таъсирлироқ кўриниш олгани кузатилади.

Ҳуқуқ ривожланмаган жойда демократик қадриятларнинг жамиятга сингиши секин кечади. Сайловлар ва сиёсий ислоҳотлар ўтказилса ҳам, ҳуқуқий механизмлар уларни амалга оширишга қодир бўлмагани боис, бу ҳаракатлар шунчаки формал кўриниш олади. Масалан, аксар Шарқ давлатлари конституциясида демократик меъёрлар белгилаб қўйилган бўлса-да, суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги таъминланмагани учун улар амалда ишламайди. Аммо бу мутлақ шундай дегани эмас. Аслида, Шарқда ҳам ҳуқуқий анъаналар бой тарихга эга. Масалан, Ислом ҳуқуқи (фиқҳ), Хитойда Конфуций қонунчилик анъаналари, Туркистонда Амир Темур “Тузуклар”идан келиб чиққан, адолатни таъминлашда муҳим роль ўйнаган тизимлар бор. Лекин бу ҳуқуқий тизимлар фуқаролик ҳуқуқларини эмас, давлат ва жамият интизомини муҳофаза қилишга йўналтирилган. Шу сабабли, демократия учун зарур бўлган сўз эркинлиги, сиёсий тенглик, мустақил суд каби омиллар чекланган ҳолда ривожланган ва бу ҳолат демократик қадриятларнинг ўзлаштирилмаслигига сабаб бўлган.

Бундан “ҳолат бугун ҳам ўзгармаган”, деган хулосага келиш нотўғри. Чунки бугунги замонавий Шарқ давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам ҳуқуқий ислоҳотлар, суд мустақиллиги ва қонун устуворлигига алоҳида эътибор қаратаётгани барчага маълум.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАРИ

Ўзбекистонда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш бўйича жиддий қадамлар ташланмоқда. 2023 йили амалга оширилган Конституция ислоҳоти инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлади. Суд мустақиллиги Конституция даражасида эътироф этилиб, судьяларни тайинлаш ва озод этиш тизими такомиллаштирилди. Уларнинг мустақил фаолиятини кафолатлайдиган Судьялар олий кенгаши тузилди. Суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва апелляция механизмлари кенгайтирилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзгаришлар сабаб, Ўзбекистон БМТнинг кўплаб халқаро конвенцияларини ратификация қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) институти фаолияти ривожлантирилди.

Жамоатчилик назорати ва ОАВ эркинлигида яққол ижобий ўзгаришлар кузатилгани ҳолда, давлат органларининг ошкоралик ва ҳисобдорлик масъулияти оширилди. Ахборот олиш эркинлиги қонун билан кафолатланди. Бундан ташқари, иқтисодий ҳуқуқлар борасида зарур чоралар кўрилиб, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоҳида ваколатли тузилма – Бизнес-омбудсман ташкил этилди.

Электрон ҳукумат ва онлайн суд тизимлари орқали фуқароларнинг ҳуқуқий имкониятлари, давлат ҳокимияти органларининг нодавлат ташкилотлар, маҳалла ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги кенгайтирилди. Мактаб ва олийгоҳларда ҳуқуқий саводхонлик ва махсус таълим дастурлари такомиллаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда “қонун барчага баробар” деган тамойилни амалда қарор топтириш билан бир қаторда, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

ҲУҚУҚ ВА ДЕМОКРАТИЯ ТЕНГСИЗЛИГИ

Бу ҳолат дунёнинг турли давлатларида ҳар хил даражада кузатилади. Баъзи Ғарб давлатларида ҳуқуқий тизим мустаҳкам бўлгани сабабли, судлар мустақил, қонун устувор, сиёсий партиялар ва парламент институти барқарор ишлайди. Шунинг учун жамиятга демократик қадриятларнинг сингиши осон. Айрим Шарқ давлатларида ҳуқуқий база мавжуд бўлса ҳам, амалда қонун устуворлиги заиф. Инсон ҳуқуқлари қонунларда ёзилган, лекин амалда тўлиқ кафолатланмаган.

Марказий Осиёдаги баъзи давлатларда конституциялар демократик тамойилларни эълон қилган, аммо суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги борасидаги муаммоларга тўла барҳам берилмаган. Хитой, Эрон, Саудия каби мамлакатларда давлатнинг сиёсий устуворлиги устун қўйилади. Қонун кўпроқ давлат аппаратини муҳофаза қилади. Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби мамлакатлар ҳуқуқий тизимни ривожлантиришга эътибор бергани учун демократик тамойиллар самарали кафолатга эга.

Қонунлар фақат маълум шахслар фойдасига ишласа, ҳуқуқий ва демократик мувозанат бузилади. Бундай жамиятларда коррупция ёки радикаллашув муҳити юзага келади. Фуқаролар ва давлат ўртасида ишонч йўқолиб, одамлар қонунга эмас, шахсларга ё таниш-билишларига ишона бошлайди. Натижада коррупция табиий “бошқарув механизми”га айланади, иқтисодий ривожланиш секинлашиб, чет эл инвестицияси қочади, давлатнинг ички ресурслари шахсий манфаатларга сарфланади.

Энг ёмон жиҳати, коррупция туфайли илдиз отган адолатсизлик ҳисси радикаллашувнинг асосий сабабига айланади. Негаки, қонун қувватсиз бўлган жойда айримлар “ҳақиқий адолат”ни давлатдан эмас, балки радикал кучлардан қидиради. Шунинг учун террорчилик ва экстремистик ҳаракатларнинг аксари: “Биз адолат олиб келамиз, чунки ҳукумат олиб келолмади”, деган даъво билан ўртага чиқади.

Қонун қувватсиз бўлган давлатлар иккита катта хавфдан ҳеч қачон қочиб қутулолмайди. Биринчиси, коррупциянинг тизимли кучайиши бўлиб, мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий инқирозга олиб келади. Иккинчи хавф – радикаллашув муҳитининг кенгайиши сиёсий ва диний экстремизм учун “энг яхши ўғит” вазифасини бажаради.

Мамлакатда ҳуқуқ тизимининг заифлиги сабабли коррупция илдиз отса, бюджет дефолъти, хизмат кўрсатиш ва хусусий сектор коллапси юзага келади, миллиардлаб маблағлар сирли йўллар билан ғойиб бўлади, буларнинг барчаси радикаллашув омилини жадаллаштиради. Жисмоний зўравонлик, оммавий норозилик, қуролланган гуруҳларнинг пайдо бўлиш эҳтимоли ошиб боради. Оқибатда давлат ва жамият таназзулга юз тутади. Шу боис, ҳуқуқшунос экспертлар барча давлатларни “қонун заифлиги + коррупция + радикаллашув” комбинациясига тушиб қолишдан огоҳлантириб келади. Қонун ҳаракатсизлиги ортидан юзага келадиган радикаллашув мамлакатни энг қисқа фурсатда вайронкор ҳалокатга бошлайди, энг чуқур ва узоқ муддатли ҳалокатни эса барча институтларни тўлиқ ишдан чиқарган ҳолда, коррупция олиб келади.

ИЖОБИЙ ЕЧИМ ҚАЕРДА?

Тарихий ва замонавий тажрибалардан кўринадики, ҳуқуқ илмини ривожлантирмасдан туриб, жамиятда адолат, қонун устуворлиги ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш мумкин эмас. Савол туғилади: хўш, бу илмни ривожлантириш, мамлакатнинг барча фуқаролари онгига етказиш учун қандай ижобий ечим мавжуд?

АҚШ мактабларида “Cивиcс education” (“Фуқаролик таълими”) ва “Лаw-релатед education” (“Ҳуқуқий таълим-тарбия”) дастурлари мавжуд. Улар конституция асослари, фуқаролик ҳуқуқлари, суд тизими ва қонун устуворлиги бўйича билим беради. Айрим штатларда “Моcк trial” (“Симулятив суд жараёнлари”) машғулотлари ҳам бўлиб, ўқувчилар ҳуқуқий фикрлаш ва адолат ҳиссини шакллантириш учун прокурор, адвокат, судья ролларини ўйнайди. Шу боис, АҚШда ҳуқуқий саводхонлик юқори, кишилар суд орқали ўз ҳуқуқини талаб қила олади.

Англия таълим тизимига 2002 йилдан “Cитизеншип education” (“Фуқаролик таълими”) мажбурий предмет сифатида киритилган. Унда ҳуқуқий билим, фуқаролик масъулияти, сайлов, парламент, суд ва бошқа тизимлардаги демократик жараёнлар ўргатилади. Мактабларда “Лаw in Action” (“Амалий қонун”) ва “Cриме and Society” (“Жамиятдаги жиноятчилик муаммолари”) каби факультатив курслар ҳам бўлиб, улар криминология ва криминалистика асосларини ўрганишга ёрдам беради.

АҚШ ва Англияда мактаб дастурларига расман киритилган, Франция, Германия, Швеция ва Нидерландия каби мамлакатларда фуқаролик ёки жамиятшунослик фанлари таркибида ўқитилаётган криминология фани (лотинча “cримен” – “жиноят”, “логос” – “илм, таълимот”) жиноят ва жиноятчиликка олиб келувчи ижтимоий, психологик, иқтисодий ва ҳуқуқий омилларни ўрганадиган комплекс фан ҳисобланади.

Жиноятни текшириш ва далиллар билан ишлаш илмини ўргатадиган криминалистика АҚШда кўплаб ўрта мактабларда курс сифатида, Европанинг Буюк Британия, Чехия, Франция, Германия, Италия, Австрия ва Испания давлатларида олий таълим тизимида, айрим мамлакатларда лицей ва гимназияларнинг юқори синфларида махсус йўналиш ёки семинар шаклида ўргатилади.

ШУ ФАНЛАРНИ МАКТАБДА ЎҚИТИШ ШАРТМИ?

Бу масалани Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши йиғилишида вазир маслаҳатчиси, Генерал-полковник Зокир Алматов кўтарган эди. Мавзуни ўрганиш жараёнида маълум бўлдики, аксар экспертларнинг фикрича, криминология ва криминалистика фанларини мактаб таълимига интеграциялашган ҳолда киритган чиндан афзал экан.

Халқаро тажрибалардан келиб чиққан ҳолда, мактаб дастурида “Ҳуқуқий маданият” ва “Фуқаролик жамияти асослари”ни мажбурий фан сифатида жорий этиб, унда криминология ва криминалистика элементларини интеграциялаш мумкин. Шунингдек, ушбу фанларни амалиёт асосида ўқитиш, суд жараёни симуляцияси, ҳуқуқшунослар иштирокида семинарлар ташкил этиш, ёшларнинг ҳуқуқий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, дебат клублари, ҳуқуқий масалаларда блог ва медиа лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳам мақсадга мувофиқ.

БУНДАН ТАШҚАРИ

ОАВнинг ҳуқуқий онгни ривожлантиришда, радикаллашув ва коррупцияга қарши курашда ҳеч қандай омил билан тенглаштириб бўлмайдиган жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозим.

Аниқ мақсадга хизмат қилувчи Медиа марказлар ва ОАВ қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунарли тарзда етказа олади. Шу боис ОАВ шаффофликни таъминлайдиган асосий кучларнинг бири ҳисобланади. ОАВ орқали ҳуқуқий билимни самарали оммалаштириш мумкинлигини Англия ва АҚШдаги “Публиc legal education” (Оммавий ҳуқуқий таълим) дастурлари аллақачон исботлаган.

ЖАДИДЛАР ЖИДДИЙ ҚАРАГАН МАСАЛА

Тарихдан маълумки, жадидлар жамият ва давлатда ҳуқуқ устуворлиги ва ҳуқуқий давлат тамойили масаласига жуда жиддий қараган. Жадидлар учун бу масала фақат ҳуқуқий тизим эмас, балки миллатнинг маънавий, сиёсий ва маданий уйғониши эди. Шунинг учун улар шахс эркинликларини ҳуқуқий мустаҳкамлашга оид конституциявий ғояларни илгари сурган.

Ҳа, ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий таълим ва тарғибот масаласига жиддий эътибор қаратиш ўта муҳим. Мавзунинг мухтасар хулосаси шуки, ҳуқуқ устувор бўлган мамлакатда яшайдиган ҳайвон ҳам ҳуқуқсиз жамиятда яшаётган фуқародан кўпроқ ҳуқуққа эга. Шундай экан, мактаб таълимида ҳуқуқий фанларни янада такомиллаштириш, ОАВ орқали ҳуқуқий саводхонликни мунтазам тарзда тарғиб этишга жиддий эътибор қаратиш шарт. Чунки ҳуқуқ – тараққиётнинг бош омилларидан биридир.

Абдулҳамид МУХТОРОВ,
“Зиё” медиа маркази директори

“Жадид” газетасининг 2025 йил 10 октябрдаги 41-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859