02.10.2025 | 12:25
250
ЖИЛҒАЛАР БОШ ҚЎШИБ ДАРЁ БЎЛАДИ
“Жадид бобомга мактуб” ижодий иншолар танлови юртимиз мактабларида таҳсил олаётган изланувчан ўқувчиларнинг қалби ва қаламига янги умидлар ҳамда илҳом берди, десак, муболаға бўлмайди. Ҳафта давомида юртимизнинг турли манзилларида бўлиб, ғолиб ва совриндорларни тақдирладик, ҳар бирининг ота-онаси, устозларига чексиз миннатдорлик изҳор этиш имконига эга бўлдик.

Сафаримизни Ажиниёз, Бердақ каби етук оқин ва жировлар куйлаган қўшиқ оҳанглари ҳалигача янграб турган тупроқдан – Нукусдан бошладик. Бу ерда танлов совриндори, 36-сонли мактаб ўқувчиси Тумарис Бахтиярова билан учрашдик. У жадид боболар асарларини яна бир қайта ўқиб, ўзига хос иншо ёзгани сабабли учинчи ўринга сазовор бўлган. Мактаб жамоаси олдида унга танлов низомида назарда тутилган совғаларни бериб, қизғин қутладик.
Кейин юртимизнинг қадимий ва маънавий марказларидан бири бўлган Хоразмга йўл олдик. Урганч шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатида таҳсил олаётган Нафисахон Отабоева билан кўришдик. У биринчи ўринни қўлга киритгани учун 5 миллион сўм пул мукофоти ҳамда 1000 та бадиий, илмий-оммабоп китоб ва фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Совғаларни “Жадид” газетаси таҳририяти номидан “Шарқ юлдузи” ва “Звезда востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауф ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шуҳрат Маткарим ғолибга тантанали тарзда топширди. Мактаб маъмурияти Нафисахонга берилган мингта китоб кутубхонанинг энг кўзга кўринар бурчагидан ўрин олишини алоҳида таъкидлади.
Кейинги манзилимиз йирик илмий ва маърифий марказ, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Абдувоҳид Мунзим, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли ва Файзулла Хўжаев каби зотлар яшаган муборак маскан – Бухоройи шариф бўлди.
Аввал эълон қилганимиздек, Шофиркон туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Сабина Отамуродова фахрли учинчи ўринни қўлга киритган. Тадбир давомида Сабина ёзган иншо йиғилганларга ўқиб берилди.
У ердан Навоий вилояти сори юзландик. Чўл бағрида ястанган мўъжиза маскан – Конимех туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасмина Носимова рағбатлантирувчи ўрин билан тантанали тақдирланди. Кутиб олиш маросими ўзига хос миллий руҳда уюштирилди. Уч миллат – ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқ миллий кийимларидаги уч қиз, қўлларида халқларимизнинг севимли таоми – бўғирсоқ. Тақдирлаш маросими кутилганидан ҳам тантанали ва таъсирли ўтди. Жасмина ҳақидаги қиссани эшитиб, ниҳоятда таъсирландик. Танловга тайёргарлик пайтида уни отаси 40 даража иссиқда мактабга велосипедда олиб келган ва кечроқ худди шу тарзда олиб кетган. Таътил бўлишига қарамасдан қизининг “толибаи илм”лиги учун вақти ва меҳнатини аямаган отанинг ишончи ва фидойилиги бугун ўз мевасини бермоқда.
Туман ММТБ раҳбари Ажаргул Усманованинг айтишича, бу маскан кўп миллатли мактаб ҳисобланиб, унда 96 нафар ўзбек, 24 нафар қорақалпоқ ва 9 нафар қозоқ миллатига мансуб болалар таҳсил олади. Шу куни кечга яқин маърифат ва маданият бешиги, Туркистон жадидлигининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаб ижод қилган шаҳар – Самарқандга етиб келдик.
Бу сафар Иброҳимжон Қудратовни рағбатлантирувчи ўрин билан табриклаш учун Каттақўрғон тумани, 32-умумий ўрта таълим мактаби манзилимиз бўлди. Унинг онаси тарбиячи бўлиб, фарзандининг тайёргарлик жараёнида доимо ёнида бўлган, йўл-йўриқ кўрсатган. Бироқ энг муҳими – Иброҳимжон жадидлар ҳақидаги умумий ва одатий йўлдан эмас, балки ўзига хос, мустақил йўлдан боришни маъқул кўрган. Яхшиси, бу ҳақида ўзидан “эшитинг”: “Қарасам, дўстларим Беҳбудий, Авлоний, Қодирий каби таниқли жадидларга мактуб ёзяпти. Мен эса драматург, шоир ва публицист – Ғулом Зафарийга хат ёзишга қарор қилдим. Балки шунинг учун ғолиб бўлгандирман. Лекин бу танлов мени кўпроқ ўқиб, изланишга ундагани рост”.
Самарқанддан тунда тағин отландик. Поезд бир маромда йўл танобини тортиб бораркан, деразадан боқиб, Бойсун даштларининг чексизлигидан баҳраманд бўлдик, тоғлар бағридаги сокин табиатни мароқ билан кузатдик. Ҳа-а, муқаддас ватанимиз ниҳоятда гўзал ва фараҳбахш масканларга бой. Йўлда бизга қўшилган вагондошлар билан гурунг бошланди. Алпомишкелбат бир киши “ўн минг уйли қариндош”нинг “улуғ тўраси”дек ястаниб, “Кунтуғмиш” достонидаги машҳур хитобни айтди: “қайдин келасан, айғил?” Биз эса ғурур билан дедик: “Шу тоғлар ортида бир истеъдодли қиз бор экан. У “Жадид бобомга мактуб” танловида қирқ минг алпни утиб эди. Шугинани зотини бергани келяпмиз…”
Ниҳоят, Сурхондарё вилояти, Узун туманидаги 56-мактабга етиб бордик. Табиат ҳам гўзал, одамлар ҳам самимий. Танловда рағбатлантирувчи ўринни қўлга киритган Машҳура Ўринбадалова ёш жадидшунос бўлиш баробарида, замонавий фанларни пухта ўзлаштираётган ўқувчи экан. Инглиз тилидан тайёргарлик кўриб, IELTS имтиҳонидан 6 балл олган. Илмга чанқоқ, маънавиятли, умидли ёшлардан.
Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди. Бу ерда ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, улуғ шоир Абдулла Орипов номини юксак шараф ила тилга оладиган ўқувчилар таҳсил олади. Улардан бири – Гулҳаё Нарзуллоева танловнинг иккинчи ўрнига сазовор бўлди. У тўрт миллион сўм пул мукофоти ва бадиий ҳамда илмий-оммабоп китоблар тўплами билан тақдирланди. Аммо унинг ғалабаси рақамлар ва совғаларда эмасди – танлов баҳона жадид боболар мероси билан яна бир бор танишиш бахти эди. Аслида, у иншони бир неча бор қайта-қайта ёзган. Устозлари билан маслаҳатлашиб, ота-онасининг ҳам фикрини олиб, ҳар бир сўзни пишита-пишита қоғозга туширган. Аммо сўнгги, ўзининг кўнгли тўлган вариант… бизга юборилмаган. Бир марта юборгандан кейин, яна юборишга ийманган экан. Бу ҳикоя ижодкор қиз қалбининг беғуборлиги, ўзига нисбатан талабчан эканини кўрсатади. Тадбир якунида Гулҳаёни устозлари, синфдошлари, дўстлари самимий табриклади. Ҳар бир табрикда бу қиз ҳали жуда кўп марраларни эгаллайди деган ишонч бор. Жадидлар изидан бориб, улар каби етук фикрлаш ва миллат равнақини ўйлаш бахти муборак бўлсин, Гулҳаё!
Фарғона вилояти, Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабидаги учрашувимиз ҳам юракларга илиқлик бағишлади. Ушбу мўъжаз ва айни пайтда муҳташам масканнинг иқтидорли ўқувчиси – Шаҳло Сафарова ўзининг билимга, санъат ва маданиятга, айниқса, сўзга бўлган муҳаббати, изланишлари туфайли фахрли иккинчи ўринни қўлга киритган.
Шаҳлонинг шеърлари, сўзлаш, саҳнада ўзини тутиши – барчаси унинг маънавиятга бой, қалбида жадидлар меросига эҳтиром барқ урган, юрт равнақини ўйлайдиган авлод вакили эканини кўрсатди.
Шунингдек, сафар давомида учинчи ўринни қўлга киритган Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 260-мактаб ўқувчиси Муниса Ҳусанова, қолаверса, Нукус шаҳридаги 38-сонли мактаб ўқувчиси Гулнур Усмановани, Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги 3-мактаб ўқувчиси Рухшона Бобобековани, Жиззах вилояти, Шароф Рашидов туманидаги 17-мактаб ўқувчиси Ғолибжон Мелиқуловни, Наманган вилояти, Поп туманида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган мактабда таълим олаётган Шукронабону Расулжоновани, Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги 6-мактабда ўқиётган Дилмурод Фазлиддиновни, Тошкент вилояти, Ангрен шаҳар 7-мактаб ўқувчиси Шаҳинахон Жалолова, Андижон вилояти, Хўжаобод тумани 3-мактабда ўқувчи Дилзирохон Жамолдиноваларни рағбатлантирувчи ўринни қўлга киритганлари билан қизғин табриклаб, келажакдаги ўқишларига омад ва зафарлар тиладик.
Бу учрашувлар давомида ахтариб топганимиз ўн олти булоқ – Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган ўн олти истеъдодли ўқувчи, бир пайтлар жадид боболар орзу қилган маърифатпарвар авлод вакилларидир. Умид қиламизки, улар бош қўшиб, қўшдарёга ёндош маърифат дарёсига айланади.
Биз устоз ва мураббийлар байрами арафасида юртимизни бош-оёқ кезиб, ғолиблар билан бирга уларни тарбия қилган, “…мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли” эканини уқтирган ўқитувчиларни ҳам чин дилдан қутладик. Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганидек, “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда!” деган эзгу ғоя билан яшаётган барча устоз-мураббийларни яна бир карра айём билан табриклаймиз!
“Жадид” жамоаси
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



