Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


07.01.2026 | 16:55

img406

ҲАҚ ЕНГАР, ЕНГИЛМАС!

Яқин тарихимизнинг ижтимоий-маданий ҳаётида жадид ҳаракати каби муҳим ўрин тутган, айни пайтда, шунингдек, хилма-хил талқинга эга иккинчи ҳодисани топиш мушкул. Бу ҳаракат вакилларининг ижтимоий келиб чиқиши, дунёқараши ва фаолият йўналишлари ҳам, табиийки, бир хил бўлган эмас. Одатда, жадидлар ва қатағон қурбонлари ҳақида гап кетганда, терговчилар салбий қиёфада гавдаланади. Аммо қаҳрамонимиз – қўқонлик терговчи Иброҳимжон Мусахоновнинг қисмати бошқача кечди.

Иброҳимжон Мусахонов 1904 йили Қўқонда савдогарлар оиласида туғилиб, шаҳар иқтисодий-ижтимоий ҳаётига яқин муҳитда улғаяди. Ўша вақтда ўлкамиздаги савдогарлар қатлами орасида жадид ғояларига хайрихоҳ, анъанавий таълим билан бир қаторда амалий билим ва рус тилини ўзлаштиришга интилган шахслар кўпчилик эди. Шу жиҳатдан, Иброҳимжоннинг дастлаб эски мактабда, кейин эса рус-тузем мактабида таҳсил олиши ажабланарли ҳодиса эмасди.

1917 йилдан кейин шакллана бошлаган янги ҳокимият тузилмалари учун саводли ва жамоатчиликни тушунадиган кадрларга эҳтиёж ортиб бориши натижасида ҳали ўсмирин Иброҳимжон Мусахонов Қўқон шаҳар милициясида хизмат қила бошлайди. Кейинчалик унинг даҳа қўмитасида (1918–1920 йиллар) ҳамда Қизил Армия сафида (1921–1922 йиллар) фаолият юритгани ижтимоий фаол шахсларнинг давлат хизматига босқичма-босқич жалб этилганини кўрсатади.

1921–1923 йилларда маҳаллий суд органларини қайта ташкил этиш, улар фаолиятини жамоатчиликка тушунтириш ва янги ҳуқуқий тартибни тарғиб қилиш вазифаси кун тартибига чиқади. Жараёнда суд идоралари ҳузурида матбуот билан ишлаш амалиёти шакллана бошлайди. Шу тариқа, Иброҳимжон Мусахонов 1923 йили Фарғона вилояти судида журналист сифатида ишлайди. Мазкур фаолият унга суд тизимини бевосита ичидан кузатиш ва ўрганиш имконини беради. Қолаверса, айни шу йиллар унинг фаолиятида ҳуқуқий фикрлаш қобилияти шаклланган босқич сифатида алоҳида аҳамият касб этганини кузатамиз.

1924 йили у Фарғона вилояти партия қўмитаси ҳузурида ташкил этилган судьялар тайёрлаш курсини тамомлайди. Ўқувни тугатибоқ, суд тизимига мутахассис сифатида жалб этилади. 1924–1926 йилларда у вилоят судининг шикоятлар бўлимида котиб вазифасини ўтаб, суд ҳужжатларига яна бир қадам яқинроқ келади, қарорларни расмийлаштириш, аризаларни кўриб чиқиш жараёнларида иштирок этади. Сўнг Бешариқ, Чуст, Поп туманларида терговчи бўлиб ишлайди.

1929 йилдан Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимида терговчи лавозимида иш бошлаган Иброҳимжон Мусахонов шу зайилда касбий фаолиятини тўла-тўкис ҳуқуқ-тартибот тизими билан боғлайди. Бироқ…

Совет қатағон сиёсати жамиятнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатгани каби прокуратура ва суд-ҳуқуқ тизимида ҳам мислсиз қурбонларни ямламай ютди. Соҳани яхши тушунган, ҳақ-ҳуқуқини таниган ва қонун устуворлигини истаган инсонлар биринчилардан бўлиб таъқибга учради, чунки улар оддий одамларга ўз ҳаққини, умумлаштириб айтганда, ҳурриятни талаб қилишни ўргатиши мумкин эди. Уларнинг ўрни марказдан келган кўрсатмаларни гап-сўзсиз бажаришга мойил шахслар билан тўлдириб борилди.

ЎзССР Адлия халқ комиссарлиги марказий аппаратининг 1931 йилдаги таркиби биз айтаётган ҳолатни яққол ифодалайди. Раҳбар лавозимларда ишлаган шахсларнинг аксари Европа миллатларидан иборат бўлиб, маҳаллий ҳуқуқий анъаналар ва жамият эҳтиёжларидан узоқ эди. Мавжуд маҳаллий кадрларнинг ҳам кўпчилиги қуйи маълумотли, малакаси паст, суд-ҳуқуқ тизимига атиги уч-тўрт йил олдин жалб этилган кишилар бўлганини ҳужжатлар орқали кўриш мумкин.

Бундай кадрлар сиёсати тизимда ишлаган тажрибали ва мустақил фикрлайдиган инсонлар учун хавфли муҳитни вужудга келтирди. Иброҳимжон Мусахонов ҳам айнан шу соҳа вакили сифатида бу жараённи бошидан кечирди. Соҳадаги ўзгаришлар унинг қадриятлари ва қарашларига тобора қарши кела бошлади.

Айни пайтда прокуратура тизимида сиёсий буюртмаларни бажаришга мойил кадрлар олдинга сурилди. Бадриддинов, Қосимов ишларини «муносиб адо этган» Катаньян ва Гинсбург каби шахслар республика прокуратурасида янада юқори мавқени қўлга киритди. Маҳаллий ва марказий матбуот эса «бадриддиновчилик» деган тушунча атрофида туҳмат ва бўҳтонларга тўла юзлаб буюртма мақолалар билан тўлдирилди.

1930 йилларга келиб, Қўқон шаҳри, умуман, Фарғона водийсида газеталар айрим шахслар фаолиятини кескин танқид қилиш майдонига ҳам айланади. Айниқса, суд ва прокуратура тизимидаги ходимлар, улар фаолияти борасида чиқишлар кўпаяди. Иброҳимжон Мусахонов номи айнан шу даврда матбуот саҳифаларида тилга олинади.

1930 йил 3 август куни «Янги Фарғона» газетасида «Соғлом аппаратда ифлослар башараси» номли мақола чоп этилади. Унда Қўқон район соқчилар бошлиғи Қурбон Қосимов фаолияти танқид остига олинган бўлса-да, унинг иши айнан Иброҳимжон Мусахонов томонидан тергов қилинаётгани алоҳида таъкидланади. Шу орқали Мусахонов билвосита жиноятни ёпиб қўяётган шахс сифатида кўрсатилади. Бу мақола унинг обрўсига қаратилган биринчи очиқ зарба эди.

Орадан кўп ўтмай, ушбу газетада «Дарул ахлоқ старшиси» номли яна бир хабар чиқиб, унда дарул ахлоқ назоратчиси Ёқубжон Ҳошимов порахўрлиги баён қилинади. Иброҳимжон Мусахонов бу ҳолатни била туриб чора кўрмаган, жиноятни яширган терговчи сифатида тасвирланади. Ҳеч қандай суд қарори ёки расмий хулосага таянмаган бу айбловлар Мусахонов ҳақидаги салбий тасаввурни янада кучайтиради.

Жараён тобора кескин тус олиб, «Бадриддиновчилар иши» бўйича ўтказилган сайёр суд жараёнлари матбуотда кенг ёритилаётган 1932 йил май ойида «Қулоқ билан ҳамтовоқ» номли мақола босилиб чиқади. Унда Мусахонов очиқдан очиқ «қулоқлар билан тил бириктирган», «синфий душманларга хизмат қилган» терговчи сифатида кўрсатилади. Ҳали суд ҳукми чиқмасдан, «айби бўйнига илиб қўйилади», гўё.

Босимлар босқичма-босқич кучайиб бораверади. Бу мақолалар ҳақиқатни аниқлашни эмас, аксинча, жамоатчилик олдида айбдор образини яратишни кўзларди. Натижада Мусахонов олдин газета саҳифаларида, сўнг терговда айбдорга айлантирилади. У Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63-моддаси билан айбдор деб топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилади ва партия сафидан чиқарилади. Шу тариқа, унинг илк қамалиши айнан матбуот муҳитида пишиб етилган, олдиндан шакллантирилган бўҳтонларнинг мантиқий давоми эди.

1934 йилда Мусахонов оиласи бағрига қайтади. Аёли Адолатхон, икки фарзанди — Турсуной ва Саматой билан оғир шароитда яшай бошлайди. Давлат хизматига қайтиш имкони бўлмагани учун Қўқондаги омонат кассага кассир бўлиб ишга жойлашади. Бироқ «катта террор» қирғини қайта хуруж олгач, аввалги «айб»лар тагин кўтарилади. У 1937 йил 1 сентябр куни Қўқон шаҳар НКВДси томонидан иккинчи бор ҳибсга олинади. Уйида ўтказилган тинтувда диний адабиётлар, «Давр душманлари», «Бадриддиновчилик», «Бомба» каби китоблар, шахсий ҳужжатлар мусодара қилинади. Тергов пайтида унинг фикрлари умуман инобатга олинмайди. 1937 йил 13 ноябрда НКВД «учлиги» қарори билан Иброҳимжон Мусахонов Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-бандига асосан саккиз йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Афсуски, унинг кейинги тақдири ҳужжатларда акс этмаган. Лекин аввалги уч йиллик аваҳта ва унинг оғир оқибатлари ҳар қандай инсоннинг жисмоний ва руҳий мувозанатини издан чиқариши турган гап. Боз устига ўрмонга ўт кетиб, ҳўл-у қуруқ баробар ёнаётган мудҳиш шароитда репрессиянинг иккинчи тўлқинида ҳар қандай азамат жувонмарг бўлиб кетишига шубҳа йўқ. Шундай қилиб, қаҳрамонимиз белгиланган муддатдан сўнг ота уйига қайтмаган ёки яқинларига бирор белги бермаган. Демак, миллатнинг илғор фарзанди, фидойи зиёлиси Иброҳимжон Мусахоновни ҳам қоттол сиёсат қурбони сифатида шаҳидлар рўйхатига қўшишга мажбурмиз.

Шу ўринда, қатағон қурбони бўлган маърифатпарвар шоир Муҳаммадшариф Сўфизоданинг мана бу сатрлари эсга тушади:

Ҳақлик дегани енгар, енгилмас,
Ҳақиқат эгилар, аммо синмас.

Мустақиллик туфайли тарихий ҳақиқатни тиклаш ва қатағон даври воқеаларини илмий асосда ўрганиш имконияти яратилди. Бу жараён «халқ душмани» тамғаси билан ноҳақ қамалган, сургун қилинган, отилган — ёппасига қатағонга учраган ўн минглаб инсонлар тақдирини қайта баҳолаш, уларнинг номини тиклаш ҳамда жамият хотирасини адолатли тарзда шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қатағон сиёсатининг ижтимоий, сиёсий ва маънавий оқибатларини таҳлил этиш орқали миллат тарихининг оғриқли саҳифалари очилмоқда. Бу эса тарихий тафаккурни бойитиш, ҳақиқатни холис англаш ва миллий ўзликни мустаҳкамлаш йўлида, шубҳасиз, муҳим қадамдир.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855