Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


08.08.2025 | 09:18

img316

“ТАВОН” ВА “ТОВОН”: ЭТИМОЛОГИК “ҚАРИНДОШ”МИ ЁКИ ШАКЛДОШ?

Мунда мен, анда нотавон кўнглум,
Мунда мен зор-у анда қон кўнглум.

Ушбу байт Алишер Навоий “Хамса”сининг “Сабъаи сайёр” достонидан келтирилди. Навоий асарлари тилининг изоҳли луғатига кўра, нотавон – заиф, қувватсиз, қудратсиз, ожиз маъноларига эга. Нотавонлик, нотавоно шаклида ҳам келади. Навоий “Садди Искандарий”да шундай ёзади:

Бу ишга керактур тавоно киши
Эмас мен киби нотавоно киши.

Тавоно нотавоннинг зидди бўлиб, қодирлик, қудрат маъносида қўлланилади. Тавон сўзи форсий тавонестан – қила олмоқ, қодир бўлмоқ  феълига но- олд инкор қўшимчаси қўшиш орқали ясалган, нимжон, кучсиз, қашшоқ маъноларини ифодалайди. Тавон – форсий ўзлашма сўз.

Аҳамият берсак, инсоннинг тана аъзоларидан бири товон деб аталади. Агар одамда товон бўлмаса оёқда тик туролмайди, мувозанатни йўқотади. Маъно жиҳатидан тавон товонга бироз тўғри келади. Яъни, товон инсоннинг муҳим аъзоси, товонсиз нимагадир қодирлик хусусияти сусаяди (Инсон товонининг нозик аъзо эканлигини ифодалашда “Ахиллес товони” иборасидан фойдаланишади. Бу ибора “ожизлик ҳудуди, заиф нуқта” маъноларини билдиради).

Товон ҳам форсий ўзлашма бўлса керак, деб турган эдим ҳамки, бир маълумот “манаман” деб ўзини кўз-кўз қилиб қолди. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит-турк” китобида табан – туя товони, табанлади – товони билан урди дея изоҳланган. Ўзбек тилининг этимологик луғатидаги маълумотга кўра, товон – оёқ кифтининг орқа қисми. Қадимги туркий тилда ҳам шундай маънони англатган бу от асли “бос-”, “эз-” маъносини англатган та:па – феълидан -н қўшимчаси билан ясалган. Кейинроқ а: унлисининг чўзиқлик белгиси йўқолиб, икки унли оралиғидаги п товуши б ундошига, ўзбек тилида б ундоши в ундошига, а унлилари о га алмашган: та:па +н=та:пан>тапан>табан>таван>товон.

Форс луғатшунос олими Деххудо луғатида товон туркий ўзлашма сифатида келган. Форс тилининг изоҳли луғати, шунингдек, Муин, Умид форс луғатлари ҳам буни тасдиқлайди.

Товон (баъзи ўринларда таван) сўзининг бошқа – жарима, ҳақ тўлаш маънолари ҳам бор. Айнан шу маънода қўлланиладиган товон форс тилидан ўзлашган. Лекин тилимизда товон тўлаш феъли кўп ўринда тавон тўлаш шаклида ҳам келади.

Юқоридаги ҳар икки сўз ўзига хос семантик юк ва тарихий илдизга эга. Улар ўзаро фонетик жиҳатдан ўхшаш бўлса-да, турли тиллардан кириб келган. Тил тараққиёти занжирида “товон” сўзи туркий илдизга эга бўлиб, форс тилида шаклланган “тавон” билан фонетик ва семантик яқинлик туфайли чалкаш ёки параллел маъноларда ривожланган бўлиши мумкин. Бу каби сўзлар этимологик конвергенсия, яъни турли манбадан келиб чиққан, лекин шаклан яқинлашган сўзлар ҳодисаси билан изоҳланади.

Ирода РАҲМОНАЛИEВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 1 августдаги 31-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858