Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


26.12.2025 | 12:05

img368

ТОҒЛАРНИ ҚУЛАШДАН АСРАГАН АДИБ

Чингиз Айтматов салкам саксон йиллик, мазмунан асрга татигулик умрни яшаб ўтди. Бутун ижоди давомида наинки бугуннинг, айни чоғда эртанинг, яқин келажакнинг ҳам муҳим, бошқалар айтишга журъат эта олмаган муаммоларини ўзига хос жасорат билан тадқиқ этди. Мухлисларини бу муаммолар тўғрисида ўйлашга, фикр қилишга, хулоса чиқаришга чорлади. Халқнинг тилида ва дилида турган, пишиб етилган, айтмаса бўлмайдиган муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этди. Унинг ҳар бир чиқиши аниқ ижтимоий позиция, тиниқ ва ўткир нуқтаи назар билан ажралиб турарди. У умрининг охиригача ўз сўзини айтматовчасига дангал ва ошкора айтиб келди.

Адибнинг бетакрор қиссаларидаги воқеалар асосан қирғиз диёрида кечса-да, уларда бир вақтлар ягона Туркистон номи билан аталган қадим минтақага дахлдор умумийлик бор. Адиб ўртага қўяётган муаммолар, қирғиз-у қозоққа, ўзбек-у тожикка, туркман-у қорақалпоққа баробар тегишлидир.

Чингиз Айтматов миллий адабиёт ривожини тоғ чўққилари қадар юксакликка кўтара олган, ноёб истеъдоди ва ижодий жасорати билан дунёни ҳайратга сола билган адиблар сирасига киради. У адабиётдаги мафкуравий бир хиллик ва мафкуравий анъанавийликни кутилмаганда бузиб ташлади.  Ўқувчисини ҳамма учун таниш бўлиб қолган равон, бехатар йўлларга эмас, чағир тошлардан иборат машаққатли сўқмоқларга, баланд довонларга етак­лади. Китобхонни ортиқча қийнамайди­ган енгил ечимлардан воз кечиб, дастлабки ҳикоялари, публицистик мақолаларидаёқ ҳаётда текис йўллар, бахтли интиҳолар билан бирга қалтис тасодифлар, хавфли бурилишлар, боши берк кўчалар, етиб бўлмас манзиллар ҳам борлигини қайд этди.

“Биз, адабиётчилар янги тарихий шароитда янги муаммоларга дуч келдик, – деб ёзади адиб. – Адаби­ётнинг бугунги вазифаси кеча­ги ўтган кунимиздаги вазифадан, зиёлининг жамият олдидаги ўрни ва масъулияти кечагидан тамомила фарқ қилади. Ҳаёт, одамларнинг турмуш тарзи, ўй-фикрлари тамомила ўзгариб кетди. Ҳозир, айтишим мумкинки, биргина Ўзбекистон ёки Қирғизистонда эмас, бутун минтақада, бутун дунёда ўзига хос тозариш жараёни давом этмоқда. Ўзликни англаш, ўзликка қайтиш фасли бораётир. Тамойиллар ҳам, таомиллар ҳам ўзгарди. Миллий, умуминсоний қадриятлар қайтадан қаддини тикламоқда. Қуриб қолаёзган, кўзлари ёпиб ташланган булоқларнинг кўзлари очилмоқда. Умумбашарий тафаккур онг-шууримизга сингмоқда. Бундай шароитда адабиёт ўзгармай қолиши мумкинми? Ҳамон эскича ёзиш, кечаги кун ютуқлари билан қаноатланиб ўтириш мумкинми? Мумкин эмас! Адабиёт энди чинакамига халқчил, миллатпарвар, маънавий тарақ­қиётимизнинг садоқатли хизматкори бўлиши керак”.

Чингиз оға бу талабга энг аввало ўзи амал қилди. Наинки ўзи, қисса ва романларининг қаҳрамонлари ҳам халққа, эл-юртга хизмат қилишни юксак инсоний бурч деб билди.

Адиб ижоди дунё миқёсида юзга яқин адабий-бадиий, маданий-фалса­фий мукофот­ларга муносиб кўрилган. Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Фармонларига биноан, унга “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари топширилган. 2019 йили Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши­нинг еттинчи сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо мамлакатларнинг замонавий адабиёт ва санъат, тарих ва меъморлик соҳасида улкан ютуқларга эришган ижодкорларини рағбатлантириш мақсадида Кенгаш доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш таклифини киритган эди. Ушбу нуфузли мукофот 2022 йили биринчи марта дунё бирлигига қўшган улкан ҳиссаси учун буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовга берилди.

* * *

Чингиз оға орамиздан кетди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар тоғ-у даштлар оша Тошкентга етиб келганида, вужудим титраб кетган. Адибни яқиндан билган дўст-қадрдонлари, миллион-миль­лион ўқувчилари билан бирга ёзган асар­ларининг қаҳра­монлари ҳам адиб учун аза тутгандай бўлганди ўшанда.

Хаёл қиламан. Совуқ хабарни эшитган Танабой дўсти Чорони эслади, “Ҳамма ўлиб кетади, ҳамма, бир киши қолмайди. Ишлаганлар, умрини азобда ўтказганлар ҳам, текинтомоқлар, бировнинг ҳақидан хазар қилмайдиганлар ҳам”, дея аравани аста судраб бораётган Гулсарини қамчин билан савалай кетди, ғилдирак бир нимага урилиб, арава ағдарилаёзди”.

Буғдой далалари бўйлаб жадал бораётган Жамила Дониёрни қучоқлаб йиғлади. “Оғам-ов”, дея ўкраб юборди, кўксидан оғриқли фарёд отилиб чиқди: “Оғажон, мени сизчалик ҳеч ким тушунмади, фақат сиз тушундингиз. Ўзингизни не-не маломатларга қўйиб бўлса-да, ҳимоя қилдингиз. Билсангиз, бу ишни ҳатто ота-онам ҳам қила олмасди, сиз қилдингиз. “Жамила қизим, Дониёрга ишон, ундан мадад ол. У сенга севги, вафо, она-ер ҳақида қўшиқлар куйлаб берсин. Олис йўлдан қўрқма, сенинг йўлинг бахт йўли, сен ўз бахтингни топишинг керак”, дедингиз. Сизга ишониб йўлга чиққандим, сиздан яна ва яна мадад олмоқчийдим, нега бундай қилдингиз, оғажон. Сизсиз яшаш мен учун осон деб ўйлайсизми?”

Илёс машинасини зарб билан ўт олдириб йўлга тушди, қаёққа бориши номаълум, оёқ-қўллари ўзига бўйсунмас, тезликни оширар, қандайдир ички бир туйғу уни Асал билан учрашган ўша довон йўлига ундарди. Қани энди, ҳаммаси ортга қайтса-ю, машина тагида туриб, Асалнинг “Кампир эмасман”, деган сўзларини яна бир марта эшитса, қилмишлари учун “Ёзувчи бобо, мени сиз кечиринг”, дея олса…

Анчадан бери йиғламаган, бир вақтлар урушдан қочгани деярли унут бўлиб кетган Исмоилнинг кўзларига кутилмаганда ёш келди. “Чингиз бобо, ота меҳрига тўймаган овулдошим, мен сиздан хафа эмасман, буни ўзингизга ҳам айтганман, айбимни ювиб, одам бўлдим, элга қўшилдим, сизга айтадиган гапларим бор эди ҳали”, дея пичирлади. Унинг сўзларини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмади.

Саиданинг кўзлари намланди, аммо йиғламади. Ичи тўлиб, кимгадир бир нималар демоқчи бўлди, аммо уйда ёлғиз ўзи эди. “Ўшанда… “эри  яширинган қамишзордан чиқиб, кир босган юзларидан тер қуюлиб, хотинига   яқинлашиб, иккови юзма-юз бўлганида, Исмоил илгариги содда Саидани эмас, сочлари оқариб кетган, ялангбош, ўз қарашларига эга қатъиятли Саидани кўрган эди”, деб ёзган­сиз. Чингиз оға, сиз асло бўрт­тирмагансиз, мен чиндан ҳам тамомила бошқа бир аёлга, бошқа тан-у вужудга айланган эдим. Бунинг учун адоқсиз тана-дашномларга қолдим, номим ёмонотлиққа чиқди. Лекин бундан бошқача йўл тутишим мумкин эмасди. Виждоним буйруғини бажардим ва бу фикримдан ҳануз қайтган эмасман. Мен сиздан бир умр миннатдорман”.

Султонмурод ҳужумга шайланиб турган бўридан кўз узмай: “Чингиз бобо, мени фақат сиз қутқара оласиз, сиздан бошқа суянчим йўқ”, демоқчи бўлди, аммо бу фикрини бўри сезиб қолишидан чўчиб, нафасини ичига ютганча, рақибига ғолибона қараш қилиб тураверди.

Тўлғоной тўлғониб кетди. Дала бошига келиб унсиз йиғлади: “Далам, она-ерим, одам жонига қачон тўясан? Урушда ҳалок бўлган қанчадан қанча азамат овул­дошлар каммиди? Сувонқулим, Қоси­мим, Майсалбегим, Жайноғим кам­миди? Бу ёруғ оламда қабристон бўлмаган бир жой қолмади-ку, ахир. Чингиз болам отасининг қабрини энди топганида бу нима кўргулик…”

Балиқдай сузиб бораётган Нурғози­нинг пала-партиш ҳаракатларидан Иссиқкўл жунбушга келди, шовқин кўтариб, қирғоқларига қайта-қайта бош урди, аммо боланинг умидбахш сўзларини тинглаб, ўзини босди: “Чингиз бобо, мен Нурғозиман, чўкиб кетганим йўқ, сузишни яхши ўрганиб олдим, бўйим чўзилди, оқ кемага етиб бориб, отамни топганимдан кейин, икковимиз сизни меҳмонга чақирамиз. Келаверинг, биргалашиб сузамиз. Сузишни  билма­сангиз, сизга ўзим ўргатаман…”

Мўмин чол “уҳ” деди-ю, беҳолланиб янги кесилган қарағай тўнкасига  мункайибгина ўтирди, кўз ўнги қорон­ғилашгандай бўлди, Ўрозқулга бир нима демоқчи эди, аммо уни ҳеч қачон бундай нотавон ҳолда кўрмагани учунми, бошини қуйи солди. Ўтов ичига кириб кетган Ўрозқулнинг дағал овози қулоғига чалинди: “Шун­дай одамдан жудо бўлдикми, шундай одамдан-а?”

Авдий Каллистратов хомуш бўлиб қолди, ёнида ҳеч ким йўқ, ўзи эшитадиган даражада қон қотиб қолган лабларини аранг ҳаракатга келтириб,  ғўлдиради: “Бу дунё фикрлилар учун эмас, фикрлилар учун эмас…”

Камон ўқи кўксига қадалган Онанинг руҳи безовталанди: “Чингиз болам, мени-ку, ўз фарзандим танимади, Дўнанбойим танимади, қавмларинг сени ҳам танишмадими, нега авайлашмади, сен уларга нима ёмонлик қилган эдинг-а, болам?”

Филофей мангу бўшлиқ ичра сузиб юраркан, уни оламга машҳур қилган қалам соҳибининг руҳи ўзи томон яқинлашаётганини сезиб, Ердан келган бу қайғули хабарга ажабланмади, аксинча, кўнгли бир мунча хотиржам тортди. Негаки, вақти келиб, жамики туғилмиш руҳободда қўним топади.

Арсен Саманчин худди бир қориндан талашиб тушган инисидан айрилгандай изтиробга тушди, ўзига ўзи гапира бошлади: “Оғажон, одамлар пул, бойлик дея бу дунёда мавжуд жамики ахлоқсизликларга қўшилган, тоғлар-у дарёларни ҳам сотиб юборишга тайёр, дин-у диёнатни унутган, дард-ғами бир нимани ўмариш, ғамлаш бўлиб турган бир пайтда сизсиз биз нима ҳам қила олардик – буни ўйламабсиз-да. Бундай кетишда осмондаги ноёб қушлар, ўрмонлардаги ҳайвонлар ҳам омон қолмайди. Одамзот йиртқич терисини кийим сифатига эгнига солар экан, ўша ўзи қурбон қилган ҳайвондан фарқи қолмайди-ку. Нега буни англамайдилар?”. Хаёл қиламан. Хаёлларим сатрларга айланади:                                    

Бугун боши эгилди,
Олатоғим, лолангнинг,
Наҳот йўқотиб қўйдинг
Тоғдай жўмард болангни?!
Чингизим-ай, бовурим,
Кўкка ўрлар ҳовурим.
Бизни ташлаб кетдингми,
Айтар сўзингни айтиб,
Муродингга етдингми?
Ўзбегим деб суярдинг,
Ўз элингдай кўрардинг.
Икки эл орасида
Кўприк бўлиб турардинг.
Адолатнинг қуёши
Отмай турган тунларда,
Дўст-у душман бирлашган
Маломатли кунларда
Минбар узра янгради
Жасоратли сўзларинг,
Ўша кунлар дардимиз
Сенинг ҳам бўлди дардинг.
Овозимни созлайин,
Менинг айтарим тайин −
Бошинг кўтар, Тўлғаной,
Қаддингни тут, Жамила,
Ишқ оламин ёритдинг
Муҳаббатинг шами-ла.
Ҳаёт шундай яралган −
Яшаб бўлмайди ёвсиз.
Чингизга тош отдилар
Дўст-у душман аёвсиз.
Ер экан-да, тўймайди
Ўз боласин жонига,
Қирғизимнинг Чингизи
Кетди Манас ёнига.
Йиғла, қўбиз, дуторим,
Кўзингни ёшлаб йиғла,
Сўнди бир сўзга чечан,
Тўшингга муштлаб йиғла,
Йиғла, эй, туркий дунё,
Кўкда маъюс ой, йиғла,
Дўломоннинг қўлида
Қолган қонли ёй, йиғла!

Ҳамма бу оғир йўқотишни ўзича қабул қилар, видо қўшиқлари бир-бирига уланиб борар, “Ота Бейит”да мангу қўним топган адиб эса елкаларини Олатоғга тираб, қирғиз диёрининг оқ саллали пурвиқор чўққиларини қулашдан сақлаб ётарди…

Аҳмаджон МЕЛИБОEВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 19 декабрдаги 51-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856