Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 11°C

TAVSIYA QILAMIZ


04.12.2025 | 12:42

img576

“ЯЛДО КЕЧАСИ”НИ КУТИНГ ВА ЎҚИНГ!

Жамоатчилик орасида тарқалган хабарларга кўра, яқинда пойтахтимизда “Хайбар–25” номли янги нашриёт иш бошлабди.

Мухбиримиз Шаҳриёр ШАВКАТ ушбу нашриёт бош муҳаррири Шуҳрат СОҲИБОВ билан суҳбатда бўлди.

Мухбир: Аввало, сизни ва жамоангизни нашриётингиз ўз фаолиятини бошлагани билан табриклаймиз. Табиийки, муштарийларимизни “хайбар” сўзи қандай маънони билдиради, деган савол қизиқтиради…

Шуҳрат СОҲИБОВ: Маълумки, “хайбар” жўғрофий маънода Осиё қитъасидаги баланд довоннинг номини англатади. Луғавий-мажозий маънода эса “юксаклик” демакдир. Биз маънавий юксакликка инти­лиш, китобхонларимизни ҳам ана шундай баланд мақомга кўтаришни мақсад қилиб, давлатимиз томонидан яратиб берилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, яхши ният билан нашриётимизга шундай ном қўйдик.

Шиоримиз: “Биз доимо юксакликка интиламиз! Биз билан бирга юксалинг!”

Иш бошлаганимизга кўп вақт ўтмаган бўлса-да, бир қатор жиддий лойиҳаларга киришдик. Бу ҳақда гапирганда, аввало, илк маҳсулотимиз бўлган “Ялдо кечаси” тарихий романи ҳақида сўз юритиш ўринлидир.

Кўпчилик яхши билади, ялдо кечаси – бу календарь ҳисобига кўра, 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси, йилнинг энг узун тунидир.

“Ялдо кечаси” эса фавқулодда ғаройиб тарихий роман бўлиб, тўрт юз олтмиш бир бетдан иборат йирик ҳажмли, мураккаб сюжет ва композицияга эга. Ушбу асарни шу кунларда лотин ва кирилл алифболарида, кўпминг нусхада чоп этиш ишларини якунлаяпмиз.

Биз бу ижодий жараёнга мамлакатимиз­нинг атоқли адиблари, адабиётшунос ва тарихчи олимлари, рассом ва дизайнер­лар, малакали матбаачиларини жалб этдик. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг барчасига, авваламбор, асарни қўлёзма ҳолида ўқиб, ўзларининг қимматли фикр-мулоҳаза­ларини билдирган кўплаб ижодкорларимизга миннатдорлик изҳор этамиз.

Хусусан, улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, машҳур адиб ва таржимон Иброҳим Ғафуровнинг номини алоҳида таъкидламоқчиман. Устоз “Ялдо кеча­си”нинг масъул муҳаррири сифатида биз билан яқиндан ва фаол ҳамкорлик қилганлари учун бошимиз кўкка етди.

Шунингдек, академик Шуҳрат Сирожид­динов, профессорлар Баҳодир Карим, Нурбой Жаббор, Шуҳрат Ризаев, Жаббор Эшонқул, таниқли адиблар Эркин Аъзам, Сирожиддин Саййид, Муртазо Қаршибой, Ғайрат Мажид, Икром Искандар, Ғафур Эшмурод, Ғайрат Шералиев, Ўзбекистон санъат арбоби Турсунали Қўзиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, матншунос Хондамир Қодирий, адабиётшунос Олимжон Давлатов сингари бир қатор ҳурматли ижодкорларимиз ҳам асарни такомилга етказишга муносиб ҳисса қўшганларини айтиб ўтмоқчиман.

Мухбир: Адабиётимиз етакчи намоян­да­ларининг бу асар ҳақидаги фикрлари газет­хонларимиз учун ҳам қизиқарли бўлиши шубҳасиз.

Шуҳрат СОҲИБОВ: Албатта. Масалан, Иброҳим Ғафуров домла “Ялдо кечаси” тарихий романига қуйидагича баҳо бердилар:

“Бу китобни у адабий мистификациядан фойдаланган ҳолда, “Ўткан кунлар”нинг иккинчи китоби тарзида ёзди, буюк Қодирий номидан, Қодирий бўлиб ёзди; қаттол замон Қодирийнинг қўлини кишанлаб, унга ёзиш учун имкон бермаганлиги боис фозил издош ва увайс шогирд сифатида ёзди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фантастик бир орзуни рўёбга чиқарди. Бу асар янги замон ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт, деса арзигуликдир…”

Ёки бўлмаса, Хондамир Қодирий: “Ушбу китобнинг ичига икки-уч саҳифа­даёқ кириб кетдим. Сабаби, унинг саҳифаларида сўзлаб келинаётган дард-аламлар менга яқин – таниш, улар мени ўз домига тортиб кетди ва мен китобни уч кунда ўқиб битирдим, яна қайта ўқидим. Китоб менга жуда-жуда маъқул. Бугунги авлоднинг барча қатламига маънавий, маърифий, маданий, ахлоқий ва сиёсий тарбия бера оладиган мақомда ёзилган” деган фикрларни билдирдилар.

Биз бу икки муҳим иқтибосни бевосита китоб муқовасида беришни зарур, деб билдик.

Айни вақтда роман мазмунини чуқур­роқ очиб бериш мақсадида Зулфия Иброҳимова, Акмал Расулов каби график рассомлар томонидан унга йигирмадан ортиқ оригинал бадиий иллюстрация ишланди. Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсангиз, рассомнинг маҳорати билан китоб муқоваси­даги қаҳрамон сиймосида асардаги тўрт нафар персонаж, яъни Отабек, Ёдгорбек, Озодбек ва Одилбек тимсоли мужассам бўлганини кўриш мумкин.

Мухбир: Бизни ҳам бу асарга жуда қизиқтириб қўйдингиз. Айтинг-чи, роман муаллифи ким ва китоб қачон нашр этилади?

Шуҳрат СОҲИБОВ: Асар муаллифи… келинг, бу ҳозирча сир бўлиб тура қолсин.

Мухбир: Тушунарли. Яъни, бу борада ўзига хос бир интрига сақланмоқчи, шундайми?

Шуҳрат СОҲИБОВ: Йўқ, гап интригада эмас. “Тарихий ҳужжатлар асосидаги бадиий тўқима” шаклида яратилган мазкур асарнинг дастлабки саҳифаларида “Бу китоб” деб номланадиган батафсил бир Сўзбоши берилган. У билан танишган ўқувчи­лар романнинг қандай қилиб дунёга кел­гани-ю муаллифи ким экани ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлади. Ҳозирча эса мен ушбу Сўзбошида таъкидланган бир фикрни, яъни “асар муаллифи – номлари кенг жамоатчиликка маълум ва ҳозирча номаълум бўлган юзлаб-минглаб ватан­дошларимиз, таъбир жоиз кўрилса, бутун ўзбек халқидир” деган сўзларни зикр этиш билан кифояланаман.

Романнинг қачон нашр этилишига келсак, биз асарнинг номига мос бир рамзий маъно касб этишини ният қилиб, насиб этса, 21 декабрь – ялдо кечасига қадар китоб дўконлари ва ўқувчилар қўлига етказиб беришни мўлжаллаб турибмиз. Шу боис айни кунларда барчамиз умид, кучли ҳаяжон туйғуларини бошимиздан кечирмоқдамиз.

Мухбир: Ўз навбатида биз ҳам газет­хонларимиз номидан нашриётингиз фаолияти­га ютуқ ва омадлар тилаймиз.

Қуйида “Ялдо кечаси” (“Ўткан кун­лар”га илова) тарихий романи асосий қаҳра­монларининг китоб форзатсида чоп этилган ўй-фикрлари, ҳиссиёт-кечинмаларини акс эттирувчи иқтибослар эътиборингизга ҳавола этилади.

* * *

Фикри ожизимча, бу икки подишоҳ – улар бир-бирлари ила хеш-ақрабо эканлари ҳам ҳазратимға махфий эрмас – ушбу йўсин­да зимдан келишиб олғанлар. Яъниким, Оқ подишоҳ ҳукумати ингилисларнинг Ҳиндис­тондағи ҳукмдорлиқ сиёсатиға дахл этмаса, ингилис салтанати ҳам уларнинг Туркистонда мўлжал қилған истилосиға мутлақо аралашмас. Зеро, кичик бир мусулмон улусини деб соҳиби дунё бўлған икки насроний давлат бир-бирига қарши тиғ кўтармас, олампаноҳ…

Отабек

* * *

Уста Сайфининг уйида Ёдгорбекдан келган хатларни ўқиб беришни Зумраддан сўрағанларида унинг юраги қафасға тушкан кабутар каби типирчилаб қолиши­ни, хусусан, мактубдаги “Сингилларимга ҳам салом” деган беозоргина жумлани тилга олғанида юзлари лоларанг тус олиб, товуши ўзгариб кетишини таъкид этиш ила кифояланурмиз.

* * *

Такрор Сиздан Худо ва ҳазрат Исо алайҳиссаломни восита этуб сўрайманки, бу ёзғон хатимни фақат мен билай ва Сиз билинг. На руслардан, на мусулмонлардан ҳеч ким билмасун ва хатни ўқиб англағонингиздан сўнгра йиртиб ташланг. Зеро, Ёдгорбек муаллим ва ани дўст­лари билсалар, фаврои нўғой ва Қафқоз газитлариға ҳам мени ва ҳам Сизни ёзадурларки, “Нажот” мактаби хусусинда донус қилибдурлар, деб…

Рафиқ махзум Ҳамдам ўғли

* * *

Ҳар сафар шу тўғрида сўз очилса, куяв ўғлингиз: “Мен икки қатла хотин олиб не рўшнолиқ кўрдимки, яна Кумуш­нинг арвоҳини чирқиратишға номусим йўл қўйсин”, деб, этак силкиб ўрнидан туриб кетадир.

Уста Алим

* * *

Суюкли набирамиз Ёдгорбекнинг ҳам дийдорини кўрмоқ, бағримизға босиб дуо қилмоқ бизга ҳануз армон бўлиб қолаётир. Баттол Отабекни муросаға келтириб, шул муборак моҳи рамазонда набирамизни Тошкандға жиллақурса ҳафта-ўн кунга юборсангиз эди…

Юсуфбек ҳожи

* * *

Мен бечора қудаларимнинг ҳоли-ҳолатини ўйлаб, ҳар куни етти қат этимдан тушаман. Ахир, раҳматли Кумуш биз учун қанчалар азиз бўлған бўлса, сиз ҳам улар учун шундоқсиз. Ёлғиз боланинг иши қийин экан…

Офтоб ойим

* * *

“Бир қошиқ қонимдан кечинг” эмиш… Лекин сен малъунда бир қошиқ қон борму ўзи ё йўқму?!

Худоёрхон

* * *

Ватан иморати қулаб ётқанида, ман янги уйни бошимға ураманми?

Мақсуд понсад

* * *

– Беквачча, энди уйингизга бир бутхона ҳам солинг!

– Маъқул, Холвоқи ака, агар бутхона соладирған бўлсам, албатта сизни пўп қилиб олғаним бўлсин!

Ёдгорбек

* * *

Сибир музофотида бўш жой кўпдур ва сизларга жазо бермакка подишоҳимизнинг аскарлари кифоя қиладир…

Гинирал-губирнатўр Духовской

* * *

Биз Туркистон, инчунун, Фарғона музофоти уламолари Сиз, юксак мақом­лиқ ҳарбий губирнатўр жаноби олийлари ҳамда Остроумуф нозир тўрадан ўтиниб сўраймизким, бизни “жадид” деган балодан қутқарсинлар. Илло, “ал-ҳукм-у лиман ғалаб”, яъниким, ғолибнинг ҳукми устундир.

Мулла Охунд домла

* * *

Майли, сартия орасида ҳар қанча жанжал, ҳар қанча мужодала кучайса – шунча соз. Улар қадимчи ё жадидга, ё яна алламбало тоифа-ю табақаларға ажралиб, бир-бирининг этини еса, айни муддаодир. Ҳарне, ўзаро иттифоқ бўлмасин, бирлашмасин.

Остроумуф

* * *

“Ушбу қочқин муқаддам Фарғона музофотинда мактабдорлик ҳамда “Нажот” исмлик газитқа муҳаррирлик қилиб танил­ған, ҳукуматка қарши кирдикорлари учун ўн тўрт йилга Сибирияга бадарға қилин­ған Ёдгорбек Отабек ўғли Юсуфбекиф эмиш… Ул вақт они тутмоқ бўлғанларида ўзини дарёға ташлаб қочмоқ ҳаракатини қилибдур. Шул сабабдин салдотлар они отиб ўлдирмоққа мажбур бўлубдурлар”.

“Туркистон вилоятининг газити”

* * *

Мамлакатдорлиқ ёлғиз ҳой-у ҳавас билан пойдор бўлмас. Иқтидор, аввалан, ҳарбий иқтидор керак. Сармоявий қудрат лозим. Сониян, эл-улуснинг якдиллиги, қўллови даркор. Таассуфки, мухториятда мана шу уч нимарсанинг биронтаси ҳам йўқтур. Бўлса-да, чала ва заифдир. Мана, ўзинг мушоҳада эт. Кўрасанми буни? Бу мухторият номидан чоп этилиб, тарқатиладирған рўзнома эмиш. Таҳсин ва тасанно! Фақат бу афкори нашр­нинг “Известия временнаго правителства автономии Туркестана” деб аталиши, ўрис ҳарфи, ўрис тили билан ёзилғани нени англатур?

Нусратхон тўра

* * *

– Ўҳ-ҳў, мусулмонларнинг иштаҳаси карнай-ку! Лекин, жаноб-ўртоқлар, билиб қўйинглар, туя ҳаммомни орзу қилғанидек, аскар, зобит бўлиш – бу ҳамманинг ҳам қўлидан келадирган иш эмас. Ҳар қалай, от миниб қилич чопиш билан эшак миниб кетмон чопишнинг фарқи бор-да…

Юзбоши Сатановский

* * *

…Усмон Қуръонини Тошкандда кутиб олиш жараёнида фақатгина Диний идора вакиллари (жами 20–25 кишидан ошмаған миқдорда) бўлишиға рухсат берилсин;

Қуръонни кутиб олиш билан боғлиқ ҳар қандай намойишлар, тадбирлар ўтказиш тақиқлансин;

Қуръонни кутиб олиш билан боғлиқ, диндорлар томонидан йиғилған ва йиғилиши мумкин бўлган маблағлар ноқонуний деб топилсин ва бу борада йўл қўйилған хатолари учун Тошканд Эски шаҳар ижроқўмиға ҳайфсан эълон қилинсин.

 “Махфий мактуб”дан

* * *

Бизди уйда бир ҳафтадан бери қиёмат. Бадбахт хотин, ўлдирсанг-ўлдир, лекин бетимди очиб қулупинға бормайман, деб оёқ тираб олған, уҳ…

Шаръий танмаҳрамингиз бўлса-ю, сўкиб бўлмаса, уриб бўлмаса… талоғини берворай десам, ўртада бешта жужуқ бор, қолаверса, фирқа ҳам бунға йўл қўймас…

Умматали Ҳикматуф

* * *

Дунё ер юзидаги қудратли салтанатлар ўртасида аллақачон тақсим қилиб бўлинған. Бул тақсимотда биз – Туркистон каби ночор ва заиф ўлкаларнинг улуши йўқ даражададур… Агарки биз миллат, давлат ўлароқ дунё харитасидан буткул ўчиб кетсак ҳам, бул фожиа жаҳон ҳожаларини чивин чаққан каби сескантирмас. Бас, ҳол шундай экан, биз ўзимизни жаҳаннам оташиға отмаслиғимиз, аксинча, элимиз, юртимизни қандай қилиб бўлса-да, йўқ бўлиб кетишдан асраб қолиш ҳақида қайғуришимиз керак. Туркистон яна бир мухторият қирғинини кўтара олмас.

Озодбек

* * *

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим. Валлоҳи, биллоҳи, тааллоҳи! Менким, шаҳид Ёдгор­бекнинг ўғли, шаҳид Отабекнинг наби­раси Одилбекдирман, Аллоҳнинг каломини, иймонимни ўртаға қўйиб онт ичаман: ота-боболарим хоки ёткан, бир кун ўзим ҳам бориб ётадирған шу туфроқ учун, миллатим, диним учун душманға қарши сўнгги қатра қоним қолғунча курашаман. Бу йўлда шаҳид ўлмоққа  тайёрман…

Одилбек

* * *

– Эй мужоҳид паҳлавонлар! Ватан ­истиқлоли учун жон тиккан ўғлонлар! Нега хомуш, нега маҳзун бўлиб қолдингиз? Бошингизни кўтаринг, сизларнинг ишла­рингиз, мақсадларингиз, қонларингиз ҳақдир! Аллоҳнинг иродаси, қўмондон Одилбекни ерга бердик. Аммо, ўзингиз айтинг, Одилбек ўлдими? Асло! Зотан Одилбек ким эди? У Ватан ва дин мужоҳиди, марди Худо эди. Бас, шундоқ инсонни ўлди деб бўлурми? Башарти, Одилбек ўлган бўлса-да, айтинг, унинг иши, унинг аъмоли, унинг маслаги ҳам ўлдими? Асло ўлгани йўқ! Ҳаммангиз шоҳидсиз, бек охирғи нафасиға қадар душман билан мардона олишди. Қўлидағи мана шу байроқ унинг муборак қони ила бўялди. Жон берар экан, мендан: “Оға, байроқни ким кўтаради?” деб сўради.

Мен энди шу саволни сизларга бер­моқчиман: байроқни ким  ко‘таради? Ким?..

Ҳайдар Бурҳон

* * *

Аммо орадан кўп ўтмай, Ўш ва Ўзган томонларда бир қўрбоши хотин пайдо бўлғани, ўша қонли байроқни баланд кўтариб, юзлаб йигитларға бош бўлиб ёвга қарши қақшатқич жанг қилаётқани бутун Фарғонаға овоза бўлди. Билғучи кишиларнинг айтишлариға қарағанда, бу аёл оғаси Нусратхон тўра, эри Матлабхон, жувонмарг қизи Суйимахон, дин қардоши Одилбекнинг хунини талаб қилиб майдонға чиққан Ойнисо қўрбоши эмиш…

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855