03.10.2025 | 16:07
244
ЁМБИДАН ҚАДРЛИ
“Қуйма” деганимиз барча замонларда ҳар қандай пул бирлиги ўрнини босадиган табиий унсур – олтиннинг фойдаланиш учун қулай шаклга келтирилгани. Хонлик даврида қуйма катта одам мушти ҳажмича бўлган. Бу эса савдогарлар узоқ юртларга от ёки туяларда хуржунларга солиб олиб боришларида қўл келган. Савдогарлар узоқ ўлкаларга йўл олганида олиб бораётган ва келтираётган моллари миқдорига қараб салтанат чегараларида бож тўлашган. Шу сабаб божмонлар мол-мулкларни кўздан кечиришган, миқдорини аниқлашган. Уларни хуржунлардаги қуйма олтинлар, савдогарларнинг қўйнидаги пуллар: динор, шоҳи, танга, манатлар қизиқтирмаган, ҳатто қанча пул олиб чиқиб кетаётгани ҳақида маълумотнома (декларация) тўлдиришлари талаб қилинмаган. Улар синчиклаб бошқа нарсани излашган. Хўш, божмонлар нимани излашган дерсиз?

Архив ҳужжатларида қизиқ маълумотларга кўзингиз тушади. Ҳожиниёз ҳожи Хонакоҳий Хива хони Муҳаммад Раҳимхон соний топшириғи билан Ҳожи Халифанинг “Жаҳоннома” асарини арабчадан чиғатой тилига ўгиради. Шарқ тарихига оид асарни таржима қилиш учун уч йилдан ортиқ вақт кетади – бу орада хон вафот этиб, ўрнига ўғли Исфандиёр ўтиради. Ҳожиниёз ҳожи таржимани тугатади, аммо уни китоб ҳолига келтира олмайди – оғир хасталаниб, тўшакка михланиб қолади. Ҳожи хонқалик бўлгани учун мазкур таржимасини китобат қилишни ўша вақтда Хонқа ҳокими бўлган Муҳаммад Аминаддин ҳожидан илтимос қилади.
Умрини таржимонликка бағишлаган, китоб қадрига етадиган Ҳожиниёз ҳожи ҳокимга китоб қўлёзмасини бераркан, унинг илк варағига “Вақфун, ло юнкалу мин ҳал ал-балад” деб чиройли настаълиқ ёзувида қайд қилади. Ҳоким ноёб асарни ҳам совға сифатида, ҳам хаттотларга буюриб, кўпайтириш ваъдаси билан қабул қилиб олади ва уни беклик қозисига муҳрлатишни ҳам унутмайди.
Кейинчалик бир неча нусхада кўпайтирилган бу китобнинг барча нусхаларига айнан юқоридаги ёзув битилиб, қози муҳри билан тасдиқланади. Нима учун? Умуман, бу ёзув нимани англатади?
Агарда ёзувнинг маъносини уқсак ҳаммаси равшан тортади: “Вақф, шаҳардан олиб чиқилмаслиги керак!”
Китобларни вақф қилиш Шарқда кўп асрлар илгари расм бўлган. Тўғри, бу борада ислом уламолари орасида турли мунозаралар кузатилган. Ҳанафий мазҳаби пири Абу Ҳанифа кўчмас мулклардан бошқа нарсаларни вақф қилиш жоиз эмас, деган бўлса, шогирди Муҳаммад уш-Шайбоний улусга кўпроқ манфаати етсин деган мақсадда “Манқул нарсаларнинг ҳаммасини вақф қилиш мумкин”, деб фатво беради. Кейинги ҳанафий уламолари айни шу фатвога амал қилишган ва бу ҳатто хонликларда ҳукм даражасига кўтарилган. Абу Ҳанифа кўчмас мулкдан ташқари нарсаларни вақф қилиш жоиз эмас деганларида вақф қилинмиш мулк узоқ вақт сақланиши зарурлигини эътиборда тутган. Булар мадраса ва масжидларга ажратилган ер ва бошқа мулкларнинг вақф қилинишида кўринади.
Абу Ҳанифа шогирдининг китобларни ҳам вақф қилишга буюриши ортида эзгу мақсад ётибди, яъни китоблар умрбоқий бўлиши, эгалари уларни кўз қорачиғидек асраб, келажак авлодларга етказиши кўзда тутилган.
Китобларни вақф қилишда талаб қилинадиган шартлар бор: вақф қилинмиш китоб ҳоким, қози ҳукми билан тасдиқланиши керак. Бурҳониддин ал-Марғиноний “Ҳидоя” асарининг иккинчи жилдида бу шартни алоҳида эслатиб, ҳоким ёки қозидан ташқари ҳеч бўлмаганда мутавалли даражасидаги бирор мартаба эгаси расман тасдиқлаши кераклигини айтади.
Бундан кўринадики, бировдан совға сифатида олинаётган ёки китобфурушлардан харид қилинган китобни мулк сифатида асраш учун вақф қиладиганларга кенг имтиёзлар бериляпти. Чекка қишлоқда яшаётган китобхон киши беклик ҳокими ёки қозини излаб вақт йўқотмайди, бу ишни жоме масжиди мутаваллиси амалга ошириши мумкин.
Юқорида салтанатлар чегарасида хизмат ўтаётган божмонлар (божхона ходимлари) савдогар ёки сайёҳлар олиб чиқаётган ёки олиб кираётган молларни қатъий назоратдан ўтказишгани, уларни қуйма олтин ёки турлик пуллар қизиқтирмаганини айтдик. Улар синчиклаб текширадиган нарса айнан китоблар бўлган. Савдогар ёки сайёҳ хуржунидаги китоблар вақф қилинган бўлса, олиб чиқиш қатъий тақиқланган. Кимдир яширин тарзда вақф қилинган китобни олиб кетаётгани аниқланса, мусодара қилиниб, хонлик мулкига айлантирилган – кутубхонага топширилган.
Вақф ҳақидаги ёзув китобларнинг биринчи саҳифасига битилган. Бундан ташқари, китобнинг яна маълум варақларига ҳам вақф эканини эслатувчи белги ёнида ҳоким, қози ёки мутавалли муҳрлари босилган. Бу такрорий тасдиқ китобни четга олиб чиқиб, қимматроқ сотишни кўзлаган одам унинг биринчи варағини йиртиб ташлаганида ҳам аниқлаш имконини берган. Қўлга тушган китоб савдогари биринчи варағи тасодиф йўқолиб қолганини баҳона қилиши мумкин. Баъзан шундай ҳолатлар рўй бермаслигига кафолат йўқ. Аммо китобнинг вақф белгиси муҳрланган бошқа варақлари ҳам шу тахлит йўқолишига божмонларни ишонтириб кўринг-чи!
Советлар 1924 йилда вақфни расман бекор қилади. Асрий вақф мулклар давлат эгалигига ўтказилади. Шу билан бир вақтда китобларни вақф қилишдек қадим эзгу амалга путур етади. Лекин совет даврида вақфдан бир одатни тамойилга киритади – буни кутубхоналар фондидаги китобларнинг биринчи ва яна ўн биринчи саҳифаларига “Фалон кутубхонага тегишли” деган ёзувли махсус тўртбурчак тамға урилишида кўрамиз. Тўғри, бу ўринда кутубхоналар фондидаги китоблар ўғирланиши олдини олишни назарда тутишади, четга чиқиб кетиши кафолатланмайди.
Эътиборли томони, вақф қилинган китобни эгаси сота олмаган. Китобфурушлар вақф белгиси бор китобларни олиб-сотишдан тийилганлар. Сабаби, бу қонун бузилиши ҳисобланиб, улар катта миқдорда жаримага тортилган.
Хивалик шоир, таржимон, мусиқашунос, “Танбур чизиғи” ихтирочиси Комил Хоразмийнинг ўғли Муҳаммадрасул Мирзо отасидан қолган ва ўзи тўплаган беш мингдан ортиқ китобнинг барчасини вақф қилдирган. Китобга ғоятда кўнгил қўйган бу инсон шахсий кутубхонасидаги китобларни ўқиш учун бировнинг қўлига бермаган, аммо шу ерда ўқишлари учун барча шароитларни яратиб қўйган. Кутубхонада китоб ўқимоқчи ва ундан кўчирма олишни истаган кишилар олдига шундай шарт қўйилган: таҳоратли бўлиши, китобга заррача озор ёки ғубор етказмаслиги шарт!
1873 йил Хива хонлигини босиб олган чор Русияси Кўҳна Аркдан 300 дона ноёб китобни олиб кетган. Бундан ташқари истилода қатнашган бошқа шахслар ҳам мадрасалар, аҳоли уйларидан кўплаб китобларни ҳарбий ўлжа сифатида қўлга киритган. Ўша китобларнинг аксари вақф қилинган бебаҳо мулкимиз эди.
Элатимизда мулла Рўзмат оққош охун исмли бир зот яшаб ўтди. Бу инсон Хива мадрасасида ўқиган, аммо хонлик ағдарилгани сабаб мадрасани тугата олмаган бўлса-да, бир неча тилни биларди. Умри поёнигача элатда имомлик қилган мулла Рўзматнинг уйида чиройли муқовали китоблари бўларди. Бола вақтимиз баъзида мулла буванинг насиҳатларини тинглардик. Камдан-кам ҳолларда у киши бизга қалин муқовали китобларини кўрсатарди – қўлимизга олиб, варақлаш орзумиз амалга ошавермасди. Мулла буванинг ёлғиз қизининг мен тенги невараси билан бир синфда ўқиганмиз. Бир куни мулла бува уйида йўқлигида токчаларга териб қўйилган чиройли китобларидан бирини олиб, варақлаб кўрдим. Эътиборимни тортгани, китобнинг илк саҳифасидаги арабий ёзув ва ғалати муҳр бўлди. Ўша вақтда бу нима ёзув, унга нимага ғалати муҳр урилганини қайдан билай? Кейинчалик англадимки, мулла буванинг аксар китоблари вақф қилинган экан.
Китобларнинг вақф қилиниши ва миллий бойлик сифатида қадрланиб, четга чиқиб кетишининг олди олиниши аждодларимизнинг илм-фанга, унинг ҳосиласи ва негизи бўлган ёзма манбаларга бўлган эътиборини кўрсатади. Ушбу эътибор ўлароқ юртимиздан жаҳон тан олган улуғ алломалар етишиб чиққан.
Асрларки, савдогарлар хуржунларида юрт ошган неча-неча минг ботмон қуйма тиллолар бугун қаердалигини билмаймиз. Балки табиий унсур бўлмиш бу қимматбаҳо нимарсаларни вақт шамоллари тупроққа қоргандир, аммо вақф қилинмиш китоблар ҳали-ҳамон дунёнинг қай бир кутубхоналарида асралиб, инсониятга нафи тегмоқда.
Рўзимбой ҲАСАН
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 сентябрдаги 39-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



