15.01.2026 | 14:53
462
ЁЗУВМИ, ЁЗУҚМИ?
Авваллари сафардаги отага, ҳарбий хизматдаги акага, севган ёрига ёзилган хат оддий сўз эмас, қалб қўри тўкилган жумлалар билан безалар эди. Сўз ўйлаб танланар, жумла қайта-қайта тузатилар, ҳатто ҳуснихатга ўзига хос аҳамият берилар эди. Отага ёки акага ёзилган мактубда нафақат мазмун, балки ёзувнинг ўзи ҳам аҳамият касб этар эди. Айрим муҳим сўзларни ёзишда гул, қуш ёки рамзий безаклар билан хаттотлик усулларидан фойдаланиш, ҳарфларнинг равонлиги, сўзлар оралиғи, ҳатто қоғоздаги тозалик ҳам сўзга бўлган ҳурмат белгиси ҳисобланар эди. Бу орқали инсон сўзни ҳис қилар, унинг маъно юкини чуқурроқ англар эди. Хат – ўқиладиган эмас, ҳис қилинадиган матн бўлар эди. Шу боис, яхши ёзув ўқувчини чарчатмас, аксинча, фикрни қабул қилишни осонлаштирар эди.

Бундай хатлар ёзиш инсонни китоб варақлашга, газета-журнал ўқишга, шу орқали тил имкониятларини кашф этишга мажбур қилар эди. Ҳар бир янги хат аввалгисидан ўзига хос бўлишига интилиш кўпроқ ўқиш, изланишни талаб қилар, сўз бойлигини кенгайтирар, тўғри ва равон ёзиш қобилиятини шакллантирар эди.
Ана шу маданият билан биз газета таҳририятларига ҳам хат ёзар эдик. Мактублар эътиборсиз қолмасди. Таҳририят жавоб қайтарарди, ижодимиз намунасига муносабат билдирарди. Чунки у хатларда нафақат бирор мақола, муаммо, балки маданият ҳам бор эди.
Бугун хат деярли ёзилмайди. Ёзилаётганларини ҳам мутлақо ўқиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларни маймун кўрса қон йиғлайди. Таҳририятга келаётган баъзи хатларда жумлалар пароканда, фикр чала, имло ва услубга эътибор йўқ. Энг ачинарлиси, бундай матнларда на эстетик дид, на ахлоқий мазмун сезилади.
Ёзувда равонлик, фикрда масъулият йўқ, хатнинг ҳусни ҳақида, хаттотлик ҳақида гапириш у ёқда турсин, оддий ўқишли ёзув анқога шафе. Ўқиб бўлмайдиган номаларга нима деб жавоб қайтариш мумкин? Наҳотки, сўз ва тилнинг юкини ҳис қилмайдиганлар сони тобора ортиб бормоқда?
Бундан ташқари, жамиятимизда ғарб сўзларини она тилига қўшиб ишлатишни маданият белгиси деб ҳисобловчиларнинг кўпаяётгани яна бир муаммо. Айримлар ҳар бир жумлани хорижий сўз билан “безамаса”, гўё фикри ўзига қадрсиздек туюлади. Бундай ёндашув тил тараққиёти учун эмас, балки унинг софлигига путур етказишга хизмат қилади. Она тилида муқобили бор тушунчани бегона сўз билан алмаштириш – билим белгиси эмас, балки тилга нисбатан беписандликдир.
Ўз навбатида, таҳририятлар сўз маданиятининг мезони ҳамдир. Бу ерга келаётган ҳар бир хат тил меъёри, ифода маданияти, ҳатто ёзув эстетикаси нуқтаи назаридан ҳам баҳоланишини унутмаслигимиз шарт. Чунки газета – жамоатчилик олдидаги минбар. У ердаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла, ҳар бир ифода ўқувчи тафаккурига таъсир қилади.
Авваллари отага, акага, севган ёрига ёзилган хатда сўз қандай эҳтиёт билан танланган бўлса, ҳар бир ҳарф қандай эътибор билан битилган бўлса, бугун таҳририятга ёзилаётган ҳар бир мактуб ҳам шундай масъулият билан ёзилиши керак.
Хат ёзиш – сўз ва шакл уйғунлигини яратиш жараёнидир. Сўзни асраш – мазмун баробарида унинг шаклини, эстетикасини ҳам асрашдир. Чунки сўз – миллат тафаккури, диди ва ахлоқининг жамланган кўриниши саналади.
Баҳром БОЙМУРОД
“Жадид” газетасининг 2025 йил 9 январдаги 2-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



