03.11.2025 | 10:27
92
ЖИДДИЙ КУЛГИ
Таниқли сўз устаси, “Шуҳрат” медали соҳиби Аваз ОХУН билан суҳбат
Суҳбатдош: Зарнигор ИБРОҲИМОВА

– Аваз ака, Сизни саҳнага таклиф қилишганда “сўз устаси” деб алоҳида эътироф этишади. Бунинг ўзига яраша масъулияти бор. Шу боис, гапни кулги санъатида, умуман, бугунги ўзбек санъатида давлат тилига бўлган муносабатдан бошласак.
– Раҳмат. Жиддий нашрларнинг саволлари ҳам залворли бўлади.
Тилга ҳурмат билан ёндашиш ҳақида гап кетганда, бир воқеа йодимга тушади. 20 йилча бўлди бунга. “Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатуви учун янги латифаларимни ёзиб олишди. Аммо эфирга узатилмади. Бир куни телевидениега бориб, кўрсатув бош муҳаррири олдига кирдим. Зиёли ижодкор муддаомни эшитиб: “Латифаларингиз зўр! Фақат “ман” деб гапирибсиз. Энди “мен” деб бошқатдан айтиб берасиз, эфирга кетади”, деди. Қаранг, биттагина ҳарф. Лекин шунга ҳам эътибор берилган, соф адабий тилдаги чиқишлар талаб қилинган. Бу менга катта сабоқ бўлган.
Сўз устаси деган сифатга эътибор бердингиз. Мирзо Бедилдан бир байт хаёлимдан ўтди: “Пойдеворни қийшиқ қўяркан меъмор, Юлдузга етса ҳам қийшиқдир девор”. Нафақат, биринчи ғишт, балки битта ғишт ўрнига тушмаса ҳам бино яроқсиз ҳолга келади. Худди шундай, сўз билан ишлайдиганлар ҳам ҳар бир сўз, ҳар бир товушга эътиборли бўлиши керак.
“Жадид” газетасининг ёз ойидаги сонларидан бирида ёзувчи Назар Эшонқул яхши гап айтганди: “Унутмаслик керакки, телевидение – адабий тил мактаби. Бу ерда сўз, талаффуз, ифода тарзи қатъий қоидаларга асосланган бўлиши шарт. Бошловчи шевахон бўлса, ёш авлод уни шундай қабул қилади”. Бугун нима бўляпти? Телеканалларимизда бошловчи ҳам, суҳбатдош ҳам хоҳлаган шевада гапиряпти, хоҳлаган ажнабий сўзни қўллаяпти. Қўйиб берса, “кўча тили” ибораларини ҳам бети қизармай ишлатяпти. Бу ёғи энди “табибимнинг ўзи ҳам бемор” қабилида.
Нега шундай бўляпти? Чунки тележурналистлар, артистлар, қизиқчилар бадиий адабиётдан, шеъриятдан узоқлашиб кетяпти. Сўз бойлигини шеър ўқиш ҳамда ёдлашдан кўра тез ва осон оширадиган восита борми? Чиройли гап бор: “Биз яшаб турган олам ичида яна бир олам бор, бу шеърият оламидир”. Шеъриятга севгим шунчаликки, оила даврасида баҳри байтлар ўтказамиз. Турмуш ўртоғим, фарзандларимга Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ва уларнинг шогирдларидан шеърлар ўқиб бераман. Йоддан соатлаб шеър айтишим мумкин. Мақтаниш эмас, буям ижодий меҳнатнинг бир қисми. Сатрлар ичида шунақа ҳазил, истеҳзо, қочирим, киноялар чиқиб қоладики, етти ухлаб тушга кирмаган топилмалар бўлади.
– Концертларингизда ҳам замонавий эстрада намуналаридаги матн саёзлигини кулги остига олган эдингиз…
– Баъзида “Қайси қўшиқчини яхши кўрасиз?” деб сўрашади. Қўшиқчини эмас, қўшиқни яхши кўраман. Қўшиқнинг мағзи эса – сўз. Сўзни қадрламаган, шеърнинг фарқига бормайдиганлар айтган қўшиқни эшитмайман. Балки шунинг учун ҳам ҳозирги кўп қўшиқлар тез эсдан чиқиб кетаётгандир. Ахир, сўзини эслаб қолмасангиз, нимасини хиргойи қиласиз? Бугун ёш ука-сингилларимизда маъноли шеърни куйга солиб оммалашиш қийин, деган тушунча бор. Бу – хато! Узоққа бормайлик, Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Холиқов, Юлдуз Усмонова, Севара Назархон каби юлдузларимиз профессионал шоирларнинг шеърларини куйлаб ном қозонган-ку. Ҳануз эшитяпмиз, бундан кейин ҳам эшитишади.
– Суҳбатни Сизга бевосита боғлиқ мавзуда давом эттирсак. Тилимиз бойлигини ўзида акс эттирган ва санъаткордан катта сўз захирасини талаб қиладиган санъатлардан бири – аския. Ҳозирги кунда аския санъати нима учун йўқолиб кетяпти?
– Бу энг оғриқли нуқтамиз. Ҳатто, ўзбек санъати тор қолипларга солинган даврларда ҳам Юсуфжон қизиқ, Охунжон қизиқ, Миршоид Мироқилов, Муҳиддин Дарвешов каби санъаткорлар аския санъатини сақлаб қолган, ривожлантирган. Бугун энди Абдулла ака, Ҳотам акалардан кейин бир закий, сўзга моҳир аскиячини кўрмаяпман. Борлари ҳам ўз устида ишламаяпти. Нимага? Чунки томошабин масхара кулгига ўрганиб бўлди. Унда мантиқ бўлса, қани. “Прикол” деб қўйишади. Бу кимнингдир шахсиятига тегиш, камситиш, белдан пастни мўлжалга олишдан бошқа нарса эмас.
Энг катта фожиа эса ҳақиқий сатира йўқолиб кетяпти. Ёшлардан тузилган айрим гуруҳлар, жамоалар Интернетда тарқалган бачкана қилиқ ё бирон муаммони тагига етмай саҳнага олиб чиқяпти. Шарманда бўлган одамни қайта эслатиб, шуни қизиқчилик, деб ўйлайди. Бир концертга тушдим. Қотиб куляпти ёнимдагилар. Мен эса нима учун кулиш кераклигини тушунолмадим. “Нимага куляпсан, одамлар нимага куляпти?” десам, “Инстаграмда чиққан-ку, мана бу”, дейди.
Ҳар нарсада меъёр борлигини унутмайлик. Устоз санъаткор Ҳожибой Тожибоевнинг чиқишларини кўринг, ўз даврининг энг ўткир муаммолари ҳақида гапирган, ҳар бир гапининг юки бўлган. Лекин ҳеч кимни ерга урмаган. Жиддий нарса ҳақида гапириб ҳам одамларни кулдирган. Шу орқали жамиятдаги дардларга даво излаган. Буни маҳорат дейдилар.
– Сиз ҳам устозларингиздан қолишмайсиз, Сизни кўрган юртдошларимиз юзида табассум пайдо бўлади. Баъзан одамлар қизиқчи ҳам оддий инсон, унинг ҳам ўз ҳаёти, ташвишлари, ички дунёси борлигини унутиб қўяди. Ҳар доим ва ҳар жойда “Янгисидан борми?” деб сўрашади. Шундай ҳолатларда қандай йўл тутасиз?
– Қўшиқчилар битта қўшиғини ўн йил ҳам айтиб юраверади. Шоирлар ҳам шундай: мухлислар севган шеърини қайта-қайта ўқийверади. Театр актёрлари бир ролни йиллаб ижро қилиши мумкин. Лекин қизиқчи бир латифани икки марта айтса, таъсири йўқолади. Шунинг учун қизиқчи доимий изланиш ва меҳнатда бўлиши керак. Айниқса, ижтимоий тармоқлар ривожланган пайтда концертга етиб бормай давраларда айтган ҳангомалар тарқалиб кетади. Кейин ўша билан тўрт мингдан ошиқ одамни кулдириб кўринг-чи!
Энди, одамлар орасида юрсангиз, ҳар хил вазиятга дуч келасиз. Масалан, шифохонага борасиз ё яқинларингизни олиб борасиз. Бошда минг ўй-хаёл, юзингиз тунд, кўзингиз ўйчан бўлади. Шу ҳолатдаям сиздан табассум кутади одамлар. “Нимага хўмрайиб юрибсиз?” деди бир куни бир аёл. “Шифохонада тиржайиб юрсам қандай бўлади?” дедим мен ҳам имкон қадар мулойимлик билан. “Сизнинг хўмрайиб юришингизни қабул қила олмаймиз. Кулиб юришингизга ўрганиб қолганмиз”, дейди бўш келмай. Майли, ҳаммамиз кулиб юрайлик, деб кетдим. Одам дегани ҳамишабаҳор гули эмас-ку!
– Ўзингизга четдан қараганда, ақл одамимисиз ё кўнгил кишиси? Санъатдан ташқарида қандай инсонман деб ўйласиз?
– Саҳнада вазифамни бажариб бўлгандан кейин санъаткорнинг кийимини ечиб, оддий одам кийимини кияман. Бизга шунақа ўргатишган: “Сен илгичдан костюмни олиб кийсанг, артистга айланасан. Чиқдингми, буни илиб қўйгин-да, бу ерда яна оддий инсон бўлиб яшагин. Ҳаётда артистлик кетмайди”.
Ақлми, кўнгилми, десангиз, ақлга кўпроқ таянаман. Кўнгилга ҳам қулоқ соламан, лекин назорат доим ақл жиловида бўлади. Соҳам шуни тақозо этади. Ахир, сўз ҳақидаги мақолларнинг асосий қисмида ақлга бўйсуниш тарғиб этилган-ку. Умуман, ақлга, илмга, маърифатга асосланмаган ҳаётнинг ҳам, ижоднинг ҳам таги пуч.
– Маърифат ҳақида сўз борганда, жадид боболаримизни эсламаслик мумкин эмас. Жадидлар, уларнинг фаолияти билан қанчалик танишсиз? Санъаткорга нима беради жадидлар мероси?
– Нафақат, илм-фан, миллий санъат ҳақида гапирганда ҳам жадидларни эсламаслик гуноҳ. Улар ўзбек миллий театрига асос солди, “Муштум” журналини чиқарди. Ўткир қалами билан ҳажвиялар, фельетонлар, комедиялар, сатира ва юморга йўғрилган асарлар яратди. Келгуси сўз усталари, қизиқчилар учун катта мактаб қолдириб кетди. Ҳамма гап шундаки, биз бу тажрибалардан фойдалана оляпмизми, йўқми? “Халқлар дўстлиги” саройида концерт бериш ёки инстаграмда юз минглаб обуначи йиғиш билан ҳеч ким қизиқчи бўлиб қолмайди. Ҳатто, одамлар гапингизга, қилиғингизга кулса ҳам, сўз устасига айланиб қолмайсиз. Одамлар аҳмоқларнинг ишига ҳам кулади, тўтининг талаффузига ҳам кулади. Кулдириш билан кулдиришнинг фарқи бор.
Бу нарсалар бевосита драматургияга бориб тақалади. Вайн дегани янгилик эмас, ўзимизнинг телевизион миниатюралар театрининг янги чопон кийган шакли. Фақат миниатюраларда драматург, режиссёр ва актёр ҳамжиҳатликда ишлаган. Ҳозир эса мақсад битта: пиар, оммалашиш, машҳур бўлиш… – Драматургия деганда, фақат театр кўз олдимизга келади. Демак, бошқа санъат турлари учун ҳам муҳим экан-да?
– Драматургия ва режиссура театрга ҳам, кинога ҳам, видеоклипга ҳам, байрам тадбирига ҳам, концертга ҳам керак. Бу профессионалликка олиб чиқади ижодкорни ёки жамоани. Баъзи қўшиқларнинг клипини кўрсангиз, сўзи ғариброқ бўлса ҳам таъсирланасиз. Баъзи киноларнинг маъноси чуқур бўлса ҳам, мазмун етарлича очиб берилмагани учун қайтиб кўрмайсиз. Мана шу ерда фарқ билинади.
Чехов нима дейди, яхши ёзилган асар ижрочига ҳам муҳтож эмас, дейди. Уни ўқиб ҳам завқланасиз. Ретро киноларимизни нима учун юз қайта бўлса ҳам кўраверамиз? Драматургияси бор-да.
Бугун хусусий телеканалларда берилаётган теленовеллалар, сериалларга кўзим тушиб қолса, буни қайси нодон вақт кетказиб ёзар экан, деб қоламан. Яқинда актёр укаларимдан сўрасам, “Ҳеч ким ёзмайди. Тренддаги мавзуни олиб, хомаки сюжет ишланади, диалоглар суратга олиш жараёнида айтиб турилади”, деб жавоб берди. Актёрлар ҳам суфлёрнинг оғзидан чиққан сўзни, шевами у, жаргонми у, қарамай қайтаради. Ҳаётда кўрган нарсангизни борича саҳнага олиб чиқолмайсиз, уни бадиийлаштириш керак. Унга бадиий тасвир, бадиий бўёқ бериш керак.
Ҳаммасининг замирида драматургиямизнинг камбағаллиги, драматурглар етишмаслиги ётибди. Биз аҳоли орасидаги камбағалликни тан олдик, энди адабиёт ва санъат соҳасидаги камбағалликни, фақат моддий эмас, маънавий етишмовчиликларни ҳам тан олайлик.
Нима учун драматург йўқ? Нима учун яхши асар йўқ? Чунки ижодкорларнинг ўзида ҳам китобхонлик даражаси тушиб кетган. Мана, суҳбатимиз аввалидаги гапга қайтдик.
– Кўпинча “томошабин талаб қиляпти”, “халқ шуни истаяпти” дейилади…
– Санъаткор томошабиннинг орқасидан эргашиши керак эмас. Аксинча, томошабин ҳақиқий санъатнинг ортидан эргашиши керак. Бу – қоида! Халқ хоҳлаётгани йўқ, биз халққа шунақа нарсалар беряпмиз.
Масалан, сиз ҳозир сув бердингиз, агар чой берсангиз ҳам ичардим. Чунки чанқаганман. Шунга ўхшаган гап. Ўзининг савиясизлиги, дангасалигини оқлаш учун томошабинни айблашади. Лекин ижтимоий тармоқларни, ток-шоуларни кузатсангиз, одамлар дод деяпти мантиқсиз контентлардан. Улар томошабин эмасми? Томошабин: “Мана шу нарсани қилиб беринг”, деб буюртма бераётгани йўқ-ку.
Энди нима қилиш керак? Маълум аудитория бачканаликка ўрганиб қолди. Уларнинг ҳаммасини қайта тарбиялаб бўлмайди. Миясидан ҳам чиқариб ташлай олмайсиз кераксиз гапларни. Чингиз Айтматов айтганидек, “Ошқозон миядан кўра ақлли. Чунки ошқозон қайт қила олади. Мия эса ҳар қандай ахлатни ютади”.
Ачинарлиси, аудиторияда ўша вайнерлар, шоуменлар, жамоаларга фанатлик пайдо бўлди. Демак, уларни тақиқлаш, маҳсулотини йўқотиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Яхшиси, уларга хатоларини тушунтириб, биргаликда босқичма-босқич савияни кўтариш керак.
Югуриб кетаётган йилқи уюрини қайтариш учун қандай усул қўлланади, биласизми? Агар уюр бошидаги от бирдан орқага қайтса, ортдан келаётганлари тепкилаб, янчиб кетади. Шунинг учун, энг учқур айғир катта доира ясаб уюрни буриб олади. Шу усул хавфсиз ва фойдали. Биз ҳам шундай қилишимиз керак. Миллий контент, болалар контенти деган масалалар бежиз кўтарилмади. Бу масала кулги санъатига ҳам дахлдор.
Бир ҳикмат бор: қандай кулганинг тарбиянгни, нимага кулганинг савиянгни кўрсатиб беради. Тилагим шуки, томошабин орасида тарбияли ва савияли қатламнинг сафи кенгайиб бораверсин.
– Очиғи, ҳазиллар ичида юрган одамнинг жиддий мулоҳазалари бироз шошириб қўйди. Самимий суҳбат учун миннатдормиз.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 17 октябрдаги 42-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



