Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.09.2025 | 18:00

img1511

ЖАДИД БОБОМГА МАКТУБ

Ҳурматли юртдошлар, хабарингиз бор, мактаб ўқувчиларида “Долзарб 90 кун” доирасида ижодий фикрлаш ва бадиий тасаввурини ривожлантириш, бу орқали янги авлодда Ватанга бўлган меҳр-у муҳаббат ва садоқатни кучайти­риш, “Ўзбекистон–2030” стратегияси ғоя­­ларини мактаб ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўрта­сида кенг тарғиб этиш, миллий қадрият ва анъаналар руҳини бадиий талқинда сингдириш ҳамда жадид боболарнинг ибратли фаолиятини таҳлил ва талқин қилиш лаёқатини шакллантириш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Жадид бобомга мактуб” танловини эълон қилган эдик.

Бугун танлов ғолиблари аниқланди. Почта орқали хат шаклида ҳамда танлов учун махсус яратилган телеграм-ботга электрон кўринишда юборилган, шунингдек, тўғридан тўғри таҳририятга келтириб берилган 40 мингга яқин ижодий ишларни текшириш ва саралаш ўз якунига етди.

Аввалроқ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жалб этил­ган 300 нафардан ортиқ малакали педагоглар ҳамда таҳририят ходимлари ҳар бир иншонинг ҳар бир сатрига диққат билан ёндашиб, 100 та иншони саралаб берган эди. Малакали педагог-олимлар, адабиёт ва журналистика соҳа­си вакилларидан тузилган ҳакамлар ҳайъати қизғин баҳс-мунозаралар, таҳлил ва тадқиқлардан сўнг, ниҳоят, ғолиб­ларни аниқлаб берди:

1-ЎРИН
Отабоева Нафисахон Умрбек қизи – Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси.

2-ЎРИН
1. Нарзуллаева Гулҳаё Бах­тиёр қизи – Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчиси;
2. Сафарова Шаҳло Содиқ қизи – Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчиси.

3-ЎРИН
1. Бахтиярова Тумарис Алла­я­ровна – Қорақалпоғистон Рес­публикаси Нукус шаҳридаги 36-сонли мактаб ўқувчиси;
2. Ҳусанова Муниса Шерзод қизи – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 260-мактаб ўқувчиси;
3. Отамуродова Сабина Завқид­диновна – Бухоро вилояти Шофиркон тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси.

РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ ЎРИНЛАР
1. Мелиқулов Ғолибжон Акмал ўғли – Жиззах вилояти Шароф Раши­дов туманидаги 17-мактаб ўқувчиси;
2. Фазлиддинов Дилмурод Пўлат­жон ўғли – Фарғона вилояти Фарғона тумани 6-мактаб ўқувчиси;
3. Уринбадалова Машҳура Илҳом қизи – Сурхондарё вилояти 56-мактаб ўқувчиси;
4. Носимова Жасмина Насил­лаевна – Навоий вилояти Конимех тумани  19-мактаб ўқувчиси;
5. Бобобекова Рухшона Ота­бек қизи – Сирдарё вилояти Оқолтин тумани 3-мактаб ўқувчиси;
6. Расулжонова Шукронабону Аббос қизи – Наманган вилояти Поп тумани ихтисослаштирилган мактаби ўқувчиси;
7. Жалолова Шаҳинахон Жавҳар­хон қизи – Тошкент вилояти ­Ангрен шаҳар 7-мактаб ўқувчиси;
8. Қудратов Иброҳимжон Актам ўғли – Самарқанд вилояти Катта­қўрғон тумани 32-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси;
9. Жамолдинова Дилзирохон Жасур­бек қизи – Андижон вилояти Хўжаобод тумани 3-мактаб ўқувчиси;
10. Усманова Гулнур Убайдул­лаевна – Қорақалпоғистон Рес­пуб­ликаси Нукус шаҳри 38-мактаб ўқувчиси.

Ғолибларни ва танловда қатнашган барча иқтидорли ўқувчиларни чин юракдан муборакбод этамиз! Тан­ловни ташкил этишда, ижодий ишларни сидқидилдан, адолатли баҳолашда фаол иштирок этган азиз устозлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларига самимий миннатдорлик билдирамиз.

Танлов давомида муҳтарам Пре­зи­­дентимизнинг жадидлар ҳаётини ўрга­ниш, уларнинг фаолиятини таҳлил қилиш, маърифатпарвар таълимотини ҳаёт­­га татбиқ этиш тўғрисидаги қатор қарорлари бугунги ёшларимиз­нинг дунёқа­раши шаклланишида алоҳи­да ўрин тутаётгани, миллат ойдин­ларининг “Нажот илмдадир!” де­ган ғоялари мактаб таълимида дас­туруламалга айланганига гувоҳ бўлдик. Ёшларимизнинг эркин ва кенг фикрлаши, миллатпарварлиги бизни қувонтирди. Ўткир қалам, учқур фикр соҳиби бўлган минглаб ўқувчи-ёшларни ўзимиз учун кашф этдик: улар, албатта, келажакнинг етук ижод­корлари бўлиб етишишларига тилак­дошмиз!

Азиз муштарийлар, ушбу тан­лов-тажриба жамоамизга катта куч ва ишонч бағишлади. Биз истеъдод­ларни кашф этадиган, ижод аҳлини бирлаштирадиган, тафаккурни чарх­лайдиган бу каби танловларни давом эттиришни ният қилдик. Зеро, мақсадимиз битта: Тилда, фикрда, ишда бирлик!

Ҳурмат билан “Жадид” жамоаси.

Нафисахон ОТАБОEВА,
Урганч шаҳридаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси

Кимга мактуб юборсам экан, деб бош қотирмадим. Суратингиз­га тикилганча кўнглимдан кеч­ганларни қоғозга кўчираман. Сиз ҳақингизда ёзишга чоғланган эдим, сўз ипим “қаламнинг игна­сидан қоч”мади, илҳом сиёҳига чўмилиб, варақда чиройли ҳуснихат пайдо қилди.

Қодирий бобо, биринчи марта уй-музейингизга борганим менда илк ва илиқ хотиралар қолдирган. Бобожон, адабиёт муаллимимиз Сизнинг ижодингиз бўйича илмий иш қилгани учунми, бизга ниманидир тушунтирмоқчи бўлса, албатта, ҳаётингиздан ё асарларингиздан мисол келтиришни яхши кўради. Синфхонамиз ҳам портретларингиз, ҳикматли сўзларингиз билан безатилган.

Танловга тайёргарлик жараёни­да асарларингизни, улар ҳақидаги мақо­лаларни мутолаа қилар экан­ман, олмоснинг қироти катталигига қараб нархи кўтарилгандай, Сиз ҳақингиздаги тасаввурим сайқал­лана борди. Ўз навбатида, бу ўйловим ва сўйловимга ҳам ўз таъсирини ўтказди. “Ўткан кунлар”ни 6 йил олдин синфимиз билан ўқиганмиз (устозимиз мажбурлаган). Кейин билсам, бу асарни 5-синфлар ўқиб тугатиши мактабимиз анъанаси экан.

Шуларни ёзар эканман, хаёл­ларим Кумушга кўчди… Гоҳ туҳматга қолган Отабек­ни қутқаришга отланаман, гоҳ Ўз­бе­койимга дакки бермоқчи бўламан. Баъзан Зайнабга, баъзан Ёдгорга ачинаман. Сотти Ҳусайн ҳақида ўқиганимда “Меҳробдан чаён”даги “думи гажаклар”: Ша­ҳодат муфтий, Калоншоҳ, Абду­раҳмон домлалар кўз ўнгимда пайдо бўлди. Ахир, “Йиғинди гаплар” учун қанча қузғунлар кўзингизни чўқишга уринди?! “Улоқда” ҳам “бўлганман”, сўнг хаёлан Турғун билан ўртоқ тутинаман, Эсонбойга жаннатлардан жой сўрайман. Айт­гандай, “Жинлар базми”да “маза қилганман”, ҳайрат денгизига ғарқ бўлганман.

Абдулла бобо, Сизга бир сир айтайми, мен ҳам ижод қиламан. У куни ёзганларимни устозимга ийманибгина бердим. “Аҳволимиз” шеърингизга жавоб мисраларимни ўқиган муаллима йиғламсираб: “Қодирий бобо руҳи қўлласин!” деб пешонамдан ўпиб қўйди. Кейинги мактубимда шеърларимни ҳам қў­шиб жўнатаман. Олдин­лари “Абдулла Қодирий романчи­лик мактаби” жумла­си қулоғимга чалинса, қаерда жойлашган экан-а, ўша маскан, деб ўйлаб қолардим. Ёзишга иштиёқим бўлганидан мен ҳам ўша ерда ўқишни орзу қилардим. Бу иборанинг маъносини, мана, ҳозир тушуняпман. Айтгандай, С.Аҳмад, А.Мухтор, П.Қодиров, Ў.Ҳошимовлар мактабингизнинг аъло­чи ўқувчилари бўлишган.

Бобожоним, бир пайтлар: “Ухла­ганларни агар Қодир эсак уйғотамиз”, деб умидланган эдингиз. Ҳа, Сиз ғафлат уйқусидаги миллатни бир силтаб уйғотишга қодир эканлигингизни исботладингиз.

Тўртинчи октябр тонги… Ҳар йили шу кун тундай қаро, зилдай оғир кечади мен учун. Сизни орамиздан олиб кетган ўша кунни ёмон кўраман. Абдулла бобо! Биласизми, укамнинг исми – Отабек, амакимнинг у билан тенгдош қизи бор Кумуш. Бобожоним, одоби оламга улги бўла оладиган қаҳрамонларингиз билан орамизда иккинчи умрингизни яшаяпсиз. Асарларингизни қалбига жо қилган ҳар бир ўзбек боласи бугунги кун Қодирийси, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлишига умид боғ­лайман.

Гулҳаё НАРЗУЛЛАEВА,
Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчиси

…Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаган Лайли ўтидан – Сизга бошимдаги сочларимнинг тукларича беҳад саломлар бўлсин, Қодирий бобом.

Бу сатрларни ёзмоққа чоғланар эканман, юрагимда ғалати бир ҳаяжон бордур. Ҳар нечук Сиз билан юзма-юз суҳбат қурган эмасман, аммо асарларингизни ўқиганимда ўзингиз қаршим­да ўтиргандек, сўзларингиз қуло­ғимда жаранглагандек бўлур. Сизнинг ҳар бир сатрингиз, ҳар бир жумлангиз минглаб юракларни уйғотганини биламан. Сизнинг замонингиз қаро булутлар остида бўлган пайтда, маърифат шамчироғини ёқиб, миллатни зулматдан нурга элтмоқ учун сарфлаган умрингиз бугун биз учун ибратдир.

“Ўткан кунлар” китобини варақлаб, ҳар бир қаҳрамонингиз, нафақат бир образ, балки миллатнинг қалбидаги армон эканлигини тушуниб етдим. Жумладан, миллат шаънини ҳимоя қилган мард ўғлон тимсолида Отабекни, садоқат ва муҳаббатни юксак тимсолида Кумушни; замонамизнинг ожизлик ва илмсизлик балосини, жамиятдаги жирканч иллатларни Зайнаб ва Ҳомид сиймосида кўрдим. Сиз бу манзараларни шундай ажиб бир куч билан тасвирлагансизки, ўқиб юрагим эзилди. Эркин сўз учун, миллат уйғониши учун, қаламнинг, эркнинг ҳаққи учун қандай машаққатлар чекканингизни ўйласам, юрагим қийма-қийма бўлур.

Энди замон ўзгарди. Ўзбекистонимиз мустақил бўлди. Байроғимиз барлари осмонларни ҳилпиратмоқда. Аммо, бобо­жоним, Сиз орзу қилган тўла маърифат, қалблардаги уйғониш сари йўл ҳали ҳам тугамади. Нодонлик сояси баъзи қалбларда ҳали-ҳануз кезиб юрибди.

Бугун биз “Ўзбекистон – 2030” деган улуғ бир ғояга юз тутганмиз. Мактабларимизда болалар замонавий фанлардан сабоқ олишмоқда, тарихимизни ўрганишмоқда. Мен ҳам шу йўлда интилмоқдаман. Сизнинг изингиздан бориб, юртимга фойда келтирувчи, миллатимни юксалтиргувчи фарзанд бўлишни ният қилганман.

Бобожон, биласизми, мен Сизни тасаввур ҳам қилиб кўрганман. Оқ тўгарак юзли, мард ва жиддий, аммо юраги ниҳоятда нозик, қатъиятли, меҳрибон, қўлида қалам, қалбида эса миллат муҳаббати бўлган ажиб бир инсон. Сизнинг тарих саҳифаларига битилган ойдин номингиз минглаб, йўқ-йўқ, миллионлаб қалбларда мангу яшайди.

Бобожон, бу мактубим Сизга етиб боришига ишонаман, умидим борки, дуоларим руҳингизни шод этур. Бобожоним, яна гапларим бир-бирига уланмаган, буни яхши биламан. Бироқ Сиздан бир аср нарида яшаётган кичик набирангиз қалбидаги садо ва изтиробларини бир мактуб қилиб сизга ёзди. “Мендан ҳадду ҳисобсиз гуноҳ, сиздан кечириш”.

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 сентябрдаги 37-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img856