Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


18.12.2025 | 16:14

img301

ЗУЛФИҚОРНИНГ ЗАҲМАТЛИ УМРИ

Абдураҳмоннинг болалиги совет тузумининг энг оғир пайтларига тўғри келди. Бир тарафда Биринчи Жаҳон уруши ва унинг оғир оқибатлари, очарчилик, қонли қатағонлар, сўнг Иккинчи Жаҳон уруши ҳар бир инсоннинг қалбига қўрқув, даҳшатли ҳадик, саросима солган кезлар эди. Абдураҳмон шундай муҳитда мактабга қатнаб илм олди, ўқишдан бўш вақтларида отаси уста Раҳим Муҳаммаджоновнинг сартарошхонасига келиб, ишлаб пул топишга ҳаракат қилди. Мактабни тугатиши билан тиббиёт институтига ўқишга кирди. Бироқ қийинчиликлар туфайли шифокор бўлиш орзуси ушалмай қолди.

Илм олишга иштиёқманд қаҳра­монимиз 1940-йилдан Тошкент педагогика институтининг кимё ва биология факультетида кечки бўлимда ўқий бошлайди. Айни пайтда жамоат ишларида фаол иштирок этади. Тоталитар тузумга хос қарашларга кўра, талаба Абдураҳмон Раҳимов­нинг фавқулодда қизиқувчан ва изланувчанлиги сиёсий нозирларда шубҳа уйғота бошлайди. 1944-йили талаба аксилсовет қарашлари туфайли судга тортилади. У ўзининг кучли заковати туфайли айбсизлигини исботлаб, суд залидан озод бўлишга эришади, бироқ жазо органлари исканжадан қутулиб кетган бу ўткир йигитчани кузатишда давом этади.

1945-йил 14-ноябрь куни институт­нинг 5-курс талабаси, бир пайтда Тошкент шаҳар маиший хизмат бошқармаси мудири бўлган Абду­раҳмон Раҳимов энди аксил­инқилобий фаолиятда айбланиб, яна қамоққа олинади. У Ўзбекистонда мустақил аксилсовет давлат тузишга интилган ташкилотга кирганликда, дўстлари Носир Махсумов ва Тешабой Одилов билан ташкилот учун программа ва устав ишлаб чиққанликда ҳам­да махфий қўмитанинг раислигига сайланганликда айбланади. Ўша йили тўлдирилган анкетага кўра, бу пайтда унинг оила аъзолари – отаси Раҳим Муҳаммаджонов, онаси Шоҳида Рисқиева, хотини Матлуба Раҳимова ҳамда ўғли Абдукаримдан иборат бўлган.

Абдураҳмон Раҳимов билан бир­га, унинг дўстлари – олий маълу­мотли темир йўл муҳан­диси Носир Махсумов, тошкентлик маш­ҳур тараққийпарвар тадбиркор Комил­бек Норбековнинг ўғли, олий маълу­мотли темир йўл муҳандиси Муҳид­дин Комилов, Ўзбекистон Фан­лар академияси иқтисодиёт институти аспиранти Фахри Шоумаров, олий маълумотли муҳандис, Чирчиқ электрокимё комбинатида бўлим бошлиғи Халил Латипов, Ўрта Осиё давлат университети аспирантлари Тешабой Одилов ва Муҳиддин Набихонов, Ўрта Осиё давлат университети аспиранти, геология йўналишида умидли олим Мажид Зокиров, олий маълумотли педагог, Термиз педагогика билим юртида дарс берган Ниғмон Сафоев, андижонлик Нажмиддин Сирожиддинов ҳамда талаба Шукур Тожиев сингари 11 нафар навқирон ўзбек олимлари, ёш муҳандислар, иқтидорли талабаларга “халқлар доҳийси”ни ҳақорат қилган, уйида жадидларнинг асарларини, жумладан, “Ўткан кунлар” китобини сақлаган, деган айблар қўйилади.

Суд иши 1946-йилнинг ёзида махфий тарзда кўриб чиқилади. Судда фақат айбловчининг сўзлари тингланади. Айбланувчиларга на сўз берилади, на уларнинг фикрлари инобатга олинади. Ҳатто, ҳақиқатни айтиб гувоҳлик берган бир инсон масхара ва дашномлар билан суд залидан четлатилади. Қолган “гувоҳ”лар эса ўзлари яхши танимаган-билмаган бу ёшларга ҳар қандай туҳматни чаплашдан қайтмайди.

Суд ҳукмига биноан, фақатгина талаба Шукур Тожиев 3 йиллик қамоқ жазоси ғалаба амнистияси қўлланган ҳолда ўзгартирилиб, суд залидан озод этилади. Муҳиддин Набихонов 3 йил, Мажид Зокиров 5 йил, Нажмиддин Сирожиддинов 6 йил, Тешабой Одилов, Халил Латипов, Ниғмон Сафоев 8 йил, Абдураҳмон Раҳимов, Фахри Шоумаров 10 йил­дан қамоққа ҳукм қилинади. Энг даҳшатлиси, Муҳиддин Комилов ва Носир Маҳсумовга “отиб ўлдирулсин” деб қарор чиқарилади. 1946-йил 16-сентябрь куни кўрилган қайта судда асосий айблов ва ҳукмлар ўз ўрнида қолдирилгани ҳолда, фақат Муҳиддин Комилов ва Носир Маҳсумовга нисбатан берилган ўлим жазоси 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилади.

Сталин вафотидан сўнг бошлан­ган “илиқлик даври”нинг илк кунла­ри­да қатағон жабрдийдалари шикоят аризалари билан чиқади. Бироқ 1955-йил 28-май куни шикоятлар муҳокама қилиниб, эски ҳукм ўз кучида қолдирилади. Маҳкамада асосий эътибор совет тергов тизимидаги адолатсизликка эмас, тинтув вақтида маҳкумларнинг уйидан “Ўткан кунлар” асари чиққанига қаратилади.

1963-йили бу вақтда муҳандис бўлиб ишлаётган Муҳиддин Комилов СССР Олий судига шикоят аризаси билан мурожаат қилади. Унда ўзининг туҳмат билан ҳибсга олиниб, олий жазога ҳукм этилгани, сўнг суд қайта кўрилиб, 20 йиллик қамоқ билан алмаштирилганини ёзади. Судда уларни аксил­инқилобий ташкилот аъзо­лари, жиноий гуруҳ сифатида кўриш­гани, ваҳоланки, кўпчилик қамоққа олингунига қадар бир-бирини ҳатто танимаганини айтиб, айбсиз инсонларни оқлашни сўрайди. Бироқ, бу ариза ҳам бошқа минглаб шундай хатлар каби эътиборсиз қолиб кетади.

Ёш ўзбек олимларидан иборат мазкур “аксилинқилобий жиноий гуруҳ” аъзолари фақат Ўзбекистон мустақил­ликка эришганидан сўнггина оқла­нади.

Қаҳрамонимизга қайтсак, Абду­раҳмон Раҳимов жазони бир муддат Бухоро ва Қизилтепада, сўнг қиши қаҳратон, ёзи жазирама Жезқозғон лагерида ўтайди. У ота-онаси, турмуш ўртоғи, ўғли ва қамоққа олинганидан сўнг туғилган қизи Санобар учун ҳам бошига не мусибат тушса чидаб, озодлик орзусида кун санайди. Заҳматли меҳнатга ҳам, оғир муҳитга ҳам сабот билан чидайди. Вақт бўлди дегунча устарани қўлга олиб, ота касби – сартарошликни давом эттиради, кўпнинг дуосини олади. 1955-йили турмадан қайтганида эса, бир жомадон китоб билан келиб, ҳаммани ҳайратга солади.

Abdurahmon Rahimov qamoqdan ozod bo‘lgach, qolgan hayotini ilm-fan sohasiga baxshida etishga qaror qildi. Jiddiy tayyorgarlikdan so‘ng Qishloq xo‘jaligi institutining O‘simlik fiziologiyasi kafedrasi aspiranti bo‘ldi. Jiddiy tadqiqotlar ortidan 1965-yilda fan nomzodi darajasiga erishdi. Uzoq yillar Toshkent qishloq xo‘jaligi instituti ­dotsenti sifatida ishlab, minglab talabalarga dars berdi. Qator ilmiy maqolalar, kitoblar, darslik va risolalar yozdi. Xalqaro konferentsiyalarda ishtirok etdi. Doktorlik dissertasiyasida o‘simliklarda suv tanqisligi mavzusi ustida ishlab, bir qator qimmatli tajribalar va ixtirolarni amalga oshirdi. Mavzu o‘sha vaqtdayoq suv o‘ta qimmatbaho resurs bo‘lgan mintaqamiz uchun nihoyatda dol­zarb edi.

Таниқли олим Абдураҳмон Раҳи­мов бир умр адабиёт ва санъатга ошно яшади. Зулфиқор тахаллуси билан асарлар битди. У яқинлари ва шогирдлари учун ҳамиша самимий дўст, фарзандлари учун меҳрибон қўрғон эди.

Абдураҳмон Раҳимовнинг қизи Санобар Бобохонова ота касбини танлаб, 1982-йилда номзодлик ишини ҳимоя қилди. Санобар опа Исроил давлатида бўлганида, тепаликларда яратилган боғ-роғларни кўриб ҳай­ратга тушгани, ниҳоятда мурак­каб бу иш аниқ илмий ёндо­­шув асосида бўлиши мумкинлигини ўйлаб, Ҳайфа шаҳри университети профессори Иля Яковлевдан бу ҳақида сўраганида, у томчилатиб суғориш усули ўзбек олими Абду­раҳмон Раҳимов томонидан ўйлаб топил­гани, сўнг улар буни амалиётга жорий этгани ҳақида эшитганида, қанчалар ғурурга тўлганини гапи­риб беради. Сано­бар Бобохонова тақдир тақозоси билан 1995-йил­дан буён Амери­када фаолиятини давом эттирмоқда. У Нью-Йоркда “Ўзбекистон – Америка” жамиятига асос солган. Ҳозирда бу жамият “Маҳалла” номи остида фаолият юритиб, “сеҳрли диёр”га борган юртдошларимизни бирлаштириб, уларга турли масалаларда ёрдам қўлини чўзиб келаётгани ибратлидир.

Баҳром ИРЗАЕВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857