29.12.2025 | 15:48
389
ЎЗБЕГИМНИНГ СЎЗ ЗАРГАРИ
Халқимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов инсон қалбини, тили ва дилини теран билгичи бўлган улуғ ижодкордир. Чин шоирлик – юксак мартаба, комиллик даражасига етишмак, демак. Унинг юксак шеърияти қалбларни завқлантиради, руҳни юксалтириб, тасаввурларни равшан қилади. Бу шеърларда сурур ва дард, завқ ва изтироб, сафо ва жафо уйғунлашади.

Руҳи баланд, қалби тошқин, билими дарё инсоннинг инжа туйғулари акс этади бу шеърларда. Бу туйғуни, шеър кайфияти ва изтиробини англайдиган, донишманд эл орасидан “сўз дурлари”ни саралаб топган шоир шундай ифодалайди:
Эл – устозим, мен эса – толиб,
Сўз дурларин термоқдир ишим.
Одамларнинг ўзидан олиб,
Одамларга бермоқдир ишим.
Кутилмаган лутф ва латифлик, туб ўзакдан инжа маъно чиқариш, ўзаро оҳангдош сўзлардан бетакрор сатрлар тузиш Эркин Воҳидов адабий меросининг етакчи фазилатларидан бири саналади.
То тирикдирки табиат,
То қуёш сочгайки нур,
Уч эгиз бордир тушунча,
Уч бу сўз ёндош бўлур:
Моҳир-у меҳр-у маҳорат,
Олим-у илм-у амал,
Ошиқ-у ишқ-у машаққат,
Шоир-у шеър-у шуур.
Бир ўзак масдардан бир нечта сўзларнинг ясалиши флектив оилага мансуб тилларнинг бош хусусиятидир. Ўзбек тилининг луғат бойлиги таркибига кирган арабий сўзларда шундай ҳодиса кузатилади. Илм ва олим, ошиқ ва ишқ, шоир ва шеър битта ўзак ҳосилаларидир. Ўзбек адабий тилида уларнинг ўзаро яқинлигига кўп ҳам эътибор берилмайди. Сўзлар аро поэтик қаринага – бадиий яқинликка, оҳанг-ритм ва рангга шоирлар диққат қаратади.
Шоирлар одамлар орасидан сўз излайди ва бу сўзларни тирилтиради. Эркин Воҳидов наздида: “Халқ тилининг тоза булоғига юрагини очиб қўймаган ижодкорнинг кўлмакка айланиб қолиши табиий”дир.
Яна муҳим бир жиҳат шуки, шоирлар камалакдан – оламнинг турфа ранглари жилосидан завқ олади. Ранглар шоирларга илҳом беради. Шоирларгина “ранг сўзининг рангинлиги” ҳақида ёзади. Керак бўлса, савол ташлаб, сизни имтиҳон ҳам қилади: “Хўш, гули раънонинг ранги қандай?” – Бир томони қизил, бир томони сариқ. “Яна бир савол. Ёниб турган оловда нечта ранг бор?” – Ёниб турган оловда қизил, яшил сариқ ранглар уйғунлиги бор. Ошиқ оҳининг алангаси – “шуълайи оҳи” қизил, сариқ, яшил эканини шоиргина англаб етади.
Шу тобда буюк Алишер Навоийнинг машҳур ғазалларидан бири хаёлингиздан ўтган бўлса, не ажаб:
Хилъатин то айламиш
жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим чиқар ҳар ён қизил,
сориғ, яшил.
Эркин Воҳидов “Сўз латофати” китобида ҳазрат Навоийнинг ушбу матласини зукко шеършунос сифатида шундай шарҳлайди: “Оҳим алангаси қизил, сариқ, яшил бўлиб ёнса, бунинг боиси жононим қизил, сариқ, яшил рангли либослар кийгандир”. “Ранг” – форсча, “лавн” (кўплиги “алвон”) – арабча, туркийда эса “тус” бўлади. “Навоий асарлари луғати”да “ранг” сўзининг бешта маъноси берилган. Мумтоз луғатларда “ранг” сўзининг ўттиз бир маъноси изоҳланган. Битта сўзни англатиш учун шунча китобни фақатгина сўздан завқ топадиган, сўзга меҳр-у муҳаббатли заршунос, сўз заргаригина, Эркин Воҳидовдек фидойи, зукко сўзшуносгина варақлаб ўқийди. Шу боис, шоир ҳақли равишда миллий тил билимдонлари сафидан ўрин олади.
Эркин Воҳидовнинг баъзи шеърий мисралари қат-қатида шеъриятга, шоирга, ижод психологиясига доир қарашларини назмий услубда баён қилади. Бу асарларда шоирнинг бирорта адабиётшунос олимдан кам бўлмаган билимга эга экани кўринади:
Шеърнинг сози – тўрт сатр,
Тўрт ажойиб – зўр сатр.
Шоир одам ўзини
Тўрт сатрда кўрсатур.
Назарий китоблар, адабий-танқидий мақолаларда “лирик қаҳрамон” деган атамага дуч келамиз. Бу таъбир кимгадир тушунарли, кимдир англашга қийналади. Шоир уни айни сарлавҳали бир шеърида назмий йўсинда талқин қилиб айтадики:
Етар, нечун таъриф-у тавсиф,
Биз иккимиз аслида бир жон.
Фақат олим мени муаллиф,
Сени атар лирик қаҳрамон.
Муаммо шу зайлда шоирона лутф билан “ҳал қилинади”. Ҳолбуки, кўплаб баҳс-мунозара объекти бўлган “муаллиф ва қаҳрамон” ҳовлисининг эшиги ҳали бу кунга довур ёпиқ турибди.
Эркин Воҳидов шеърларига хос барча фазилатларни сўз билан баён қилиб бўлмайди. Шоир сўз санъаткори сифатида сўзларни ўйнатади. Масалан, юракнинг юриб туриши, кўнгилнинг кўниб-кўнмаслиги ҳақида хаёлга келмайдиган тасвирларни топади:
Қариганда ҳаловат керак,
Арзир мен ҳам тин олсам енгил.
Лекин бунга юрмайди юрак,
Кўнгил, десам кўнмайди кўнгил.
Бу каби кичик бир шеърдаги сўзларнинг маъно кўчимлари ўқувчини завқлантиради.
аср ўрталарида мумтоз аруз вазни умрини ўтаб бўлган “анжом” сифатида музей экспонатлари қаторига қўшилишига бир баҳя қолди. Аслида, “аруз адабиётнинг, умуман, санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади”. Бу ҳақиқат Эркин Воҳидовга илҳом берди, арузда ёзганлари мумтоз вазнга қайта жон бағишлади. Абдулла Орипов: “Эркин Воҳидов арузнинг табаррук остонасида посбон янглиғ пайдо бўлди”, деб бежиз ёзмаган.
Шоирнинг “Ёшлик девони” билан аруз томирларида навқиронлик қони югурди. Шу орада шоир икки вазн ўртасидаги баҳслар ҳақида “Аруз ва бармоқ” деган шеър ёзиб, улар орасидаги “можаро”ни баён этди. Ҳар ким ўзини мақтайди. Хўш, аслида ким зўр? Шоир ечимда айтади:
“Мен эсам
Ўтмиш-у келажак аро
Ўрта йўлда қолган бечорадурман.
Улар юрагимда
Қилса можаро,
Келиштирмоқ учун оворадурман”.
Шоир мумтоз анъана йўлидан чекинмади; бармоқда ҳам, арузда ҳам гўзал шеърлар, ғазаллар, мухаммас-у достонлар ёзди.
Аслида изоҳ ва шарҳларда баъзан шеърнинг таровати, файзи, таъсир қуввати, кутилмаган бадиий қирралари, ҳатто ижодкорниниг ўзи ҳам ўйламаган маъно қатламлари очилади. Бундай саодатга эришиш учун адабий танқидчининг маънавий-руҳий оламида юксак эстетик идеаллар жамланган бўлиши лозим. Шунда юраклар бир маромда дукиллаб уради, шунда икки кардиограммада бир-бирига яқин тўлқинли чизиқлар суврати пайдо бўлади. Чунки шоир ўзига қисматдош инсонга юрагини очади, аниқроғи, шоирнинг юрак дарди билан яшай бошлаган ўқувчигина унинг сирли дардини англайди. Бунда қисматлар уйғунлашиб, асрлар, йиллар масофаси йўқолади. Маънавий-руҳий мулоқот ҳар икки шахсни дилдош ва замондош инсонларга айлантиради.
Мустақиллик даврида ёзган шеърларидан бирида Эркин Воҳидов шундай ёзган эди:
Умрим агар боғ бўлса, сиз
Боғбонисиз, элим,
Тутдим, олинг, ўз боғингиз
Шарбат, гулобидир…
Ёшинг неча деб сўрмангиз,
Ёрон-у аҳли дил,
Эркин Ватан ёши менинг
Ёшим ҳисобидир.
Эркин Воҳидов эл-юртга, Ватанга ўткир сўзи, шеъри, овози – бутун вужуди билан хизмат қилди. Бундан кейин ҳам шоирнинг шеърлари башариятга, шеърият муҳиблари қалбига доимо завқ-шавқ бағишлаши, табиий. Дунё харитасида Ўзбекистондек беқиёс ўлка бор экан, унинг боқий -асрларга ўтиб борар экан, Эркин Воҳидовдек табаррук шоирлар руҳи ҳар доим ҳур Ватанга ҳамроҳ бўлади.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



