Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 9°C

TAVSIYA QILAMIZ


15.09.2025 | 15:45

img198

ҚАРМОҚҚА КИМ ИЛИНДИ?

Одамзод тафаккури ўсиб, аждодларидан кўра кенгроқ фикрлашга ўтгани ҳақида бонг уради олимлар. Замонавий дунёдаги улкан ўзгаришлар бунга далил бўлади. Лекин баъзи масалаларда юртдошларимиз тутумларини кўриб, эшитиб “Наҳотки, шу XXI аср одами бўлса?!” деб ҳайрон қоламан. Навбатдаги суд жараёнидан чиқар эканман, шу ўйлар онгимни банд этди. Воқеа бундай бўлган эди…

* * *

Судланувчи Бахтиёр Қўзибоев ўзганинг кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш ва ишончни суиистеъмол қилиш борасидаги хатти-ҳаракатларини шундай изоҳлади:

– Мен Баҳром Холмуродовни пора беришга қизиқтириб, катта миқдордаги пулини қўлга киритмоқчи бўлдим. Унга Мудофаа вазирлигида юқори лавозимларда ишловчи танишим орқали жияни Ўктам Ҳасановни Тошкент шаҳридаги ҳарбий кафедрага эга бўлган Педагогика университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилдим. Қўшимчасига, кейинроқ ўқишини Чирчиқ шаҳридаги Олий ҳарбий билим юртига кўчириб беришни айтдим. Бунинг учун тахминан 10 минг АҚШ доллари кераклигини таъкидладим.

Жабрланувчи Қўзибоевнинг ваъдаларига ишонади. Болалигидан ҳарбийликка қизиққан жиянининг орзуларини амалга ошириш учун ҳар қандай харажатга тайёрлигини билдиради. Уддабуронлигидан суюнган Қўзибоев жорий йилнинг
30 май куни соат 15:30 ларда пойтахтдаги кафелардан бирида учрашиб пулни олиши, танишига вақтида етказиб бермаса, ўқишга кириш ишлари ортга сурилиб кетиши мумкинлигини айтиб ваҳима қилади. Холмуродов эса барчаси у айтган муддатда тайёр бўлишини билдиради.

Умумий овқатланиш масканига айтилган вақтдан икки соат аввал етиб келган Б.Қўзибоев оладиган суммасига ҳал бўладиган муаммолари ҳақида ўйлаб ширин хаёллар суриб ўтирар, унинг алдовига лаққа тушган ҳамюрти бу маблағни топгунича қанча заҳмат чеккани ҳақида умуман ўйламасди. Б.Холмуродов соат миллари 15 дан 20 дақиқа ўтганини кўрсатганида, келишилган жойга яқинлашади. Бироқ кафе эшиги олдида бу суммани топгунча чеккан машаққатларини эслаб туриб қолади. Жияни ўқишга яхши тайёргарлик кўргани, шу пулни бермаса ҳам ўқишга кириб кетиши мумкинлигини ўйлаб иккиланиб қолади. “Агар ўқишга киролмаса-чи?” Жиянининг тушкун ҳолатга тушиб қолишини кўз олдига келтираркан, аввалги мулоҳазаларидан воз кечади.

Айтилган вақтда етиб келган “ўлжа”ни кўрган устаси фарангнинг юзига табассум югуради. Ўрнидан туриб мулозамат қила бошлайди. Б.Қўзибоев фуқаро Б.Холмуродовдан олдиндан келишилган жами қиймати 127 миллион 682 минг 600 сўмга тенг бўлган 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўлга киритган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинади. Фирибгар жиноий ҳаракатларини ўзига боғлиқ бўлмаган сабабга кўра охирига етказа олмайди.

* * *

– Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик 5 та қисмга бўлинган, – дейди судья Малика Қодирова. – Уларнинг 4 та қисмида жиноятни қайси ҳолларда оғирлаштирувчи малакалаш кўрсатилган. Бешинчи қисмида енгиллаштирувчи ҳолатлар баён қилинган. Яъни жиноят содир қилингандан кейин етказилган зарар тўлиқ қопланса, айбланувчи, гумонланувчи ёки судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мумкин. Охирги нуқта суднинг қарори билан қўйилади. Жиноят кодексида фирибгарлик жинояти учун кўпи билан 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи бор: фирибгарлар ва товламачилар.

Ачинарлиси шундаки, кейинги пайтда фирибгарлар туфайли рўй берган шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгар ё товламачи қармоғига илинаётган одамлар сони камайиб қолгани йўқ. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан-янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Сўнгги йигирма йилликларнинг яна бир фирибгарлиги – бу фарзандининг олий ўқув юрти талабаси бўлиши орзусидаги ота-онага нисбатан қилинмоқда. Хўш, бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Албатта, билимсизликда. Токи биз замон ўзгаришлари ва янгиликларини ўз вақтида мушоҳада қилиб, ҳушёрлик ва сезгирлигимизни оширмас эканмиз, фарзандларимиз учун муносиб ҳаёт тарзини ярата олмаймиз. Уларга ибрат бўла олмаймиз.

* * *

– Қилган ишим хатолигини тушундим, – дейди судланувчи Б.Қўзибоев. – Ўзим олий маълумотлиман. Лекин меҳнатга бўйним ёр бермади. Тез ва осон келадиган пулга учдим. Охири вой бўлишини сезсам ҳам, худди қўлга тушмайдигандай юрардим. Бугун маҳалла-кўй, қариндош-уруғ, айниқса, фарзандларим олдида жуда уятли бўлиб қолдим. Мен сизлардан узр сўрайман ва жазо турини енгиллаштиришингизни ўтиниб сўрайман.

Суд Б.Қўзибоевга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда тегишли моддалар талабига риоя қилиб, унинг шахсини, муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароити, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олди.

Бу ҳолатда иккинчи томон ҳам фаришта эмас. Пора ҳақида гап кетар экан, берувчи қўлнинг айби олувчидан кам эмаслигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

– “Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини”, деган экан мен каби боши деворга урилган гумроҳ, – дейди Б.Холмуродов. – Жиянимни ўқишга киритаман, деб фирибгарлар ортидан югурмасдан унинг билим олиши учун етарлича шароит қилиб бериш зарурлигини тушундим. Мен ўз қилмишларимдан пушаймонман. Вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга мурожаат қилганим эса тўғри иш бўлди. Чунки мен каби калта ўйлаб, ҳам вақтига, ҳам нақдига куйиб қоладиганлар оз эмас. Агар гапларим бошқаларга ҳам етиб борса, айтмоқчиманки, энг яхши маблағ билим олиш учун тикилган маблағ экан. Пешона теримиз билан топилган пулни фирибгарларга эмас, болаларимиз билим олишлари учун сарфлайлик.

* * *

– Фуқаролар фирибгарлар домига қандай илиниб қолмоқда? – дейди Республика Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров. – Фирибгарларнинг ўзлари ҳам ўзларини “фирибгар” деб билишадими, тан олишадими? Йўқ, уларнинг ҳеч бири қилмишини тан олмайди, аксинча, мақсади одамларга ёрдам бериш бўлганини таъкидлашади. Биз катталар мақсадга кимнидир алдаш ёки қайсидир фирибгарга мурожаат қилиш билан эмас, мушкул ва мураккаб кўринса-да, ҳалол меҳнат, мустаҳкам билим орқали эришишни фарзандларимизга тарғиб қилишимиз керак. Ўғил-қизларимизни мустақил ҳаётга тўғри йўналтиришимиз жуда муҳимдир.

Суд мажлисида Б.Қўзибоев олий маълумотли бўла туриб, ўз вақтини, режаларини тўғри тақсимлай олмагани ҳақида афсус билан гапирилди. Унинг сўзларини эшитиб, улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мана бу сўзларини эсладим: “Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонни қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивохоналарға сарф этмакдадурлар”.

Юқорида бугунги айрим одамларнинг қадимгилардан ҳам ортда қолаётгани ҳақида гапирдик. Гап шундаки, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари очиқлик ва адолат мезонлари билан ўтаётган, тестларни компютер текшираётган, амалий синовлар кузатув камераларига муҳрланаётган бир замонда пора билан иш битади, деб ўйлаш қанчалик ақлга тўғри келади? Ахир, қадимдан нажоткорлик даъво қилганларнинг барчасидан далил-ҳужжат сўралган-ку! Наҳотки, шу оддий нарсага ҳам ақлимиз етмаса?

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 36-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img831

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img824

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img859