Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 13°C

TAVSIYA QILAMIZ


19.12.2025 | 11:49

img372

ҚУЁШ САНДОНИ

Суҳбатдошимиз – ЎзФА Материалшунослик институти директори, ака­демик Одилхўжа ПАРПИЕВ 1965 йил 30 сентябрда таваллуд топ­ган. 1990 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. ЎзФА Иссиқлик физикаси бўлими кичик илмий ходими, Ўзбекистон Фан ва техника давлат комитетида бошқарма бош­лиғи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузури­даги Фан ва технологияларни ривож­лан­тиришни мувофиқлаштириш қўми­таси раиси ўринбосари – Ижро аппарати раҳбари, Фан ва технология агентлиги бош директорининг бирин­чи ўринбосари, “Физика-Қуёш” ИИЧБ бош директори лавозимларида ишлаган. 40 дан зиёд илмий ишлар, жумладан, бир монография ва ЭҲМ учун дастур муаллифи. Физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори.

– Домла, Сиз раҳбарлик қилаётган муассаса ҳақида гап кетганда кўз олдимизда улкан иншоот – Катта Қуёш Сандони гавдаланади. Ушбу объект бугунги кунда маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ҳайрат ва ҳавасига сабаб бўлмоқда. Бироқ унинг вазифаси фақат илмий туризмни ривожлантириш эмас, албатта. Сандоннинг илмий ишлаб чиқаришдаги аҳамияти бугун қай даражада?

– Умуман олганда, институтимиз бошқа институтлар ва илмий даргоҳлардан фарқ қилади, ноёблиги бор. Биз тадқиқот­ларимизни асосан қуёш нурланиши асосида олиб борамиз. Сиз айтган қуёш сандони дунёда иккита – Франция ва Ўзбекистонда мавжуд. Шарқий Пиренейда жойлашгани 1970 йилда очилган бўлса, Паркент тумани­даги иншоот 1981–1986 йилларда қурилиб, 1987 йил­дан фаолиятини бошла­ган. Инсти­ту­тимиз эса 1993 йилда мужассам­лан­ган қуёш нурларининг моддалар билан таъсирланишини ўрганиш ва маҳаллий хом-ашё асосида ташқи муҳит таъсирлари шароитида қўллашга мўлжалланган янги авлод материалларини ишлаб чиқишни жадаллаштириш мақсадида ташкил этилган.

Институтда ноёб илмий объект – иссиқлик қуввати 1 МW бўлган Катта Қуёш Сандони (КҚС) мавжуд. КҚС мураккаб оптик-механик ва автоматик бошқарув тизимига эга комплекс бўлиб, гелиостатлар майдони ва параболоидли концентратордан иборат. Сандон орқали қуёш нурлари бир нуқтага жамланиб, юқори ҳарорат – 3000 даража иссиқлик ҳосил қилинади. Табиий газ ёнганда – 1600-1700, водород ёнганда 2800 даража иссиқлик беради. Маълумки, табиий газ манбалари чекланган. Водород – экологик тоза ёнилғи. Бироқ водородни бошқа моддадан ажратиб олиш учун 2000 даража ҳарорат керак. Бу – бир бирлик водород олиш учун уч-тўрт бирлик энергия сарфлаш керак дегани. Таннархи жуда юқори. Мана шу масалани қуёш энергияси орқали ҳал қилмоқчимиз. Масалан, сувда икки атом водородники, битта атом кислородники. Лекин бир-биридан ажратиш жуда қийин. Биз қуёш нуридан фойдаланиб, сувни парча­лаш технологиясини ишлаб чиқяпмиз. Бунинг учун махсус реактор яратилган.

“Ўзи сув глобал муаммога айланиб бораётган бўлса, яна нега сувни парчаламоқчисизлар”, деган эътирозлар бўлиши мумкин. Қизиғи шундаки, олинган водородни қайтадан кислородга қўшсак, ҳам катта энергия, ҳам сув ҳосил бўлади. Яъни, сув охирида яна табиатга қайтарилади. Олинган водородни сақлаш, ташиш ва фойдаланиш бўйи­ча муваффақиятли тадқиқотлар давом этмоқда. Келажакда удан нафа­қат ишлаб чиқариш, балки кундалик ҳаётимизда ҳам фойдаланишимиз мум­кин бўлади. Бунинг учун уни парча­лашнинг энг арзон йўли – кичик қуёш сандонлари лойиҳаси устида ишла­япмиз.

– Узр, домла, шу ўринда “Водород технологияларини олиш ва сақлаш борасида материалшуносликнинг ўрни қаерда?” деган савол пайдо бўлади.

– Ҳа, балли, ўринли савол. Гап шундаки, қуёш сандонлари ҳам абадий эмас. Уларнинг ҳам ўз муддати бор. Ҳозир электролизер деган технология бор. У сувни парчалайди, фақат сув ишқорли бўлади. Табиийки, жараёнда ишлатиладиган оддий темир коррозияга учрайди, чиришни бошлайди. Яна электродлар масаласи бор, уларни ясашда платина ёки олтиндан фойдаланилади. Жуда қиммат. Мана, нега водород ўта қиммат ҳисоб­ланади.

Олдимизга қўйилган вазифалардан бири – ўша материалнинг таннархини туши­риш­дан иборат, токи иқтисодий самара берсин, ишласин. Дунёда “МХенес” деб аталадиган бирикма пайдо бўлди. У чиримайди, иссиқлик ва инфрақизил нурларни ўтказмайди. Мана шу бирикмани ўрга­ниш ва ўзимизда тайёрлаш бўйича хитойлик ҳамкорларимиз билан ишлаяпмиз. Бу ҳам ўта қиммат материал. Чунки “Макс фаза” деб аталадиган хомашёни ишлаб чиқариш учун 1700 даража ҳарорат керак. Бизнинг қўлимизда эса 2000-2500 даражали ҳарорат турибди. Ҳозир Хитой билан биргаликда биринчи материални олдик. Синов ишлари давом этмоқда. Биз тажриба орқали юқори технологик материал яратишимиз мумкинлигини кўрсатдик. Агар шу материални ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, ҳам водород олиш технологияси арзонга тушади, ҳам жаҳон бозорига қимматли товар экспорт қиламиз.

– Шу кунларда Тошкент шаҳрининг экологик вазиятини яхшилаш бўйича Махсус комиссия иш олиб бормоқда. Бу борада Президент фармони имзоланди. Олим сифатида мавжуд хавфни бартараф этиш ва келгусида такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Ҳар бир соҳа бўйича ўз мутахассиси гапиргани маъқул. Лекин бу борада ўз йўналишимиз бўйича айрим ишларни айтиб ўтмоқчиман. Кўплаб манбалардан хабар келяптики, ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларидан бири – иссиқхоналар. Кўмир ёки резина маҳсулотлари, пластиклар ёқилиши ҳисобига ҳаво заҳарлана бошлади. Бир томондан, буни тўхтатиш керак. Бошқа томондан, ҳамма иссиқхоналарни ёпиб қўядиган бўлсак, эртага нарх-наво ошиб кетади. Унда нима қиламиз?

Шундан келиб чиққан ҳолда, охирги беш йилдан бери биз дала синовларини ўтказяпмиз. Мақсадга мувофиқ махсус нанозарралар ишлаб чиқилди. Бу нанозарралар иссиқхона плёнкасига қўшилганда, содда қилиб айтганда, қуёшдан келаётган нурларни ажратиб ўтказади. Қуёш нурини ҳаммамиз биламиз. Миллиардлаб фотон келади, яъни миллиардлаб тўлқин узунлиги. Ҳар битта фотоннинг ўз энергияси бор. Агарда биз ўша энг керакли қисмини ажратиб оладиган бўлсак, бизда зарур ҳарорат пайдо бўлади. Масалан, 17-22 даража инфра­қизил нурланишда шунақанги фотонлар келади. Тасаввур қилинг, юзлаб фотонлар келяпти, ҳаммасини чеклаяпмиз-да, 17-22 даражали фотонларни ичкарига ўтказяпмиз. Демак, иссиқхонанинг ичи доим шу 22 даражада сақланади. Ҳеч қандай сунъий иситишга ҳожат қолмайди, сунъий совутишга ҳам.

Ўзбекистон шароитидан кейин Шан­хай қишлоқ хўжалик академияси билан Шанхайда синовлар ўтказиб кўрдик. Ташқи ҳарорат 43 даража иссиқ бўлганда, иссиқхонадаги ҳарорат 35-36 даражани ташкил қилди. Биз кондитсионер қўйганимиз йўқ. Бунақанги ҳарорат ўсимликлар учун жуда комфорт. Шунда яхшироқ ривожланади.

– Қуёшли фаслларда бу жараён тушунарли. Энди қишда қанақа бўлади?

– Ўзбекистонда ўтказган тажриба­ларимиз шуни кўрсатдики, ташқи ҳарорат -5 даражагача бўлганда, плёнканинг ичидаги ҳарорат +6 даражада бўлади. Ташқи энергиясиз, сувқоғоз – плёнка­нинг ўзи иштирокида. Қуёшдан келаётган фотонлар кундузи ўтгандан кейин тупроққа сингийди. Яъни, уларни тупроғимиз ютади. Ютади-да, кейин кечаси ташқарига чиқишга ҳаракат қилади. Чунки энергия-да у. Қаергадир энергиясини сарфлаши керак. У ҳавога беради. Ҳаво ташқарига чиқади ва кун қизигандан кейин яна ташқарига ҳаракат қилади. Плёнкамиз эса уни ташқарига чиқармайди. Демак, ичка­рида доим шу 22 даражали фотонлар айланиб юради, шунинг ҳисобига ҳарорат мўтадиллашади. Хитойликлар буни “мўжизавий плёнка” дейишяпти. Кўпчилик ишонмайди. Чунки унинг илмий асоси жуда мураккаб. Бу квант механикаси, ночизиқли физика билан боғлиқ.

Хўп, иситиш, совитиш, майли, ўз йўлига, яна бир муҳим жиҳати, бу тажрибада ҳосилдорлик ошиши ҳам кузатилди. Ҳосилдорлик ўз-ўзидан қанақа ошиши мумкин? Инфрақизил нурлар баргга етиб борганда, фотосинтез жараёни бошланади. Фотосинтез қанча кўп ва тез бўладиган бўлса, ўсимлик шунча тез ривожланади. Хўп, энди ривожланди, ўсди, гуллади. Энди мева тугиши учун нима қилиш керак? Чанглатиш керак. Ҳозирги кунда иссиқхоналарда сунъий чанглатишдан фойдаланилади. Одатда, деҳқонларимиз ҳар бир туп гулнинг устида ишлайди. Чунки чанглатиш ўта машаққатли меҳнат.

Тажрибада бизнинг иссиқхоналаримизда капалак, ари, шунга ўхшаган ҳаша­ротлар учиб юрганини кўрдик. Оддий плёнка ичида учмайди улар. Чунки иссиқхонанинг ичи доим 60-70 фоиз даражада нам бўлади. “Мўъжизавий плёнка”да эса бунақа намлик даражаси паст. Сув буғланишга етиб бормайди. Ҳашаротлар учади. Булар учгандан кейин, албатта, табиий чангланиш юзага келади. Шунинг ҳисобига ҳосилдорлик ортади.

Яна бир нарсани кузатдик. Оддий плёнка ва тажрибадаги плёнка остига экилган ўсимликларга сув бердик-да, кейин ёз кунида бир ҳафта сув бермадик. Ҳафта ичида оддий плёнканинг тагидаги ўсимликлар қовжирашни бошлади, биз­нинг плёнкамиз остида эса бу ҳолат кўринмади. Демак, бу тажриба орқали суғоришда сув сарфини 30 фоизгача камайтириш мумкин.

– Мана шу плёнка, халқ тилида айтганда сувқоғозни ишлаб чиқариш ва ўша қулайликларнинг ҳаммасини деҳқонларга тақдим этиш учун имкониятимиз етарлими ёки унинг материалини бошқа давлатлардан олиб келишимиз керакми?

– Кўпчилик бу хабарни эшитгандан кейин бизга мурожаат қиляпти. Бу плёнкани қаердан олсак бўлади, ким сотади, деб сўраяпти. Биз ишлаб чиқарувчи эмасмиз, биз техно­логия яратамиз. Олимлар нанокукунларни топиши мумкин. Лекин нанокукуннинг ўзи халққа керак эмас. Уни плёнкага қўшиш керак, ишлаб чиқарувчилар бўлиши керак бунинг учун. Ҳозир тадбиркорларимиз бироз ишонқирамай турибди, лекин Хитой тадбиркорлари анча чаққон чиқиб қолди. Чунки улар амалда синаб кўришган. Бу технологиямизни германиялик ҳамкорларимиз билан ҳам муҳокама қилганмиз.

Ҳозир жиддий ҳаракат қиляпмиз, келгуси йилдан шу нанокукунларни биз ишлаб чиқаришни бошласак, ҳозирча йилига 10 тонна ишлаб чиқаришимиз мумкин. 1 кило кукун 1 тонна плёнкага етади. Демак, миқдори жуда паст. Таннархи ҳам деярли ўзгармайди. Бироз қимматроқ бўлади, холос.

Ўтган йили Паркент ҳудудида қор кўп ёққанида, оддий плёнка қор оғирлигини кўтара олмасдан йиртилиб кетди, бизнинг плёнка осилиб қолди. Ходимларимиз плёнкамиз ёрилиб кетмаслиги учун қорни тушириб юбормоқчи бўлди, мен тегмайлик, дедим. Чунки плёнканинг қанча оғирликкача чидашини ҳам кўришимиз керак эди. Орадан уч-тўрт кун ўтди, ҳаво илиди, плёнкамиз эса яна ўз ҳолига қайтиб қолди. Демак, бу ерда полимеризатсия деган жараён содир бўлган, молекулалар чўзилади-чўзилади, лекин эластиклиги юқори бўлгани учун узилмайди. Энди унинг яна асл ҳолига келиши, бу умуман бошқа нарса. Ўйлайманки, 2026 йил даво­ми­да аҳолимизга, деҳқон-фермер­ларимизга шу плёнкаларни етказиб беришни бош­лаймиз.

– Демак, бугун юртимиз илм-фанига жаҳон илмий доиралари орасида қизиқиш ортиб бормоқда, энди ўзбекистонликлар хорижга эмас, хорижликлар бизга келиб малака оширяпти дейиш мумкинми?

– Етти-саккиз йил олдин ҳам ўзбек олимининг орзуси хорижга чиқиб, илмий тадқиқотини қилиб, диссертациясини ёзиб келиш саналарди. Чунки чет элда имконият катта эди. Бугунги кунда хориждан бизга келадиганлар кўпа­йиб боряпти. Институтимизга Франция, Германия, Россия, Қозоғистон, Хитой, Жанубий Кореядан келишяпти. Бу, бир томондан юртимизда шароит ва имкониятлар яратилгани, бошқа томондан тадқиқотларимиз савиясининг ортиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Энди илм-фанга ёшлар кириб келишни бошлади. Демак, янги йўналишлар, янги натижалар пайдо бўлади.

Яқинда юқори энтропияли материаллар деган йўналиш пайдо бўлди. Тасаввур қилинг: самолёт, унда двигатель бор, двигателнинг парраклари бор. Айтайлик, 40 тонналик самолётни учириш учун қа­нақа куч керак? Ўша турбиналар шу­нақа босимга, кучга чидамли бўлиши тақозо этилади. Баъзан самолёт­нинг двигателига қушлар урилиб, нохуш воқеа содир бўлибди, деб эшитиб қоламиз. Қушнинг оғирлиги қанча – бир-икки килодир нари борса. Энди ўша кичиккина жусса самолётнинг турбинасига урилиб, турбинани парчалаб юборяпти. Хўп, у катта босим остида ишлаяпти, ҳаво келяпти, бу тушунарли. Лекин ўша кичкинагина ташқи таъсир уни ҳалокатга олиб келяпти. Демак, ўша турбиналар материалининг мустаҳкамлигини ошириш керак. Бошқа томондан, унинг оғирлигини пасайтириш, енгилроқ конструксиялар яратиш талаб этилади.

Юқори энтропияли қотишма нима? Камида бешта металл оласиз-да, уни аралаштирасиз, кейин 2000 даражада қай­на­тасиз, сўнг -100 даражада кескин совутасиз. Ўша юқори энтропияли материал ҳисобланади, хусусиятлари фантас­­тик даражада бўлади. Енгил, мус­таҳкамлиги жуда юқори. Бу бизнинг янги йўналишларимиздан бири. Айни пайтда россиялик олимлар ҳам бизга ҳамкорлик мақсадида мурожаат қиляпти. Масаланинг энг катта “лекин”и, уни ишлаб чиқариш учун жуда катта ҳарорат, катта энергия керак.

Сармояга келсак, ўша энергия сарфининг ўзи катта сармоя-да. Демак, шундан келиб чиққан ҳолда, биз яна қуёшдан фойдаланадиган бўлсак, таннарх пасаяди. Бизнинг бошқалардан фарқимиз ҳам айнан шунда. Биз арзон энергияга эгамиз ва турли хил материалларни синтез қилиб ишлашимиз мумкин бўлади.

Кўпчилик илм иши машаққат, игна билан қудуқ қазиш билан баробар, дейди. Тўғри, лекин унинг жуда қизиқарли, гаштли томонлари ҳам бор. Бир материални олиб, унга бир хусусият қўшсанг-да, ўша хусусият натижага айлана бошласа, олим учун бундан катта хурсандчилик борми? Чунки бир янги маҳсулотдан фойдаланиладиган бўлса, ўша фойда­ланиш тугагунга қадар олимга раҳмат келади.

– Домла, муассасангиздаги хилма-хил товланаётган тошларни кўриб, бу ерда нафақат газ ва металлар, балки маъданлар билан ҳам ишланади, деган тасаввур уйғонади.

– Бу тошлар докторантларимиз томони­дан тайёрланган, қиймати бриллиантга яқин. Худди табиийга ўхшайди, товла­ниши қанча нозик бўлса, мустаҳкамлиги ҳам шунча пишиқ. Нима учун бу материал устида ишлаяпмиз? Чиройли тошларни заргарлик мақсадида ишлаб чиқараётганимиз йўқ. Ушбу ўта мус­таҳкам ашёни геологияда қўл­лаш мумкин. Бурғулаш жараёнини биламиз. Минглаб метр чуқурликка тушиш учун мустаҳкам материал керак, йўқса, парчаланиб, синиб кетади. Шунинг учун бу жараёнда олмос ишлатилади. Ўта қиммат тош бу. Агарда биз унинг ўрнини босувчи сунъий тошларга эга бўлсак, жараён осонлашади, харажат камаяди. Натижада, ер остидан олинаётган табиий бойликлар таннархи тушади.

– Домла, газетхонларимизга айтадиган яна қандай муҳим фикрларингиз бор?

– Илмий фаолият шундай қизиқ ва жозибадор жараёнки, баъзан олим ҳаёт­дан бир муддат узилиб қолиши, кўп нарса йодидан кўтарилиши ҳам мум­кин, масалан, раҳмат айтиш. Аввалам­­бор, матбуот ва оммавий ахборот восита­лари вакилларига раҳмат айтиш­га бурчлимиз. Чунки, кўплаб тадқи­қотла­римиз лабораторияда бўлади-да, илмий ҳамжамиятнинг ичида қолиб кетади. Минг афсус. Кўп ҳолларда илмий ишларга баҳо беришга ҳам имконият бўлмай қолади. Журналистлар шу жараёнда бизга кўмакка келади. Сиз шундай институтларга қанча кўп ташриф буюрсангиз, илм-фан ҳақида қанча кўп ёзсангиз, шунча яхши. Чунки халқимиз ҳам олимларимиз нима билан шуғулланаётганини билсин. Материалшунослик институти, умуман, Фанлар академиясининг ҳамма институт­ларининг эшиклари бунинг учун доим очиқ.

– Вақтингиз тиғиз ва қимматли бўлишига қарамасдан бизга вақт ажратганингиз учун Сизга ҳам миннатдорлик билдирамиз! Сиз каби фидойи олимларимиз кўпайсин!

Суҳбатдош: Зарнигор ИБРОҲИМОВА

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 декабрдаги 50-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855