13.08.2025 | 11:22
303
ҲАҚ СЎЗГА САДОҚАТ
Усмон Азим катта адабиётга ўтган асрнинг 70-йилларида ёниқ овоз билан кириб келган, илк шеърлариданоқ ўз кучига ишонган курашчан шоир сифатида ўзини намоён этган эди. Шеърларига кўчган жасорат, исёнкор руҳ, ҳақпарастлик, ватанпарварлик ва миллатпарварлик ҳамда эркка ташналик шоир шахсига, унинг асарларига мухлисларда катта ишонч уйғотди.

Давр зиёлилар, айниқса, ижодкорлардан халқ ва миллат тақдири учун курашишни ҳар доимгидан кўра кўпроқ талаб қилар эди. Бу вазифа эса виждони уйғоқ, ор-номуси баланд, дунёда ҳақиқат учун курашадиган, ҳақ сўзни айтиш иштиёқида ёнганлар зиммасига тушди. Улар шахсий манфаатдан кўра халқ саодатини устун қўйдилар. Адабиёт ва миллат дардини куйлаб, ёниб ижод қилдилар.
Жамиятда турғунлик давридан кейин бошланган қайта қуриш йилларида Усмон Азим ва тенгдошларининг овози янада баралла янгради. Чунки улар ижодкор жамиятдаги барча ўзгаришларга жавобгардир, деган чақириқни ўз виждонларининг амри деб билардилар.
Бу авлод қисқа муддат ичида адабиётга янги руҳ бағишлай олди. Шеърга муносабатни ўзгартиришга, барқарорлашиб саинн сийқа фикрлардан, қотиб қолган шеърий шакллардан қочишга уриндилар, ҳақ сўзни айтишга интилдилар. Шу боис, курашчан руҳ ва виждоннинг шиддатли сўзлардаги намойиши кўпчиликнинг эътиборини торта бошлади. Шоирнинг ушбу шеъри бунинг ёрқин мисолидир:
Осмонга ҳам отгум тош,
Гуноҳкор бўлса қуёш.
Гуноҳкор бўлса қуёш,
Қайтиб тушмагайдир тош.
Осмон ҳам бўлиб ғаним,
Қайтиб тушса – не ғамим.
Бир тош тушса тушибди
Тоғдай бошимга маним.
Усмон Азим ижоди мукаммал адабий борлиқ. Шеъриятимизнинг, умуман, адабиётимизнинг муҳим қисми. Катта ижод мактаби. Ўзбек адабиётини бу шоирнинг ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг турли мавзу, жанр ва шакллардаги асарлари жаҳон адабиёти сатҳида олиб қаралганда ҳам ўрнак бўладиган мақомда эканлиги англашилади.
1978-йили чоп этилган “Инсонни тушуниш” деб номланган илк китобидаги: “Шеъриятни юракдан сиқиб, курашиб, ҳайқириб яшаш осонми?…” каби мисраларида катта шеъриятга кириб келаётган шоирнинг ўз елкасига, тўғрироғи, ўз юрагига катта юкни – масъулиятни олаётганини ва буни чуқур ҳис қилиб, англаб-тушуниб яшай бошлаганини кўриш мумкин.
Кейинги – “Ҳолат” китоби (1979) эса шоир шеърлари диапазонининг аввал-бошданоқ кенг бўлганидан, шунга мойилликнинг кучлилигидан дарак берарди. Кейин чоп этилган ўнлаб шеърий китоблари, наср ва драмалари жамланган бошқа тўпламлари унинг ҳақ сўзга садоқатини намоён этиб туради.
Усмон Азим ижоди катта бир ўзан – халқ оғзаки ижодидан баҳраманд бир шеърият. Бахшиларнинг сўз ва оҳангларида тобланган шоир орзуларга тўла қўшиғ-у достонларда куйланган ҳақиқат ва адолат, муҳаббат, садоқат, юртсеварлик каби мотивларни ўз шеърларига олиб ўтди:
Ҳақ гап учун ҳар бир ишга кўнади эл,
Тўғри сўздан кўпаяди, тўлади эл.
Дордан қўрқиб ёлғон айтиб турганим йўқ.
Шоирлари ёлғон айтса, ўлади эл…
Қаҳрамонимиз ўзбек шеъриятига мутлақо янги бир оҳанг – бахшилар оҳангини олиб кирди, дейиш мумкин. Замонавий шеъриятда қадимий оҳангларни бу аснода қўллаш Усмон Азим ижоди билан боғлиқ адабий ҳодисадир. Шоир халқ ижодига хос мавзу ва оҳангларни ўз шеърларида турли усулларда қўллайди. “Бахшиёна”лардаги бахши образи Усмон Азимнинг яна бир топилмаси. Шоир ўз дардини Элбек бахши, Эломон бахши каби халққа севимли бўлиб қолган ҳақиқат элчилари тилидан куйлайди:
Чинорларга хассан, дедим,
Осмонларга пастсан дедим,
Юлдузларни қўлда тутиб,
Тутганим йўқ – мастсан, дедим…
Айни пайтда бу ижодкор ҳар қандай катта шоир каби дунё маданияти ва адабиётини ҳар доим чуқур ҳис этиб турган, унинг ўзанига тушиб ижод қилаётган истеъдод соҳибидир. У бутун инсониятга тегишли катта яратиқлар – асарлар руҳини қайта идрок этиб, ўз шеъриятида уларга янги мазмун беради. “Ҳамлет”, “Отелло”, “Брут”, “Орфей”, “Диогенга хат”, “Дедал ва Икар”, “Гладиатор”, “Ван Гог ҳақида ҳикоя”, “Акутагава” каби шеърлари, “Хамса”га татаббу” туркуми буни яққол исботлайди.
Бутун инсониятгапьесаларнингэб билганимиз “Ҳамлет” Усмон Азим ижодидаги муҳим мавзу. Шоир бу тимсол ва унга алоқадор мавзулар ёрдамида эрк ҳақидаги орзуларини, ҳаёт диссонанслари – тириклик ва ўлим, ҳақиқат ва ёлғон, муҳаббат ва хиёнат, адолат ва зулм сингари азалий ва доимий муаммоларни тафтиш қилади.
Усмон Азимда ҳамиша инсон қалбига кириб боришга, уни бутун нозикликлари билан ҳис этишга ва ифодалашга интилиш кучли бўлган. Йиллар ўтгани сайин шоирнинг бу интилиши маҳоратга айланди.
Шоир ўзигача мавжуд шеърият анъаналаридан, тажрибалардан фойдаланди. Ўз йўлини топди, уни шакллантирди, юксак даражага олиб чиқди. Баъзан барқарорлашиб қолган фикр ва тушунчаларга қарши чиқди, уларни ўзгартириш учун қўрқмай илгарига интилди. Изланди, тинмади – ёзаверди. Шу боис бугун унинг анъанавий бармоқ вазнида битилган шеърлари ҳам, аруз оҳангидаги ғазал ва мухаммаслари ҳам, оқ шеър-у сочмалари ҳам фақат Усмон Азимга хос жаранглайди. Уларнинг ҳар бирида, ҳар бир мисрада, сўзда, ҳатто товушларда ёлғони йўқ Усмон Азим яшайди. Чунки шоир шеър излаб эмас, ўзини топиш учун шеър ёзади:
Ҳеч қачон шеър излаганим йўқ,
Тақдиримни изладим фақат…
Устоз ижодкор ўзбек шоирлари ичида поэзиянинг имкониятларидан жуда кенг ва унумли фойдаланган шоир. У кўплаб баллада, драматик баллада, драматик достон, шеърий йўлда битилган драматик қисса каби жанрлардаги асарлари билан ҳар қандай жанрнинг ўзбек шеъриятида бемалол истифода этилиши мумкинлигини исботлади – уларни миллийлаштирди. Драматик балладаларида эртак ва достонлар қаҳрамонлари ҳаётини янгича талқинларда ривожлантириб, улар воситасида инсон зотининг маънавиятини, ижтимоий-ахлоқий қиёфасини тасвирлайди, қалб драматизми – изтироблар тасвири орқали уни ўз ботинига назар ташлашга, ўзини, дунёни тўғри идрок этишига ундайди. Кенжа ботир, Ўртанча ботир, Тўнғич ботир, Оқ ботир ва Қоработир, Маликайи Бошпари ёхуд Элбек бахши каби эртаг-у достонлардан кириб келган қаҳрамонлар балладаларда бугунги куннинг муаммоларини тафтиш этаётгандек. Аслида, булар ҳамма замонларда энг муҳим деб қаралган имон-эътиқод, ватанни севиш, ўз шаънини қадрлаш каби масалалардир.
Сўз афсунгарининг кўпчилик шеърга сололмайдиган мавзуларда ҳам сўзни малолсиз, яйратиб қўллаши, аввало, воқеани бутун мукаммаллиги билан идрок этишида, воқеа драмасини кўра олишида, уни ривожлантириб қайта яратишни билишидадир. Шу боис Усмон Азим шеъриятда бир жанрдан иккинчисига осонлик билан ўтади, шеърдан насрга ёки драматик асарга ҳам худди шундай қийналмай ўтиб ижод қилади.
Шоирнинг насрга, драматургияга қўл уриши тасодифий эмас. Замонавий ўзбек шеъриятида воқеликни шеър даражасига олиб чиқиб, уни лирик пафос билан ифодалаш ва кутилмаган хулосаларга келишда Усмон Азим даражасига чиқиб бориш осон иш эмас. Бундай ижодий имконият шоир шеърларидаги драматизмни кучайтиради – лирик қаҳрамон ва тимсолларнинг кечинмаларга бой руҳий оламини жуда ҳам нозиклаштириб таҳлил қилишга йўллайди. Айни шу имконият шоирнуқтаиатик ва насрий асарлар яратишга ундагани аниқ. Ижодининг дастлабки давридан то шу кунгача ёзиб келаётгани – “Бахшиёна”лар ҳам эпик воқеликни лирик кўламда ифодалаш маҳоратини намоёнидир.
Усмон Азим айрим драмаларининг мазмуни, фабуласини дастлаб унинг шеърларида учратамиз. “Бир қадам йўл”, “Кундузсиз кечалар”, “Тонг отган тарафларда” каби песаларнинг қисқа бадиий тарҳи шоирнинг шеър ва ҳикояларида мавжуд.
“Умрни бахшида этмоққа бир нарса арзишини сезаман – АДАБИЁТ!” – деган эди шоир бундан кўп йиллар олдин ёзган бир эссесида. Умрни бағишлаган йўл ўзингни ва ўзгаларнинг уйғонишига, ўсиб камолга етишига, Ҳақ йўлни топишига кўмак берган, қувонишига, куйиб-ёнишига сабаб бўлган бўлса, бу йўл шарафли йўлдир.
Бу шарафли йўлдаги катта ижодкор – Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимдан ҳар доим китобхон қалбига ёруғ нур олиб кирадиган, кўнгилни ўстирадиган янги-янги шеърларни кутаверамиз.
Каромат МУЛЛАХЎЖАEВА
“Жадид” газетасининг 2025 йил 8 августдаги 32-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
828
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
821
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
856



