Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 12°C

TAVSIYA QILAMIZ


12.09.2025 | 16:42

img596

УЧ УЧРАШУВ

1970 йил. Журналистика факултетига ўқишга киролмагач, Ўшга қайтиб, вилоят газетаси таҳририятида мусаҳҳиҳ бўлиб иш бошладим. Шавкат Раҳмон номини дастлаб ўша ерда эшитганман. Шоир, чамаси бирон йил шу даргоҳда мусаҳҳиҳ бўлиб ишлабди, бу орада ёзган шеърларини русчага таржима қилдириб, Москвага юборган экан, Олий адабиёт курсидан ўқишга қабул қилингани тўғрисида хат келибди – шеърлари шунчалик яхши экан. Билишимча, Шавкат Раҳмон ўшлик ижодкорлар ичид  ўша курсда ўқиган биринчи одам эди. Таҳририят ходимлари уни жуда яхши кўришаркан. Шунчаликки, Шавкат аканинг таътилдан келадиган вақтини ҳисоблаб юришар, ҳар келиши жамоанинг катта-ю кичиги учун байрамдай эди.

Шавкат Раҳмон етмиш биринчи йилнинг эрта ёзида бизда амалиёт ўтай бошлади. Биласиз, 70-йилларда биз ҳали “ривожланган социализм”га етиб келмагандик, демак, уни ривожлантириш лозим эди. Бунинг учун шаҳарликлар ҳам пичан ўриш, пахта териш ва ҳоказоларга сафарбар этиларди. Баҳорнинг ўрталаридан то кеч кузгача бош муҳаррирдан тортиб фаррош опагача… деҳқончилик билан машғул эдик.

Мен Шавкат акани илк бор аллақайси колхознинг даласида, пиёз ўтоғига чиққанимизда кўрганман. Ўртадан тикроқ бўйли, буғдойранг, қотма гавдали йигит экан. Аммо кўзи теран маъноли, нигоҳи ўйчан, нечундир маъюс ва маъсум эди. Камгапроқ, сипо, аммо кулганида учқун сочиб турадиган кўзининг жозибаси киши­нинг дилини ёриштириб юборадиган бир хислатга эга экан. Эгнида сарғиш кўйлак, московча русум билан тикил­ган қора катак шим, учли туфлисини авайлаб босарди. Шоир билан асосан редаксиянинг улуғ ёшли ходимлари гаплашар, биз одобли муллавачча каби четроқда турардик.

Аммо ёшлик – ёшлик-да, ўша куни тушлик маҳали болалар шоири, ҳазилкашимиз Турсунбой Адашбоев бир ўйин топди: шўрва қайнаётган ҳув ўша шийпонгача тупроқ йўлдан кимўзарга пойга чопишамиз деб туриб олди. Би-ир чопиб кетдик, десангиз  Турсунбой ака ҳаммамизни болага айлантириб қўйдиёв. У ёқда нозиккина шоира қизлар ҳимарилиб томоша қилиб туришган бўлса! Шоирлик кимнинг эсига келади бунақа пайтда? Чанг-тўзон ичидан Гўрўғли султондай бўлиб чиқиб келсак, ҳамманинг тишлари ярақлаб кўринади – уч-тўрт кундан бери дала офтоби, қолаверса, бу “пойга”нинг чанг-тўзонида ҳабашдеккина бўлиб кетган эканмиз. Шавкат Раҳмон билан шу тариқа танишиб, яқинлашиб кетгандик.

Шавкат Раҳмойодимдаэлишида вилоят газетасига шеърларини тақдим этар, улар шоирнинг қайтишига қадар чоп этиларди. Ўша йиллардаги газета тахламларини қара­сангиз, Шавкат Раҳмоннинг бирталай дилбар шеърларига дуч келасиз.

Мен буни алоҳида таъкидлаб айтаёт­ганимнинг сабаби бор. Гап шундаки, шоир сифатида Шавкат Раҳмоннинг ижодий йўлида ўзига хос уч давр – уч босқич бордай, назаримда. Булардан биринчисини шартли равишда Ўш, иккинчисини Москва, учинчисини эса Тошкент даври деб атаса бўлар, эҳтимол. Ўқишнинг дастлабки йилларида Шавкат Раҳмоннинг шеърларида ҳали Ўш руҳи – содда ва самимий бир ифор таралиб тургандай эди.

Орадан йиллар ўтди, бу вақт ичида мен Тошкентга ўқишга кирдим, Шавкат ака эса адабиёт курсини тамомлаб, Тошкентда, нашриётда ишлай бош­лади. Бу йилларда Шавкат Раҳмон, гарчи жўшқин бир шоир сифатида адабий давраларнинг марказида турган бўлса-да, изланишда эди – ўз руҳига мос келадиган адабий оламни топиш, ундан ўрганиш, янада ўсиш, янгича туйғу ва кайфиятга ошно бўлиш ва буларни шеъриятга олиб кириш ниятида эди. У Лорканинг шеърий дунёсига шу зайлда кириб борди. Испан шоирининг қизғин ва оташин муҳибига айланди. Кутилмаган ташбеҳларга бой, шаклан бутунлай ўзгача, анъанавий ўзбек шеъриятидаги қолипларга сиғавермайдиган стихияни англаб, шеърий тафаккур призмасидан ўтказиш, Лорка бадииятини ўзбек тилида ифодалаш Шавкат Раҳмоннинг кўп йилларини олди.

Табиийки, Лорка билан “ўртоқ тутиниш” шоир ижодида изсиз кетмади. Бу изланишлар самараси ўлароқ, Шавкат Раҳмон шеърларида кескин бир шиддат, Лорка шеърларида кўп учрайдиган “маҳаллий” манзаралар тасвири, дали-ғули соддалик, тўсатдан ёпириладиган туйғулар  айдо бўлди. Ва айнан мана шулар кейинча­лик шоир ижодидаги етакчи ўзига хосликлардан бўлиб қолди. Аммо боя айтганим – дастлабки йиллар ижодига хос бўлган мунгли, маъсум шеърлар асосан Ўш газети саҳифаларида қолиб кетди.

Москвада ёзган бир шеърида Шавкат Раҳмон шу пайтга қадар ёзган шеърлари жамланган дафтарни ёқиб юборгани, шеърлар чирс-чирс ёниб оловга айланаётганида заррача ҳам ачинмай қараб турганини тасвирлаганди. Менимча, бу шунчаки бадиий хаёл эмас, бор гап, шекилли. Агар шундай бўлса, бу бетакрор қалам соҳибининг ҳаваскорлик чоғидаги шеърларини энди ана шу газета тахламлари орасидан топиб, тиклаш мумкин бўлади, холос. Бу жуда зарур. Зеро, Шавкат Раҳмоннинг ана шу илк шеърлари унинг ижодидаги ўзига хосликларни янада теранроқ акс эттиради. Дастлабки йиллардаги маъсум соддалик, самимийлик Лорка руҳига хос ажабтовур ташбеҳларга омихта бўлиб, Шавкат Раҳмон ижодининг учинчи босқичини белгилаб бемўъжиза давр шеърларида у туйғуларнинг аччиғини, изтиробга сола­диганини энг теран миллий ифодалар билан тасвирлади.

…Орада Шавкат Раҳмон билан кўришиб турдик. Бироқ у киши бадиий ижодда, биз эса илмий соҳада фаолият юритганимиз сабаб учрашиб қолган чоғларимиз асосан салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашиш билан чекланардик. Бу орада ёдимда қолгани шуки, ЎзФА Тил ва адабиёт институти директори раҳматли Матёқуб Қўшжонов адабиётшунос олимлар ижодкорлар билан бевосита мулоқотда бўлишсин, дея ёзувчи ва шоирларни институтга тез-тез чақириб, уч ашувлар уюштириб тура ди – шунақа яхши одати бор эди.

80-йилларнинг охирроғи эди, шекилли, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим ва ҳоказо бир неча ёш, пешқадам шоирлар институтимизга келишди. Таажжубки, бу ёш шоирларнинг баъзиси давра тўрида ўтирган кўйи, аллақандай талтайиш-у кеккайиш билан даврадаги таниқли алломалар қаршисида креслога деярли ётиб олишган, чал­каштирган оёқлари олимлар томон беписанд узатилган эди. Даҳосифат гаплари, олифтанамо сигарет тутатишлари ҳам аллақандай ўхшовсиз туюларди. Ҳолбуки, даврада Иззат Султон-у Ҳомил Ёқубовдай зотлар ҳам бор эди. Ўшанда мен Шавкат Раҳмоннинг бир фазилатини кашф этдим: у жуда камтар, оддий ва самимий инсон экан. Бироз бўғиқ, аммо ҳаяжонли овоз билан шеър ўқиди, ижодига доир саволларга жавоб қайтарди, тингловчиларга раҳмат айтиб, жойига ўтирди.

…1990-йилда қирғиз адабиётининг оқ­соқоли Тўқтағул таваллудининг 125 йиллиги Қирғизистонда бир ҳафта байрам қилиб нишонланди. Тўймисан тўй бўлди. Ўша пайтдаги давлат раҳбарларидан бирининг: “Қирғизистонда Тўқтағул тўйи­дан каттароқ тантана бўлиши мумкин эмас”, деган сўзиданоқ ушбу байрам шукуҳини тасаввур қилса бўлади.

Бу анжуманга Ўзбекистондан ўн киши меҳмон бўлиб қатнашган эдик. Байрамнинг тантанали очилиши ва икки кунлик халқаро илмий конференсиядан сўнг бизга мунтазир бўлиб турган 50 та автобусга ўтириб, Қирғизистон жанубига – Тўқтағул туғилиб ўсган КеXIXнтепага йўл олдик. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган меҳмонлар байрамга ўзгача бир файз бағишлар эди. Йўл бўйи ҳазил-ҳузуллар, илмий баҳслар, ўзаро танишувлар, ҳар бир меҳмон ё мезбоннинг ўз она тилида шеър ўқиши ё ашула айтиши, дегандай…

Ҳар бир автобуснинг ярмида одам­лар бўлса (йўл жуда баланд, ваҳимали Туяошув довонидан ўтади ахир), ярми қирғизлар “йўлозиқ” деб атайдиган ноз-неъматлар билан тўла. Қирғиз мезбон­нинг қўлини қайтариб ким барака топибди? Ниҳоят, дунёнинг энг баланд сува­йирғичларидан бири – қирғизлар “оқ қор-у кўк муз” деб атайдиган Олатов ўркачидаги ярим соатлик ҳордиқ чиқариш пайтида Шавкат ака билан йўлиқиб қолдик. Уларнинг автобуси шоир­ларники, биз минганимиз олимларники бўлганидан, кечаги кундан бери энди кўришишимиз эди.

Нима учундир, Шавкат Раҳмоннинг машқи пастроқ, кайфияти ҳам ланж эди.

– Ҳа, Шавкат ака, нима бўлди, – деб сўрадим. – Мазангиз йўқми?

– Э, кўрмайсизми, – шоир ўзи тушиб келган автобусга ишора қилди. – Бу­лар­нинг ҳаммаси ичар экан, кайф билан келишяпти. Гаплашиб ўтиришга одам йўқ.

Мен шоирнинг ичмаслигини билмас эканман. Пурвиқор, улуғ тоғлар оралаб ихлос билан ўтиб келаётган покиза шоирга ҳурматим янада ошди.

Шавкат ака мени ўз автобусларида бирга гаплашиб кетишга таклиф этди, ёнидаги жой бўшлигини айтди. Аммо мен алланималарни баҳона қилдим, бизникилар мени йўқотиб қўйишса хавотирланишади, дедим, хуллас, сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда, дилини оғритмасликка ҳаракат қилиб рад этдим. Асл сабаб эса бошқа ёқда эди: кўнгил ўлгур бўшроқ, мезбонлар астойдил “сўраниб” туриб олган чоғда, ноилож… деган андишада… Ҳолбуки, агар мен ўшанда довондан то Тўқтағул шаҳрига қадар Шавкат Раҳмон билан бирга кетсам, бу менинг шоир билан қурган энг узоқ ва чин маънодаги суҳбатим бўлар экан. Энди билсам, ўшанда шоир зўр ҳаяжонда экан, қардош халқ сўз санъаткори­нинг таваллуд кунлари, унинг турбатига кетаётган бир ижодкор сифатида Тўқтағул асарлари, улардаги содда халқона ифодаларини ўзбек тилида қандай акс эттиришни ўйлаб кетаётган экан. Шу сафардан кейин у Тўқтағулнинг ўндан ортиқ шеърини ўзбек тилига таржима қилди.

Энди менга шундай туюладики, Шавкат Раҳмон умрининг жуда қисқа эканини ботинан пайқагандай, ичкилик ичиб, вақтихушлик қилишга ҳам вақти йўқлигини билгандай… Дарҳақиқат, ўқи­ган одам билади, унинг шеърлари – жуда ҳушёр, тийрак шеърлар, назаримда, улар сармаст алжираётган одамни ҳам ўзига келтиргудай даражада ҳушёр бўлиб туюлади.

Озгина, унда-бунда кўришиб қол­ган чоғларимиздан билганим, Шавкат ака аввало мард одам эди. Бир сўзли, ўта принсипиал, принсип учун бирон кишига, ҳаттоки вақтинча, лоақал муро­сайи мадора учун ҳам… асло ён бермайдиган ҳассос шахс эди. Қўрқмас, дангалчи, дадил. Албатта, бу гапларнинг заминида ҳам бир талай воқеалар турибди, бироқ баъзи сабабларга кўра уларни бу ўринда келтиришим дуруст эмасдай…

Яна бир ўзига хослиги – она шаҳри Ўшга айрича муҳаббат қўйган эди, унга минг-минг ришталар билан боғланганди. Ўшликлар орасида уни танимайдиган, ё отини эшитмаган одам­лар бўлмагани каби, ўзи ҳам беҳисоб ўшликларни, унинг теварагидаги юзлаб одамларни танир, улар билан қадрдон эди. Шавкат Раҳмонни ўшликлар бу қадар эҳтиром қилишининг сабаби – унинг зўр шоирлигигина эмас, назаримда. 80–90-йил­ларда унинг Тошкентдаги камта­рона квартираси Ўшдан келадиган шоир-ёзувчилар, жамоат арбоблари учун маълум маънода қароргоҳ бўлиб қол­ган эди. Тошкентда туриб, Шавкат Раҳмон она шаҳридаги ижтимоий-маънавий муҳит­га, адабий ҳаётга фаол аралашар, унга қўлидан келганча ёрдам берар эди. Худди шу сабаб, машъум Ўш воқеалари унинг юрагига беадад изтироб солди, талай вақт у беомон ва ваҳшиёна талотўплардан ўзига келолмай юрганини кўрган эдим. Орадан бирмунча вақт ўтиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Шавкат Раҳмоннинг “МА(х)ФИЯ” деган машҳур мақоласи босилиб чиқди. Унда шоир ажиб бир холислик билан ана шу воқеалар негизига назар ташлаган ва уни чет кучлар палид ниятларини амалга ошириш учун уюштирганини далиллаб кўрсатиб берган эди…

Яна шеъриятга қайтсак. Шавкат Раҳмон ижоди ҳақида менинг фикрим шуки, XX аср ўзбек шеъриятини бир китоб десак, унинг муҳим саҳифалари Шавкат Раҳмон ва унинг тенгдошлари ижодидан ташкил топган. Мустақиллик арафасидаги ва ҳуррият даври ўзбек шеъриятининг асосий руҳи – Шавкат Раҳмон шеърлари руҳи билан узвий пайваста. Бинобарин, кейинги аср сўз санъати учун у ўзига хос кўприк вазифасини ўтайди. Демак, Шавкат Раҳмон ва унинг ҳамнафас дўстлари ижодини теран тадқиқ этиш ҳозирги адабиёт илми олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

“Жадид” газетасининг 2025 йил 12 сентябрдаги 37-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img826

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855