Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


07.10.2025 | 09:27

img280

ДУНЁГА ТУТИЛГАН КЎЗГУ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 80-юбилей сессиясида дунёдаги мураккаб геосиёсий жараёнларга тўхталиб, халқаро институтлар нуфузи заифлашиб бораётган бир вазиятда глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Президентимизнинг бу маърузасини, таъбир жоиз бўлса, бугунги дунёга тутилган кўзгу, деб аташ мумкин.

Келинг, жаҳон айвонида кечаётган манзараларга бир қур назар ташлайлик.

2022 йилда бошланган Украина можароси Европада 1945 йилдан бери кузатилган энг катта ҳарбий тўқнашувга айланди. Яқин Шарқдаги Исроил – Ҳамас уруши минтақада кенг кўламли гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Африка қитъасида жойлашган Судандаги ҳарбий тўқнашув ва Саҳел минтақасидаги террорчилик фаолияти минтақавий беқарорликни кучайтирди. Бошқа томондан, Осиёда Тайван масаласи ортидан АҚШ ва Хитой муносабатлари кескинлашиб бормоқда. Буларнинг барчаси геосиёсий мувозанатнинг бузилиши ва давлатлар ўртасида ишончсизликнинг чуқурлашишига олиб келмоқда.

Технологик ва ижтимоий тенгсизлик ҳам чандон ошиб кетган. Илғор сунъий интеллект, биотехнология ва “катта ҳажмли маълумот” (Биг Data) технологиялари асосан АҚШ, Хитой ва Европа қўлида жамланган. Африка ва Лотин Америкасида эса рақамли инфратузилма ривожланишга муҳтож. Интернетдан фойдаланиш даражаси Шимолий Европа ва Японияда
95 фоиздан юқори, айрим Африка мамлакатларида эса 30 фоиздан ҳам паст. Мухтасар айтганда, технологик тараққиёт инсониятни ҳозирча тенглаштирмагани, аксинча “технологик элита” ва “четда қолган омма” ўртасидаги масофани йироқлаштирганини кузатиш мумкин.

Иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бораётгани афкор оммада жиддий хавотир уйғотмоқда. Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотларига кўра, 2020–2024 йиллардаги пандемия, уруш ва санкциялар дунё миқёсида инфляциянинг ошиб кетишига сабаб бўлган. Кам фоизли кредитлар камайгани туфайли қатор ривожланаётган давлатлар қарзни қайтаришда қийналмоқда. Қолаверса, жаҳон бойлигининг қарийб ярмини 1 фоиз аҳоли назорат қилгани ҳолда, миллиардлаб одамлар қашшоқлик чегарасида яшаётгани ҳам айни ҳақиқат. БМТ маълумотларида айтилишича, 2024 йили 360 миллиондан ортиқ одам озиқ-овқат муаммосига дуч келган. Сурия, Яман, Афғонистон, Ғазо ва Судан бу борада энг оғир нуқталар бўлиб қолмоқда. 2023 йили 114 миллиондан ортиқ инсон қочқин ёки кўчган шахсга айлангани эса тарихий рекордни янгилаган.

Иқтисодий инқирозлар ва гуманитар офатлар шу тариқа бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Натижада АҚШ, Хитой, Россия, Европа ва минтақавий блоклардан ташкил топган кўп қутбли дунё тизими вужудга келмоқда. Туркиянинг НАТО ва ШҲТ ўртасидаги позицияси, Саудия – Эрон ярашуви, БРИКСнинг кенгайиши – глобал мувозанатда “янги геосиёсий архитектура” пайдо бўлаётганидан дарак беради. Бу ҳолатнинг хавотирли жиҳати давлатлар ўртасидаги рақобат сунъий интеллектдан тортиб ядровий қуролларгача бўлган соҳаларда кучайиб бораётганида кўринади.

ЎЗБЕКИСТОН БУНИ ИСТАМАЙДИ

Янги Ўзбекистон етакчиси жаҳон ҳамжамиятини мана шундай нохуш хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирар экан, БМТ ва унинг асосий органи – Хавфсизлик Кенгашининг самарадорлигини ошириш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Бу сўз замирида дунёдаги қайноқ можаролар жараёнида БМТнинг “мулоқот майдони” сифатидаги аҳамиятини юксалтириш ва тузилманинг инсоният учун глобал муроса платформаси бўлиб қолишини таъминлаш истаги мавжуд.

Давлатимиз раҳбари Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш заруратига бежиз тўхталмади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1945 йили АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой иштирокида тузилган. Айни вақтда унда 5 нафар доимий аъзо ва 10 нафар вақтинчалик аъзо мавжуд. Бироқ бугунга келиб Кенгаш фаолиятида қатор камчиликлар кўзга ташланмоқда. Африка, Лотин Америкаси ва Жанубий Осиё каби минтақалардаги йирик давлатлар, масалан, Ҳиндистон, Бразилия ва ЖАР доимий аъзоликдан четда қолиб, минтақавий номутаносиблик юзага келган. Доимий аъзолардан бирининг вето ҳуқуқи глобал хавфсизлик масалаларини ҳал қилишга мунтазам тўсиқ бўлиши одатга айланган. Бу эса аксар давлатларнинг, етакчилар ва сиёсатчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, ташкилотнинг глобал тинчликни асраш борасидаги ўрни ва роли борасида шубҳа билдирувчилар кўзга ташланмоқда.

Хавфсизлик Кенгашининг ислоҳ қилиниши ва кенгайтирилиши – барча давлатлар манфаатларини тенг ҳимоя қилиш, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун ўта муҳим зарурат. Ва бу борада оқилона ечимга келиниши шарт. XXI асрнинг глобал муаммолари – терроризм, кибер таҳдидлар, иқлим инқирози ва геосиёсий низолар Хавфсизлик Кенгаши ислоҳотини чиндан тақозо этади. Бу жараёнда ривожланаётган мамлакатларнинг овози ва манфаатлари инобатга олинмаса, вазиятнинг бундан-да оғир тус олиши, халқаро ташкилотларнинг самарадорлиги янада пасайиши мумкин. Ўзбекистон ҳам, бошқалар ҳам буни истамайди.

СИЁСИЙ ИРОДА ИФОДАСИ

Ўзбекистон Президенти ўз нутқида БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилиши режалаштирилган болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга оид юқори даражадаги тадбирга барча хорижий ҳамкорларни таклиф этди. Бу эса Ўзбекистон Президентининг нуфузли халқаро анжуманлар ва машваратларда кузатиладиган феноменал бир хислати – башарият саодатига дахлдор барча муаммоларга жиддий ёндашиш, миллий ва умуминсоний мушкулотларга ечим топиш, жаҳолатга қарши маърифат ғояси асосида, инсон қадрини улуғловчи эзгу ташаббусларни илгари суриш фазилатини яна бир бор намоён қилди.

Башарият бефарқ бўлиши мумкин бўлмаган яна бир жиҳат – гендер сиёсати эканини таъкидлаган Шавкат Мирзиёев ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини мунтазам мустаҳкамлаш борасидаги қатъий ниятини баён этиб, Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш борасидаги ташаббусни билдирди.

Бизнингча, Президент нутқининг халқаро даражадаги кульминацияси сифатида эътироф этиш мумкин бўлган яна бир нуқтаси – “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифидир. “Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олийжаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиз”, дея ўз таклифини изоҳлаган Ўзбекистон Президентининг бу ташаббуси амалга ошса, нафақат юртимиздан, балки жаҳоннинг турли мамлакатларидан минглаб-миллионлаб ёшларни эзгу ғоялар, қарашлар, таълимотлар, ташаббус ва ҳаракатларга жалб этиш мумкин бўлади. Бу ташаббус – нафақат ўз миллатдоши, юртдоши, диндошига нисбатан, балки ирқи ва эътиқодидан қатъи назар, башариятнинг барча вакилларига яхшилик соғинган одамнинг ташаббусидир.

ТЕХНОЛОГИЯ ИНСОН УЧУН

Ўзбекистон Президенти давлатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликка барҳам бериш, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида инсониятга сунъий интеллект туҳфа этаётган ижобий ечимларни беғараз алмашишда халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш ғоясини ўртага ташлади. Бу ташаббусдан кўзланган мақсад – сунъий интеллект ва барча замонавий технологиялар одамларга хизмат қилиши, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириши, ҳаётини енгиллаштириши зарурлигидир. Демак, сунъий интеллект иқтисодий рақобат қуроли эмас, балки инсоният тараққиёти ва инсон қадрини юксалтириш воситаси сифатида кўрилиши лозим.

Президент таклиф этаётган механизм тиббиёт соҳаси учун катта имконият яратади. Чунки сунъий интеллект ёрдамида касалликларни эрта аниқлаш, тиббий хизматларни арзонлаштириш ва оммалаштириш, чекка ҳудудларда ҳам сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратади, бир сўз билан айтганда, дард қаршисида ожиз қолаётган миллионлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Сунъий интеллектдан тўғри ва самарали фойдаланилса, таълим соҳасида ҳам инқилобий ўзгаришлар содир бўлади. Сунъий интеллект кўмагида ҳар бир ўқувчининг индивидуал ўқув йўналишини шакллантириш, чекка ҳудуддагилар учун ҳам замонавий билимлардан, талабалар ва ўқитувчилар учун глобал билим платформаларидан баҳраманд бўлиш, илм-маърифат соҳасида тенгликни таъминлаш имконияти яратилади.

Сунъий интеллект иқтисодиёт ва фанга, шу жумладан, маданиятга ҳам катта ҳисса қўшиши аллақачон исботланган. Миллий меросни рақамлаштириш ва асраш, турли халқларнинг маданиятини дунё миқёсида тарғиб этиш, тез ва аниқ таржима орқали маданий мулоқотнинг кенгайиш имкони айнан сунъий интеллект туфайли тез ва самарали рўёбга чиқади, тамаддунлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч мустаҳкамланади.

Ўзбекистон Президентининг бу борадаги ташаббуси рақамли технологиялар монополиясига барҳам бериб, давлатлар ўртасида адолатли шерикликнинг ривожланишига олиб келади. Шундай экан, сунъий интеллектдан умумбашарий манфаатлар йўлида фойдаланиш таклифи дунёдаги барча халқлар учун ижобий аҳамиятга эга. Нафақат Янги Ўзбекистон сиёсати, балки бутун инсоният ҳаётида инсонпарвар ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бу ташаббус жаҳон ҳамжамиятига “технология инсон учун” деган эзгу ғояни тақдим этди.

ЖАҲОН ҲАМЖАМИЯТИНИНГ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИ

Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридаги нутқида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий сингари буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий ва илмий мерос тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятини билдирди. Бу ташаббус ўзбек халқининг ўзлигини англатиш, маънавий меросини жаҳонга танитиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва глобал ҳамжиҳатликка ҳисса қўшиш мақсадларини ўзида мужассам этади.

Таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридаги барча чиқишлари мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида ўз аксини топгани, илгари сурилган барча ташаббус ва режалар ҳаётга изчил татбиқ этилганини кўрамиз. Масалан, муҳтарам Президентимизнинг бундан саккиз йил аввал БМТ минбарида илгари сурган “Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш” ғояси бугун тўла амалга ошганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Қўшни мамлакатлар билан чегараларнинг очилиши, савдо-сотиқ ва транспорт ҳажмининг 5 баробаргача ўсгани, қардошлар билан қўшма инвестиция жамғармалари ташкил этилгани – буларнинг барчаси юрт раҳбари айтган сўзларнинг амалий исботидир.

Мамлакатимиз етакчиси юксак минбарларда билдираётган ғоя ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтириб, уни глобал муаммолар ечимини излашда жаҳон ҳамжамиятининг фаол иштирокчисига айлантирмоқда.

Абдулҳамид МУХТОРОВ,
“ЗИЁ” медиа-маркази раҳбари

“Жадид” газетасининг 2025 йил 3 октябрдаги 40-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855