27.10.2025 | 15:20
252
ТАРАҚҚИЁТ ТАЯНЧИ
Бугунги кунда жаҳонда сунъий интеллект (СИ) кўплаб соҳаларда асосий таянч воситага – бошқарувда самарадорликни ошириш, ресурслардан тежаб фойдаланиш, хизматлар сифатини яхшилаш имконини бераётган реал воқеликка айланмоқда. Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, сунъий интеллектни жорий этиш бўйича муҳим натижаларга эришилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг яқинда СИ технологияларини вазирлик ва идоралар фаолиятига ҳамда бошқа соҳаларга кенг татбиқ этишга қаратилган лойиҳалар билан танишуви ушбу йўналишнинг стратегик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, сунъий интеллект ғояси XX аср ўрталарида пайдо бўлганини кўрамиз. 1956 йилда АҚШнинг Дартмут коллежида бўлиб ўтган конференция СИ тарихида муҳим воқеа бўлган. У ерда олимлар гуруҳи “сунъий интеллект” атамасини таклиф этиб, шу йўналишда тадқиқотлар бошлашга қарор қилган. Дастлабки йилларда СИ соҳасида катта ютуқларга эришилди: компьютерлар шахмат ўйнашни, оддий масалаларни ечиш ва ҳатто, оддий матнларни таржима қилишни ўрганди.
Аммо, 1970–80 йилларда СИ соҳасида “қишки уйқу” даври бошланди. Дастлабки муваффақиятларга қарамай, компьютер имкониятлари чекланган эди. Олимлар кутган натижаларга эришилмади, СИга қизиқиш сусайди ва соҳани молиялаштириш қисқарди. Соҳадаги иккинчи “уйғониш” 1990 йилларда бошланди. Компьютерларнинг қуввати ошди, алгоритмлар такомиллашди ва катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш имконияти пайдо бўлди. Бундан ташқари, интернетнинг ривожланиши СИ учун янги имкониятлар очилишига сабаб бўлди.
Очиғини айтганда, бугун дунёда сунъий интеллектдан фойдаланиш борасида кескин кураш бормоқда. Сўнгги ўн йилликда жаҳон инвестицияларининг сунъий интеллект соҳасига йўналтирилган ҳажми 2014 йилдаги 8 миллиарддан 2024 йилда 110 миллиард долларгача ўсди. 2023 йилда Хитой давлатининг квант технологияларига ажратган глобал инвестициялари 15,3 миллиард долларга етди. 2024 йилда Хитойнинг бешта компанияси илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига инвестициялар ҳажми бўйича дунёнинг энг йирик 50 компанияси рўйхатига кирди.
БРИКС ва АСЕАНга аъзо қатор давлатлар қўшма тадқиқотлар, ишланмалар ва ўзаро алоқа стандартлари орқали ўз мустақил инновацион инфратузилмасини мустаҳкамлади, илмий-технологик бошқарувнинг очиқ халқаро тизимини яратиб, кўп қутблилик асосида глобал тараққиётга ҳисса қўшди. Сўнгги 20 йил ичида БРИКС давлатлари олимлари томонидан ҳаммуаллифликда ёзилган мақолалар сони ўсишда давом этмоқда ва ҳозирда йилига 15 мингдан ортиқ мақолани ташкил этиб, улар жаҳон илмий ва технологик инновациялари соҳасида янги ҳаракатлантирувчи кучга айланмоқда. Шу билан бирга, Ғарб давлатларида технологик рақобат кучайиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун қайси соҳа бўлмасин, ким бу жараёнда қаттиқ изланиб, бир қадам олдинда юрса, марра шуники бўлиши тобора ойдинлашмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ИТ-паркка ташрифи Ўзбекистоннинг мазкур соҳада аниқ мақсадларга эга эканини кўрсатади. Хусусан, давлат бошқарувига татбиқ этиш орқали вазирлик ва идораларда қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш кўзда тутилган. СИ кўмагида иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, молия ва бошқа соҳаларда самарадорликни ошириш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. СИни таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа хизмат соҳаларига жорий этиб, аҳолига қулайликлар яратиш ва ҳаёт сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда СИ соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди: қонунчилик базаси яратилди. Соҳа ривожига оид қонун ва қарорлар қабул қилинди. Кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди.
Олий ўқув юртларида СИ бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Хорижий экспертлар жалб қилиниб, халқаро тажриба ўрганилмоқда. Инфратузилма ривожлантирилмоқда. Давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга туширилган. Ўтган йили сунъий интеллектни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Рақамли технологиялар вазирлигида мазкур соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.
Мамлакатимизда замонавий маълумотларни қайта ишлаш марказлари қурилмоқда ва интернет тармоғи кенгайтирилмоқда. Рақамли ҳукумат платформаси орқали давлат органлари ўртасида маълумотларнинг инсон омилисиз алмашинуви йўлга қўйилди. Стартапларга ўзининг дастурий маҳсулотини Рақамли ҳукумат платформасига интеграция қилиб, ундаги маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилди. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишга эришилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида ташхис қўйиш сифати яхшиланмоқда. Стартап-экотизим яратилмоқда. Ёш тадбиркорларни СИ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида стартап-акселераторлар ва бизнес-инкубаторлар ташкил этилмоқда.
Бир йил ичида сунъий интеллект бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилаб, Марказий Осиёда 1-ўринга кўтарилгани Ўзбекистоннинг ютуқлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганидан далолат. Ёш ва билимли кадрларнинг кўплиги, ҳукумат томонидан СИни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, инфратузилма тинимсиз ривожланиб бораётгани мамлакатимизнинг СИ соҳасида минтақавий етакчига айланишига имкон берди.
Албатта, эришилган натижалар билан чекланиб қолинса, рақобатда ортда қолиб кетиш мумкин. Бу йўлда изланишларни изчил давом эттириш – давр талабидир. Шу боис, давлатимиз раҳбари ИТ-паркка ташрифи чоғида соҳани янада ривожлантириш борасида долзарб таклифларни илгари сурди.
Биринчидан, эндиликда вазирлар ва тармоқ раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида соҳада сунъий интеллектни ривожлантиришга ҳам жавобгар бўлади. Шаҳар ва туманларда ҳам ҳокимларнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси лавозими киритилади. Барча вазирлик ва ҳокимликларга ўз тузилмасида сунъий интеллектни ривожлантириш билан шуғулланадиган алоҳида бўлинма ташкил қилиш ва уларнинг олдига аввало иш самарадорлиги ва хизмат сифатини ошириш, ортиқча харажат, “яширин” иқтисодиёт ва бюрократияни қисқартириш каби масалаларга ечим топиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бериш топширилди.
Иккинчидан, юқори кўрсаткичга эришган, хорижий тилларни биладиган, технологик билими кучли 100 нафар мутахассис АҚШ, Европа, Сингапур, Япония каби ривожланган давлатларга олти ойлик ўқув курсларига юборилади.
Учинчидан, келгуси йилдан вазирлик ва ҳудудларда сунъий интеллектни жорий этиш ҳолатини баҳолайдиган рейтинг тизими ишга туширилади.
Тўртинчидан, дунёда сунъий интеллектга талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, рақобатдош бўлиш учун 3 та энг асосий масала – инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътибор янада кучайтирилади. Бу йўлда ўтган 8 йилда 300 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилди, аҳоли пунктларининг 99 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинди.
Катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш учун 7 та дата-марказ ишга туширилди.
Бешинчидан, кейинги йили соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-конь ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 цент этиб белгиланади.
Қолаверса, тармоқ ва ҳудудларда сунъий интеллект инфратузилмасига ошиб бораётган талабни қоплаш учун давлат-хусусий шериклиги йўлга қўйилади.
Олтинчидан, йил якунига қадар вазирлик ва идоралардаги 55 та, келаси йили қолган барча маълумотлар базаларини Электрон ҳукумат ягона дата-марказига ўтказиш топширилди. Бундан буён вазирлик ва идоралар маълумотларни ўз серверларида сақлашига йўл қўйилмайди.
Еттинчидан, сунъий интеллектни ривожлантириш фақат замонавий инфратузилма ва алгоритмларга эмас, балки малакали кадрларга ҳам боғлиқ.
“Бу соҳанинг асоси – математика ва информатика. Шу боис, кадрлар тайёрлашни энг аввало мактабдан бошлаш керак”, деди Президентимиз. Ушбу мақсаддан келиб чиқиб, кейинги ўқув йилидан “Информатика” фани ўқув дастурларига сунъий интеллектга оид мавзулар киритилади. Бунинг учун Массачусетс технологиялар институти билан ҳамкорликда махсус дарслик ишлаб чиқилади.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида “Бир миллион сунъий интеллект етакчиси” лойиҳаси ҳам бошланди. Лойиҳа асосида бу йил 100 минг, келаси йили камида 500 минг ёшлар ўқитилади.
Бунда энг фаол 500 нафар ёшлар – ноутбук, 100 нафар ўқитувчи – минг доллардан мукофот, иккита таълим ташкилоти электромобиль билан тақдирланади.
Бу саъй-ҳаракатлар ортида улкан мақсадлар бор. Ўзбекистон 2030 йилга бориб, сунъий интеллект бўйича “ТОП-50” та давлат қаторига киришни мақсад қилган. Шу боис, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, “Сунъий интеллект альянси” ташкил қилинади. Ушбу альянс таркибига соҳада самарали фаолият юритаётган етакчи компаниялар, хорижий экспертлар, йирик давлат корхоналари, банклар ва олийгоҳлар киритилади. Альянснинг асосий вазифалари етакчи халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва акселераторлар билан ҳамкорликни кучайтириш, ўзимиздаги дастурлар бўйича медиа-контент яратиб, халқаро ПР кампанияларни ташкил этиш, маҳаллий корхоналар ва мутахассисларнинг халқаро кўргазма, форум ва конференциялардаги иштирокини ташкил этишдан иборат бўлади.
Саккизинчидан, ўзбек тилидаги адабиётлар, маълумотлар, мақолалар, ҳисоботлар, илмий ишларнинг аксарияти рақамлашмаган, электрон шаклга ўтказилганлари ҳам ҳар хил манбаларда сақланмоқда. Вазирлар Маҳкамасига барча вазирлик ва идоралар маълумотларини электрон форматга ўтказиш графигини тасдиқлаш, Рақамли технологиялар вазирлигига сунъий интеллект миллий маданиятимиз ва қадриятларимизни ўзида ифодалай олиши учун “Ўзбек тили корпуси”ни яратиш вазифаси юклатилди.
Сунъий интеллект – келажак технологияси. Биз Учинчи Ренессансга эришишдек эзгу мақсадни ўз олдимизга қўйган эканмиз, сунъий интеллект бобида ҳам ҳеч кимдан ортда қолмаслигимиз лозим. Ренессанс – илмий уйғониш, маърифатни англаш ва шу аснода, асрларга тенг йилларни лаҳзаларда босиб ўтмоқ демакдир. Буюк мутафаккир Жалолиддин Румийнинг илҳомбахш ҳикмати бор: “Гўзал кунлар келишини кутма, унга қараб боришни унутма”. Ўзбекистондаги янги Уйғониш маърифати айни шу тамойилга асосланганини англаш барчамизга ғайрат ва шижоат бағишлайди.
Ўктам ҲАМРААЛИ
“Жадид” газетасининг 2025 йил 24 октябрдаги 43-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
826
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



