Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


01.12.2025 | 10:18

img138

ЖАЗОЛАНГАН ЖАСОРАТ

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ

Бухородаги жадид ҳаракати ҳам мураккаб ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Ўша дамларда бу кўҳна заминда ташкил этилган илк усули жадид мактаби ўқувчиларининг билимидан таъсирланган кекса зиёлилардан бири кўзига ёш олиб шундай дейди: “Мен умидворманки, ўн йилгача Бухорода инқилоб воқеъ бўлур, ватан авлоди бу куни разолат ва сафолатдан қутулур, эсизки, у кунни мен кўра олмайман, сиз ёшлар кўрасиз. Минг қатла шукурким, ишнинг бошланганини кўрдим”. Айнан шу фикрий уйғониш палласи – бир томонда ўзгармас амирлик тартиблари, иккинчи томонда эса янги билим ва адолатга ташналик – қаҳрамонимиз Ражаб Муҳаммедов ҳаёти мисолида ёрқин гавдаланади.1875 йили тоғ-конь ишчиси оиласида туғил­ган Ражаб болалигиданоқ ана шу зиддиятли муҳит ичида ўсиб-улғайди. Дастлаб Бухо­родаги бошланғич мактабда, сўнгра мадрасада саккиз йил таҳсил олди. Мадраса таълими билан баробар равишда замонавий билимларга ҳам ошно тутинди. Араб, турк ва форс тилларидан сабоқлар унга анъанавий манбаларни чуқур англаш имконини берган бўлса, рус тилини мукаммал ўрганиши давр руҳиясини, шарқ ва ғарб ўртасидаги сиёсий жараёнларни қиёсан таҳлил қилишга йўл очди. Тўплаган илм-у тажрибаси Бухорода секин-аста кучайиб бораётган ислоҳотлар моҳияти мағзини чақишга кўмак берди. Айни билимлар “тошга ўйилган нақш” каби кейинчалик унинг сиёсий фаолиятида намоён бўлди.Йирик сиёсатчи ва давлат арбоби Файзулла Хўжаев Бухоро жадидларининг Туркис­тондаги ислоҳотчилик ҳаракатидан фарқли жиҳатларига эътибор қаратиб, бундай ёзади: “Бухорода ҳаракат бошқа йўл билан борди. Бухоро жадидлиги деҳқонлар ва майда савдогарларга тушадурган солиқ оғирлиқларини енгил қилиш ҳам солиқ ишларини умумий тартибга солиш тўғрисида очилган гапдан бошлаб, тадрижий суръатда кўп аъзолар, шўбалар ва Бухоро халқи­нинг ҳар хил табақалари орасидағи ўзига хайрихоҳ омма билан бирга ҳақиқий бир яширин жамиятга айлана борди” (“Бухоро инқилобининг тарихига материаллар”. Тошкент, “Фан”, 1997. 63-бет).Кейинчалик бу ҳаракатга мактаб ва мадрасаларни ислоҳ қилиш, дунёвий фанларни ўқитишга эътиборни кучайтириш каби маърифат­парварлик ғоялари билан чиққан айрим ҳукумат амалдорлари, маҳаллий бойлар, савдогарлар, уламолар, мударрислар ва талабалар қўшилди. Улар сафида Аҳмаджон Ҳамдий, Абдувоҳид Мунзим, Ҳамидхўжа Меҳрий, Садриддин Айний, Хожа Рофеъ, Мукаммал Бурҳон, Усмонхўжа Пўлатхўжа ўғли, Атохўжа каби шахслар ва турган гапки, қаҳрамонимиз ҳам бўлган.Шу йилларда Ражаб Муҳаммедов Бухоро амирлигидаги мавжуд ҳолат:  бош­қарув­даги адолатсизлик, зўравонлик, мадра­са тизимининг замонавий илмлардан узи­либ қолаётгани ҳамда ёш-ялангнинг таълим олиш имконияти чеклангани ортидан тузум ичдан емирилиб, тобора мўртла­шиб бораётганини  бевосита кузатди. Шу боис, ислоҳотталаб зиёлилар қаторида туриб, жамиятда муаммоларни бартараф этишнинг ягона йўли сифатида маориф ва бошқарув соҳаларида амалий ўзгаришлар зарурлигини ёқлаб чиқди. Бироқ амир Саид Олимхон жадидларнинг бундай ҳаракатини хавф деб қабул қилиб, улар фаолияти қатъий назоратга олинди, уларга нисбатан турли маъмурий чекловлар қўллана бошлади. 1917 йил апрелига келиб, Бухорода жадидларга қарши қувғин бошланди. Кўплаб маърифатпарварлар каби Ражаб Муҳаммедов ҳам таъқибдан қочишга мажбур бўлди. Аввал Когон, сўнг Тошкентга борди. 1917 йилда Россиядаги инқилоб тўлқини бутун минтақани қамраган бир пайтда, Туркистон ва Бухорода ҳам сиёсий ҳаёт жадаллашди. Бухорода эски тузумга қарши чиқишлар кучайди, жадид зиёлилари янги тузум, янги давлат бошқаруви ҳақидаги ғояларни илгари суришди. Тошкентга кўчиб келган Ражаб Муҳаммедов ҳам ана шу даврда сиёсий ҳаракат майдонига кирди….1920 йилнинг сентябрь ойида Озарбайжон пойтахти Бокуда Шарқ халқларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтади. Бу тарихий йиғинда 3 мингдан ортиқ вакил, жумладан, Туркистондан Мунаввар қори Абдурашидхонов, Ҳожи Сафо Жўрабоев, Турор Рисқулов, Қудратилло Юнусий, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Обиджон Маҳмудов, Бухоро жадидлари номидан Ражаб Муҳаммедов иштирок этади. Бу қатнашув қаҳрамонимиз номини минтақавий сиёсий майдонда танитишга хизмат қилади.Қурултой даврида турк генерали Анвар пошо билан учрашиб, советларга қарши истиқлол ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, қўрбошилар билан бирлашиш кераклиги ҳақида суҳбат боради. Тергов ҳужжатларига кўра, Ражаб Муҳаммедов 1920 йилда Бокуда ўтказилган йиғилишда муҳокама этилган асосий масала – Анвар Пошони Шарқ халқлари қурултойига қатнашувчилар қаторига қўйиш ё қўймаслик юзасидан Муҳаммедов ҳайъат таркиби аъзоси сифатида Анвар Пошони қурултойда қатнаштириш тарафдори эканини билдиради.1920 йил кузида амир Саид Олимхон ҳоки­мияти ағдарилиб, ўрнида Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР) ташкил этилади. Янги республика тузилгач, Ражаб Муҳаммедов давлат бошқарув тизимида иш бошлайди. У ҳукумат делегацияси аъзоси сифатида РСФСР билан бўлиб ўтган илк музокараларда қатнашади. 1921 йил 4 мартда тузилган “Иттифоқ шартномаси” ҳамда қўшма иқтисодий келишувни Бухоро номидан имзолаган вакиллардан бири бўлади. Ҳужжатда унинг исми жадид ҳаракати етакчилари­дан Мирзо Муҳитдин Мансуров ва Раҳмат Рафиқ Абдуллабеков қаторида қайд этилган. Бу эса Ражаб Муҳаммедовнинг Бухоро совет раҳбарияти таркибида юқори лавозимда бўлганидан далолатдир. Шу йили у БХСРнинг ташқи ишлар ва савдо бўйича вакили сифатида иш юритади. Унинг шахсий ташаббуси билан Бухоро ва Россия ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар кенга­йиб, дипломатик ҳамкорлик асослари кучая­ди.1921 йил ноябрида у махсус топшириқ билан Туркияга йўл олади. Кейинчалик тергов ҳужжатларида бу ҳақда у: “Ўшанда қўлимга бир пакет топширилган, бу ҳужжатнинг мазмуни менга маълум эмас эди. Шунда менга иккита шамшир, Қуръони Карим ва 3000 дона олтин танга ҳам берилган эди”, деб маълумот беради.“Туркияда мен Камол Пошо билан уч марта учрашдим, – дейди у. – Ўша пайтда жаноби олийлари мени саволга тутди, мен эса унга БХСР ва РСФСР ўртасидаги муносабатлар, БХСР фаолияти, ташкилотлар ва муассасалар тузилиши ҳақида гапириб бердим. Аммо большевикларга қарши кураш масаласига у ҳам, мен ҳам тўхталмадик. Пакетдаги ҳужжатни Туркия ташқи ишлар вазирлигига топширдим. 3000 дона олтин танга эса Туркиядаги бухоролик талабалар харажатлари учун берилди”.Сафар давомида Ражаб Муҳаммедов Туркияда қарийб саккиз ой яшайди. Бу вақт мобайнида мамлакатда юзага келаётган уйғониш кайфияти, маориф ишларини яқиндан кузатади. Турк зиёлиларининг янги усулда таълим бериш, жамиятда фаолликни кучайтириш ва тараққийга интилишлари унда катта таассурот қолдиради. 1922 йил охирида Бухорога қайтади. Йўл-йўлакай Ботумида РСФСР вакили билан учрашиб, Бухородаги вазият, хусусан, Анвар Пошо раҳбарлигидаги исён ҳақида хабар топади. Шу сабабли, у турк консулини Ботумида қолдириб, Бухорога ёлғиз қайтади. 1923 йил бошида Ражаб Муҳаммедов БХСР трибунали раиси ўринбосари сифатида иш бошлайди. Унинг фаолияти бу йилларда асосан давлат маъмурияти ва суд тизими билан боғлиқ бўлди. Тергов материалларида қайд этилишича, ўша  йили Бухоро Халқ Совет Республикаси қурултойида Ражаб Муҳаммедов республика номидан РСФСР вакили Позднишевга Ленин портретини тантанали тарзда топширар экан, унга “Бухорода қимматли нарсалар қолмагани, яъни олтин ва бриллиантлар Москвага олиб кетилганини, энди Ленин ва ленинизмдан бошқа ҳеч нарса қолмаганини” қистириб ўтади. Кейинчалик ушбу ҳолат ҳам тергов жараёнида кўтарилар экан, қаҳрамонимиз жавоби шундай бўлади: “Балки мен бу билан нотўғри иш қилгандирман, чунки ўшанда сиёсий жиҳатдан етарли даражада ривожланмаган эдим”. Аслида-чи? Бу манзара, айбни гўё “сиёсий тажриба етишмаслигига йўйиш” қаҳрамонимизнинг сиёсат оламида ақли расо экани, вазиятни баҳолаш қобилияти ва хатарли шароитда ҳам фикрни билвосита етказа олиш маҳоратини очиқлайди. Шу тариқа, 1921–1923 йиллар Ражаб Муҳаммедов ҳаётида сиёсий фаолиятнинг энг сермазмун, шу билан бирга, энг хатарли даври бўлиб қолди. Чунки кейинчалик тергов жараёнларида унинг айни шу йиллардаги жасоратлари сўроққа тортилди. 1923 йилдан кейин Бухоро Халқ Совет Республикасида сиёсий ҳаёт янги босқичга ўтди. Республика расман совет тизимига кириб, Москвага тобе бўлган марказлашган бошқарув тизими шаклланди. Бир пайтлар мустақил йўл излаган ва миллий ислоҳот ғояларини илгари сурган жадидлар энди сиқувга олина бошлади. Ражаб Муҳаммедов ҳам ўша йиллардаги сиёсий жараёнлар гирдобида қолди. Янги тузум ўрнатилиши билан мафкуравий назорат кескин кучайиб, маҳаллий кадрларга ишонч озайди. Муҳаммедовнинг кескин фикр бил­ди­риш одати, сиёсий масалаларга эҳтиёткор, аммо мустақил ёндашуви расмий доираларда шубҳа уйғота бошлади. Шу билан бирга, унинг Туркия сафари чоғида Мустафо Камол Отатурк билан учрашгани, Бокунинг Шарқ халқлари қурултойида қатнашгани ва у ерда билдирган мулоҳазалари, Анвар пошони ҳимоя қилиб чиққани ҳам кейинчалик “ишончсизлик” сифатида тилга олиниб, тергов органлари томонидан шубҳали ҳолатлар қаторига қўшиб қўйилди. 1920 йилларнинг охирига келиб бутун иттифоқ бўйлаб “миллатчилик” ва “пантуркизм” айбловлари билан зиёлилар таъқиб этила бош­лади. Бухоро ва Туркистон жадидларига ҳам навбат етди. Қаттол сиёсий муҳитда Ражаб Муҳаммедов ҳам “миллатчи ва аксилинқилобчи” деган тамға билан ўн йиллар кузатув остида яшашга мажбур бўлди. 1937-йил 9-январь куни у расман ҳибсга олинди. Айблов хулосасида унинг “Миллий иттиҳод” номли махфий ташкилотга аъзо экани, Туркияда Мустафо Камол Отатурк билан “болшевизмга қарши келишув” тузгани ва “миллатчилик ғояларини тарғиб қилгани” қайд этилган эди. 1937-йил баҳорида Ражаб Муҳаммедов озодлик сўраб, Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари ва прокурорига ариза ёзади: “Мени асоссиз қарорлар асосида уч ярим ойдан бери Бухоро ва Тошкент қамоқхоналарида тутиб турдилар. 23-апрелдан буён очлик эълон қилишга мажбур бўлдим. Шу аризани олишингиз билан мен тўғримда Файзулла Хўжаев, Йўлдош Охунбобоев, Канабиев ва Москвадаги Паскутский ўртоқлардан сўраб, эски инқилобчилардан бири қолсин дегансиз… Яхши диққат билан ўзингиз менга баҳо беришингизни қатъий сўрайман”. Афсуски, бу илтимос инобатга олинмади. Ражаб Муҳаммедов 1937-йил 17-августда отувга ҳукм қилиниб, ҳукм 26-август куни ижро этилди. Ражаб Муҳаммедов миллат озодлигини орзу қилиб ўтди. Нажотни таълимда кўрди. Маърифат халқни қутқаради, деб ишонди. Шу аъмолидан чекинмади, асло ортга қайтмади. Ўз юрти эркинлиги, фаровон келажак учун қайғурди. Неки жасорати бўлса, бари мана шу орзуларга пайваста эди. Мана шу садоқат уни миллий уйғониш тарихида ўчмас из қолдирган шахсга айлантирди.

Жадид” газетасининг 2025-йил 21-ноябрдаги 47-сони


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img830

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img823

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img858