05.12.2025 | 09:37
111
ОЙДИНЛАР
Тўғриси, кўпчилик “жадид ҳаракати” деганда, саноқли намояндаларни тушунади. Гўёки, жадидлар фақат катта шаҳарларда яшаб фаолият юритган, вақтли нашрлар ташкил қилиб, мактаблар очиб, узоқ қишлоқларга уларнинг қадами… йўқ, ҳатто хабари ҳам етмаган. Бу фикрнинг шаклланишида собиқ совет мафкурасининг ҳиссаси катта. Ўша давр қиёфаси тасвирланган турли жанрдаги асарларда жадидлар ҳақида нохолис маълумотлар келтирилади, “буржуазия вакиллари”, “бир ҳовуч мафкураси бузуқ кимсалар”, “пантуркчилик ғояси тарғиботчилари” каби камситувчи айбловларга урғу берилади.

Хўш, аслида, Туркистон заминида ўтган аср бошларида пайдо бўлиб, қисқа фурсатда сиёсий куч даражасига етган, умри чорак аср билан чекланган бўлса-да, мустамлака занжири ва эски ақидалар таъсирида қолган халқни уйғотиш, уларнинг зеҳниятига ҳур фикрларни сингдиришни олий мақсад қилган жадидлар ҳаракатининг миқёси қай даражада эди?
…Хива хонлигининг Боғот беклиги марказида истиқомат қилган тўрт оға-инининг тўнғичи Рийимбой ака деҳқончилик билан рўзғорини боққан. Яна бир иниси Матсафо ҳудуддаги “Тримчи кўл” бўйида деҳқончилик қилиш қаторида балиқчилик билан ҳам шуғулланган. Кенжа ўғил Худойберган бозорда қовун олиб-сотган.
Оға-иниларнинг иккинчиси Каримбой ака мактаб-мадраса кўрган, Оренбурггача бориб савдогарлик қилган. У ҳали мадрасада ўқиб юрган вақтларида жадидлар ҳаракати билан қизиққан, сўнг савдогарликдан топган даромади ҳисобидан Боғот беклигида илк хусусий мактаб очган. У янги мактабдорлар бирин-кетин қамалаётганини кўргач, ярим тунда бола-чақасини олиб, мусофирлик йўлини тутади. Унинг авлодлари ҳозир Туркманистоннинг Мари шаҳрида яшайди…
Боғотлик етмиш беш яшар Қаландар бува Матсафоев бир воқеани ҳикоя қилади: “Бир куни мактабдан қайтаётганимда, Матлатиф бува билан Машариф бува жанжаллашиб тургани устидан чиқдим. Жанжалга сабаб: Машариф бува ўз отизига сув очган, Матлатиф бува эса сувни ўз отизига йўналтирган. Жанжал ёқа бўғишгача борди. Матлатиф бува гавдали одам эди, Машариф буванинг ёқасидан олиб, оёғини ердан кўтарди. Шунда Машариф бува лаҳза ичида ўзини ерпарчин қиламан деб турган рақибига кескин зарба берди. Матлатиф бува орқаси билан йиқилди. Мен мактабда бокс тўгарагига қатнардим. Машариф бува рақибини йиқитиш учун қайси усулни ишлатганини билай, деб бордим. Машариф бува саволимга кулиб жавоб берди: “Мадрасада ўқиган вақтимизда жадидларга қўшилганмиз. 1937 йилда шу сабаб билан беш йилга қамашди. Қамоқда бир зиёли инсон менга бокс сирларини ўргатган”. Машариф бува қамоқдан сўнг Чоржўй, Мари шаҳарларида яшаб, кексайган вақтида юртга қайтганди”.
Қишлоғимизда узоқ йиллар имомлик қилган Абдулла махсум бува хонликнинг охирги даврида Хива мадрасасига ўқишга кирган, аммо мадрасалар ёпилиб, таълимни тўлиқ ололмаган. У киши колхозлаштириш даврида бир муддат бригадирлик ҳам қилган. Махсум бува салкам тўқсон ёшида боқий дунёга кетди. Вафотидан сўнг невараси бувасидан қолган бир китобни кўрсатди. Бир аср илгари Туркияда чоп қилинган китобда турк пошоларининг суратлари акс этганди.
Мулла бува билан гурунгларимиздан бирида мадрасада ўқиган даврида жадид ҳаракатига қўшилган-қўшилмагани ҳақида сўраганимда, у киши: “Ўн еттинчи йилда Хивада жадидлар кўп эди. Улар мадрасада сабоқ берар, чекка қишлоқдан келган биз каби толибларни моддий қўллашарди. Лекин партияники каби жадидлар ҳаракатига аъзо бўлганинг учун гувоҳнома беришмасди”, деб жавоб бергани эсимда. Сандиғида сақлаб келган китоблари орасида айнан жадидлар тарғиб қилган китоблар бўлгани унинг маънан жадидликни қўллаганини исботлайди.
1914 йилнинг августида ташкил топган “Ёш хиваликлар” ҳам айнан жадид ҳаракатининг ҳосиласи ҳисобланади. Хонликда жадидлик бошида шахсан вазири акбар Исломхўжа тургани ҳаракатнинг кўлами ва аҳамиятини билдиради. Хонликда катта таъсир доирасига эга мулозимнинг жадидларга бош қўшгани юзлаб, минглаб ёшлар, айниқса, толибларни руҳлантиргани, шубҳасиз. Ўз даврида тақрибан олти юз минг адад аҳоли яшаган хонликда ўттизга яқин беклик мавжуд бўлса, “Ёш хиваликлар” етакчилари тузган Хоразм Халқ Совет Республикасида ҳудуд 22 та туманга бўлинган.
1920 йилда Қўшкўпир беклигининг Хайриобод қишлоғида илк мактаб очилади. Бу мактабни Аҳмад афанди ташкил қилганди. У қишлоқнинг иқтидорли ёшларини танлаб, уларга билим бера бошлайди. Турмуш ўртоғи Ёқут муаллима кейинроқ қизлар учун алоҳида мактаб очади. Жадид ҳаракатига қўшилиб, чекка қишлоқда илк бора янгича мактаб очган эр-хотин қатағонга учраган. Улар таълим берган ёшлар эса, кейинчалик олий ўқув юртларида ўқиб, турли лавозимларда ишлаб, эзгу ишлари билан ўзларидан яхши хотиралар қолдирган.
Юқорида мисол тариқасида келтирилган Боғот ва Қўшкўпир туманлари ҳудуд жиҳатдан кичик ва чекка туманлар ҳисобланган. Шу ерларда жадид ҳаракатига қўшилган, унга эргашганлар сони шу қадар кўп бўлган экан, ўз даври ўлчамларида нисбатан йирик ҳисобланган Хива, Янги Урганч, Ҳазорасп, Хонқа ва бошқа шаҳарларда жадидлар ва уларни қўллаган фуқаролар қанча бўлганини тасаввур қилинг! Зеро, бу шаҳар ва кентларда кўплаб мадрасалар, янги жадид мактаблари фаолият юритган.
Бошқа вилоятлардан фарқли равишда, хоразмлик жадидлар вақтли нашрлар чоп қилмаган, ўз ғояларини амалий фаолиятлари орқали тарғиб қилган. Ҳали ахборот воситалари кам ва ҳатто мавжуд бўлмаган шароитда жадид ҳаракати қисқа муддатда кенг ёйилгани ва энг олис қишлоқларгача етиб борганига сабаб нима? Буни жадидлар илгари сурган ғоя-мақсадларнинг оддий халқ орзуси ва руҳиятига тўла мос тушгани билан изоҳлаш мумкин.
Бир тарафда Чор Русияси марказий шаҳарларида пайдо бўлган янгича фирқа ва шўбалар – социал демократлар, эсерлар ва большевиклар Туркистонга кўчирма қилиниб, улар ўз вақтли нашрларини яширин ёки ошкора чоп қилиб, халқ орасида тарқатишга зўр берган, бу нашрларда жадидларга қарши ёппасига кураш эълон қилинган бир шароитда, қўлида маблағи озлигидан нашрлари ночор қолган, ҳукумат томонидан қўлланмаган, аксинча, таъқиб остига олинган жадид ҳаракати ўз таъсир доирасини кенгайтира олганига қойил қолиш керак.
Жадидларнинг бутун фаолияти контрреволюцион характерга эга эди. 1906 йилдаёқ жадидларнинг раҳбарларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Биз мусулмонлар учун бу партияга кириш (РСДРП) жуда катта зарар келтиради”, деб ёзган эди.
Энди 1957 йилда чоп қилинган “Ўзбекистон ССР тарихи” иккинчи китобининг “Ижтимоий-сиёсий фикр ва адабиёт” бўлимидан олинган қуйидаги иқтибосларга эътибор қилинг:
“Ўрта Осиёнинг маҳаллий аҳолиси ўртасида марксистик фалсафанинг таъсирини камайтириш мақсадида Беҳбудий идеалистик фалсафанинг “энг янги муваффақиятларини”, яъни неокантчилик, гегелчилик ва махизмни тарғиб қилди. Шунинг учун ҳам жадидларнинг агностицизм тарафдорлари бўлганлари тасодифий эмас”.
“Жадидлар янги усулдаги мактаблар, вақтли матбуот ва адабий тўгараклар (баёзлар) ёрдамида ўз буржуа идеологиясини зўр бериб ёйишга уриндилар. Бунда улар, албатта, оддий меҳнаткаш халққа мурожаат қилиб, “ватан ҳақида”, “мусулмонлар маданиятининг қолоқлиги ҳақида”, “Туркистонда яшовчи ҳамма аҳолининг манфаатлари умумий эканлиги” ва ҳоказолар ҳақида гап сотдилар”.
“Жадидларнинг ҳамма ҳаракатлари бир мақсадга: меҳнаткашлар онгини заҳарлашга, ишчи ва деҳқонларнинг синфий онгини кучсизлантиришга, уларнинг озодлик ҳаракатини бўғишга қаратилган эди”.
“Ўн тўққизинчи асрнинг охири ва йигирманчи аср бошларида Ўзбекистонда клерикал ва буржуа-миллатчилик руҳидаги жадид оқимига қарама-қарши ўлароқ прогрессив-ижтимоий фикр тараққий эта бошлади – илмий социализм ғоялари тарқала бошлади”.
Кўриниб турибдики, ўша даврда бошқа фирқа ва сиёсий кучлар жадид ҳаракатини обрўсизлантиришга, уларни одамларга “олабўжи” қилиб кўрсатишга уринган. Қоралаш жараёни ҳаракат тугатилиб, жадидлар қатағон қилингач ҳам давом этган, сохта айбловлар тарих дарсликларига киритилган. Аммо қатағонлардан омон чиққан Машариф, Абдулла бувалар ҳали ўсмир ёшида шуурига ўрнашган жадидларнинг эзгу ғояларини умри охиригача кафтдаги чўг‘ каби асрашган.
Ватан, озодлик, илм-маърифат тушунчалари эгизак каби ёнма-ён келади. Илм-маърифатли инсон дунёни танийди, зеҳниятига Ватан ва озодлик тушунчалари бир умрга ўрнашади. Эътиборлиси, мактаб-у мадрасада шарқона таълим олган, жадид қарашлари билан онги суғорилган, уларга эргашган оддий инсонлар ёвуз ниятли тузум ёпиштирган “клерикал”, “гегелчилик”, “буржуа миллатчилик”, “неокантчилик”, “махизм”… ва яна алламбало атамалар нималиги билан қизиқмай дунёдан кечишди. Улар учун Ватан ва озодлик тушунчалари таниш ва азиз, илм-маърифатга интилиш аждодларидан мерос қолганди.
Бир аср илгари жадид ҳаракати қанчалик кенг ёйилиб, юртимизнинг энг олис ҳудудларига қадар кириб боргани, сафлари кун саин ўсганининг тарихий ва илмий асослари шу оддий мисолларда ҳам яққол кўринади.
Рўзимбой ҲАСАН
“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
827
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
820
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
855



