05.01.2026 | 14:51
460
БЕҲБУДИЙНИНГ ЯНГИ КУТУБХОНАСИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1908 йили Самарқандда “Беҳбудия” номли мутолаахона очади. Унда Ҳожи Муин, Саидаҳмад Васлий Самарқандий ва Абдуқодир Шакурий сингари илғор қарашли маслакдошлар фаолият олиб боради. Бу маскан халқ тафаккурини янгилаш, илм ва маърифат орқали жамиятни ўзгартириш йўлидаги яна бир муҳим қадам эди. Кутубхона фонди бугунги кун талабига кўра ҳам беназир эди, у ерда нодир ва янги китоблар, журналлар, газеталар, энциклопедиялар, луғатлар, хариталар жамланганди. Афсуски, зулм ва жаҳолат бандалари “Беҳбудия”га чанг солди…

Не бахтки, “узилган бир киприк абад йўқолмас” экан, бугун маърифатпарвар бобомизнинг кутубхонаси қайта очилди. Фақат янги шаклда, замонга ҳамнафас ҳолатда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Мутолаа” иловаси ёш ижодкорлар ва ай-ти мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Бу ташаббус мамлакатда электрон ва аудиокитоблар орқали китобхонликни замонавий форматда ривожлантириш, ёшлар ўртасида ўқишга бўлган қизиқишни ошириш, миллий ва жаҳон адабиёти дурноналарини кенг оммага тақдим этишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
“Мутолаа” мобил иловаси ҳозиргача 3,5 миллион мартадан зиёд юклаб олинган. Ўқилаётган китоблар сони эса 12 миллиондан ошди. Ёшлар ишлари агентлиги, “Халқ банки” ва Республика ёш ижодкорлар кенгаши ҳамкорлигида йўлга қўйилган “Мутолаа” лойиҳаси ўзбек тилидаги китобларни бир жойда тўплаб, ҳамма учун бепул ёки арзон нархларда фойдаланиш имконини беради.
Лойиҳа доирасида аудио ва электрон китоблардан ташқари, болалар адабиёти, ай-ти дастурлар, сунъий интеллект, иллюстрация, медиа, китоб-кино ҳамда таржима асарлари каби йўналишларда 150 нафарга яқин мутахассис фаолият олиб бормоқда.
Шунингдек, ўзбек адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш ва жаҳон бўйлаб кенг тарғиб этиш мақсадида Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма”, Саъдулло Қуроновнинг “Галактикада бир кун” каби асарлари чет эллик моҳир таржимонларга топшириляпти.
Болалар адабиёти “Мутолаа”нинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Лойиҳа қошида ёш ижодкорлар мактаби ташкил этилган бўлиб, унда ҳаваскорлар томонидан “Илдиз” тўплами яратилди. Асосий мақсад, улуғ аждодларимизнинг болалик сиймосини ёрқин ва таъсирли шаклда намоён қилишдир. Ҳозирда тўпламдан ўнта расмли китоб жой олган. Яқин йилларда лойиҳа доирасида иллюстраторларни иш билан таъминлаш дастури йўлга қўйилиб, кўплаб ёш рассомларни қамраб олиш ва уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантириш режалаштирилган.
Кундалик ҳаётда фильм ва сериаллар анонсини кўришга ўрганиб қолганмиз, аммо китобнинг тизери қандай бўлади? Тиниб-тинчимаган одамлар янгича ва қизиқарли жанр – “Китоб-кино”ни яратишди. Унда муайян асар асосида ҳужжатли фильмлар тайёрланади. Ҳар йили ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидаги энг яхши ҳикоялар, романлар асосида 10-15 та фильм олинади. Ҳозиргача “Кичкина шаҳзода”, “Чол ва денгиз”, “Унсин”, “Пуанкаре”, “Қўрқма” каби фильмлар яратилди ва улар YouTube платформасига жойлаштирилди.
Шу кунга қадар мингдан ортиқ асар илк бор сифатли форматда овозлаштирилди. Бундай кўрсаткич ва натижадорлик ҳозиргача аудиокитоблар соҳасида кузатилмаган. Улар 30 дан ортиқ профессионал дубляж актёрлари, Ўзбекистон халқ артистлари томонидан энг замонавий студияларда яратилган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим вазифаси – юртимизда ноширлик фаолиятини ривожлантириш, муаллифларнинг нуфузини ошириш ва ҳуқуқларини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда ишга туширилган “Мутолаа Premium” платформаси ноширлар ва муаллифларга ўз китобларини сотиш ҳамда даромад кўриш имкониятини тақдим этади. Айни вақтда етакчи нашриётлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик шартномалари тузилган ва ушбу нашриётларнинг барча китоблари иловага жойланган.
Яқинда “Мутолаа” лойиҳаси билан ҳамкорлик қилиш учун муаллифлар ва уларнинг асарларига қўйиладиган талаблар эълон қилинди. Аҳамиятлиси шундаки, эндиликда республика адабий-бадиий газета-журналларида эълон қилинган асарлар ҳам ушбу иловага жойлаштирилиши мумкин.
Ҳозирда қарийб 30 минг фойдаланувчи “Мутолаа Premium” хизматидан харид тариқасида фойдаланиб келмоқда. Яқин йилларда 4 миллион китобхонни қамраб олиш ва фойдаланувчилар сонини 50 мингдан оширишни режалаштиряпмиз.
Лойиҳа адабий жараённи ривожлантириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маданий тадбирларни ҳам ташкил қилади. Хусусан, ҳар ойда бир марта ташкил этиладиган “Шеърият кечаси” ёшлар орасида оммалашиб, ёш ижодкорларни рағбатлантириб келмоқда.
Ҳозирги кунда 7та овоз ёзиш студиясида 20га яқин тажрибали актёр ва сухандонлар иштирокида бир ой давомида беш юз соатдан ортиқ аудиокитоб тайёрланяпти. Илова ҳам Android, ҳам iOS платформаларида ишлайди, бу эса унинг кенг аудитория учун ҳамда ҳар бир мобил қурилмада осон ва қулай фойдаланиш имконини таъминлайди.
2025 йил 22 декабрь ҳолатига кўра, иловада 1 895 та аудиокитоб ва 2 513 та электрон китоб мавжуд. Маълумотларга кўра, бир йил давомида Андижон, Тошкент ва Жиззах вилояти ёшлари “Мутолаа”дан энг кўп фойдаланган. Бу кўрсаткичлар “Мутолаа”нинг ёшларни китоб ўқишга рағбатлантиришдаги самарали ва замонавий платформа эканини тасдиқлайди.
Ҳар бир кичик ва улкан муваффақиятда аҳил-иноқ жамоамиз аъзолари – бош муҳаррир Саъдулло Қуронов, муҳаррир Жавлон Жовлиев, электрон китоблар бўлими бошлиғи Ориф Толиб, ай-ти жамоаси раҳбари Асилбек Халилов, лойиҳа менежери Ҳурлиман Жумамурадова, медиа жамоа раҳбари Жасурбек Анваров, аудиокитоблар бўлими бошлиғи Шоҳсанам Холбоева, график дизайнер Ҳусанжон Жўрабоев ҳамда видео оператор Юсуф Рустамовнинг ҳиссаси катта.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳар гал кўришганимизда:
“Токи ўзбекистонлик болалар учун китоб ўқиш нафас олишдек заруратга айланмагунча биз меҳнат қилаверамиз. Бу иш бизнинг гарданимизга тушган, бу – катта вазифа. Уни уддалаш бизга масъулият ва шараф!” дейди.
“Мутолаа” – Беҳбудий асос солган маърифат мактабининг рақамли даврдаги давомидир. Демак, қутлуғ анъана янги шаклда давом этаётир.
Сирожиддин ОЛИМОВ,
“Мутолаа” лойиҳаси раҳбари
“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
859



