Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


13.01.2026 | 10:06

img380

ОҚИБ КЕТМАГАН АРМОНЛАР

1937 йил 19 октябрь. Муҳаммад ҳожи Тўрткўл бозоридан беш дона гурвак олиб қайтди. Бола-чақага майдагина қовунлар урвоқ ҳам бўлмади. Катта невараси Шарифа “Бува, яна қовун ейман”, деб мўлтираб турибди. У яна бозорга отланди. Кампирининг кўнгли чопмади: “Кейинги бозор борарсиз, ҳозир олти чақирим йўл босиб ҳориб келдингиз”, деди. Шарифа икки яшар укаси Абдулла билан буваси қумлик оралаб ўтган йўлда кўринмай кетгунча ортидан қараб қолди…

Шу кетганича Муҳаммад ҳожи уйга қайтмади. Уни НКВД ходимлари қум барханлари орасида пойлаб турган экан. Излаб ортидан борган амакиси ва фарзандлари бувани бир кун Хонқада, сўнг яна бир кун Урганчда сақлаб, Тошкентга олиб кетишгани хабарини эшитишди, холос.
Бу кунларни Шарифа момо шундай эслaрди: “Бувамизни “халқ душмани” деб қамашгач, биз ҳатто шарпадан ҳам қўрқадиган бўлиб қолдик. Бувам ҳақида уйда шивирлаб гаплашардик. Аввалига, бола эмасмизми, бувам нега келмайди, деб сўраганимизда, “Тўрткўл бозорида қовун қолмаган экан, сизларга ваъда қилгани учун қовун излаб Урганчга кетибди. Қовун топса, келиб қолар”, деб алдашган. Мен-ку, сал эсини таниганман, аммо икки ёшидан энди хатлаган Абдулла укам “Бувам қачон қовун опкелади?” деб йиғларди. Шундай замонларни кўрдик, болам”.

Кеч куз кунида невараларини қувонтирaй деб бозорга кетиб, қайтиб келмаган инсон ким эди?


Муҳаммад ҳожи Аминаддин ўғли чор ҳукумати Хива хонлигини босиб олган йили айни баҳорда Тўрткўл яқинидаги Шўрохон мавзесида туғилган. Отаси бекилик ҳокими эди. Муҳаммад эски мактаб, Шерғозихон мадрасаси ва рус-тузем мактабида таълим олганди. 1892–1896 йилларда Франциянинг Тулуза шаҳридаги сув хўжалиги коллежида ўқиб, амалиётни Истанбулда ўтказганди.

Ҳали йигирмага тўлмаган йигит таҳсил билан бирга, араб, форс, рус, француз, турк тилларини мукаммал ўрганади. Ватанга қайтгач, бир муддат Тўрткўлдаги Амударё флотилияси учун кема дарғаларини тайёрлаш курсига бошчилик қилади. 1900–1918 йилларда хонликнинг Хонқа беклиги ҳокими, 1913–1918 йилларда бир вақтнинг ўзида хонлик бош мироби, 1918 йилда Хоразм Халқ Республикасида зироат (қишлоқ хўжалиги) нозири вазифаларида ишлайди. Кейинчалик “Ўрта Осиё сув қурилиши” идорасида бош муҳандислик қилади. 1937 йилнинг 19 октябрида ҳибсга олиниб, “учлик” томонидан ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Унинг тақдирига Сибирда жaзо муддатини ўташ ёзилмаган экан – 1938 йилнинг 27 февралида Зангиотадаги “Тўясарой” қамоқхонасида ҳалок бўлади.

Олти тилни мукаммал билган Муҳаммад ҳожи ҳақида ўша йилларда Туркистонга келган хорижлик олимлар эсдаликларида ёзиб қолдирган. Рус олими Ликошин, Берлин университети профессори Зигмайер Хонқа ҳокими бўлиб ишлаётган ўттиз яшар Муҳаммад ҳожи уйида катта кутубхона ташкил қилгани, у ерда “Таржимон” ва бошқа вақтли нашрларнинг тахламлари сақланаётгани, ўзи ҳоким бўлган бекиликда бир қанча мактаблар очгани, завод ва фабрикалар қурдиргани ҳақида ёзиб қолдирган. Чекка бир бекиликда ҳоким бўлган, эгнида униққан қора тўн кийган йигитнинг дунё сиёсатидаги хабардорлиги меҳмонлар ҳайратига сабаб бўлган.


Яна Шарифа момо хотираларига қайтамиз: “Урушдан олдинги йили ярим кечаси бухоролик бир одам бизникини йўқлаб келиб, “Муҳаммад ҳожи билан Зангиотада қамоқда бирга ётдик. У киши ўпкаси шамоллаб, соғлиғини йўқотганди. 1939 йил қиш оёғида омонатини топширди. Ҳибсхонада жанозасини ўқидик”, деб анчагина гапларни айтган. Ўша одам тонг қоронғисида қайтиб кетган. Отам: “Бу киши НКВД айғоқчиси бўлиши мумкин. Синаш учун келгандир”, деб аёлларга аза очишга рухсат бермаган. Уруш йилларида Хонқанинг Мадир қишлоғидан бир хўжа одам келиб, бувам билан бирга Тўясаройда тутқунда ётгани ва вафоти тафсилотларини айтиб, бувамнинг васиятларини етказгач, икки момом ва онам аза очди. Шундайам “халқ душмани”га аза очди” деган айблов бўлмаслиги учун урушда ҳалок бўлгани ҳақида қорахат келган амакимнинг ўғлини баҳона қилишган маъракага. Замон шунақа ёмон эди”.

Ҳатто қамоқда, сургунда бевақт жон таслим қилган инсонларга аза очиш тақиқланганини қандай изоҳлаш мумкин? Буни зулм салтанати деймизми, қўрқув салтанатими? Билмадик.

“Э, болам, мени гапиртирма. “Отам “халқ душмани”, ундан воз кечдим”, деб бир варақ ёзиб бер, деб отамни анча қистовга олишган. Отам ўша вақтда пахта тозалаш заводида ишларди. Рози бўлмагaч, ишдан бўшатиш билан қўрқитишган. Ишдан бўшаса бир этаг болалари кўчада қолишини билса-да, рози бўлмаган…

1956 йили Султон амаким номига бир энлик хат келган. Бобом ноҳақ айблангани, энди тўла оқлангани ёзилган варақ кейинчалик момом ва онамнинг кўз ёшларидан титилиб кетган. Ўша хатни мен ўқиб бергандим. Устига қандайдир муҳр босилган хат қўрқинчли эди, почтачи келтириб берганида, амакимнинг тили калимага келмай қолган.

Олтмишинчи йилларда отам ва жигарлари Зангиотага бориб, бувам дафн қилинган қабристонни зиёрат қилиб қайтишди. Юрт мустақил бўлгач, эмин-эркин бобомни хотирлайдиган, номларини қўрқмай-нетмай айтадиган, қаддимизни кўтариб юрадиган бўлдик”.


Шарифа момо давр тақозоси туфайли бор-йўғи учинчи синфни битказади. Лекин Муҳаммад ҳожи икки яшар невараси Абдуллани “Бу ўғлим ҳали вазир бўлади”, деб эркалаганида, фаришталар омин деган экан. Абдулла Худойберганов дастлаб беш йил Қорақалпоғистон, кейин беш йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлади, илмий изланишлар олиб бориб, фан доктори, профессор даражасига етди.

Яна икки набираси – Отаулла ва Ҳабибулла тақдирига ҳам вазир бўлиш ёзилади. Яна бир набираси Неъматулла Худойберганов истиқлол замонасида Қуйи Амударё минтақасида салкам йигирма йил ҳоким бўлди. Умуман, ҳозиргача жадид Муҳаммад ҳожи авлодлари орасидан олти нафар вазир, ўн нафарга яқин фан доктори етишиб чиққани тақдирнинг инъоми – уларнинг жисмида жадид бобоси қони оқаётгани ва катта набира Шарифа момонинг укалари илм олишлари учун жон фидо қилгани натижасидир.

Қарангки, оғир замонларда узоқ Европа­да таҳсил олиш тақдирига ёзилган Муҳаммад ҳожининг чеваралари истиқлол замонида АҚШ ва Европанинг нуфузли университетларида ўқиш бахтига эришди.

Шарифа момо билан суҳбатларимиз адоғига етмагандек, ҳали сўрайдиган нарсалар кўпдек эди. Аммо дунё омонат экан – янги йил кириб келишидан бирор ҳафта қолганида Шарифа момо 97 ёшида омонатини топширди…

Хоразмлик жадид авлоди бўлган, бола боши билан ўша инсондан ҳаётнинг илк сабоғини олган ва буни авлодларига мерос қолдирган табаррук момо ҳам тарихга айланди.

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2026 йил 1 январдаги 1-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img829

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img822

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img857