04.11.2025 | 10:10
141
“ЎЗИМГА ЯҚИНЛАШЯПМАН”
ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, адабиётшунос ва шоир Абдусаттор ЖУМАНАЗАР

– Ҳурматли Абдусаттор ака, аввало, сизда илмга, ижодга рағбат уйғотган оилавий муҳит ҳақида гапириб берсангиз. Биламан, оилада тўққиз фарзанд улғайган бўлса, уларнинг беш нафари ижод билан шуғулланиб келади. Акангиз Йўлдошбек Кенжанинг марказий нашрларда эълон қилинган таъсирчан мақола ва эсселарини кўпчилик яхши билади. Шахсан ўзим укангиз Тўрақобил аканинг романтик шеърларини севиб ўқийман. Яна бир укангиз Сирожиддин ҳам фидойи тарихчилардан, давра суҳбатларига ғаройиб руҳ олиб киради, ёзиб ҳам туради. Синглингиз Рисолат муаллиманинг китоби, бир қанча мақолалари чоп этилган, сўнгги вақтларда “Ватанпарвар” газетаси ва “Қалқон” журнали билан фаол ижодий ҳамкорлик қилиб келаётганидан хабарим бор. Бунда, албатта, оила – бобо-момолар, ота-она тарбияси, сўнгра мактаб таълимининг таъсири бўлса керак?
– Бобо-момолар, ота-она… Ҳар кимнинг умр йўли шу инсонлардан бошланади, деб ўйлайман. Мактабга ўқиш ва сал-пал ёзишни ҳам ўрганиб борганман. Бунда Баҳор опамнинг катта хизмати бўлган. Опам математика, физика, астрономия фанларида айрича истеъдодли эди, шу соҳаларда ҳавас қилгудай ютуқларга ҳам эришди. Мактабда юзлаб шогирдлар тайёрлади.
Бир куни кутилмаганда уйимиздан икки ҳовли наридаги почтахона ўрнига катта кутубхона кўчиб келди. Почтахона бизни қишлоқдан ташқаридаги дунёлар билан боғлайдиган севимли кўрфазимиз эди. Турли газета-журналлар – “Ғунча”, “Гулхан”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Фан ва турмуш”, “Гулистон” нашрлари, алманахлар ёшлигимиздаёқ ҳаётимизда ўзга бир олам пайдо қилган. Чанқоқ кимсадек ҳамиша уларга интиқ эди.
Кузда куннинг иссиғида пахтазорда сув келтирилган катта сувдон атрофига тўпланган болалар ва қизларнинг сабрсиз ҳолатини тасаввур қилинг…
Уйда газета ва журналларга обунани ўзаро бўлишиб олардик. Бундай имконни бизга даладаги “оқ олтин денгизи” берарди. Кейинчалик улар қаторига кутубхона китоблари қўшилди. Улар билан танишув “Кунтуғмиш” ё “Гўрўғлининг туғилиши” достонидан бошланганов…
Бу саволингиз болалик деган улкан бир оламнинг қапуғини очиб юборди. Уни ҳаётнинг икки ёритқичи – Оила ва мактаб қуёши ёғдулар билан тўлдириб турарди. Ўйлаб қарасам, ҳаётдаги биринчи муаллимларим – бобом мулла Тифли, отам Кенжа Жуманазарбой ўғли, онам Менгсулув мулла Тифли қизи экан.
Уйимиз узоқ йиллар қишлоқдаги энг зўр дарсхона бўлганини ҳам берган саволингиздан кейин тиниқроқ англаяпман. Унда, айниқса, қаҳратон қиш пайтлари деярли ҳар куни, халқ тилида айтганимизда, “етти ёшдан етмиш ёшгача” кекса-ю ёш йиғилиб, уйни лиқ тўлдириб “дарс”да иштирок этарди. Отамнинг яқин қариндошлари донгдор Ўроқ полвон, машҳур Эшмамат, Ўроз ва кекса Раим чавандозлар, афсонавий Аҳмад ва Алишер полвонлар тўй ё олишларга келса, албатта, бизникига қўноққа тушарди. Бу “дарсхона”да кечган воқеалардан “Маҳабхорат”дек йирик, кўп қисмли ажойиб фильм ишласа бўлади. Бу лоф эмас.
Мактабда уй дарсхонаси сабоқлари таъсирида математика, физика, кимё, астрономия дарсларини ҳам адабиётга айлантириб юборардим. Рақамлар, тенгламалар, водород-у Ҳ2О, қалтироқ газлар-у бошқалари ҳам тирик мавжудотдай ҳаракатланиб, шууримизни кенгайтирарди. Бу ҳодиса муаллимлар ва ўқувчиларга ҳам ёқарди. Достон ҳикоя қилиш ва унинг назмий матнлари оҳанги менга отамдан озроқ ўтган. Фақат, уйимизда достонлар дўмбирасиз айтиларди. Акам Йўлдошбек Кенжа турли шоирлар ва ўзининг шеърларини виқор билан овоз чиқариб ўқишини ёқтирардим, ҳавасим келарди.
Бу саволингизга барибир тўлиқ жавоб беришни уддалай олмас эканман. Мактаб ҳақида гапирай десам, қаршимда Қўзибой Эшманов, Эшман Тўраев, Абдивой Раҳим, Мейли Дўсанов, Раҳмат Жабборов, Мусурмон Муродов, Тўхта тоға Бектемиров ва яна бир қанча устозларнинг узун сафи пайдо бўляпти. Домла Абдивой Раҳим адабиётдан сабоқ берарди. У кишининг алоҳида эътибори туфайли 6-синфлардаёқ халқ оғзаки ижодидан майда эртак, лапарларни тўплардим. “Ёзи кал” достонини уч кишидан ёзиб олгандим, 42 варақлик қалин дафтарнинг иккитаси тўлганди. Кейинчалик унинг китобини ҳам топдим. Ёзиб олганларимдан фарқ қиларди.
Оила ва мактаб – хотирада авайлаб- асраладиган Ҳаёт. Улар умрнинг биринчи Бош бекатлари, инсон ўзлиги сари худди шу ердан йўлга чиқади. – Мактабдан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Шарқшунослик факультетида ўқигансиз-а? Болаликдан бадиий ижоднинг ошуфтаси бўлганингиз ҳолда, қандай қилиб бу йўналишга келиб қолдингиз?
– Мактабни тугатганимнинг бешинчи йили эди, 1982 йилнинг кузида Тошкентга келдим. Бир йилга яқин Чкалов номидаги учоқсозлик корхонасида ишладим. Адашмасам, юк ташувчи улкан “Ил-76” учоғини ишлаб чиқарардик. Бу давр ҳам ўзгача сурурли бўлди, осмон-у фалакларда парвоз қиладиган учоқларни ясашда иштирок этардим.
Олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш вақти келганда, ўша вақтдаги Тошкент давлат университетига бордим. Журналистика учун мақолам кам эди, филологияни мўлжалладим. Қайнаб тошган катта издиҳомга дуч келдим. Ишли одам, бошқалардек кунлаб кута олмайман. Шарқшуносликка ўтдим, у ерда ҳам навбат тирбанд эди. Бир пайт: “Ҳинд бўлимига топширадиганлар борми?” деб сўрашди. Ўйлаб-нетиб ўтирмай, бирдан ичкарига кирдим ва ҳужжатни осон топширдим…
Балки ўшанда мени “Калила ва Димна”, Тараэл ва Нестон Дрижон, Рабиндранат Тҳакур ё Кришан Чандр чақиргандир. Улар менга болалигимдан қадрдон эди-да. Аслида бу… оила ва мактабдан чиққан йўлнинг давоми экан. Мени бошқа бир олам кутиб олди ва унинг воқеалари бошланди. Бугун ҳам улар билан биргаман, мен қадим Туронни шу ерда топдим. Ҳиндлар ўзлари билмаган ҳолда, ҳозиргача Туронни мадҳ қилиб юришларини кўриб, ҳайратландим. Бу гапларнинг давоми мавриди келганда ҳикоя қилинади.
Ўқиш даврида бизга таълим берган Тамара Алимова, Зоҳидилла Комилов, Тоҳир Назаров, Рустам Қосимов, Мажид Ҳамидов, Телман Сатторов каби устозлардан чексиз миннатдорман.
– Таҳсилдан кейин, барибир, ижодий соҳаларда, газета-журналларда ишладингиз…
– Тошкентда айни ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш учун курашлар қизғин тус олган бир пайтда, ўтган асрнинг 80 йилларида тасодифан, биз учун афсонавий шоир Рауф Парфи билан танишиб қолдим. Жуда яқин бўлиб кетдик. Оила ва мактабда китобларда ўқиган бўлсам, энди ўзбек адабиётининг ўзи билан чинакам юзлашгандим – “Абадият қонуни” таржимони Низом Комил, рассом Исфандиёр Ҳайдар, шоир Эшқобил Шукур, Аъзам Ўктам, Азиз Несинни ўзбекка айлантирган Миад Ҳаким… бу қур тўхтовсиз кенгайиб бораверди. Уларнинг ҳаммаси ўша даврнинг забардаст жадидлари, дўстларим эди.
Ўқишни тугатиб, иш излашимга ҳеч ҳожат қолмади. Бир куни Рауф ака: “Иш қидириб юрманг, ана, Миад аканинг олдига боринг”, деди. Шу тариқа, болалигимизда бизни газета-журналлар билан таъминлаб турган матбуот эшигидан ичкарига қадам қўйдим. Чет элдаги ватандошлар учун чоп қилинадиган “Ойдин” газетасида иш бошладим. Ҳаётимнинг бу палласида Деҳлидаги машҳур Чандичаук бозорига кириб қолгандек бўлдим.
Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш учун кечган қизғин курашлар изидан мустақиллик гурунглари бошланиб кетди. У ҳам узоқ куттирмади.
– Узоқ йиллардан буён бир ташкилотда – Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида садоқат билан ишлаб келасиз. Сизни тарихга қандай қизиқиш бошлаб келган ва бу йўналишда нима ушлаб туради?
– 1998 йиллар эди, аста-секин матбуот билан “чиқиша” олмай қолдик. Мақола ёзиш учун бир нечта машҳур корхонага кириб чиқдим. Бошлиқлари бирдан қочиб кетарди. Ўринбосарларидан бирортаси корхона янгиланишга уринаётгани, ҳозирча қозон, қошиқ, коса, тоғора, елим обдаста, пиёла сингари маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, ишчиларнинг кўпчилигига ўзларининг ҳисобидан ярим йиллик таътил берилгани ҳақида хижолат бўлиб гапиришарди. Мен кўраётган ҳаёт матбуотда ёзилаётганларга тескари эди. Ҳаётдаги ҳақиқий аҳвол ёки илмий янгиликлар ҳақида ёзилганларни матбуот қабул қилмай қўйганди. Тақдир чизиғи бор экан… Одатдагидай, мамлакатда амалга оширилаётган тараққиётни қидириб юргандим. Худди шу кунлари шарқшунос, бир нечта қўлёзма асар таржимони бўлган домла Исмоил Бекжон билан кўришиб қолдик. Нима билан машғуллигимни суриштирди. Билгач, жилмайди ва: “Фалончи, матбуот энди сенинг жойинг эмас. У даврлар ўтиб кетди. Ҳозир шу ердан тўғри Шарқшунослик институтига бор, қўлёзмалар кутиб турибди сени. Ойлик бермаса ҳам ишлайвер. Ўша жой сенинг пешонангга ёзилган. Бошқа ҳеч қаерга бошингни уриб юрма”, деди. Айтганидай қилдим.
Бу ерда мени 27 минг жилдга яқин қўлёзма, 45 минг атрофида тошбосма, 10 мингдан ортиқ тарихий ҳужжат… кутиб олди. Мен миллатнинг ҳақиқий маънавий хазинасига кириб қолгандим. Дунёдаги бирор бойликни унга қиёслаб бўлмайди. Ватаннинг кўп минг йиллик ёшдаги Бухоро, Самарқанд, Насаф, Хива, Кеш, Термиз… барча қадимий кентлари, бу табаррук тупроқда кечган улуғ воқеаларга олиб борадиган йўл шу ердан бошланар экан. Бу йўл – юрт ҳақида ёзилган, бизга ўқитилган ёлғонлар чангалзорини оралаб, улардан омон ўтишимга кўмаклашди. Руҳ озодлигини ҳис қилдирди. Ўн минг йил наридаги шонли боболар-у момолар ҳузуригача олиб борди. Бу йўлдан қандай чиқиб кетай?
Бу… садоқат билан меҳнат қилиш эмас. Одамдай яшашга уриниш. Тириклик учун ҳаво қандай керак бўлса, ўзликни англаш ҳам яшаш учун шундай эҳтиёждир. Мени бу қутлуғ даргоҳдан қўйиб юбормаётган нарса шу бўлса керак.
– Қўлёзмаларни қайси тиллар ва имлоларда ўқийсиз? Бугунгача тахминан қанча қўлёзма билан танишгансиз?
– Қўлёзмаларнинг деярли барчаси араб имлосида туркий, арабий ва форсийда ёзилган. Ўқиганларим… қўлёзмалар рўйхати (картотека) назарда тутилса, ўқилмаганлари кам қолган. Бир сидра кўриб чиққанман. Тез варақлаб ўқиганларим – ҳужжатларни ҳам қўшсак, икки-уч мингдан ошиб кетади. Шошилмай ўқиганларим мингдан кўпроқдир. Аниғини айта олмайман, тахминан шундай.
– Бугунги кунгача “Хилват аҳли”, “Ўргимчак китоби”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшивор”, “Бухоро таълим тизими тарихи”, “Яккабоғ” (“Соҳибқирон камол топган юрт”), “Туғли ҳикоялар буржи”, “Самарқанд таълим тизими ва мадрасалари тарихи”, “Қоратош”, “Булунғур” каби яна бир қанча тарихий, илмий-бадиий асарларингиз, юздан ошиқ илмий мақолаларингиз, туркум шеърларингиз матбуотда эълон қилинган. Ўзим ҳам уларнинг аксариятини ўқиб, ижодий баҳраманд бўлганман. Сиз ҳақингизда “бир институтнинг ишини қиладиган олим” деган таърифларни ҳам эшитганман. Бугун қандай изланишлар билан машғулсиз?
– Илмий изланишларни қай даражада уддалаяпман, ўзимга баҳо беролмайман. Бироқ кўп нарсага улгурмаётганимни биламан. Одамнинг 30-60 ёшлари ораси – умрнинг гуркираган, унда барча имкониятларнинг очилган даври экан. Вужуд чарчоқни тан олмайди, унга бўйсунмайди. Давлат, жамият бундан жуда оқилона, устомонлик билан фойдаланиб қолиши керак.
Сиз таъкидлаган китобларнинг кўпчилиги оддий шароитларда ёзилган. “Хилват аҳли” китоби (монография) бир дўконнинг қоровулхонасида дунёга келган. Тонг отгунча ёзув ускунаси тошлари тинмай “шақ-шақ”лаб чиқарди. У менинг сўзлар оҳангини қоғоз саҳифаларига жойловчи пианинам эди. Ўша пайтларда айрим танишларим Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида ишлаётганимга ишонмасди. Улар учун мен қўшимча ишим – оддий дўкон қоровули эдим. Бу анча вақтгача давом этган.
Ҳозир “Хоразм таълим тизими ва мадрасалари тарихи” мавзусида изланишлар олиб боряпман. У “Насаф”, “Бухоро таълим тизими”, “Самарқанд таълим тизими ва мадрасалари тарихи” йўналишида давом эттирилмоқда. Қизиқ-да, милодий 800 йиллар бошларида Бухорода ҳозирги шакл ва мазмундаги бир неча расмий университет ташкил этилган пайтда, дунёнинг биз билган бир қанча ривожланган давлатларининг ҳали тарихда номлари ҳам бўлмаган экан. Халифа Маъмун Бағдодда IX асрнинг биринчи чорагида тузган “Байт ул-ҳикма” – “Фанлар академияси”нинг биринчи президенти буюк юртдошимиз Муҳаммад Мусо Хоразмий бўлган.
Ўтган минг йил давомида бизда дунё илм-фани тараққиётида улкан юксалишларни юзага келтирган бир неча минг олим яшаб ўтган, минглаб жилдларда улкан илмий-маънавий мерос қолдирган. Уларнинг салмоқли қисми Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда юртимиз ва жаҳоннинг турли қўлёзмалар хазиналарида сақланмоқда. Бу жаҳоншумул ривожланишлар асосида Туроннинг тарихи 1200–1250 йилга бориб тақаладиган таълим тизими ва университетлари (мадрасалар) фаолияти тургани аниқланди. Ҳозир бу мавзу Хоразм маърифати тарихи билан тўлдирилмоқда. Бу шонли тарихнинг барча сўқмоқлари ҳайратли воқеалар, ғаройиб манзараларга тўлиб-тошиб ётибди. Улар тўғрисида ўтган истибдод даврларида лом-мим дейилмаганига мен аллақачон сира ажабланмай қўйганман.
– Сиз барибир ижодкорсиз-да, илмий асарларингизда ҳам Сўзга алоҳида эътибор билан ёндашасиз. “Ўргимчак китоби” номли асарингизни ўқиганимда, мадрасаларнинг одатда бир қолипда келадиган тарихини ғоят қизиқарли тарзда, худди бадиий асардай баён этиб берганингиздан ҳайратланганман. Машҳур жой номлари-ю атамаларнинг луғавий маъносини ҳам, миллий тарихимизни хорижий манбалар орқали ўрганишга одатланган олимлардан фарқли равишда, миллий тилимиздан излайсиз…
– Сўз… у бизни ҳаётда миллат сифати билан асраб турган ягона Куч. Миллий маънавиятни усиз яратиб, асраб бўлмайди. Сўз… уларнинг ҳар бири асло хиёнат қилишни билмайдиган баҳодир Жангчи. Уларга нисбатан фақат биз хиёнат қилиб, ҳар куни ҳеч бўлмаганда улардан бирини ҳалок этяпмиз. Яна, аёвсиз.
Ватанимизнинг шарафли тарихи, афсонавий сирли ўтмишига фақат тирик сўзларимиз билан тўғрироқ ва осонроқ кириб борилади. Лекин биз, дейлик, бирор машҳур номнинг луғавий маъносини излар эканмиз, негадир, уни бошқа тиллардан қидиришга одатланганмиз. Масалан, “Самарқанд” атамасини кўп асрлардан бери форс, араб, санскрит тиллари орқали изоҳлашга ҳаракат қилиб келишмоқда. Аммо ҳозиргача биронта қониқарли натижага эришилмади.
Самарқанд ўзбекнинг қадимий “сув” ва “буғдой” сўзлари туфайли дунёга келгани ҳақидаги мақола шу кунларда “Тил ва адабиёт таълими” журналида чоп қилинмоқда. Унда ўзбек тилидаги Сўзнинг қудратини кўрасиз, ҳайратланасиз.
Баъзи таниқли олимлар: “Йигирма йилдан бери “Онақут, Онақут” деяверасиз”, деб қўл силтаб, ҳатто устимдан кулгандай бўлади. Йўқ, дўстим, адашасиз, йигирма эмас, ўттиз олти йилдан бери айтаман бу Сўзни, дейман. “Онақут” воқеаси 1990 йили “Авесто”нинг Стеблин-Каменский рус тилига ўгирган нашр нусхаси қўлимга тушганда бошланган. Бир куни дунё форсча Нахидга эмас, ўзбекнинг бош момоси Онақутга кўпроқ эҳтиром кўрсатишига мен ишонаман.
Юртимизнинг ўн минг йилликларда ястаниб ётган маданий-маърифий тарихини ҳануз кўксида асраб келаётган Сўзга мен ёзаётган ҳар саҳифамда таъзим қиламан. Сўз бўлмаганида, сиз санаб ўтган китобларнинг бирортаси ёзилмасди. Ўзбек тили билан Туроннинг исталган ҳудудида 100-150 аср нарида кечган тарихий воқеаларни ҳам кўришнинг иложи бор. На форс, на араб, на санскрит тили сизни Туронга у каби кенг кўламда ва чуқур олиб кира олмайди.
Сўз одамнинг кимлигини ҳам фош қилади. Ҳурматга лойиқ бўлмаган одамнинг биринчи белгиси – миллати ва давлати тилини менсимаслиги, ҳурмат қилмаслигида кўринади.
– Тадқиқотларингизда юртимиз таълим тизими тарихи билан бир қаторда, шонли аждодимиз Бобораҳим Машраб меросини ҳам жиддий ўрганиб келасиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Машраб даври экспозитсиясини тузишда ҳам фаол қатнашиб келяпсиз…
Атоқли олим Абдурауф Фитрат “Машраб” номли мақоласида: “Ўзбек қишлоқларида ва яқин кунларгача ўзбек шаҳарларида, йўқса, қиш кечаларида “машрабхонлик” аталған ўтуришлар бўлар эди. Халқ бир чойхонада ё бирининг меҳмонхонасида йиғилишар, энг яхши ва баланд товушли бир ҳофиз (машрабхон) Машрабнинг ғазалларини “Савт”, “Талқин”, “Муножот” каби куйларда ўқур эди. Унинг атрофида ўтурған кишилар қимирламай, нафас чиқармай, буюк бир диний ҳаяжон билан тинглар эдилар. Қизиғи шундаки, машрабхонлик кечаларини идора қилғучи машрабхонларнинг ўзлари дин билан оз алоқали кишилар эди. Наша чекар, қумор ўйнар эдилар…
Қаландарларнинг ўз бошлиқларини “бобо” атағанлари маълум. Машрабнинг Бобо Раҳим – Раҳим бобо аталғани(дан) унинг бир вақтлар қаландар бошлиғи бўлғанини ҳам гумон қилиш мумкин… Бахтга қаршу, бизнинг тарихимизнинг ҳеч текширилмаған ёхуд оз текширилган саҳифаларидан бири шул қаландарлиқдир”, деб ёзади.
Яна: “Қаландарға “кўчамиз” дедилар, тўшакини елкасига ташлади”, деган ноёб мақолни ҳам келтириб ўтади. “Бизнинг ҳали яхши текширилмаган, тартибка кирмаган, ҳатто кераклик материаллари, маъхазлари тўпланмаған бир адабиёт тарихимиз бор”, дея урғулайди.
Буюк олим “яхши текширилмаган”, “оз текширилган” деган тарих саҳифаларида, яъни Машраб оламида бугун қандай янгиликлар бор? – Бобораҳим Машраб ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин вакили, Турон элининг шарафли дарвеш фарзанди. Шу йилнинг апрель-май ойларида Ислом цивилизацияси марказидан “Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодий мероси” мавзусида тадқиқот матни тайёрлаб беришни таклиф қилишди. Аввалига иккиландим, юртимизда бир қанча машрабшунослар борлиги, бу ишни улар бажаргани дурустроқлигини айтдим. Сўнгра уч кун тўртармоқ – интернетдан Машраб ҳақидаги янги тадқиқотларни топиб, кўздан кечирдим. Улар кўп экан, айниқса, қардош турк оғайниларимиз бу борада залворли ишларни амалга оширибди. Тадқиқотлар салмоғи анча ортган… Бироқ барчаси 2010 йилга қадар бажарилган ишлар йўлагида ва савияси ҳам ўша давр ҳолатида турибди, чалкашлик янада кучайтирилган. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодига оид “илмий” маълумотлар ҳануз аянчли аҳволда экан.
Деярли барча тадқиқотларда, турк олимлари ишларида ҳам шоир 1640, 1653 ёки 1657 йилда туғилгани кўрсатилган. 1640 йилда шоирнинг отаси ҳам туғилмаган бўлса керак. Келтирилган бу уч сана атрофида ҳатто Машрабнинг устози Бозор охунд ҳам дунёга келмаган эди, бу аниқ. Кўрилган ишларнинг ҳеч бирида бирламчи тарихий манбалар тадқиқотга тортилмаган ёки негадир четлаб ўтилган. Бадиий асарлар туркумига кирувчи “Қиссаи Машраб” маълумотлари асосий бирламчи манбага айланган.
Ачинарлиси, Машраб ҳаёти билан боғлиқ тадқиқотлардаги бу саналарнинг бирортаси тўғри эмас. Шоирнинг қачон яшагани, кимлигини билмасдан туриб, унинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида гапириш, номидан девонлар тузиб чоп қилиш, жилд-жилд монографиялар ёзиш мумкинми? Бу саналарнинг бирортаси тўғри бўлганда, ҳалигача ҳамма гангиб, ҳайрон қолиб юрмасди.
Фитрат домла айтган “машрабхонлик”, аслида, оддий одамлар орасида бўлмаган. У қадимдан тасаввуф аҳлининг хос суҳбати, Бобораҳим Машрабдан бир неча юз йил олдин ҳам “машрабхонлик” энг қизғин, сулук аҳли орзиқиб кутадиган йиғин эди. Унда кўпроқ шеърлар ўқилган. “Машраб” аслида тасаввуфий атама, тариқатда юксак мақомга етишган кишиларга нисбатан айтилган.
Абдурауф Фитрат замони ўлкамизнинг таназзул пайти эди. Унинг ёзганлари айнан шуни тасдиқлаб турибди. Советлар даврида жамиятда тасаввуф олами ғойиб бўлди, мумтоз адабиёт талқинлари (ниҳоятда кўпчилиги!) ислом дини ва тасаввуфдан йироқ олимлар ҳукмига топширилди. Қадимий машҳур “машрабхонлик” атамасига советлар тўни кийдирилди. Бу атамани фақат Бобораҳим Машраб номи билан боғлаб талқин қилиш ўзбек адабиётшунослигида урфга кирди. У ўзининг чопонини тополмай, ҳануз ўша тўни билан тентираб юрибди. Бирор олим шу пайтгача “машрабхонлик” қадимдан давом этиб келаётган сўфийлар орасидаги анъанавий хос йиғин ва тасаввуфий атама экани, унинг ажойиб тарихи борлиги ҳақида бир оғиз ҳам айтмабди.
Бобораҳим Машрабни яқинроқдан билиш учун бирламчи тарихий манбаларда маълумотлар етарли, оддий ўқувчи ҳам улардан тўғри ва аниқ хулоса чиқара олади. Бунинг учун адабиёт ёки тарих соҳаси мутахассиси бўлиш шарт эмас… Бундай қисмат тарих ва мумтоз адабиётимиздаги яна бошқаларда ҳам бор, Машраб ёлғиз эмас.
– Ўзбек халқининг тарихини лўнда қилиб айтиб бера оласизми?
– Унинг маданий-маърифий, давлатчилик тарихи ушбу суҳбатимиздан камида етти минг йил наригача масофани ҳайратомуз воқеалари билан тўлдириб турибди.
– Илм соҳаси ёки институт, умуман, бир ташкилот ишини ривожлантириш учун қандай аниқ таклифлар билдира оласиз?
– Бугун юртимизда, ўзбек жамиятида йирик ижобий ўзгаришлар бошланиб кетганига барчамиз гувоҳмиз. Бирдан масалага ўтиб, илмий тадқиқотлар билан шуғулланувчи институтлар бўйича бир таклиф айтай. У “Иш кўзгуси” деб аталади. Республика Фанлар академияси, институтлар раҳбарияти ва илмий ходимларни ҳисоботлардан тўлиқ озод қилади. Қоғозбозлик, ортиқча харажатлардан қутқаради, тадқиқотчига ҳамиша етишмайдиган олтиндан ҳам қиммат вақт беҳуда сарфланишига йўл қўймайди. У ҳаво қўналғаси биносида доим учоқлар қўниш-учишини кўрсатиб турадиган замонавий йирик рақамли кўзгу сингари ишлаб туради. Унда институт ходимининг мақола, китоб, рисолалари, илмий анжуманлардаги иштироклари ва бажарган бошқа ишлари жадвали ҳар куни тўлдирилган ҳолатда бериб борилади. Жамоа ва ходим ишлари натижалари ҳаммага ҳар куни кўриниб туради. Иш натижаларига қараб, ходим яшил, сариқ, қизил тоифалар чегарасига киритилади. У ҳар жиҳатдан қанча сермаҳсул бўлса, тоифалардаги ўрни ўзгариб туради.
Бу “Иш кўзгуси”да энг оддий ходим профессор ё академикдан ҳам ўзиб, жадвалнинг энг тепасини эгаллашига имконият бор. Унда бошлиқдан изланувчи тадқиқотчигача ўзини кўриб боради. У ҳатто, ойлик маошнинг тўғри ҳамда адолатли тақсимланишига ҳам таъсир кўрсатади. Бу “Иш кўзгуси”дан мақола ё китоблар ҳақидаги маълумотдан ташқари, уларнинг матнларини ҳам олиш мумкин бўлади. У тўртармоққа улаб қўйилади ва институтдаги илмий жараённи Ўзбекистон халқи, раҳбарияти ҳамда бутун жаҳон кузатиб бориши учун ҳам чекланмаган имконият яратилади.
Бундай “Иш кўзгуси”ни Республикадаги бошқа идоралар ва ташкилотларда ҳам жорий қилса бўлади, деб ўйлайман. Бугунги тезкор замон учун у жуда керак! Харажат ҳам кўп талаб қилинмайди.
– Ўзингизга қараганда, кимни кўрасиз?
– Бир неча марта ўзим ҳақимда алоҳида кўрсатув ё фильм ишлашни таклиф қилишди. Жуда хижолат бўлдим. Кимдир менинг ҳаётимга қараса, аниқ, ўта зерикарли картинага дуч келади. У фақат бир-биридан деярли фарқ қилмайдиган кунлардан иборат бўлади. Узоқ йиллардан бери бир хил воқеа қайта-қайта такрорланаверади. Эрталабдан компьютер ускунам ёқилади. У билан ростакамига жўра бўлиб кетганмиз. Тунги бир-иккиларда ўчирилади. Унга раҳмим келади. Бу қийноқлардан бузилиб қолмасин-да, ишқилиб, дейман. Бу кўп йиллик манзарадан девордаги соат ҳам зерикиб, энсаси қотаётгандек, гоҳида чиқилламай қўйгандек туюлади. Бундай ҳаёт тарзини биров кўрмагани маъқулроқ. Энг оғир иш ўзинг билан танишиш экан. Бунинг учун менга бир умр керак бўляпти.
– Келгуси режаларингиз ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўта оласизми?
– Режам… Уни “мақсад” дейлик. Ҳаётда ўзим кўрган-кечирган воқеаларни қандай билсам, улгурганимча кўҳна Турон, бугунги Ўзбекистонни ҳам шундай билишни истайман. Ҳар куни қурбим етганича шу ният сўқмоғида бир қадам ташлашга ҳаракат қиляпман. Шу тариқа аста-секин Ўзимга яқинлашиб боряпман. Қани, мен ким эканман?
Икром ИСКАНДАР суҳбатлашди.
“Жадид” газетасининг 2025 йил 31 октябрдаги 44-сони
ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР
“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]
21.01.2026 | 15:59
830
МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ
Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]
21.01.2026 | 12:50
823
ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!
Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]
21.01.2026 | 09:47
858



