Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


08.01.2026 | 12:23

img395

ҚОДИРИЙНИНГ ҚАСАМИ

Буюк адибимиз Абдулла Қодирий шарқона қадриятлар руҳида тарбия топган олижаноб шахс сифатида, ўз ҳаёти ва ижодида исломий ва дунёвий одоб-ахлоқ меъёрларини ҳамиша мувозанатда ушлаган. “Йиғинди гаплар” мақоласи учун маҳкамага тортилганида ҳам, гарчи адолатсизлик қурбони бўлган эса-да, адибни ўта босиқ ҳолда кўрамиз.

Асарларига тўхтамай тош отаётган кимсаларга ёзган раддияларида ҳам у сира-сира жаҳл отига минмайди. Айрим ўринларда сўзи исботи учун аччиқ ханда ёки кесатиқлар келтириш билан чекланади. Аммо ушбу ҳассос ва аччиқ сатрлар адиб қаламига мансуб эканини биласизми:
“Орамиздаги ўзбек, тожик ва қозоқлик иг‘воларини алангалатиб юрган дуварак одамларни йўқотмоқ қасамини ичайлик!”
Хўш, адиб нега бу қадар жаҳл отига минган, ушбу сатрларни ёзмоққа уни нима мажбур қилган?

“Муштум” журнали­нинг 1925 йил 22 сонида эълон қилинган “Бир йил” сарлавҳали мақоласи тагсарлавҳасига адиб “жиддия” деб ёзиб қўйган. Эътиборлиси шундаки, адибнинг вақтли матбуотда чоп қилинган юзлаб мақолаларида “жиддия” тагсарлавҳасига деярли дуч келмаймиз. Демак, Қодирийни ғазаблантирган нимадир рўй берганки, у сатира тиғини бир лаҳзада ўткир ханжарга айлантириш мажбуриятида қолган.

Бугун ижтимоий тармоқларда энг кўп кузатилаётган мавзулардан бири нима, биласизми? Ўта тор доирадаги маҳдуд миллатчилик! Минг йилларки яқин қўшни бўлиб яшаётган, тили ва дини, қадриятлари бир бўлган миллатларнинг орасига низо солишни касб қилиб олган кимсалар ёзаётган ҳаволаларга кўзингиз тушса, энсангиз қотади. Йўқ, Қодирий бобо каби жаҳл отига минмай илож йўқ. Кимдир пимиқлаб “Биз туркий халқларнинг энг қадимийсимиз”, дея кўкрак керади, бунга ўзича ривоят-у ҳикоят ва яна қандайдир манбалар келтиради ҳам. Иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо томон ҳам қараб турмайди. Шу тариқа аянчли “пойга” бошланади.

Бу каби ҳаволаларга тарихдан чала хабардорлар аралашиб, талашиб-тортишиши (афсусланарлиси, баҳс бир зумда ҳақоратларга айланиб кетиши) гўрга, ҳатто тарихчи олимлар, ўзини зиёли қатламга мансуб деб даъво қиладиган туппа-тузук одамлар ҳам миясига эмас, тилига зўр беради.

Яна юз йил ортга, буюк Қодирийнинг “жиддия”сига қайтайлик.
“Биз ҳақиқатни ҳаётдан олдик! Ҳаммадан илгари шахс ўзини танисин, сўнгра бошқани! Зеро, ‘ўзини билмаган ўзгани билмас’ сўзи турмуш онасининг дард чекиб туққан ўғлидир”.

Қодирий ушбу аччиқ сўзларни ўша пайтда “Иттиҳоди ислом” ва “Иттиҳоди турк” шиорлари билан майдонга чиққан ва эндигина бир қадар қаддини тиклаётган миллатни қайта муҳораба майдонларига чорлаётган гуруҳларга қарши айтмоқда.

Бундан “Қодирий исломга ёки туркий бирликка қарши эди”, деган хулоса чиқмайди. “Ҳаммадан илгари шахс ўзини танисин”, дейди адиб. Ўзликни таниш эса илм-маърифат орқали амалга ошади. Илмдан йироқ, маърифатдан бехабар қавм бир умр қуллик занжирини бўйнига осишга мажбур бўлади. Миллат илмли, маърифатли бўлиб шаклланар экан, вақт келиб майдонга чиқишга қодир бўлади.

Тарихга назар ташласак, ўша пайтда янги тузилган республика бошқарувидаги асосий раҳбарлик ўринларига четдан келган кадрлар тайинланганини кўрамиз. Маҳаллий норозиликлардан сўнг уларнинг аксари чақириб олинган ва ўрнига бошқалар юборилган. Ачинарлиси шундаки, айнан шу келгинди кимсалар маҳаллий миллатлар орасига нифоқ солиш, уларни бир-бирларига гиж-гижлашга бош-қош бўлган.

Қодирийнинг ғазаби кўпроқ шу кимсаларга ва уларнинг ноғораларига ўйнаётган ерлик миллат вакилларига қаратилган. “Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!” шиорини дастуруламал қилган советлар айнан шу даврда “панисломизм”, “пантуркизм” деган ибораларни ўйлаб топади. Вақт келиб, бу айблар жадид боболаримизни ёмонотлиқ қилишда роса асқотади. Ваҳоланки, Қодирий ва бошқа жадидлар ўз вақтида айнан шу бўлинишлар – миллий айирмачиликлардан халқни огоҳ қилган эдилар.

Қодирий ўз мақоласида бир давлат ичида яшаётган турли миллат вакиллари орасига нифоқ солиш ўз бошпанасига ўт қўйиш билан баробар эканини таъкидлайди. Адиб ташқи душмандан ички душман хавфли экани, ташқи душман кўриниб келса, ички душман кўринмас нишлари билан ичдан зарба беришини афсус билан қайд қиладики, бу аччиқ маслаҳатлар бугунимиз учун ҳам ғоят долзарбдир.

Ижтимоий тармоқларга танда қўйиб, зўр бериб ўзларининг “қадимий”лиги, қайсидир ҳудуд ёки алломага даъволарини бот-бот такрорлаётган айрим миллатчи ва айирмачи, бузғунчи кимсаларга “Барчамиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқаганмиз, айирмачиликни бас қилайлик, одам бўлайлик!” дейиш билан иш битмайди. Аксинча, буюк адибдан ўрнак олиб, унинг қасамини қайта ичишимизга тўғри келади. Токи бундай ғаламис кимсаларнинг думи тугиб, нафаслари ичига тушиб кетгунича, уларга қарши ғоявий курашни бир зум ҳам тўхтатмаслигимиз керак. Керак эмас – шарт!

Рўзимбой ҲАСАН

“Жадид” газетасининг 2025 йил 26 декабрдаги 52-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img827

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img820

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855