Go‘zal Turkiston
0:00
/
Toshkent
temperature icon 10°C

TAVSIYA QILAMIZ


09.12.2025 | 09:22

img110

ИСРОФ ФАҚИРЛИККА EТАКЛАЙДИ

Инсон зоти борки, ўз олдига ёруғ мақсадлар қўйиб яшайди, уларга эришиш учун мудом ҳаракатда бўлади. Шундай эзгу орзу-ниятлардан бири – фарзанд камолини кўришдир. Афсуски, бугунги кунда бу орзуни тўй-ҳашам, данғиллама иморат, турли русумдаги автомашиналар билан боғлаб тушунадиган, шу мақсадда елиб-югурадиган авлодга айландик. Кимўзарга тўй қилиш, етти маҳаллага донғи етадиган маъракалар ўтказишни гўёки қадриятга, анъанага айлантирдик.

Маълумот ўрнида: Республика Маънавият ва маърифат марказининг таҳлилига асосан, юртимиздаги тўй­хоналарга сарфланадиган ўртача йиллик харажат тахминан 2 миллиард 383 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Минг афсуски, бир кунлик орзу-ҳавас, икки соатлик тўйни деб йиллар давомида тўплаган бойликдан бир кунда маҳрум бўлмоқдамиз. Ёки тўйга олинган банк кредитини йиллаб тўлаш учун мусофир бўлиб ишлаш, ҳаловатдан кечиш каби чорасизликни ўз хоҳишимиз билан зиммамизга олмоқдамиз. Ачинарлиси, дабдабабозлик, катта сарф-харажат ёшларга бахт-омад олиб келади, саодат кафили бўлади, деган ақида шакллана бошлади.

Бу билан биз ўтмиш хатоларини кўр-кўрона такрорлаяпмиз. Марказий Осиё халқлари тарихи ва этнографияси, хусусан, ўзбек тўй-маросим­лари учун қилинаётган сарф-харажатлар­нинг таҳлили билан шуғуллан­ган таниқли тадқиқотчи олимлардан бири О.Сухарева шундай ёзади: “Бу­гунги кунда тизимли равишда да­вом этиб келаётган маросимларга жуда кўп миқдорда пул сарфланиши нафақат оила, ­балки бутун жамиятнинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда, шу сабабли, бу сарфлар – иррационалдир (яъни тушунарсиз)”.

Йўқ, бундай давом этиб бўлмайди! Биз, ўз фойда-зарарини биладиган, уни фарқлайдиган онгли мавжудотмиз, ахир! Шундай экан, неча-неча юз йилдан буён оёғимизга тушов бўлиб келаётган иллатлардан, сохта “қадриятлар”дан воз кечишимиз шарт!

Яқинда ушбу масалага бағиш­ланган республика илмий-амалий семи­нари бўлиб ўтди. Очиқ фикрлар, аччиқ танбеҳ ва танқидларга бой руҳда ўтган йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов давлатимиз раҳбарининг бу масаладаги ўй-фикрлари, ташвишларини етказаркан, бундай иллатларга қатъиян чек қўйиш вақти келгани, бунинг учун барча­миз бирлашишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Семинар сўнгида барча таклиф, ташаббус ва тавсиялар асосида манфаатдор идоралар ҳамкорлигида умуммиллий дастур режасини ишлаб чиқиш, шу юрт, шу миллат ва жонажон Ватан равнақи учун бефарқ бўлмаган зиёлилар, “Маърифат” тарғиботчилари, адабиёт ва санъат аҳли ҳамда турли соҳа ходимларини бирлаштирган катта бир маърифат карвони сафарбар этилиши назарда тутилди. Улар муҳтарам Президентимизнинг эзгу ғояларини тарғиб этиш орқали халқимиз қалбига кириб боришни ўз олдиларига олий мақсад этиб қўйганлар.

“Тежоғлининг иши бежоғлик” деб бежиз айтилмаган. Бугун жамияти­мизда кимўзарга айланаётган дабдабабозлик, аслида, миллатнинг иқтисодий салоҳиятига соя солади. Иқтисодиётнинг ўзига хос қонун-қоидалари, сир-асрорлари борки, улар билан ҳисоблашмаслик мушкул вазиятга, яъни фақирликка олиб ­келиши тайин. Уларни менсимаслик эса, нафақат иқтисодий салоҳиятнинг етишмаслиги, балки маънавий қашшоқлик белгиси ҳам ҳисобланади.

Бугун ёш авлодга уни қил, буни қилма, деб эмас, балки уларга маънавият ва моддият борасида тўғри йўлларни кўрсатиш барчамиз учун ҳам фойдали, ҳам зарурдир.

Масалан, амалдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби”ни олайлик. Унга кўра, давлат субсидияси ёрдамида уй-жой сотиб олишга ариза юборган фуқаронинг шарт-шароитлари амалдаги тартиб талабларига мос келса, талаб­горга субсидия хабарномаси берилади. Ушбу хабарнома асоси­да талабгор агар Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятлардан топширган бўлса – 330 миллион сўм, Тошкент шаҳрида эса 420 миллион сўмгача миқдорда кредит олиш имконияти берилади. Шу билан бирга, давлат томонидан бошланғич тўлов учун беғараз (қайтарилмаслик шарти билан) 30 миллион ҳамда 5 йил давомида кредитнинг 14 фоиздан ошган банди учун имтиёзга эга бўлади.

Агар ёш оила мана шу тоифага тушадиган бўлса, унда бу имтиёздан унумли фойдаланишлари нур устига нур бўлур эди. Бунинг учун, тўйга кетадиган ортиқча харжларни камайтириб, маблағнинг асосий қисми ёш оила учун уй-жой сотиб олишга йўналтирилса, кифоя! Шунда бир ёш оила доимий мулк эгасига айланиб, халқимиз тили билан айтганда, “ватанли” бўлиб қолармиди… Зеро, атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний ёзганидек: “Иқтисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур. Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас”.

Келинг, шу ўринда, яна бир статистик маълумотга эътибор қаратайлик. Таҳлилларга кўра, тўй харажатларини 30–40 фоизга қисқартириш орқали ўртача оила жамғармасини 15–20 фоизга ошириш, банк кредитларига эҳтиёжни 10–12 фоизга камайтириш, хизматлар секторидаги норасмий айланмани 8–10 фоизга қисқартириш мумкин экан. Бу бор-йўғи биргина мисол, холос. Бундай мисолларни таълим, спорт ва бошқа қатор йўналишларда ҳам келтириш мумкин.

Шу ўринда, биз, маърифат тарғи­ботчиларининг баралла айтадиган сўзи­миз ягона ва муштарак: тежамкор одамнинг, камхарж оиланинг ҳаёт йўли – фаровонлик. Исрофнинг охири эса фақат ва фақат фақирликдир. Асрлар давомида исботланган бу аччиқ ҳақиқатни яна бир бор англаб етмоғимиз лозим ва лобуддир!

Обиддин МАҲМУДОВ,
Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси

“Жадид” газетасининг 2025 йил 28 ноябрдаги 48-сонида


ЎЗИ УСТОЗ БЎЛАР УСТОЗ КЎРГАНЛАР

“– Мени танимадингизми, ахир мен фалончи блогерман!– Узр, қайси ном билан қандай мавзуларда блог юритасиз?– Барча мавзуда. Интернетда ҳамма “Ҳаққуш” номи билан билади мени.– Шунақами? Мен билган кўпгина блогерлар аниқ бир йўналиш бўйича фаолият юритади.– Улар менга ўхшаб кўп соҳани тушунмайди-да, шунинг учун биттаси билан чекланади.– Қайси соҳа бўйича мутахассиссиз?– Олий маълумотим йўқ. Мактабни битирганман”. […]

21.01.2026 | 15:59

img828

МАТЕМАТИКА – МУВАФФАҚИЯТ МАНБАИ

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва Бутунжаҳон Фанлар академияси академиги, Давлат мукофоти лауреати Ўткир Розиқов айни пайтда ЎзФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда. У қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда […]

21.01.2026 | 12:50

img821

ОҒАМИЗ ОМОН БЎЛСИНЛАР!

Мен Муродбой Низанов билан илк бор 2004 йилда танишганман… Йўқ, адашдим. Бу инсонни анча аввалроқ, ўспирин чоғларимда истеъдодли ижодкор сифатида таниганман. Мактабда ўқиб юрган пайтларимда адабиётга ҳавасим баланд эди. Қўлимга тушган китоб ва газета-журналларни иштиёқ билан мутолаа қиламан. Колхозда бригадир бўлиб ишлайдиган раҳматли амаким ўзи обуна бўлган “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Муштум” журналларини ўқиб бўлгач, менга […]

21.01.2026 | 09:47

img855